Худойнкет
ХУДОЙНКЕТ – Чочнинг қадимий шаҳарларидан бири (1–12-асрлар). Араб географлари (10-аср) Худойнкетни Харашкетдан Бинкатга борадиган Буюк ипак йўлида (1 фарсаҳ масофада) жойлашганини қайд этишган. Худойнкет харобалари Оққўрғон шаҳрининг шимолий чеккасида Оққўрғон шаҳар харобаси номи билан машҳур. 1957 ва 1971 йилларда Ю.Буряков тадқиқ этиб, Худойнкет айнан шу ерда бўлганлигини аниқлаган. Ёдгорлик тўғри тўртбурчак тарҳли ғарбдан шимолга чўзилган (30 гектар), арк, шаҳристон ва рабоддан иборат. Арк айлана шаклида (майдони 1 гектардан зиёд, баландлиги 20 м) бўлиб, шаҳристондан чуқур хандақ билан ажратилган. Шаҳристон 2 қисмдан (ўзаро хандақ ва девор билан бўлинган) ташкил топган. Жанубий ва жануби-шарқдан рабод (20 гектар) ёндошган. Худойнкетда қазишмалар ўтказилмаган, лекин аркдаги қурилиш давомида археологик кузатув ишлари олиб борилган. Аркдаги маданий қатламнинг қалинлиги 1,5 м. Шаҳардаги ҳаётнинг 3 йирик босқичи кўзга ташланади: милодий 1–5-асрларда қалъа (майдони 1 гектардан зиёд) бунёд этилиб, атрофи мудофаа девори билан ўраб олинган. Қовунчи I–II га оид сопол буюмлар чиққан; 6–8-асрларда арк деворлари қўшимча истеҳкомлар билан жиҳозланган. Девор атрофида турар жойлар қурилиб, шаҳар тусини олган, Турк хоқонлиги даврига оид қалин маданий қатламдан сопол буюмлар мажмуи чиққан; 9–12-асрларда шаҳар кенгайиб теварак-атрофи билан 30 гектарни эгаллаган. Аркда пишиқ ғиштдан маҳобатли бинолар, шаҳристон ва рабодда турар жойлар, шарқий рабодда кулолчилар устахонаси вужудга келган. Сирланган сопол идишлар, шиша буюмлар, меҳнат қуроллари, тақинчоқлар топилган. Худойнкетдаги ҳаёт 13-аср бошида барҳам топган, кейинги даврларда у хароба ҳолда бўлган. Ҳозирда ёдгорлик замонавий қабристон томонидан анча ўзлаштирилган. Аркда 2-жаҳон уруши йилларида ҳалок бўлган жангчилар шарафига ёдгорлик монументи ўрнатилган.
«Тошкент» энциклопедияси. 2009 йил






Изоҳлар