Қанқа, Қанқатепа

ҚАНҚА, Қанқатепа – милоддан аввал 3-аср – милодий 12-аср бошига оид қадимий шаҳар харобаси. Тошкент вилоятининг Оққўрғон тумани ҳудудида, Оҳангарон дарёсининг қадимий ўзани чап соҳилида. Шоҳрухия археологик ёдгорлигидан тахминан 8 км шимоли-шарқда қадимги карвон йўли устида жойлашган. Қадимги Хитой ёзма манбаларида – Битан (Битянь). Дастлаб, Туркистон археология ҳаваскорлари тўгараги аъзоси Е.Т.Смирнов (1898), кейинчалик М.Е.Массон (1934), сўнгра Моддий-маданият ёдгорликларини муҳофаза қилиш жамияти (Қ.Абдуллаев, Ф.Ҳасанов, Д.Алимова, 1969–72), 1974 йилдан Ўзбекистон ФА Археология институти томонидан текшириш ишлари олиб борилмоқда. Қанқа тўғри тўртбурчак шаклида, умумий майдони 200 гектар бўлиб, бир неча қатор мудофаа девори ва хандақлар билан ўралган, арк 3 шаҳристон ва рабоддан иборат бўлган. Шаҳристон I нинг майдони 6,5 гектар, шимолий қисмида арк (баландлиги 40 м) жойлашган. Унинг атрофи хандақ билан ўралган. Арк ва Шаҳристон I ни 3 томондан майдони 50 га дан ортиқроқ Шаҳристон II ўраб олган. Шаҳристонларга ташқаридан рабод (майдони 10 гектар) ёндошган. Милоддан аввалги 1 – милодий 1-асрларда шаҳар равнақ топган. Шаҳристонлар ва рабодда кўча-кўйлар, майдонлар, ҳовуз ва оқар сув тармоқлари ҳамда пахса ва йирик хом ғиштлардан бино қилинган турар жой қолдиқлари сақланиб қолган. Қадимдан милодий 1–2-асрларда зарб этилган кумуш ва мис тангалар (жумладан, 4–11-асрларга оид тангалар хазинаси), олтин ва қимматбаҳо тошлардан ишланган тақинчоқлар, сопол ҳайкалчалар, остодон (оссуарий), сирланган ва сирсиз сопол идишлар, тош, суяк ва металлдан ишланган қурол ва асбоблар ҳамда деворий расм қолдиқлари топилган. Турли хилдаги бундай ашёвий топилмалар шубҳасиз, Қанқада темирчилик, кулолчилик, тикувчилик, суяк ўймакорлиги ривож топганидан далолат беради. Вайрон бўлган шаҳар, кейинчалик (9-аср) тикланган.

«Тошкент» энциклопедияси. 2009 йил

Вам может также понравиться...

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *