Низомий майдони
НИЗОМИЙ МАЙДОНИ – Яккасарой туманида, Тошкент педагогика университети асосий биноси қаршисида. Юсуф Хос Хожиб, Братислава ҳамда Бобур кўчаси ўзаро туташган ерда. 1953 йил ташкил этилиб, М.В.Фрунзе (1895–1925; Туркистонда совет режимини қурол кучи билан ўрнатган шўро ҳарбий арбоби) номи билан аталган. 1958 йил майдонга унинг ҳайкали ўрнатилган. 1992 йил майдонга озарбайжон шоири Низомий Ганжавий (1141–1209) номи берилди. Мустақиллик йиллари майдонда ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари олиб борилди. 2004 йил 23 март куни ушбу майдонда Низомий ҳайкали (меъморлар: В.Акопжанян, М.Ш.Мусаев ва ҳайкалтарош И.Жабборов) ўрнатилди. Ўзбек ва озарбайжон халқларининг асрий дўстлигини ифодаловчи ушбу ҳайкал очилиши маросимида Ўзбекистон ва Озарбайжон Республикаси Президентлари иштирок этди ва нутқ сўзлади. Майдон атрофида Бобур номидаги маданият ва истироҳат боғи, Яккасарой туман ҳокимияти, Педагогика университетининг асосий биноси, бошбекат, савдо ва умумий овқатланиш масканлари ҳамда бошқа муассасалар бор. Яқинида Меҳнат ва ижтимоий таъминот вазирлиги, поликлиника, «Тошкентбошрежа» институти, «Табассум» кафеси, савдо мажмуалари жойлашган.
«Тошкент» энциклопедияси. 2009 йил






Изоҳлар