Бош саҳифа » Ислом » Тошкентдаги Усмон Мусҳафи тарихи (2-қисм). Қуръони каримнинг саҳифаларга жамланиши. Етти хил қироат

Тошкентдаги Усмон Мусҳафи тарихи (2-қисм). Қуръони каримнинг саҳифаларга жамланиши. Етти хил қироат

1-қисмни ўқиш…

Сура ва оятлар тартиби

Шундай қилиб, Қуръони карим Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам замонларида ёзилган ва ҳифз қилинган эди. Ундаги сура ва оятларнинг тартиби Аллоҳ таоло илҳоми ила Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам томонларидан белгилангандир. Бу ишнинг Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло томонидан келган ваҳий асосида бўлганлигига «Қиёмат» сурасидаги оятлар далилдур:

«Уни (Қуръонни сизнинг дилингизда) жамлаш ҳам, (тилингизда) қироат қилдириш ҳам Бизнинг зиммамиздадир. Бас, қачон Биз (яъни Жаброил фаришта) уни (яъни ҳар бир ваҳийни) ўқиб битганимиздан сўнггина, сиз ҳам уни ўқишга эргашинг!» (17-18-оятлар).

Қуръони карим Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам даврларида ҳифз қилинган, намозларда ва бошқа муносабатлар билан ўқилган китоб бўлгани учун ҳам уни тартибланмаган эди, дейишлик эҳтимолдан узоқдир. Сураларнинг баъзилари тўлалигича, баъзилари парча-парча қилиб нозил қилинди. Ҳеч шубҳа йўқки, Қуръони карим суралари ва оятларининг ҳозирги тартиби пайғамбар алайҳиссалом кўрсатган ва ўқитган тарздадир. Имом Бухорий асарларида Пайғамбар алайҳиссаломдан қуйидаги ҳадис бор: «Кимки Бақара сурасининг охиридан икки оят ўқиса, унга кифоядур». Мана шунинг ўзи ҳам Қуръони карим Расулуллоҳ даврларида тартибга солинганлигига далолат қилади («Мал-Қуръон» китоби, 213-бет).

Қуръони Каримнинг Абу Бакр Сиддиқ замонларида саҳифаларга жамланиши

Пайғамбар Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам) вафотларидан сўнг саҳобалар ва мусулмонлар ул зотга халифа қилиб Абу Бакр (розияллоҳу анҳу)ни сайлашга қарор қилдилар. Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи васаллам) вафотларидан кейин ҳазрати Абу Бакрнинг фикрларини машғул этган асосий нарса, муртад бўлган қабилаларга қарши қўшин тўплаш бўлди. Араб жазирасининг шарқида Мусайлиматул-каззоб пайдо бўлиб, Исломга жиддий хавф сола бошлади. Абу Бакр Сиддиқ (розияллоҳу анҳу) Холид бин Валид (розияллоҳу анҳу) бошчилигидаги бир жанговар қўшинни унга қарши юбордилар. Жанг ниҳоятда шиддатли бўлиб, унда мусулмонлардан 1200 киши, шу жумладан, Қуръонни ёд олган етмишга яқин мураттаб қорилар шаҳид бўлди. Бунинг хабари Мадинага етиб келганда, ҳазрати Умар бин Хаттоб (розияллоҳу анҳу) қаттиқ ташвишланиб, ҳазрати Абу Бакрга мурожаат қилдилар:

– Эй амирал-муъминин, бошқа жойлардаги жангларда ҳам кўплаб қорилар шаҳид бўлаверса, Қуръони карим йўқ бўлиб кетади, деб қўрқаман.

Шунда ҳазрати Абу Бакр Зайд бин Собитни ҳузурларига чақиртирдилар.

Убайд бин Ас-Саббоқдан шундай ривоят бор: Зайд бин Собит (розияллоҳу анҳу) айтадилар: «Халифа Абу Бакрга Ямома жангининг хабари келди, иттифоқо, Умар бин Хаттоб у кишининг ҳузурларида эдилар. Абу Бакр менга шундай дедилар: «Умар менинг олдимга келиб, Ямома жанги куни кўп қорилар шаҳид бўлдилар, бошқа жангларда ҳам қорилар шу ҳилда шаҳид бўлиб, Қуръондан кўп нарса зоеъ бўлмасайди деб, қўрқаман. Шунинг учун Қуръонни жамъ қилишга буйруқ беришингиз керак деб, ўйлайман, деяпти. Мен Умарга Расулуллоҳ(соллаллоҳу алайҳи васаллам) қилмаган нарсани биз қандай қиламиз, десам, Умар Аллоҳга қасамки, шундай қилсангиз яхши бўлади, деяпти. То Аллоҳ шу нарса хусусида менга илҳом бериб, Умарнинг фикрига қўшилмагунимча, у ўз сўзини такрорлашдан тўхтамади, дедилар».

Зайд ҳикояларини давом эттириб айтадилар: «Абу Бакр Сиддиқ менга: «Сен ақлли, ёш йигитсан, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг ҳузурларида ваҳийни ёзувчи эдинг, энди Қуръони Каримни чуқур ўрганиб, уни жамъ қилгин»,- деб, амр қилдилар. Аллоҳга қасамки, агар тоғни кўтаришга буюрганларида ҳам бунчалик оғир туюлмас эди. Уларга: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) қилмаган ишни қандай қиласизлар»,- дедим. «Шундай қилсак, яхши бўлади»,- дедилар, Абу Бакр. То Аллоҳ худди Абу Бакр ва Умар розияллоҳу анҳумога берганидик, менга ҳам илҳом бермагунича, у киши ўз сўзларини такрорлашдан тўхтамадилар. Шундай қилиб, Қуръонни ёд олган кишилардан, хурмо япроқларидан ва япалоқ тош тахтачалардан бирма-бир йиғиб, Аллоҳнинг каломини саҳифаларда жамъ қилдим. Ана шу саҳифалар Абу Бакрнинг вафотларигача у зотнинг қўлларида, сўнг ҳазрати Умарнинг қўлларида эди. Кейинчалик эса Умарнинг қизлари Ҳафса онамизда сақланди».

Юқоридаги ҳадисни Имом Бухорий «Китобут-тафсир»нинг «Қуръонни жамъ қилиш боби»да ривоят қилганлар. («Фазоилул-Куръон», 15-бет., «Ал-Итқон», 1-жилд, 21-бет.)

Хулосаи калом, улар Қурьони Каримни сақлашда, фақат биргина йўл тутмасдан, балки, бу улуғ вазифани мукаммал адо этиш учун парча-парча ёзувларни битта китобга жамлаш лозимлигига ҳам қаноат ҳосил қилдилар. Буни бажаришда улар қуйидагича йўл тутдилар: тош тахтачалар, тери ва бошқа нарсаларга Расулуллоҳдан ёзилган ҳар бир парча тўпланди. Саҳобалар ёзиб олган битиклар ҳам олиб келинди. Буларнинг тўғрилигини аниқлаш учун Қуръони Каримни тўлиқ ёд олган саҳобалар кўригидан ўтказиш лозим деб топилди. Мана шу уч манбанинг бир хил далолатига биноан ёзилган ва ўқилган парчаларда ҳеч қандай хато йўқлиги исбот қилингач, Қуръондан ҳар бир лафз ёзилар эди.

Ибни Абу Довуд айтадилар: «Ҳазрати Абу Бакр Қуръони Каримни жамъ қилишга бошлаганларида Умар билан Зайдга: «Масжиднинг эшиги олдида ўлтиринглар, кимки Қуръондан икки киши гувоҳлигида бирон нарса олиб келса, уни ёзиб олинглар»,- деб буюрдилар. Ҳазрати Умар кимнинг қўлида Қуръондан бирон-бир нарса бўлса, олиб келишликни эълон қилдилар. Одамлар ўзларида мавжуд бўлган, ҳар хил нарсаларга ёзилган Қуръон оятлари ва сураларини олиб кела бошладилар. Агар икки гувоҳи бўлмаса, улардан ҳеч нарса қабул қилинмас эди.

Имом Бухорий: «Яъни, ўша ёзув Расулуллоҳнинг ўзларидан эшитиб ёзилганлигига икки киши гувоҳлик беришликлари керак эди»,- дейдилар.

Зайд бин Собит зиммаларидаги масъулиятни тўла ҳис қилганликларидан бу вазифага изчил ёндошдилар.

Аз-Зуҳайрий раҳимаҳуллоҳ айтадилар: «Бундан мақсад фақат, ёд олишнинг ўзигагина эътибор қилмасдан, балки, ёдланган ва ёзилган икки манбаъга эътимод қилиш эди. Ваҳоланки, Қуръонни ёд олганлар кўп эди. Зайд бин Собитнинг ўзлари ҳам Қуръонни тўла ёд олган эдилар».

Абу Шомманинг айтишларича, мақсад шунчаки ёд олинганини эмас, балки, айнан Расулуллоҳнинг ҳузурларида ёзилган бўлишлигини исботлашдан иборат эди.

Ас-Саховий айтадидар: «Мақсад, ёзиладиган нарса Қуръоннинг нозил бўлиш тартибига мос эканлигини ўша икки гувоҳ томонидан исбот қилиш эди».

Ас-Суютий эса: «Мақсад шу нарса Пайғамбарнинг вафот йилларида қилган хатмларига мувофиқ эканлигини исботлашдадур»,- дейдилар.

Мана шу тариқа, мураттаб қориларнинг қироатларига ва Расулуллоҳ ҳузурларида ваҳий нозил бўлиш пайтида ёзилганлиги исботланган нарсаларга асосан Қуръонни саҳифаларда жамъ қилиш ниҳоясига етди. Бу улуғ иш Абу Бакр Сиддиқ замонларида, ул зотнинг ва Умар бин Хаттоб розияллоҳу анҳумонинг раҳбарликларида амалга ошди. Абу Бакрнинг бу хизматлари ўз даврларида қилинган ишларнинг энг улуғларидан бири бўлди.

Абдухайр айтадилар: «Ҳазрати Алининг: Қуръони карим хизмати борасида энг улуғ савобга эга булган киши Абу Бакрдир, унга Аллоҳнинг раҳмати ёғилсин,- деганларини эшитдим»,

Абу Бакр Сиддиқ Қуръонни жамъ қилган биринчи кишидир. Бу иш ҳазрати Расулуллоҳ(соллаллоҳу алайҳи васаллам) нинг вафотларидан олти ой кейин, Ямома жангида ҳофизи Каломуллоҳ саҳобаларнинг шаҳид бўлганларидан сўнг, ҳижратнинг 12-санасида бошланиб, тақрибан бир йил давом этди. Бу ишга бош-қош бўлиш Қуръони каримни тўла ёд олган ва уни тўлиқ билганларнинг энг машҳури, ваҳийларни ёзиб олишда доимо ҳозир, ҳамда Расулуллоҳнинг охирги хатмларининг гувоҳи бўлган Зайд бин Собитга топширилди. Бу вазифани у зот аъло даражада, 23 ёшларида бажардилар. Усмон мусҳафи ёзилган пайтда эса, у киши 35 ёшда эдилар.

Қуръони каримнинг етти хил қироатда нозил бўлганлиги ҳақида

Имом Бухорий «Жомиъус-саҳиҳ»ларининг «Китобут-тафсир» бобида ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) айтдилар: «Жаброил (алайҳиссалом) менга Қуръонни бир қироат билан ўргатдилар. Мен Ул зотга мурожаат қилиб, қироат йўлини кўпайтиришни сўрадим. То қироат етти хилга етмагунча, мен сўрашдан ва ул зот эса зиёда қилишдан тўхтамадилар».

Ал-Бухорий ва Муслим ривоятларида ул зоти бобаракот (соллаллоҳу алайҳи васаллам): «Бу Қуръон етти қироатда нозил бўлгандур, қайсиниси осон бўлса, ўша қироатда ўқинглар»,- дедилар.

Уламолар, бу ердаги «етти қироат»дан мурод етти лаҳжадир, деганлар.

Байҳақий «Аш-шаъб»да айтганларидек, булар ўша замонда араб жазирасида мавжуд бўлган катта қабилаларнинг лаҳжаларидир.

Абу Убайда: «Бунинг маъноси Қуръоннинг ҳар бир сўзи етти хил ўқилади, дегани эмас, балки, етти лаҳжа Қуръонга бўлиб қўйилган, яъни унинг (Қуръоннинг) баъзи жойлари қурайш лаҳжасида, баъзи жойлари ҳузайл лаҳжасида, бошқа бир жойлари ҳавозин лаҳжасида ва яна бир хил жойлари яман лаҳжасида, деган маънони беради»,- дейдилар.

«Жаброил (алайҳиссалом) Қуръонни пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи васаллам)га ҳар йили бир мартадан кўрсатар эдилар. Вафот йиллари эса, мансух бўлган жойлари кетган ва қолган жойлари тўлиқ ҳолда 2 марта кўрсатиб, ўқитдилар. Ҳар сафар бошқа-бошқа лаҳжада кўрсатар эдилар, тоинки етти лаҳжа (қироат)га етди. Бу нарса умматга худди шариат осонликка буюргани каби, уларга Қуръон тиловати осон ва енгил бўлиши учун қилинган марҳаматдур», – деб, давом этадилар Абу Убайда.

Қози Абу Бакр Боқилоний: «Қуръони карим арабларнинг ҳамма лаҳжаларида нозил бўлгандур»,- дейдилар. «Қуръонни осон ва енгиллик бўлиши учун, шу лаҳжаларнинг ҳаммасида ўқилишига рухсат берилган. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ҳар бир инсонга унинг тилига ва шевасига мувофиқ қироатдан таълим берар, саҳобаларга шу етти қироатнинг қайсинисини ҳоҳласалар, шунда ўқишларига рухсат берар эдилар. Агар ихтилоф қилсалар ва ўзларидан бошқаларнинг қироати хусусида Расулуллоҳдан сўрасалар, «Ҳаммаси тўғри ва Аллоҳ томонидан рухсат берилган, Қуръон хусусида ихтилоф ва жанжал қилманглар»,– деб жавоб берардилар».

Расулуллоҳ(соллаллоҳу алайҳи васаллам) вафот қилган вақтларида ҳам шу етти хил лаҳжада қироат қилинар эди. Абу Бакр (розияллоҳу анҳу) жамъ қилган Қуръон тўплами ҳам шу етти қироатни ўз ичига олган эди.

«Иршодул-қурро вал-котибин» («Қироат қилувчи ва ёзувчиларга кўрсатма») номли китобда, Зайд бин Собит Қуръони каримнинг ҳамма жузъларини зикр қилинган барча ҳолатларга риоя этган ҳолда ва «Бу Қуръон етти қироатда нозил бўлган, қайсиниси осон бўлса, ўша қироатда ўқинглар»,- деб айтилган ҳадисга мувофиқ етти қироатга мос қилиб ёзди, дейилади.

Шайх Абдулазиз ал-Бухорий «Ал-мунтахаб ал-ҳисомий» китобининг шарҳида айтадиларки, Қуръон аввалда араб лаҳжаларининг энг фасоҳатлиси бўлган қурайш лаҳжасида нозил бўлди, сўнгра бошқа араблар қийналганликлари учун, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг дуолари билан енгиллик нозил бўлиб, бошқа лаҳжаларда ҳам тиловат қилишларига изн берилди. Шундай қилиб, асл қироатга риоя қилишликнинг вожиблиги соқит бўлди. Кенгчилик шу даражада эдики, ҳар бир жамоага ўз лаҳжаларида ҳам, ўзгалар лаҳжасида ҳам ўқишликка ижозат берилганди. Бунга пайғамбар (алайҳиссалом) ушбу сўзлари билан ишора қилдилар: «Бу Қуръон етти қироатда нозил бўлгандур, ҳаммаси шофию кофийдур».

Ҳар бир араб учун ўз лаҳжаси қолиб, бошқа лаҳжада, масалан, қурайш арабининг тамим лаҳжасида қироат қилишлиги жоиз бўлди. Пайғамбар вафотларидан кейин кўп жойлар фатҳ қилиниб, Ислом замини кенгайди. Саҳобалар ва мусулмонлар бир қанча мамлакатларга тарқаб кетдилар. Ислом минтақаларининг ҳар бир диёридаги аҳоли Қуръон қироатини ўша ерда мавжуд бўлган саҳобалар ичидаги машҳур қорийдан олардилар. Ўз навбатида бу қорий-саҳоба бирон-бир лаҳжага мансуб эди. Масалан, Шом аҳли Убай бин Каъб қироатида, Куфа аҳли Абдуллоҳ бин Масъуд қироатида, яна бошқалар Абу Мусо ал-Ашъарий қироатида ва ҳоказо қироатларда тиловат қилар эдилар. Юқорида зикр қилинганидек, саҳобаларнинг қироатлари бир-биридан фарқ қилгани учун улар яшаб турган жойлар аҳолисининг қироати ҳам бир-биридан фарқ қиладиган бўлди. Мана шу фарқ турли минтақа мусулмонлари ўртасида Қуръон қироати тўғрисида тортишувлар келиб чиқишига сабаб бўла бошлади. Ҳар бир томон ўзининг қироати тўғри ва афзал деб, даъво қиларди. Худди шундай воқеа, Ҳузайфа бин ал-Ямоннинг Озарбайжонга ғазотлари пайтида содир бўлди.

Давоми бор…

Арабчадан Абдуллоҳ шайх Исмоил Махдум ўғли таржимаси

Манба

Ўхшаш мақола

Шайхул-Азҳар диёримизда (1999 йил)

Post Views: 482 Қоҳирадаги «Ал-Азҳар» университети шайхи Муҳаммад Саййид Тантовий жаноблари мамлакатимизга сафари давомида 1999 …

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *