Илоқ зарбхонаси

ИЛОҚ ЗАРБХОНАСИ – Илоқда танга пул зарб қилиш учун Тункат шаҳрида қурилган корхона (8-аср). Илоқ конларидан олтин ва кумушнинг кўп қазиб чиқарилиши танга зарб қилинадиган махсус корхона ташкил қилиш заруратини туғдирган. Илоқда 8–9-асрларда «Маъдан уш-Шош» зарбхонасида кўплаб кумуш дирҳамлар зарб этилган. Тангаларда соф кумушнинг кўплиги сабабли Илоқ тангалари 9-асрда бошқа мамлакатларга ҳам тарқалган. Археологик қазишларда шимолда Швеция ва Норвегиядан тортиб жанубда Арманистонгача бўлган ҳудудда Илоқ тангалари хазиналари топилган. Тарихий манбаларга кўра, 10-асрда Мовароуннаҳрда давлат зарбхоналари фақат Самарқандда ва Илоқнинг пойтахти Тункатдагина бўлган. Илоқ зарбхонасида пуллар маҳаллий муомалалар учун мисдан, умумдавлат хазинаси учун қимматбаҳо металлардан зарб қилинган. Илоқ зарбхонасида чиқарилган охирги тангалар 11-асрнинг 2-ярмига оид.

«Тошкент» энциклопедияси. 2009 йил

Шош ёки Чоч вилояти кўрилаётган даврда (IX-XIII-асрлар) чарм ва чармдан қилинган буюмлар ишлаб чиқариши билан машҳур бўлган. Буни аввало, унинг кўчманчи қабилалар билан қўшни бўлганлиги тақазо этган. Шош четга от терисидан ишланган баланд эгарлар, ўқдонлар, чодирлар ва чорвадор турклар келтирадиган ишланмаган чармларни кўплаб миқдорда чиқарган. Айниқса, манбаларда Шошда тайёрланадиган камонлар – “Камони Шоший” ташқи мамлакатларда жуда машҳур бўлган. Бундан ташқари, Шош вилоятидан чет мамлакатларга ва қўшни вилоятларга жундан тўқилган чопонлар, жойнамозлар, елкапўшлар, ғалла, темир игналар, туркларга юбориладиган қоғозлар ва темир қайчилар чиқарилган.

Араб географлари Илоқ вилоятини Шош вилоятига қарашли, баъзан эса ўзига мустақил деб билганлар ва уни Шош билан Фарғона ўртасида жойлашганлигини ёзадилар. Илоқ вилоятига Оҳангарон дарёси водийсининг деярли барчаси ва Чирчиқ дарёси чап қирғоғининг бир қисми кирган. Илоқ деҳқони Х асрда сомонийлар давлатидаги энг қувватли зодагонлардан бири ҳисобланган. Х асрда Илоқ округининг кумуш, қўрғошин конлари Афғонистоннинг машҳур Панжхир конларидан қолишмас эди, деса бўлади. Бундан ташқари бу ерда тоғларда гилвата, ўтга чидамли оқ лой (каолин), аччиқтош, феруза, офит (серпантин), аметист каби қазилма бойликлари ҳам бўлган.

Тошкент вилоятининг Қорамозор мавзесида қадимги Илоқ конларининг қолдиқлари сақланган. Бу ердаги Кўхи Сим кони ўша пайтда жуда машҳур бўлган. Археолог М.Е.Массоннинг айтишича, бу коннинг қолдиқларини Конимансур кони яқинидаги Далон қишлоғи ўрнидан топган. Кумуш-қўрғошин рудалари жуда кўп чиқарилганлиги учун Илоқда Мовароуннаҳрнинг учинчи пул зарб қилинадиган зарбхонаси очилган эди (бири Самарқандда, иккинчиси Бухорода бўлган). “Шош кони” сўзлари (Илоқ зарбхонаси шундай аталган) битилган энг қадимги тангалар аббосийлар ҳалифаси Хорун ар-Рашид (786-809 йиллар), ўша пайтдаги Хуросон ноиби Маъмун ибн Хорун ар-Рашид замонларига мансубдир. Хорун ар-Рашид номидан зарб қилинган дирҳамлардан бирида “Шош конида 189 ҳижрий йилда (805 йил) зарб қилинди”, бошқа бирида эса – 190 (805-806) йилда, деган сўзлар бор.

Илоқдаги кумуш-қўрғошин конлари нақадар катта хўжалик аҳамиятига эга бўлганини тушуниш учун ўша вақтларда кумушни жуда кўп ишлатган Шарқий Европада биронта ҳам кумуш-қўрғошин кони бўлмаганини эслаб ўтиш етарлидир. Шарқий Европада асосан Ўрта Осиёдан, яъни сомонийлар давлатининг турли вилоят ва туманларидан олиб борилган кумуш ишлатилган, бу кумушнинг деярли ҳаммаси жуда машҳур бўлган, у сомонийлар дирҳами шаклида танга ҳолида юборилган.

Каримохунова ИҚБОЛОЙ
«IX-XIII АСРЛАРДА ЎРТА ОСИЁ ШАҲАРЛАРИДА САВДО-СОТИҚ ВА ТАДБИРКОРЛИК МУНОСАБАТЛАРИ», диссертация, Андижон Давлат университети
Андижон-2013

Вам может также понравиться...

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *