Каримов Ислом Абдуғаниевич
КАРИМОВ Ислом Абдуғаниевич (1938 йил 30 январь, Самарқанд шаҳри) – йирик давлат ва сиёсат арбоби, Ўзбекистон Республикасининг биринчи Президенти. Ўзбекистон Қаҳрамони (1994). Ўрта Осиё политехника институти (1960), Тошкент халқ хўжалиги институтини (1967) тугатган. Меҳнат фаолиятини 1960 йилда Тошкент қишлоқ хўжалиги машинасозлиги («Ташсельмаш») заводида мастер ёрдамчиси сифатида бошлаб, мазкур корхонада мастер, технолог бўлиб ишлаган. 1961 йилдан 1966 йилгача В.П.Чкалов номидаги Тошкент авиация иишлаб чиқариш бирлашмасида муҳандис, етакчи муҳандис-конструктор вазифасида хизмат қилган. 1966 йилда Ўзбекистон Давлат план комитетига ишга келиб, бош мутахассисликдан республика Давлат план комитети раисининг биринчи ўринбосаригача бўлган йўлни босиб ўтди. 1983 йилдан Ўзбекистон Молия вазири, 1986 йилдан Ўзбекистон Министрлар Совети раисининг ўринбосари – республика Давлат план комитетининг раиси. 1986–89 йилларда Ўзбекистон КП Қашқадарё вилоят комитетининг биринчи котиби, 1989 йил июнидан Ўзбекистон КП МК биринчи котиби. 1990 йил 24 мартда Ўзбекистон Олий Кенгаши сессиясида Ўзбекистон Президенти этиб сайланди.
Каримов 1991 йил 31 августда Тошкент шаҳрида – Ўзбекистон Республикасининг давлат мустақиллигини эълон қилди. 1991 йил 29 декабрда муқобиллик асосида ўтказилган умумхалқ сайловида Ўзбекистон Республикасининг Президенти этиб сайланди. Каримов раҳбарлигида Ўзбекистон Республикасининг биринчи Конституцияси ишлаб чиқилиб, 1992 йил 8 декабрда қабул қилинди. Каримов Ўзбекистонда сиёсий-иқтисодий ислоҳотларни амалга ошириш, ҳуқуқий демократик давлат ва фуқаролик жамияти барпо этиш, мамлакатни модернизация қилиш ва янгилаш дастурини ишлаб чиқиб, изчил амалга оширмоқда. Каримов томонидан ишлаб чиқилган миллий тараққиёт йўли «тараққиётнинг ўзбек модели» деган ном билан дунёда тан олинган. Каримов Ўзбекистон мустақиллигини, давлат тузумини мустаҳкамлаш, мамлакат ички ва ташқи сиёсатини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, жамият ҳаётида тинчлик ва барқарорликни, миллатлараро аҳиллик ва ҳамжиҳатликни таъминлаш, миллий тафаккур ва дунёқарашни юксалтиришда жонбозлик кўрсатмоқда.
1995 йил 26 мартда бўлиб ўтган умумхалқ референдуми якунларига кўра, Каримовнинг Президентлик ваколати 2000 йилга қадар узайтирилди. 2000 йил 9 январь ва 2007 йил 23 декабрда у муқобиллик асосида Ўзбекистон Республикасининг Президенти этиб қайта сайланди. Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мувофиқ, Каримов айни вақтда Ўзбекистон Республикаси Қуролли кучларининг Олий Бош Қўмондонидир.
Каримов Ўзбекистон ФА академиги (1994), шунингдек, иқтисод, фан, таълимни ривожлантиришга қўшган улкан ҳиссаси учун ўндан ортиқ хорижий мамлакат университет ва академияларининг фахрий фан доктори, профессор ҳамда академиклигига сайланган. Унинг «Ўзбекистоннинг ўз истиқлол ва тараққиёт йўли» (1992), «Биздан озод ва обод Ватан қолсин» (1994), «Ватан саждагоҳ каби муқаддасдир» (1995), «Ўзбекистон XXI аср бўсағасида: хавфсизликка таҳдид, барқарорлик шартлари ва тараққиёт кафолатлари» (1997), «Баркамол авлод орзуси» (1998), «Кучли давлатдан кучли жамият сари» (1998), «Тарихий хотирасиз келажак йўқ» (1998), «Оллоҳ қалбимизда, юрагимизда» (1999), «Озод ва обод ватан, эркин ва фаровон ҳаёт – пировард мақсадимиз» (2000), «Тинчлик учун курашмоқ керак» (2001), «Ўзбекистонда демократик ўзгаришларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамияти асосларини шакллантиришнинг асосий йўналишлари» (2002), «Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ижтимоий қатлами – Ўзбекистон сиёсий ҳаёти майдонида ўз ўрнини эгаллаши лозим» (2003), «Ўзбек халқи ҳеч қачон, ҳеч кимга қарам бўлмайди» (2005), «Мамлакатни модернизация қилиш ва иқтисодиётимизни барқарор ривожлантириш йўлида», «Юксак маънавият – енгилмас куч» (2008), «Жаҳон молиявий-иқтисодий инқирози, Ўзбекистон шароитида уни бартараф этишнинг йўллари ва чоралари» (2009) ва бошқа асарларида иқтисодиёт, ижтимоий-сиёсий тараққиётнинг, маънавият ва маданиятнинг долзарб масалалари атрофлича таҳлил қилинган, Ўзбекистоннинг ички ва ташқи сиёсати илмий асослаб берилган, ҳоз. ва истиқболдаги вазифалар кўрсатиб ўтилган. Унинг асарлари инглиз, рус, француз, испан, немис, ҳинд, хитой, араб, корейс, турк ва бошқа хорижий тилларга таржима қилинган.
Каримов юртимизда кенг кўламли бунёдкорлик ишларини олиб бориш, миллий қадриятларимизни тиклаш ва ривожлантириш, улуғ аждодларимизнинг қадамжоларини обод қилиш, юртимизнинг иқтисодий салоҳиятини оширишда катта ўрин тутадиган йирик корхоналарни бунёд этиш, шаҳар-қишлоқларни обод этиш ишларига бевосита раҳбарлик қилмоқда. Айниқса Тошкент шаҳрининг замонавий қиёфасини шакллантириш, шаҳарни ҳар жиҳатдан юксалтириш масаласига доимий эътибор бериб келмоқда.
Президент томонидан белгилаб берилган мамлакат пойтахтини ривожлантириш концепцияси асосида Тошкент тарихида биринчи марта шаҳарни ривожлантиришнинг 2015 йилгача мўлжалланган бош плани ишлаб чиқилди ва амалга оширилмоқда. Бунда шаҳарнинг экологиясини, Тошкент аҳолисининг турмуш даражасини яхшилаш учун барча шароитлар яратилиши ҳисобга олинган. Каримов раҳнамолигида, аввало, пойтахтнинг бош майдони бўлмиш Мустақиллик майдони бутунлай янгича қиёфа касб этди. Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон миллий боғи ташкил қилиниб, бу ерда буюк шоир ҳайкали қад ростлади. Шаҳар кўринишига шарқона тус берилишига алоҳида эътибор қилинди. Шаҳар марказидаги энг катта хиёбон Амир Темур номи билан аталиб, Соҳибқиронга ҳайкал ўрнатилди ва Темурийлар тарихи давлат музейи қурилди.
Мустақиллик йилларида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, Сенати, Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки, Халқаро бизнес маркази, Ўзбекистон давлат консерваторияси, Ўзбекистон миллий театри, Ўзбекистон давлат санъат институти, Ўзбекистон тасвирий санъат галереяси, Ёшлар ижод саройи, «Интерконтинентал Тошкент» меҳмонхонаси, «Ўзбекистон» анжуманлар саройи ва бошқа иншоотлар бевосита Каримов ташаббуси ва раҳбарлигида бунёд этилди.
Каримов ташаббуси билан Тошкентда муқаддас зиёратгоҳлар вужудга келди, меъморий мажмуалар (Мустақиллик ва эзгулик монументи, Хотира майдони, «Шаҳидлар хотираси» мажмуаси, Ҳазрати Имом мажмуаси) бунёд этилди. Шаҳарда янги турдаги ўқув юртлари – академик лицейлар ва касб-ҳунар коллежлари, улкан спорт иншоотлари («Ўзбекистон» спорт мажмуаси, «Жар» спорт-соғломлаштириш мажмуаси, «Гольф клуби» ва бошқалар) қад кўтарди. Метрополитеннинг Юнусобод йўли ишга туширилиши, шаҳарнинг бир қанча жойларида қурилган кўприклар ва кичик ҳалқа йўли транспорт хизмати кўрсатилишини тубдан яхшилади. Тошкент бозорлари замонавий, шинам қиёфага эга бўлди.
Пойтахтнинг эски шаҳар қисмини қайта таъмирлаш ва ривожлантириш бўйича ҳам давлат дастури яратилди. Ана шу дастур асосида бу ернинг ижтимоий инфратузилмаси яхшиланди, жумладан, шифохоналар, маҳалла гузарлари, ёшларнинг интеллектуал салоҳиятини ривожлантириш марказлари қурилди, кичик корхоналар ташкил этилиши ҳисобига янги иш ўринлари очилди, тор, пастқам кўчалар кенгайтирилиб, ободонлаштирилди.
Тошкентнинг 2200 йиллигини нишонлаш юзасидан Президент қабул қилган қарор (2008 йил 2 апрель) ва уни амалга ошириш юзасидан олиб борилган ишлар Ўзбекистон пойтахти тарихидаги янги ёрқин саҳифаларни ташкил этади.
Каримов «Мустақиллик» (1996), «Амир Темур» (1998) орденлари билан тақдирланган. Шунингдек, у бир қанча хорижий давлатларнинг ва нуфузли халқаро ташкилотларнинг орден ва медаллари билан мукофотланган.
«Тошкент» энциклопедияси. 2009 йил







Изоҳлар