Паргуш

ПАРГУШ, Баркуш – ўрта асрларда Чоч шаҳарларидан бири (1–12-асрлар). Араб географлари асарларида пойтахтдан шарқда, тоғли туманларга борувчи йўлда жойлашган шаҳарлар рўйхатида қайд этилган. Харобалари (Паргостепа) Тошкент вилояти Юқори Чирчиқ туманидаги Паргос қишлоғи чеккасида жойлашган. Дастлаб (1935) В.Д.Жуков тадқиқ этган, сўнгра Д.Д.Букинич (1937), М.Е.Массон (1961), Ю.Ф.Буряков ва F.Дадабоев (1964–66) ўрганишган. Майдони 15 гектар, айлана шаклдаги арк (майдони 1 гектар, баландлиги 7 м) атрофи хандақ билан ўралган; шимол тарафдан тўғри бурчак тарҳли шаҳристон (14 гектар) туташган, унинг кўп қисми экинзорлар туфайли вайрон бўлган. Аркдаги маданий қатлам қалинлиги 7 м, шаҳристондагиси 1–1,5 м ни ташкил этиб, пахса ва хом ғиштдан ишланган мудофаа девори, турар жой, хўжалик иншоотлари қолдиқлари моддий маданият ашёларини ўз ичига олади. Маданий қатламларда – сирланган сопол идишлар, ранг-баранг, нақшинкор сопол буюмлар учрайди. Ҳудуди 15 гектарга етган ва у кичик шаҳарчага айланган. Мўғуллар истилосидан (13-аср боши) сўнг, 14–17-асрларда ҳаёт жонланган ва 18-асрда Паргос қишлоғи вужудга келган.

«Тошкент» энциклопедияси. 2009 йил

Вам может также понравиться...

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *