1918 йил 20 апрель – 1 май кунлари Тошкентда Туркистон ўлкаси Советларининг V съезди бўлиб ўтади. Унда “пролетар демократияси”га тегишли тамойиллари бўйича танлаб олинган 251 депутат (шундан 120 таси туб миллат вакиллари) иштирок этади.
1918 йил 30 апрель съезд томонидан («марказ» кўрсатмаси асосида) “Россия Совет Федерацияси Туркистон Совет Автоном Республикаси” ҳақида Низомни қабул қилинган. Шунингдек ушбу съездда Туркистон АССРнинг қонун чиқарувчи ва ижро органлари ҳам тасдиқланади.
Қонун чиқарувчи олий орган — Марказий Ижроия Комитети 36 кишидан иборат ҳолда (4 та маҳаллий миллат вакили билан) Пётр Кобозев, ижро органи — Халқ Комиссарлари Совети (16 кишидан иборат) Фёдор Колесов раислигида тузилади.
Туркистон АССР сиёсий-маъмурий жиҳатдан собиқ Туркистон генерал-губернаторлиги ҳудудини қамраб олиб, Ўрта Осиёда ўтказилган миллий-ҳудудий чегараланишгача фаолият юритган .