Тарихи жаҳоннамойи (3-қисм)
ХЎҚАНДИ ЛАТИФ ШАҲРИДА ҚИПЧОҚЛАРНИНГ ЎЗЛАРИГА ХОН КЎТАРИШЛАРИ. БУХОРО ПОДШОСИ ВА ХУДОЁРХОННИ (ФАРҒОНАГА) КЕЛИШЛАРИ ВА ДАВЛАТ САЛТАНАТИГА ХУДОЁРХОН ВАЛИНЕЪМАТНИНГ ЎТУРГАНИ ҲАҚИДА
Сўз гулистонининг чаманороси, минг достоннинг булбули бўлган муссаниф (яъни китоб муаллифи — Ш. В.) воқеа дуру гавҳарини шундоғ баён этади. Ул замон ва ул вақтларда бесару сомон қипчоқлар ўз лашкарлари ила келиб Сайҳун дарёси бўйидаги Сарой деган қишлоқда тўхтадилар. Қирғиз ва қипчоқ улусининг уруғлари бир неча кун шул жойда қолиб, ўзаро маслаҳат қилиб шундай қарорга келдилар: “Бирор-бир мирбачани топиб уни хонлик салтанатига кўтариб, шаҳар (Хўқанд)га кириш керак”. Шу фикр ҳаммага маъқул бўлди. Мирзо ибни Норқўзи додхо қирғизни Худойқул бек ибни Мақсудбекка маҳалладош ва қўшни бўлгани учун унинг олдига юбордилар. У шамолдек тез шаҳарга келиб, энди ўн олти ёшга кирган, аслзода мир авлодидан бўлмиш Худойқул бек ибни Мақсудбек ибни Бекбўтабек ибн Сулаймонбек ибни Шодибекни олиб, (Сарой) мавзеига етказди. Халқ мирбачанинг малоҳатли суратига ошиқи шайдо бўлиб, 1282 йил, душанба куни, муҳаррам ойининг бешинчисида уни салтанат ва шоҳлик маснадига хон қилиб кўтардилар.
Арбобу шариф, фақиру ғаний муборакбодлик учун дуога қўл кўтариб, масрурлик ва шодиёналик фотиҳасини ўқидилар. Шундан кейин аркони давлат ва салтанат аъёнлари ва бошқалар жам бўлиб шаҳарга келиб кирдилар. Улар Султон ўрдасига жойлашдилар.
Хон жаноби султонлик тахтига ўтуруб, Бек Муҳаммад қипчоқни мингбоши мансабига сарафроз қилди. Мирза Аҳмадга дастурхончилик (мансабини) ҳадя қилди.
Шу вақт давомида аҳли қирғизия ва қипчоқия ўн тўрт кун ўрдада яшади, душанба куни кечқурун эса фуқародан хавф олиб, подшолик салтанатини ташлаб, шаҳардан бир фарсаҳ нарига қочдилар. Бу хабарни баъзи бебошу авбошлар эшитиб, кечаси бориб ўрда ичини талон-тарож қилдилар. Буни шаҳарнинг баъзи улуғлари эшитиб, ул одамларни тафтиш ва таҳқиқ қилиб, олиб кетган нарсаларидан бир қисмини топдилар. Шаҳар фуқароси ва уламолари қипчоқлар аҳволини кўриб, гуруҳ-гуруҳ бўлиб улар олдига бориб, шаҳарга қайтишни сўрадилар. Аммо бу ҳимматсиз кишиларда шаҳарга қайтиш учун юрак йўқ эди.
Ғамойил қишлоғини (қирғиз, қипчоқлар) ўзларига турар жой қилиб олдилар. Улар куффорга қарши деб фуқарога солиқ солиб, юз минг тилла тўплаб олдилар. Уларнинг касофатли қилмишларига қарамасдан шаҳар аҳолиси сабр-тоқатайлаб, уларга ёрдам бердилар. Аммо бу шаҳар ва саҳро ўртасида бир неча кун давом этиб, икки томоннинг ҳам нафратига сабаб бўларди. Масал бордурким, унда айтилишича: “Йўлини йўқотган киши (гумроҳ)дан сўрадиларки, сенинг номинг нима?” — “Номим раҳбар (йўловчи)дир” деб жавоб берибди у. Қипчоқларнинг бу қилмишлари ва хамоқатлари жаноби бахтиёр Худоёрхон валинеъматга маълум эди. Жаноби валинеъмат воқеалар баёнини Бухоро подшоси Музаффарга дарҳол етказиб турарди. Шу орада амир ўрусларга элчи жўнатишни баҳона қилиб, Хўқандга кирмоқчи бўлди. Нажмиддин ҳўжа деган бир бухороликни Россияга элчи қилиб кўп туҳфалар ва ҳадялар, яъни улкан бир фил, амир Темур васиқаларини қўлига бериб, Петербургга — ўрус подшосига жўнатиб, ўзи бехисоб лашкар ила Бухородан Жиззахга келиб, манзили жалол қилди. Бу ердан Бухорога тижорат қилиш учун келаётган бир бой ўрусни саккиз юз туяга юкланган қимматбаҳо матолари, бир неча туя ўрусия олтин-кумуш пуллари ила қўлга тушириб, ҳамма молу матони олиб, ўзига хавф солиб, Тошкандга — ўрус жинироли (генерали — Ш. В.) олдига ҳайдади.
Амир Худоёрхон жанобларини ўзига ҳамроҳ ва қўлига ўйинчоқ қилиб Хўқонди латиф сари йўл олди. Хўжанд шаҳарига келиб осойиш топди. Жаноби валинеъматга (Худоёрхонга) ишониб, уни лашкарга сардор қилиб Хўқанди латифга жўнатди. Худоёрхон, Оллоёрбек парвоначи, Яъқуббек ғулом, Самарқанд ҳокими Шер Али ғулом саноқсиз лашкари ила Хўқонди латифга йўл олдилар.
Қипчоқлар уларга муқовамат қилмасдан якшанба куни Мўйи Муборакка келдилар. Кечани бир илож қилиб ўтказиб, душанба куни, лашкар келишидан олдинроқ пешин намози вақтида Марғилон йўлига чиқиб кетдилар. Шу кечаси манғит лашкарининг илғор қисми Хўқанди латифга жангу жадалсиз кириб келди. Сешанба куни пешингача лашкарнинг ҳаммаси шаҳарга дохил бўлди. (Худоёрхон) кетма-кет подшоҳ (Музаффар) хизматига хушхабарлар жўнатди. Амир (Музаффар) кўнглини чоғ қилиб, 1281 йил, сафар ойининг йигирманчи, пайшанба куни шаҳарга кириб келди. Аммо бу золимнинг авбош ва бебош сарбозлари шаҳар атрофидаги жойларни талон-тарож қилдилар. Бир муддат Хўқанди латифда истиқомат қилиб (амир) Оллоёрбек манғитни лашкарга сардор тайинлаб, қирғиз ва қипчоқлар орқасидан юборди. Иккала қўшин ҳам изма-из борардилар. Қипчоқлар Моди мавзеига бориб тўхтаб дам олдилар. Оллоёрбек эса манғит лашкари ила Аробон Қалъасини манзил қилди.
Бир кундан кейин эрталаб қипчоқ ва қирғизлардан олти юз киши ўз сардорлари Юсуфбой Мирзо, Элтаркуб баҳодур ва Хол понсод қирғиз ила Ахси мавзеига келиб, манғитларнинг йўлини пойладилар. Икки томон тўқнашиб, жанг бошланди. Баъзан қипчоқлар Гулбаҳор майдони Саҳнидан манғитларни сиқиб, Аробон мавзеига қадар чекинтирардилар. Гоҳи манғитлар ғалаба қилиб, қипчоқларни жангоҳга қайтарардилар. Бир неча улар шундай бориб келдилар. Манғитларнинг қўли баланд келиб, улардан 15 минг киши қипчоқлар атрофини ўраб олиб, бир тор жойга сиқиб қўйдилар. Эртадан-кечгача бўлган уруш ҳеч қандай фойда келтирмади. Ниҳоят, қипчоқ сардорлардан Хол понсод қирғиз, Юсуфбой Мирзо, Элтаркуб қипчоқ ва яна юзта сарбоз қўлга тушдилар. Қолганлари манғит сафини ёриб қочиб кетдилар…
Шундай қилиб, манғитларнинг қўли баланд келиб, амирларни (Бухоро) подшоҳи хизматига жўнатдилар. Оллоёрбек парвоначи эса Ўш томонга кетиб, Моди мавзеида қарор топди. Қипчоқ лашкари эса Кулжага кетиб қолди. Улар бир-биридан ваҳм қилиб, анча муддат жойларида турдилар. Можаро бир ёқли бўлмай туриб, Оллоёрбек манғит қайтишга амр қилди ва Марғилонга кетди. Қипчоқлар ҳам Арабон (қишлоғи)га келиб турдилар. Разил манғит аҳволларини ўз подшоҳларига маълум қилиб, маслаҳат сўрадилар. Тадбирсих (амир) айтди: “Биз шу ерда қоламиз. Ору номус деб биз бу ерга келганмиз. Бу ер Худоёхоннинг мулкидир, ўзи қирғизу қипчоқни дафъ қилиш йўлини топсун.” (Амир Музаффар) жаноби Худоёрхонга бир неча минг манғит ва Хўқанд сарбозларини жўнатди. Қочоқлар (қирғизу қипчоқлар) Худоёрхоннинг келишини эшитиб, тоқат қилмасдан Қошғар вилояти томон йўл олдилар. Жаноби султон ул бадбахтларни Тирак довонига таъқиб этиб борди. Уларнинг қанчасини банди қилди, учта тўп ва кўп асбоб-ускуна, қурол-яроғларини қўлга киритди. Катта иззат ила қайтиб, 22 рабби-ус-сонийда Хўқонди латифға етиб келди ва Бухоро амири ҳузурига обрў билан ташриф буюриб, давлат маснадида қарор топди. Бухоро амири ўрдадан кўчиб, ҳазрати Мўйи Муборак бўғига келди. У фалокат (амир Музаффар) шу ердан ҳамма подшоҳлик асбоб анжомлари, топу тўфанг, қурол- яроғларни, гилам ва бошқа бойликлар ҳамда тўрт юзга хотин-қизларни олиб сешанба куни эрталаб Бухоро сари йўлга тушди…
Валинеъмат хон жаноблари давлат ва салтанат такягоҳига ўтуруб, қайғуларини унутиб, зафар топди. Бадбахт ва кулфазада қирғизу қипчоқлар замона жафосидан қочиб, тоғи саҳролардан ўтиб, Яъқуббек олдига (Қошғарга) келдилар. Улардан қолганлари ўз сардорлари ила, хусусан, Абдураҳмон офтобачи ўз уруғи ила, Тошқора ўз тобеълари ила, Саримсоқ додхоҳ қирғиз ўз лашкари ила тўп-тўп бўлиб тортиқ ва ҳадялар олиб ҳазрат хон олдига узр сўраб келдилар. Жаноби валинеъмат ҳам уларга марҳамат айлаб, ҳар бирининг мартабасига қараб инъом-эҳсонлар берди. Шу аснода бир неча кун ичида уларнинг қолганлари ҳам келиб султон илтифотини ҳис қилиб, таслим бўлдилар.
Бир куни кечаси қирғиз ва қипчоқларнинг бир гуруҳи ваҳимага тушуб ўзлари интихоб қилган жойга қочиб кетдилар. Хусусан, амирлашкарнинг жияни Муҳаммад Аюббий Чимён томонга қочди, 200-300 қирғизни ўзига ҳамроҳ этиб, Ўш вилоятига қараб кетди.
Жаноби Султон Муродбек, хон ҳазратнинг акалари — Марғилоннинг ҳокими эди ва у бир неча вақтдан буён Ўш вилоятида закот йиғувчи эди. Муҳаммад Аюб унинг олдига келиб сурбетларча, “Амирзода, туринг, акангизни ўлдуруб, сизни уларнинг ўрнига хон кўтардилар. Мен шунинг учун олдингизга келдим”, деб айтди. Амирзода ул аҳмоқни алдаб, қирғиз ва қипчоқ сардорлари қўли орқали ушлаб зиндон қилди. Тезда бир чобуксуворни хон ҳазрат олдига хабар бериш учун юборди. Ул чопар кечаю кундуз от суриб Худоёрхон олдига келди ва хоннинг соғлиғини ўз кўзи билан кўриб, амирзода номига бир иноятнома ҳам олиб қайтди ва амирзодага ҳамма кўрган эшитганини айтди. Муҳаммад Аюбнинг ёлғончилиги маълум бўлди. Ундан ҳамма ғазабланиб, қатл қилинишига розилик бердилар…
Алқисса, унга ўлим мукофот бўлди ва фармони олийга кўра Марғилонга олиб келиб қатл этдилар. Душманлардан яна бири Саримсоқ додхоҳ қирғиз бўлиб, у Наманганга келган эди. Хон (Худоёр) Наманган ва Косон ҳокимлари лашкарларини унинг орқасидан юборди. Унга ета олмадилар ва у (Саримсоқ додхоҳ) осонлик билан Чотқолга ўтиб кетди. Қолган қирғиз ва қипчоқлар марҳаматига сазовор бўлуб, тавба қилдилар. Фақат Тошқора қипчоқ ўрусларга қўшилиб кетган эди…
Жунайд Мулла Аваз Муҳаммад ибн Мулла Рўзи Муҳаммад Суфий Аттор






Изоҳлар