Муқаддима
Аллоҳга ҳамд, Муҳаммад Расулуллоҳ ва ул зотнинг олу асҳобларига салоту саломлар бўлсин! Бундан юз йил муқаддам Самарқанд шаҳридаги Усмон Мусҳафи Петербургдаги подшоҳ кутубхонасига олиб кетилган ва Октябр инқилобидан кейин мусулмонларнинг талаби билан Ўзбекистонга қайтарилган эди. У Тошкентдаги қадимий ёдгорликлар музейида мақомига яраша кўз қорачиғидай асраладиган ва эъзозланадиган, муборак бойлик сифатида сақланадиган меросга айланди.
Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний идорасининг кутубхонасида шу Мусҳафдан фотография усули билан олинган нусхалар сақланар эди. Яқин йиллардан бери ушбу кутубхонани зиёрат қилувчилар сони кўпайди. Улар бу ерда мазкур нусхани кўриб, баъзилари ёдгорликлар музейига бориб, унда Мусҳафнинг аслини зиёрат қилишга мушарраф бўла бошладилар ва бундан жуда ҳайратландилар. Бу орада Мусҳафи Усмоний халқ ичида жуда машҳур бўлиб кетди ва омманинг унга бўлган қизиқиши ортди. Шу муносабат билан диний идора Мусҳафни ўрганиш, унинг қадимий ва ҳозирги ҳолатлари устидан сирли пардани олиш лозим ва вожиб деб билди. Мусҳафга қизиқувчи ва тадқиқотчиларнинг эҳтиёжларига жавоб берадиган унинг тарихи ва ҳақиқати тўғрисида бир китоб чиқарилишини зарур деб топди. Бу борада олиб борилган кўп изланишлардан сўнг, Ислом оламини Мусҳафнинг мавжудлиги ва унинг мақоми билан таништириш учун фазилатли олим, Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний идорасининг раис ноиблари, шайх Исмоил Махдум ҳафизаҳуллоҳ ҳазратлари мухтасар бир китоб тасниф қилдилар.
Қўлингиздаги мужаз, лекин манфаати катта бўлган китоб шу саъйи кўшишларнинг маҳсулидир. Аллоҳ таоло ул зотга Ислом ва мусулмонлар учун қилган хизматларига яраша мукофотлар ато қилсин. Диний идора раҳбарияти Шайх Исмоил Махдум ҳазратларининг бу шарафли вазифани сидқидилдан адо этганликлари ва Қуръони каримни тарғиб этиш йўлида қилган илмий изланишларини юксак баҳолаб, чуқур миннатдорчилик билдириш билан бирга, китобни диний идора ҳисобидан нашр эттиришга, нафи ҳаммага тегиши учун уни кенг тарқатишга қарор қилди. Аллоҳ таоло тўғри йўлга ҳидоят этувчи зотдир!
Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний идораси
Бисмиллаҳир роҳманир роҳим
Муаллифдан
Қуръони каримни оламларга башорат берувчи ва огоҳлантирувчи бўлиши учун Ўзининг расули Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга нозил қилган Аллоҳга ҳамду санолар бўлсин!
Аллоҳ ўзининг Каломи мажидида: «Албатта бу эслатмани (яъни Қуръонни) Биз ўзимиз нозил қилдик ва шубҳасиз, ўзимиз уни муҳофаза қилгувчимиз», деб Қуръони каримни сақлашга ваъда берган («Ҳижр» сураси, 9-оят).
Аллоҳ таоло Қуръони каримни энг мукаррам ва улуғ Китоб қилиб, бизларни унинг тиловатига мушарраф этди. Мазкур муборак Китоб орқали бизни диний ва дунёвий илмлардан бохабар қилди.
Рисолатни адо қилган, амонатни бизларга етказган саййидимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга ва у киши билан бизларнинг ўртамизда восита бўлган ҳамда нақл қилувчиларнинг энг яхшилари — авлоду асҳобларига саловоту саломлар бўлсин! Бу зотлар Пайғамбар алайҳиссаломдан олган таълимотларини, кейинги авлодларга етказишдек юксак бурчни адо этганларнинг энг улуғлари бўлдилар. Агар бу таълимот бўлмаганида, бизлар ҳидоят топмас эдик. Бунинг учун Аллоҳ таоло ҳаммаларига пайғамбарларнинг умматларга ва аждодларнинг авлодларга қилган хизматлари учун бериладиган мукофотларидан ато этсин.
Қўлингиздаги рисолани ёзишдан мақсад бутун Мовароуннаҳр диёри фахрланадиган ва Ўзбекистон ёдгорликлар музейи уни сақлашдек шарафга эга бўлган Усмон Қуръони билан таништиришликдир. (Ушбу рисола 1971 йилда чоп қилинган. Ўша вақтда мазкур Мусҳаф Ўзбекистон давлат тарих музейида сақланар эди. Таржимон).
Мазкур Мусҳаф бир пайтлар Самарқандда бўлиб, унинг улуғ қадриятига ҳамма ҳам эътибор бермас эди, уни асл моҳияти ва тарихини билмаган ҳолда, табаруккона зиёрат қилинарди, холос. Чунки, ўша вақтда бу ўлкада илму ирфон нури сусайган ва бидъатлар кучайган давр ҳукмрон эди.
Руслар Самарқандни ишғол қилгач (1285 ҳижрий ва (1868 мелодий) йил.) бу қимматли гавҳарга қизиқиб қолдилар. Тезда унинг довруғи ҳамма ёққа тарқалди. Шу пайтдан бошлаб унинг тўғрисида газета ва журналларда мақолалар пайдо бўла бошлади. Советлар даврида бу Мусҳафни тадқиқ қилиб ўрганувчилар кўпайди. Бу даврга келиб илм-фаннинг кўп тармоқлари вужудга келди. Ўзбекистонда ҳар соҳанинг ўз олимлари етишиб чиқди. Тошкент аста-секин илм-маърифат марказига айланди. Пойтахтга жаҳоннинг барча юртларидан делегациялар, турли сайёҳлар кела бошладилар. Улар Мусҳафнинг хабарини эшитгач, уни зиёрат қилиш истагини билдириб, тарихи билан қизиқдилар. Айниқса, мусулмон делегацияларининг аъзолари бу муборак Мусҳаф тўғрисидаги ҳақиқатни билишга катта эҳтимом кўрсатдилар. Шу боис Ўрта Осиё ва Қозоғистон (ҳозирги Мовароуннаҳр. Тарж.) мусулмонлари диний идораси бу Мусҳафи шариф тўғрисидаги маълумотлар асосида бир китоб ёзишни зарур деб топди. Камина Аллоҳдан мадад сўраб мазкур муҳим вазифани адо этиш учун диёримизда машҳур бўлган Усмон Мусҳафига тааллуқли ривоятларни ва машҳур асарлардаги унга тегишли хабарларни жамлаб, рисола ҳолида тасниф қилдим. Унинг аввалига Қуръони карим тарихини ва ҳазрати Абу Бакр ва Усмон розияллоҳу анҳумлар даврларидаги уни жамъ қилишга тааллуқли муҳим масалаларни киритдимки, ушбу Мусҳафи шарифимизнинг ўрганилиши ана шуларга боғликдур. Рисолани «Тошкентдаги Усмон Мусҳафининг тарихи» деб атадим. Бу ишда менинг хизматим, фақатгина турли даврлардаги маълумотларни йиғиб, уларни тартибга келтиришдан иборат бўлди, холос.
«Ва (бунга) ёлғиз Аллоҳнинг ёрдами билангина муваффақ бўлурман. Ўзига суяндим ва Ўзига илтижо қилурман» («Ҳуд» сураси, 88-оят)
Шайх Исмоил Махдум шайх Сотти Охунд Намангоний
Тошкент. 1391 й.ҳ. 1971 й.м.
Қуръони Каримнинг таърифи
Қуръони карим Аллоҳ таоло ўзининг бандаси ва расули саййидуно Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга нозил қилган ҳамда мусҳафларга битилган, қалбларда ҳифз, тилларда қироат қилинган ҳолда ҳеч бир ўзгаришсиз, узлуксиз узатиш орқали етиб келган илоҳий китобдир. У Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга берилган ва қиёматгача абадий бўлган мўжизадур.
Қуръон нозил бўлишининг бошланиши
Аллоҳ таоло Қуръонни ўзининг пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга ҳижратдан 13 йил аввал, 24 рамазонда Маккадаги Ҳиро ғорида нозил қила бошлади. Бу Аллоҳнинг Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни пайғамбар қилиб юборган ва ул зотни Расул этиб танлаган йили эди. Шундан сўнг, Қуръони каримни бўлак-бўлак қилиб тушириш давом этди. Чунки, Қуръоннинг шу тариқа нозил бўлиши даъватнинг ривожланишига боғлиқ эди. Қуръони каримдан турли бўлаклар даъватнинг эҳтиёжларига қараб, воқеъликнинг ҳолатидан келиб чиқиб, даъватнинг бошланишидан то охиригача бирин-кетин туша бошлади. Бу ҳол йигирма уч йил давом этди. Қуръони каримнинг илгариги самовий китоблар каби яхлит бир тўплам ҳолида эмас, балки оятларнинг миқдоридаги тафовут билан бўлак-бўлак қилиб туширишлик ҳикматини Аллоҳ таолонинг Ўзи ирода қилган. Баъзи пайтларда Қуръони каримдан бир оят, гоҳида эса беш ёки ўн оят нозил бўлар эди. Бу тўғрида Аллоҳ таолонинг Каломида очиқ айтилган: «Сиз Қуръонни одамларга аста-секин ўқиб беришингиз учун Биз уни қисмларга ажратдик ва бўлиб-бўлиб нозил қилдик» («Исро» сураси, 106-оят).
«Кофир бўлган кимсалар: «Нега бу Қуръон унга (пайғамбар алайҳиссаломга) битта тўплам ҳолида нозил қилинмади?»- дедилар. (Эй Муҳаммад), Биз у (Қуръон) билан дилингизни устивор қилиш учун мана шундай (парча-парча ҳолда нозил қилдик) ва уни бўлиб-бўлиб баён қилдик» («Фурқон» сураси, 32-оят).
Пайғамбар алайҳиссалом даврларида Қуръоннинг ёзилиши
Қуръон оятлари Пайғамбар алайҳиссаломга нозил бўлиш чоғида, ул зот ҳузурларидаги саҳобаларга ваҳийни тиловат қилиб берар ва уни ёзиб олувчиларга оятнинг жойини кўрсатиб, бу оятни фалон суранинг фалон жойига қўйинглар деб, амр қилар эдилар. Улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтиб турган оятларни хурмо пўстлоқларига, япалоқ тош-тахтачаларга, териларга ва ҳайвонларнинг курак суякларига ёзиб олар эдилар. Расулуллоҳнинг ҳузурларида Қуръондан нозил бўлган оятларни эшитган кишилар дарҳол ушбу оятларни ёдлаб олар ва бошқаларга етказар, қироат қилиш, уни фаҳмлаш учун такрор-такрор ўқир эдилар.
Ҳоким «Ал-Мустадрак»да Зайд бин Собитдан шундай ривоят қиладилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларида ваҳийни ёзиб турар эдим. Ул зот айтиб турар эдилар. Ёзиб тугатганимда: «Ўқи!— дер эдилар, мен ўқиб берар эдим. Агар бирор нарса тушиб қолган бўлса, ул зот тўлдирар эдилар».
Ал-Бухорий Ал-Барродан ривоят қиладилар: «Ло яставил-қоъидуна…» ояти нозил бўлган пайтда Пайғамбар алайҳиссалом менга:
— Зайдни чақир, лавҳу қалам ва курак суягини олиб келсин, — дедилар.
Шундан сўнг, 3айдга:
— Ёз, «ло яставил-қоъидуна…» деб, амр қилдилар (ҳадис).
Имом Муслим Абу Саиддан қуйидаги ҳадисни келтирадилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Мендан Қуръондан бўлак ҳеч нарсани ёзманглар».
Мана шу тартибнинг ўзига биноан Пайғамбар алайҳиссалом Қуръонни намозларда ва бошқа муносабатлар билан тиловат қилган чоғларида саҳобаи киромлар уни ёдлаб олар ва ўрганар эдилар. Шундай қилиб, Қуръоннинг ёзилиши ва қалбларда ёд олиниши, унинг нозил бўлиши билан бир вақтда кечди, саҳобаларнинг баъзилари Қуръонни тўла ёд олган бўлсалар, баъзилари эса бир қанча сураларни ёд билар эдилар. Расулуллоҳ вафот этган вақтларида Қуръони карим тўлиқ ҳолда саҳобалар томонидан ёд олиниб, хурмо, тош-тахтача ва бошқа нарсаларга ёзилган эди. Расулуллоҳ даврларида Қуръонни тўлиқ ёд олган саҳобалардан ўттиз киши санаб ўтилган. Расулуллоҳнинг 44 та ваҳий ёзувчи-котиблари бўлган. Шундан 14 талари машҳур. Улар навбатма-навбат котиблик қилганлар. Булардан ташқари ҳузурларида ҳозир бўлган бошқа кишилар ҳам Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам айтган оятларни ёзиб олар ва ёдлар эдилар.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида ёдлаб олиш ва ёзиш йўли билан Қуръонни жамъ қилиниши
Юқорида айтилганидек, саҳобалардан Қуръонни тўла ҳолда ёзиб ва ёдлаб олганлар бор эди.
Ал-Бухорий Анас разияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар: «Расулуллоҳ даврларида тўрт киши Қуръонни жамъ қилган эди. Ҳаммалари ансорлардан эдилар. Булар: Убай бин Каъб, Муоз бин Жабал, Зайд бин Собит ва Абу Зайд».
Бу ҳақда Имом Муслим ҳам Ҳамомдан ривоят қилганлар. Имом Бухорийнинг ҳазрати Анасдан келтирган бошқа бир ривоятларида бундай дейилади: «Пайғамбар вафот этган пайтларида тўрт кишидан бошқа ҳеч ким Қуръонни жамъ қилмаган эди: Абуд Дардо, Муоз бин Жабал, Зайд бин Собит ва Абу Зайд».
Ибн Касир айтадилар: «Бу ерда ҳазрат Анас тўрт кишидан бошқа деганларида фақат ансорларни кўзда тутаяптилар, чунки муҳожирлардан ҳам жамъ қилганлар борлигига шубҳа йўқ».
Имоми Насоий саҳиҳ иснод билан Абдуллоҳ бин Умардан ривоят қиладилар: «Қуръонни жамъ қилдим ва уни ҳар бир кеча тўла ўқир эдим. Буни эшитиб Пайғамбар алайҳиссалом: «Уни (Қуръонни) ҳар ойда (тўла) ўқи(б чиқ)», дедилар. (Ҳадиснинг асли «Саҳиҳ»да).
Шаъбий айтадилар: «Пайғамбар замонларида Қуръонни олти киши жамъ қилган эди: Убай, Зайд, Муоз, Саъд бин Убайд, Абу Зайд ва Мужаммиъ бин Жория».
Муҳожирлардан Усмон, Али, ибн Масъуд, Солим Мавло Ҳузайфа, Абдуллоҳ бин Умар ва ибни Ослар ҳам Қуръонни жамъ қилганликлари ҳақида ривоят бор.
Ибни Сириндан ривоят қилинадики, ҳазрати Али разияллоҳу анҳу айтдилар: «Расулуллоҳ вафот қилганларида, то Қуръонни жамъ қилмагунимча жумъа намозидан бошқа намозларда ридо (устки кийим)имни киймайман, деб қасам ичдим. Шундай қилиб уни жамъ қилдим (ёд олдим)».
Худди шундай ҳадис Икрамадан ҳам ривоят қилинган. Унда айтилишича ҳазрати Абу Бакр Сиддиқ Икрамага: «Ҳа, (Али ридосини кийганини) кўрмадим», деганлар.
Қуръоннинг нозил бўлган оятларини саҳобалар ёзганликлари ва уни тарқатганликларига Умар разияллоҳу анҳунинг Исломга кириш воқеалари ҳам далил бўла олади, Ҳазрати Умар сингилларининг уйига бостириб кирганларида, у ердаги кишиларнинг қўлида Қуръон оятлари битилган матони кўрадилар ва уни ўқиб беришликларини сўрайдилар. Оятларни эшитиб, ниҳоятда таъсирланадилар (Ривоят).
Имом Бухорийнинг «Саҳиҳ»ларида: «Бизлар кофирлар юртига қилинган футуҳотларда Қуръонни ёнимизда олиб юришликдан манъ қилинган эдик», деган ривоят ҳам бор. Мана шундан маълумки, Қуръони Карим нозил бўлишининг биринчи кунларидаёқ ёзила бошлаган.
Имом Бухорий айтадилар: «Қуръон пайғамбар алайҳиссалом даврларидаёқ тўлиқлигича ёзилган ва ҳифз қилинган эди. Лекин, тарқоқ ҳолда, ясси тош тахтачалар ва хурмо пўстлоқларига ёзилган эди. Уни Абу Бакр Сиддиқ халифалик даврларида саҳифаларга жамъ қилдирдилар». («Мал-Қуръон» китоби, 215 бет.)
Ровийлардан Ҳоким ва бошқалар, Қуръон биринчи марта пайғамбар алайҳиссалом даврларида жамъ қилинди, дейдилар.
Зайд бин Собит айтадилар: «Расулуллоҳнинг ҳузурларида териларга ёзилган Қуръонни тартибга солар эдик». Байҳақий: «Бу «тартибга солиш»дан мурод, нозил бўлган парча-парча оятларни Расулуллоҳнинг кўрсатмаларига биноан жой-жойига қўйиб, сураларга жамлаш бўлса керак», — дейдилар.
Ҳорис ал-Муҳосибий «Фаҳмус-сунан» китобида «Қуръоннинг битилиши янгидан қилинган иш (яъни бидъат) эмас», дейди. Ибн Сирин раҳимаҳуллоҳдан: «Расулуллоҳ даврларида Қуръонни тўрт киши жамъ қилганлигида ихтилоф йўқ. Булар: Муоз, Убай, Зайд ва Абу Зайд. Лекин қуйидаги уч кишининг иккиталарида ихтилоф бор. Баъзилар Абуд-Дардо ва Усмон, баъзилар Усмон ва Тамимуд-Дорий ҳам жамъ қилган дейдилар».
Қуръонни тўплам (мусҳаф) ҳолида жамъ қилганлар ичида Миқдод бин Амр ва Абу Мусо ал-Ашъарийлар ҳам бор эди. Ал-Ашъарий кейинчалик ўзининг тўпламини «Лубобул-қулуб» деб атади.
Расулуллоҳнинг амрларига мувофиқ Қуръони карим турли ҳажмдаги 114 та сурага бўлинди ва ҳар бир сурага муайян ном берилди, Қуръоннинг охирги ояти пайғамбар вафотларидан тақрибан саксон кун аввал нозил бўлди.
Ас-Суютийнинг «Ал-Итқон фи улумил-Қуръон» китобларида ал-Хитобий деган зот, пайғамбар алайҳиссалом даврларида Қуръоннинг мусҳаф (тўплам, муқоваланган) қилиб жамъ қилинмаганлигининг сабаби, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Қуръонни баъзи ҳукмларига, унинг тиловатига носих (бекор қилувчи) оятлар ёки зиёда оят келиб қолармикан, деб кутганларидадур. Пайғамбарнинг вафотлари билан Қуръоннинг нузули интиҳосига етгач ва носих ёки зиёда оят келишлик эҳтимоли тугагандан сўнг, Аллоҳ таоло пайғамбар алайҳиссаломдан кейинги биринчи халифага Қуръонни тўплам қилишликка илҳом берди,— дейдилар. («Ал- итқон», 1-жилд, 58 бет.)
Расулуллоҳ ва мўъминлар Қуръондан бирон-бир оят йўқолмаслигига ишончлари комил эди. Бунда ёзишдан кўра ёд олиш қобилиятига кўпроқ эътимод қилинар эди. Араблар ўзларининг муҳофаза қувватларига жуда ишонар эдилар, улар (ўз ёзувлари бўлишига қарамасдан. тарж.) ёзмайдиган, ўқимайдиган, оми эканликлари билан фахрланар, узун-узун қасида ва мадҳияларни бир эшитишдаёқ ёдлаб олардилар. Шунинг учун ҳам улар Қуръондан нимаики нозил бўлса, дарҳол дилларига жо этардилар. Қуръони карим Аллоҳнинг муқаддас Каломи эканлигига саҳобаларда ҳеч қандай шубҳа йўқ эди. Уни ёд олишни Исломнинг фарзларидан бири деб, билар эдилар. Ўз аҳллари, ёр-биродарларидан йироқда, ҳижрон азобига сабр қилган, кўп азиятларни тортган, ҳатто ҳаётларини Ислом динига фидо қилган биринчи мусулмонлар Қуръон оятларини ёдлаш ва уни тиловат қилишлик билан буюк тасалли топар эдилар. Улар Қуръони каримдан янги оят нозил бўлган вақтларда, ўзларини қайтадан ҳаётга келгандек ҳис қилардилар.
Саҳобаларнинг Қуръонни ёд олишга бўлган завқу шавқларига далолат қиладиган хабарлар кўп. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Қуръондан таълим бериш, уни тиловат қилишликка катта эҳтимом кўрсатар ва таълим-тарбия, иршод ишларини Каломуллоҳни ёд олган, қориларга топширар эдилар. («Мал-Қуръон» китоби. 132 бет).
Арабчадан Абдуллоҳ шайх Исмоил Махдум ўғли таржимаси
Ажойиб мақола ўқув қўлланмамда фойдаландим. Ташаккури бисёр!