Амир Темур ва Москва: шаҳар олинганми?
• 350
1395 йил. Соҳибқирон Амир Темур қўшинлари шимол сари зафарли юришини давом эттирар экан, Евроосиё йилномасида энг баҳсли саҳифалардан бири очилди. Бугунги кунда бу мавзу шунчаки тарихий воқеа эмас, балки цивилизациялар тўқнашуви, тарихий хотира ва сиёсий қарашлар кесишган нуқтага айланган.
Асосий савол эса ҳамон очиқ қолмоқда: Амир Темур ҳақиқатан ҳам Москвани эгаллаганми?
Темурийлар даврига оид манбалар бу борада бир ҳақиқатни баён қилса, рус тарихшунослиги мутлақо бошқа талқинни илгари суради. Аммо баҳслар қанчалик шиддатли бўлмасин, бир фактни инкор этиб бўлмайди: XIV аср охирида Соҳибқироннинг қудрати Москва деворларигача етиб борган эди.
Соҳибқироннинг замондошлари ва темурий сарой тарихчилари – Низомиддин Шомий ҳамда Шарафуддин Али Яздий ўзларининг машҳур “Зафарнома” асарларида Москва юриши ҳақида аниқ маълумотлар қолдирган[1].
Шарафуддин Али Яздий шундай ёзади:
“Соҳибқирон Маскавга сориким, Руснунг шаҳарларидин эрди, таважжуҳ қилди. Анда етконда нусратшиъор черики ул вилоятни (шаҳар ва атрофини) чобтилар ва андағи ҳокимларни тобеъ қилди. Ва черикнинг эликларига сонсиз мол тушти: олтуну кумиш ва қумошу кабш ва ҳатану қоқам ва каттону қаро самур на қиличлар, йахши отлар тушти…”
Бу ерда “Маскав” номи нафақат тилга олинмоқда, балки у ердан қўлга киритилган бойликлар ҳам батафсил санаб ўтилган.
Низомиддин Шомий эса воқеани янада қатъий баён этади:
“Амир Соҳибқирон Мўшку (Москва) номли ўрус шаҳри томон юришни ирода этди, у вилоятнинг барча ерларига чопғин ясаб ғорат қилди, лашкар аҳли ўлчаксиз ғанимат олдилар…”
Бу манбаларнинг энг муҳим жиҳати – улар воқеалар изи совумасдан ёзилганидадир. Айниқса, Шомий Соҳибқироннинг бевосита замондоши бўлгани боис, унинг ёзганлари кейинги асрларнинг афсонаси эмас, балки жонли сиёсий жараённинг тарихий гувоҳлигидир.
Совет ва рус тарихчилари орасида бу маълумотларни инкор этувчилар талайгина. Хусусан, таниқли олимлар Александр Якубовский ва Борис Греков Темурнинг Москвага кирганини рад этадилар.
Уларнинг асосий важлари қуйидагича:
- Темур Елец шаҳридан шимолга ўтмаган;
- Ока дарёсини кечиб ўтмаган;
- Манбалардаги “Маскав” атамаси аслида Рязан атрофларини англатади;
- Темур князь Василий Дмитриевич бошчилигидаги рус қўшинлари билан тўқнашишдан чўчиган.
Якубовский ҳатто Амир Темур Куликово жангида Мамайнинг мағлуб бўлганидан ҳайиқиб, руслар билан жанг қилишдан эҳтиёт бўлган, деган фикрни ҳам илгари суради.
Бироқ, бу қарашлар мантиқий саволларни туғдиради. 1395 йилга келиб Амир Темур Ер юзининг энг қудратли саркардаси эди. У Тўхтамишни тор-мор қилган, Кавказ, Эрон, Ироқ ва Ҳиндистонни тиз чўктирган буюк қўмондон сифатида Москва князлигидан қўрққани ҳақидаги даъво у қадар ишонарли эмас. Айниқса, Василий Дмитриевичнинг ўзи Темур томонидан яксон қилинган Тўхтамишнинг сиёсий таъсири остида бўлганини ҳисобга олсак, бу фаразлар янада заифлашади.
Рус солномаларида Темурнинг орқага қайтиши диний мўъжиза сифатида тасвирланади. Ушбу ривоятларга кўра, 1395 йилнинг 26 августида Владимир Биби Марям иконаси Москвага келтирилган. Шу кеча Амир Темур тушида ваҳимали бир манзара кўриб, юришни тўхтатишга қарор қилган эмиш.
Бу воқеа кейинчалик рус православ анъанасида Москванинг “илоҳий ҳимоя” остида қолганининг рамзига айланган. Аммо замонавий тарихчилар буни кўпроқ диний-рамзий талқин деб ҳисоблашади. Зеро, Темур каби тажрибали стратег қарорларни тушлар эмас, балки аниқ ҳарбий-сиёсий ҳисоб-китоблар асосида қабул қилиши кўпроқ ишонарли.
Кузнинг яқинлашиши, шимолдаги озуқа муаммоси, отлар учун ем-хашак тақчиллиги ва асосий рақиб – Тўхтамишнинг аллақачон мағлуб этилгани Соҳибқирон учун юришни давом эттириш заруратини камайтирган бўлиши ҳақиқатга яқинроқдир.
Хўп, Москва ҳақиқатан ҳам олинганми?
Бу борада бир муҳим нозик жиҳат мавжуд. Темурий манбаларда “Москва” номи аниқ қайд этилса-да, шаҳарнинг тўлиқ ишғол қилингани, Кремлнинг қулагани ёки у ерда узоқ муддатли бошқарув ўрнатилгани ҳақида тафсилотлар йўқ.
Шу сабабли тарихчиларнинг бир қисми қуйидаги хулосага келишади:
- Темур қўшинлари Москва атрофларигача етиб борган;
- Шаҳарга жиддий таҳдид солиб, маҳаллий ҳокимларни тобеликка мажбур қилган;
- Теварак-атрофдаги ҳудудлар таланган ва катта ўлжа олинган;
- Бироқ шаҳарнинг ўзи тўлиқ босиб олинмаган ёки бунга эҳтиёж сезилмаган бўлиши мумкин.
Ўрта асрлар ҳарбий юришлари луғатида “олди”, “бўйсундирди” каби иборалар баъзан шаҳарни жисмонан эгаллашни эмас, балки унинг устидан мутлақ ҳарбий устунликка эришишни англатган.
Москва – рус давлатчилигининг муқаддас рамзи. Шу сабабли “Москва Темур томонидан фатҳ этилган” деган ғоя рус миллий тарихшунослиги учун доимо оғриқли бўлиб келган. Совет даврида эса рус давлатининг “енгилмаслиги” ҳақидаги мафкура шу даражада кучли эдики, темурий манбаларни шубҳа остига олиш нафақат илмий, балки жиддий сиёсий топшириққа айланган эди.
Аммо тарих ҳар доим ҳам сиёсий эҳтиёжларга бўйсунмайди. Низомиддин Шомий ва Шарафуддин Али Яздий қолдирган маълумотлар бугун ҳам олимларни янги изланишлар сари ундамоқда.
Амир Темурнинг Москва сари юриши шунчаки ҳарбий сафар эмас эди. Бу – Шарқ қудратининг шимолдаги энг чекка нуқтаси, Олтин Ўрда таназзулининг муқаддимаси ва келажакдаги рус давлатчилиги шаклланишига билвосита туртки берган улкан геосиёсий ҳодисадир.
Балки Темур Москва ичкарисига кирмагандир, балки Кремль деворлари омон қолгандир. Бироқ бир ҳақиқат инкор этиб бўлмас даражада аниқ: 1395 йилда Москва Соҳибқирон Амир Темурнинг ҳайбатидан ларзага келган эди.
Ғайратхўжа Ғаффорхўжа ўғли
[1] Шоҳистахон Ўлжаева. Амир Темур Москвани олганми? https://shosh.uz/amir-temur-moskvani-olganmi/







Изоҳлар