Тошкент воҳасидаги қадимги динлар тарихидан (христианлик)
Марказий Осиёдаги қадимий маданиятнинг шаклланиши ва ривожланишида бу маданият ижодкорлари бўлмиш маҳаллий ва кўчиб келган аҳолининг диний эътиқодлари ҳам катта аҳамиятга эгадир. Ўрта Осиёда ислом дини ҳукмронлик қилгунига қадар мавжуд бўлган юқори даражадаги маданиятнинг ривожида оташпарастлик, маъжусийлик, зардуштийлик, буддавийлик, монийлик (манихейлик), маздакийлик, христианлик каби динларнинг ўз ўрни, ўз роли ва ҳиссаси бор. Шуниси эътиборга сазоворки, ислом дини ёйилгунига қадар Ўрта Осиё ҳудудида кўплаб диний дунёқарашлар бир вақтда фаолият юргизган бўлсаларда, маҳаллий аҳоли бир неча динларга эътиқод қилган бўлса-да, бу динларнинг бирортаси бошқасидан устун қўйилмаган ва ҳеч бир дин расман давлат дини даражасига кўтарила олмаган.
Тахминан V асрдан то араблар ҳукмронлиги давригача Ўрта Осиёнинг марказий вилоятларидан бири Суғдиёна аҳолисининг каттагина қисми, Ўрта Осиё ҳудудининг асосий қисмини эгаллаган эфталитлар, эфталитлардан кейин Марказий Осиёда ҳукмронлик ўрнатган Турк хоқонлигини барпо этган туркий аҳолининг катта қисми несторианликни қабул қилган [Никитин, 1984. С.121-137].
VII-VIII асрларда давом этган араблар фатҳи натижасида ислом дини қарор топган ҳудудларда, шу жумладан, Ўзбекистон ҳудудида ҳам оташпарастлик, маъжусийлик, зардуштийлик, буддавийлик, монийлик (манихейлик), маздакийлик каби қадимий диний дунёқарашлар тамоман йўқотиб юборилди. Бу динлардан мустасно равишда христианлик дини яна бир неча аср давомида сақланиб қолди. Бунинг сабаби христиан динининг асосчиси Иисус Христос мусулмон манбаларида ва диний китобларида, шу жумладан, Қуръони Каримда ҳам катта ҳурмат билан Исо алайҳиссалом деб юритилади, унинг тарихий шахс эканлиги тан олинади. Айнан мана шу ҳолат ислом дини ҳукмронлик қилган мамлакатларда, шу жумладан, қадимий Ўзбекистон ҳудудида ҳам араблардан кейин бир неча юз йил давомида христиан динининг сақланиб қолишига сабаб бўлган. Сомонийлар даврида христианлик бирмунча чекловларга учраган бўлса-да, қорахонийлар ва қорахитойлар даврида янада активлашган.
Айрим ислом мамлакатларида аҳолининг маълум қисми ҳозирги кунларгача ҳам христиан динига эътиқод қилиб келади.
Кўплаб ўрта асрлар ёзма манбалари Ўрта Осиё ҳудудидаги қадимий христианлик, христианлар қишлоқлари, христиан олимлари тўғрисида маълумотлар берадилар [Бартольд, 1964; 1968]. Мана шу маълумотларнинг баъзилари қадимий Шош, яъни ҳозирги Тошкент воҳасидаги христианлик билан боғлиқ.
Ибн Ҳавқал ва яна бошқа араб сайёҳи ал-Истаҳрийлар айнан мана шу даврда Чоч вилоятининг ғарбий чегарасида Винкард номли христианлар қишлоғи тўғрисида маълумот берадилар.
Ал-Истаҳрий “Китаб масолик ал-мамолик” да шундай ёзади,-“(Чочнинг) бир чегараси Чоч дарёсининг Хоразм денгизига (Сирдарё бўлса керак — Р.А.) қуйилишигача, бошқа чегараси Сафижоб (Исфижоб — ҳозирги Қозоғистон Республикасининг Сайрам шаҳри – Р.А.) сарҳадларидаги темир конларигача чўзилади, (бошқаси) христианлар Винкардигача боради” [Бартольд, 1964. С. 279; 1964. С. 485]. Араб олимининг Чоч каби йирик вилоятнинг чегараларини таърифлашда айнан шу қишлоқнинг номини тилга олишининг ўзиёқ бу қишлоқнинг Х асрда жуда йирик ва машҳур бўлганлигини кўрсатади.
ХХ асрда Ўзбекистон, шу жумладан, Тошкент воҳасидаги археологик ёдгорликларда олиб борилган тадқиқотлар бу маълумотларнинг тўғрилигини исботлагани ҳолда, бу дин тарихининг бизгача номаълум бўлган жиҳатларини ҳам ёритиш имконини берди. Тошкент вилоятидаги қадимги Харашкет (Қанқа ёдгорлиги) шаҳри ҳам кўплаб христианлар яшаган манзиллардан биридир. Бу ерда олиб борилган археологик қазишмаларда христианлик билан боғлиқ осори-атиқалар кўплаб учраб туради. Ушбу шаҳар маҳаллаларидан бирида христианлар яшаган уй қолдиқлари ҳам топилган [Богомолов, 1995. С.71-79].
Тошкент шаҳридаги Салор ариғи атрофларидан несторианларнинг бир нечта қимматбаҳо буюмлари топилган [Анбоев, 1959. С. 39-40].
1980 йилларда Тошкент воҳаси Чорвоқ водийсида жойлашган Тўрткўлтепа ёдгорлигида олиб борилган археологик тадқиқотлар даврида мисдан ясалган христианлар ҳочи топилган. Ҳоч юпқа қилиб ясалган ва у христиан руҳонийси ридосининг кўкрагига тақиб юришига мўлжалланган. Ҳочнинг кўндаланг таёқчасидан юқори қисми синган. Унинг тик ҳолатдаги узунлиги тахминан 7 см бўлган, кўндаланг таёқчасининг узунлиги эса 3,5 см бўлиб, унинг ҳар иккала учида ип ўтказиб кийимга тикиш учун майда тешикчалар қилинган. Ҳочнинг кўндаланг таёқчадан пастки томони ялпоқ, найзасимон кўринишда, иккита бир-бирларига қўшилиб кетган доиралар фонида тасвирланган. Пастки томонининг юзаси бир-бирлари билан кесишиб, тўр ҳосил қилган чизиқчалар билан безатилган. Юқоридаги қисми ҳам бизнингча, найзасимон кўринишда, лекин битта доира фонида тасвирланганлиги ҳақиқатга яқин. Бу топилма Чорвоқ водийсида жойлашган Тўрткўлтепа ёдгорлиги ўрнида бир пайтлар фаолият кўрсатган қишлоқда христианлар ҳам яшаганлигини ва улар орасида руҳонийлар ҳам бўлганлигини кўрсатади ҳамда христианлик тарқалган ҳудудлар географиясини кенгайтириш имконини беради.Бу топилмани тахминан IX-XII асрлар билан даврлаш мумкин.
Тошкент вилоят Оҳангарон тумани тоғли Норбексой водийсида, Норбексойга қуйилган Қизотасойдан 200 м чамаси юқорида диаметри 50 м, баландлиги 10-11 м бўлган айлана шаклидаги тепалик мавжуд. Бу тепаликнинг ичида қадимда сунъий равишда кавланган йирик ғорлар тизими бўлиб, у ерли маҳаллий аҳоли томонидан “Корхона” номи билан юритилади [Массон, 1953. С. 100-103]. Норбексой водийси ўрта асрларда Мовароуннаҳрнинг йирик вилоятларидан бири Илоқнинг марказий шаҳри Тункетдан 6 км чамаси жанубда жойлашган.
Бу ерда 30-йилларда М.Е. Массон томонидан кузатишлар олиб борилган ва Корхона ғорларининг планлари қоғозга туширилган [Массон, 1953. С.100-103]. М.Е. Массоннинг маълумотига кўра ғорларнинг асосий қисми тахминан илк ўрта асрларнинг охирларидан бошлаб кавлана бошланган. Ушбу тепаликнинг ўзи ҳам археологик ёдгорлик бўлиб, унинг устида 6м қалинликдаги маданий қатламлар мавжуд.
Корхона жойлашган Норбексой водийсида Корхонадан ташқари бир нечта қадимий қишлоқлар харобаларининг мавжудлиги бу ерда иншоотлар қуриш учун қурилиш хом ашёсининг етарли даражада эканлигини кўрсатади. Бундай шароитда Корхона ер ости ғорларининг ниҳоятда қийинчилик билан кавлаб бунёд этилиши бу иншоотнинг бу ҳудудда, шу жумладан, ушбу тепалик устидаги тураржойларда қадимда яшаган аҳоли учун алоҳида аҳамиятга эга бўлганлигидан далолат беради.
М.Е. Массон тадқиқотлар олиб борган 30-йилларда Корхонанинг асосий марказий залидан масжид сифатида фойдаланилган.
Корхона мажмуасининг кириш жойи унинг шимол томонида бўлиб у ерда 14 м узунликдаги айвон барпо этилган. Айвондан эшик орқали жануб томондаги катта залга кирилган. Мажмуанинг асосий хонаси ҳисобланмиш катта зал ҳочсимон тархга эга. Залнинг узунлиги 17 м, эни эса 4 м бўлиб унинг ўртароғида ғарбий деворига меҳроб ўйиб ишланган. Бизнинг фикримизча, айвон кейинги асрларда, яъни Корхона масжидга айлантирилгандан кейин бунёд этилган. Мажмуада асосий залдан ташқари яна кўплаб ғорсимон, бир нечта ҳочсимон тархга эга бўлган ва алоҳида қурилган бошқа хоналар ҳам мавжуд.
М.Е. Массон Корхонанинг қадимда қай мақсадда фаолият юргизганлигини таҳлил қилар экан, бу ғорларнинг айримларида, “чироқ ўчди” каби расм — русумлар амалга оширилган бўлиши мумкинлиги тўғрисидаги тахминларни айтади. М.Е. Массоннинг бу фикрини ўша пайтдаёқ маҳаллий қариялар қатъиян рад қилишган. Агар ўша одатлар амалга оширилган бўлса, бу албатта, маҳаллий аҳолининг хотирасида қолган ва бу жойлардан ҳеч қачон муқаддас, покиза жой — масжид сифатида фойдаланилмаган бўлур эди [Раимкулов, 1999а. С. 54-57; 1999б. С. 92-93].
Корхонанинг қадимда қай мақсадда фаолият кўрсатганлиги масаласига Корхона ғорларининг планлари ҳам жавоб беришлари мумкин. Ғорларнинг барчаси деярли бир хил, яъни ҳочсимон (крестсимон — Р.А.) кўринишга эга. Корхона ғорларининг таҳлили “ушбу ёдгорлик қадимги христианлар томонидан қурилмаганмикин?” — деган табиий савол туғилишига сабаб бўлади. Қолаверса, унинг қурилиш даври илк ўрта асрларнинг охирларига, яъни қадимий христианларнинг Ўрта Осиёга кириб келишлари оммавий тус ола бошлаган ва бу ҳудудда христианлар қишлоқларнинг, ибодатхоналарнинг ва бошқа иншоотларнинг таркиб топа бошлаган даврларига тўғри келади. Лекин бу ғорлардан христианлик билан боғлиқ бирон-бир ашё топилмаган.
Ғорларнинг барчасида ҳочсимон кўриниш ҳукмронлик қилиши тасодифий эмас, балки бу ҳолат Корхона ғорларнинг махсус режа асосида ковланганлигидан далолат беради (мана шу ҳочсимон тархга эга бўлган катта зал бу ерда фаолият кўрсатган ғор-монастирнинг бош саждагоҳи ҳисобланган. Бу хонага дастлаб тепаликнинг жануб томонидаги ҳовлидан кирилган. Унинг тўри ярим доира шаклида тугалланган ва икки қанотида иккита хона мавжуд. Бундай қурилиш усули христиан меъморчилигининг черковлар қурилиши амалиётида қадимдан то ҳозиргача қўлланилади. Кейинчалик ушбу саждагоҳнинг тўридан эшик очилган ва эшикнинг ташқари томонида ҳозир айтиб ўтилган айвон барпо этилган).
Бу ғорларнинг бир неча юз йиллар (балки минг йилдан ҳам зиёдроқ — Р.А.) давомида фойдаланилганлигини ҳисобга олсак, улардаги христианлик билан боғлиқ қадимги дастлабки белгилар йўқолиб кетган ёки кейинги асрларда махсус йўқотилган бўлишлари ҳам мумкин. Ўрта Осиё ва бошқа ҳудудларда қазиб ўрганилган христианлар иншоотлари харобаларида кўп ҳолларда бу дин билан боғлиқ археологик топилмалар умуман учрамаганлигини мутахассислар кўп бор эътироф этишган.
Бизнинг фикримизча, Корхона кейинги асрларда масжидга айлантирилган. Лекин бу айнан қайси асрда содир этилганлиги номаълум. Бизга маълумки, христианлар черковларининг мусулмон масжидларига айлантирилиш тенденцияси ислом ҳукмронликка эришган мамлакатлар ҳудудларида аста-секинлик билан, ўша даврдаги сиёсий муҳит ва шароитлар ҳисобга олинган ҳолда олиб борилган. Ал-Балазурийнинг маълумотига қараганда Суриядаги Хамса шаҳрининг христиан аҳолиси араб саркардаси Абу Убайд билан тузган тинчлик сулҳида “шу шарт биланки, улар шаҳарликларнинг ҳаётларини, мол-мулкларини, черковларини, тегирмонларини сақлаб қолганликлари эвазига мусулмонларга Иоанн (Юҳанно) черковининг чорак қисмини масжид сифатида фойдаланиш учун ажратишга мажбур бўлганлар” [Большаков, 1984. С. 28].
Манбаларда Исмоил Сомонийнинг 280/893-894 йилларда Таласга қилган юришлари даврида Талас ва Мирки шаҳарларида фаолият кўрсатаётган христианлар черковлари мусулмон масжидларига айлантирилган [Бартольд, 1964. С. 287].
Черковларнинг мусулмон масжидларига айлантирилиши ҳалифалик сиёсатининг асосий йўналишларидан бири сифатида қўлланилмасдан фақат шароит талаб қилган ўринлардагина олиб борилган. Христианларнинг черков — монастири сифатида илк ўрта асрларнинг охирларида бунёд этилган Корхона шу йўсинда мусулмон масжидига айланиб кетган, деб тахмин қилиш мумкин.
Қадимги христианликка оид археологик ёдгорликларни тадқиқ қилишда шу нарса ойдинлашдики, қадимги христианлар ер устида турлича иншоотлар бунёд этишлари билан бирга кўп ҳолларда ер остида ва тепаликлар ичидан ҳам черковлар ва бошқа вазифаларни бажарувчи иншоотлар қурганлар. Бундай иншоотлар қадимги Рум (Византия) ва Арманистон ҳудудларида археологлар томонидан кўплаб тадқиқ этилганлар.
Жанубий Туркманистоннинг Кушка шаҳри яқинидаги Тахта Бозор шаҳарчаси атрофида, Мурғоб дарёсининг тик, баланд қирғоқларида сунъий равишда кавланган элликтача қадимий ғорлар мажмуаси мавжуд. 1986 йилда бу ғорларни дастлаб ўрганган геолог олим В.А.Обручев бу ғорлар хоналаридан бирининг кириш жойида ҳоч тасвирланганлигини ёзган ва бу ғорлар мажмуасини қадимий христианларга тегишли эканлигини тахмин қилган [Обручев, 1986. С. 34]. Fорлар мажмуаси Жанубий Тожикистоннинг Айваж қишлоғи яқинида ҳам топилган. Тадқиқотчилар Т.М. Отахонов ва С.Г. Хмельницкийларнинг фикрларича, бу сунъий ғорлар христианларнинг ғор-монастиридир [Атаханов, Хмельницкий, 1973. С. 187-204].
Норбексой водийсида Корхонадан ташқари яна бир нечта археологик ёдгорликлар ҳам мавжуд. Корхонадан жанубда Холбойтепа номли тепалик илк ўрта асрларда фаолият юргизган қаср-кўшкнинг харобалари бўлса, жануби-ғарбда жойлашган Мўминтепа қандайдир саройнинг қолдиқлари, деб тахмин қилинади [Шаповалова и др., 1994, йил. 3].
Бизнинг фикримизча, Илоқ вилоятининг маркази Тункет шаҳар харобаларидан жанубда жойлашган Корхона ғорлар мажмуаси христианларнинг черков — монастири сифатида бунёд этилган. Сарой қолдиқлари, деб тахмин қилинган Мўминтепа христианларнинг ер устида қурилган черковининг қолдиқлари бўлиши ҳам мумкин. Чунки сув чиқмайдиган баланд жойда пишиқ ғиштлардан сарой қурилиши кўп ҳам ҳақиқатга тўғри келмайди. Умуман олганда, Корхона жойлашган тоғли Норбексой водийси ўрта асрларда асосан христианлар яшаган жойлар сифатида фаолият кўрсатган бўлса керак.
Кейинги йилларда қўлга киритилган маълумотлар христианлар Ўрта Осиёнинг шаҳарлари ва қишлоқларида яшаганлари, кўп ҳолларда эса узоқ тоғли ҳудудларида ҳам макон қурганликларини кўрсатмоқда. Ибн Ҳавқал томонидан Самарқанднинг Шавдор туманида жойлашган тоғли Вазкард қишлоғи тилга олинган [Бетгер, 1957. С. 18], бу қишлоқ аҳолиси ўша даврдаёқ қишлоқ яқинидаги Қизилқояга христиан-сурёний ёзувларини битганлар, ўнтача ҳоч тасвирларини чизганлар. 2007 йилда Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз шаҳридан 65-70 км масофада, Ҳисор тоғлари орасида жойлашган тоғли Ғилон қишлоғи ҳудудидан ҳам сополдан ясалган ҳоч топилган. Қолаверса, бу фикримизни Чорвоқ водийсидаги Тўрткўлтепадан топилган мис ҳоч ҳам тасдиқлаши мумкин.
Хулоса қилиб айтганда, Тошкент воҳасида олиб борилаётган археологик тадқиқотлар бу ҳудудда қадимги христианлик тарихини бирмунча ойдинлаштиришга имкон яратмоқда.
А.А. Раимқулов
Фойдаланилган адабиётлар
Анбоев И.А. Древний несторианский клад (?) в городе Ташкенте //Известия Академии наук РУз. Серия «Общественные науки». 1959. № 6.
Атаханов Т.М., Хмельницкий С.Г. О работе Шаартузского археологического отряда в 1968-1970 гг. //Археологические работы в Таджикистане. Вып. Х. М., 1973.
Бартольд В.В. О христианстве в Туркестане в домонгольский период (по поводу семиреченских надписей) //Соч., Т. II. Часть 2. М., 1964.
Бартольд В.В. Статьи из “Энциклопедии ислама” Беркай //Соч. Т. V. М., 1968.
Бетгер Е.К. Извлечение из книги “Пути и страны” Абуль-Касыма ибн Хаукаля //Труды Среднеазиатского Государственного университета. Археология Средней Азии. Т. IV. Ташкент, 1957.
Богомолов Г.И. О христианстве в Чаче // Из истории древних культов Средней Азии. Христианство. Ташкент, 1995.
Большаков О.Г. Средневековый город Ближнего Востока. М., 1984.
Массон М.Е. Ахангеран. Археолого-топографический очерк. Ташкент, 1953.
Никитин А.Б. Христианство в Центральной Азии (древность и средневековье) //Воточный Туркестан и Средняя Азия. М., 1984.
Обручев В.А. За тайнами Плутона. М., 1986.
Раимкулов А.А. Об искусственных пещерах на территории Средней Азии //Согд в системе культурных связей Центральной Азии (Тезисы докладов). Самарканд, 1999а.
Раимкулов А.А. Пещерные архитектурные сооружения Средней Азии //Изучение культурного наследия Востока. Материалы межд. конф. СПб., 1999б.
Шаповалова В.В. Ростовцев О.М., Аскаров М.А. Отчет о проделанной работе на памятнике Кархана за 1991-1994 годы //Архив Института археологии АН РУз, ф. 7, 01, д. 147.
Из истории древних религий Ташкентского оазиса (христианства)
В статье рассматривается одно из малоизученных направлений истории Узбекистана – древнее христианство, которой существовало на протяжении тысячелетия и христианские памятники Ташкентского оазиса. На основе привлечения археологического материала и исторических фактов, связанных с христианством, автор вқсказывает мнение о широком распространиении христианства в Ташкентском оазисе. Пещерный комплекс Кархана который расположен к югу от столичного города Илака – Тункета, относится к одному из крупных христианских памятников региона.
А.А. Раимкулов
(A.A. Raimqulov)
From history of religions in Tashkent Oasis (Christianity)
The article deals with ancient Christianity and Christian site of the Tashkent Oasis, one of the less studied fields of the history of Uzbekistan, which existed during the course of almost thousand years. The author concludes on wide distribution of Christianity in Tashkent Oasis using the archaeological and historical data. In his opinion, the cave complex of Karhana located to south of Tunket, the capital city of Ilaq, is one of the largest Christian sites of the region.
Манба: Тошкент шаҳрининг 2200 йиллик юбилейига бағишланган Халқаро илмий конференция материаллари
Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси
«Фан» нашриёти
2009






Изоҳлар