Намудлиғ
НАМУДЛИF – Илоқдаги шаҳар харобаси (3–11-асрлар). Ангрен шаҳри яқинида, Оҳангарон дарёсининг ўнг соҳилида жойлашган. 1966–67 йилларда ўрганилган (Ю.Ф.Буряков). Майдони – 70 гектар, бешбурчакли қалъа ва кенг шаҳристондан иборат бўлиб, дарё ва унинг ирмоқлари билан мудофааланган. Намудлиғ ўрнида 3–4-асрларда истеҳкомсиз турар жойлар пайдо бўлган, 5–6-асрларда шаҳарга айланган. 9–10-асрларда кумуш ва бошқа рангли металларни қайта ишловчи ҳунармандлик корхоналари ривожланиши билан шаҳар гуллаб яшнаган. Намудлиғда металл эритиш ва кулолчилик цехи, каолин ва бўёқ модда сақланадиган жойлар, шиша, сопол идишлар, турли тангалар топилган. Шаҳар 11-асрда инқирозга учраган.
«Тошкент» энциклопедияси. 2009 йил






Изоҳлар