Учтепа

УЧТЕПА – илк ўрта аср қишлоқ харобаси (6–8; 10–15-аср боши) – Оқтепа майдонидаги «Мебель» дўкони ўрнида жойлашган учта тепаликдан иборат. Бинкат атрофидаги ҳунармандлар яшайдиган қишлоқ бўлиб, асосан сопол ва шиша буюмлари билан шуҳрат қозонган. Мўғуллар истилоси (13-аср боши)дан сўнг, 14–15-асрларда ҳаёт қисман тикланган. 1966 йилги Тошкент зилзиласидан сўнг шаҳар ва унинг атрофида кенг қурилиш ишлари олиб борилиши жараёнида текисланиб ташланган. Тошкентдаги туманлардан бири Учтепа номи билан аталган.

«УЧТЕПА» МАҲАЛЛАСИ (Мағзуна кўчаси, 16а-уй) – Учтепа туманидаги маҳалла. «Ҳожиобод», «Чаманзор», «Кўркамобод», Саккокий ҳамда «Ўрикзор» маҳаллалари билан чегарадош. 1967 йил ташкил топган. Аҳолиси 2925 киши, асосан, ўзбеклар, шунингдек, 10 дан ортиқ миллат вакиллари яшайди. Маҳаллада «Мирбобоота» жоме масжиди жойлашган. Маҳалла аҳолиси қад.дан деҳқончилик ва боғдорчилик билан машғул бўлган.

УЧТЕПА ТУМАНИ (Фарҳод кўчаси, 21) – Тошкентдаги маъмурий-ҳудудий бирлик (6.05.2005 йил 6 майгача Акмал Икромов). 1977 йил 15 сентябрда Чилонзор ва Октябрь (ҳозирги Шайхонтоҳур) туманларини ихчамлаштириш мақсадида, улар ҳудудида ташкил этилган. Жануби ва жануби-шарқдан Заргарлик ва Гулистон кўчаси билан бошланиб, ғарб ва шимоли-ғарбда Тошкент автомобиль ҳалқа йўли орқали Қорақамиш каналига туташади. Майдони 2400 гектар, жумладан, кўкаламзор ерлари – 486 гектар. Аҳолиси 237,6 минг киши (2009). Кўчалар сони 481 та. Асосий кўчалари: Лутфий, Маннон Уйғур, Фарҳод, Истироҳат, Фозилтепа, Назарбек, Бешқайрағоч ва Кичик ҳалқа йўли. Туманда 53 та маҳалла ва Чилонзор 9а, 11–15, 21–26 мавзелари мавжуд. Туман ҳудудидан Бўзсув ва Қорақамиш каналлари оқиб ўтади.

Туманда 2650 та корхона ва ташкилот, 2208 та кичик корхона ва микрофирма, 97 та қўшма корхона рўйхатга олинган. Заргарлик заводи, нон-қандолатчилик, сут комбинатлари, «Момиқ текстиль», «ВБД–Тошкент» хорижий корхоналари, «Фонон», «Тоштатрасервис», «Осиё-Фуд» корхоналари, тикувчилик бирлашмаси, «Электрошчит», «Шайхонтоҳур-текстиль» қўшма корхоналари, «Ҳисоблаш техникасини таъмирлаш» корхонаси, 14 транспорт корхонаси ва қурилиш ташкилотлари мавжуд. Туманда Жаҳон тиллари университети, Давлат солиқ академияси, санъат интернат мактаби, 3 та академик лицей, 6 касб-ҳунар коллежи, 32 умумий таълим мактаби, 2 спорт мактаби, 2 ўқувчилар ижодиёт маркази, 50 болалар боғчаси ва яслиси, 3 спорт мажмуаси («Қўрғонтепа», «Журжоний», «Учтепа»), 5 оилавий ва стоматология поликлиникаси, кўп тармоқли поликлиника, 4 касалхона ва диспансер бор. Туман аҳолисига 2570 дан зиёд савдо, 113 умумий овқатланиш, 431 маиший хизмат кўрсатиш шохобчаси, 98 дорихона хизмат кўрсатади. 2 маданият уйи, 2 теннис корти, 10 сузиш ҳавзаси, 58 спорт зали, 183 спорт майдончаси, «Ватан» кинотеатри, «Боғишамол» маданият ва истироҳат боғи, Фарҳод деҳқон бозори бор. Туманда қурилиш ишлари 1966 йилдан бошланган. Тошкентни реконструкция қилиш ва ривожлантириш Бош планига мувофиқ туманда катта қурилиш ишлари олиб борилмоқда; 270-,272-АТС, стоматология поликлиникаси, маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари, «Карвон бозори», «Ўрикзор», «Гулистон» турар жой мавзелари, болалар боғчалари, мактаблар қурилиб фойдаланишга топширилди. Фарҳод ва Маннон Уйғур кўчаси кенгайтирилди. Учтепа туманида республика аҳамиятидаги меъморий ёдгорликлардан Чўпонота мажмуаси (17-аср), Фозилтепа (5–10-асрлар) археология ёдгорлиги, маҳаллий маданий мерос объектидан Саидваққос масжиди ва бошқалар сақланган.

«Тошкент» энциклопедияси. 2009 йил

Ўхшаш мақола

XIX асрнинг иккинчи ярми – XX аср бошларида Тошкент матбуоти

Post Views: 612 Инсоният пайдо бўлганидан бошлабоқ ўзаро ахборот алмашув эҳтиёжи пайдо бўлган. Дастлаб, инсонлар …

2 комментария

  1. Учтепа туманида йирик махалларидан бири Катта Қани бўлиб . У ерда Сандиқли ота қадимий қабр жойлашган жой хам бор

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *