Каттаҳовуз
КАТТАҲОВУЗ – Кўкча даҳасидаги қадимий маҳалла. «Обиназир», «Дарвоза», «Айрилиш», «Сархумдон» маҳаллалари билан чегарадош бўлган. Маҳаллада катта ҳовуз бўлган (номи шундан). Қарийб 350 хонадон яшаган. Аҳолиси, асосан, ўзбеклар бўлиб, кўнчилик, шаҳар ташқарисидаги ерларида (Қўриқрабод, Чўпонота, Оқтепа, Дамачи мавзеларида) деҳқончилик билан шуғулланган. Масжид, чойхона, сартарошхона, баққоллик дўконлари бўлган (20-аср боши). Каттаҳовузнинг ҳозирги ҳудудида Гулобод даҳаси қурилган.
«Каттаҳовуз» маҳалласи (Асадулла Хўжаев кўчаси, 2) – Шайхонтоҳур туманидаги маҳалла. 1-шаҳар клиник касалхонаси ёнида жойлашган. Ҳозирги «Обиназир», «Гулобод», «Сархумдон», «Янги шаҳар», «Оқилон» маҳаллалари билан чегарадош. 1961 йилда ташкил этилган. 1995 йилдан ҳозирги номи билан аталади. Аҳолиси 3802 киши, асосан, ўзбеклар (2009). Маҳалла ҳудудида озиқ-овқат дўкони, модалар ательеси, бир қанча дорихона, новвойхона мавжуд. Маҳалла 1998 йил тубдан ўзгартирилган. Маҳаллада шоир Тавалло ва бир қанча таниқли санъаткорлар: Лутфихоним Саримсоқова, Карим Зокиров истиқомат қилган.
«Тошкент» энциклопедияси. 2009 йил






Изоҳлар