Бош саҳифа » telegram: @shoshuz » telegram: Зиёфатга марҳабо!!!

telegram: Зиёфатга марҳабо!!!

Меҳмон мезбон томонидан эъзозланади, кўнгли олинади, меҳмондорчилик мобайнида бўлган камчиликлар учун ҳатто узр ҳам сўралади. Меҳмоннинг ардоқланиши мезбонга нисбатан қанчалик қадрлилигига қараб зиёфат қилинади.

Закариё алайҳир-роҳмаҳ айтадилар:

“Бирор киши тўй зиёфат уюштирса, тўйга ҳаммани айтади. Айтилган одамлар даъватига ижобат қилиб бир марта боришлиги вожиб бўлганидан, бир марта бориб зиёфатдан баҳраманд бўлади. Лекин тўй эгасига яқин қадрдонлари бир марта эмас балки улар учун доимо тўйхона эшиги очиқ бўлганидан, хоҳлаган вақтида кириб чиқиб, еб тўйиб юраверади.

Ҳудди шу каби Аллоҳ таоло ҳам ҳамма халққа ҳар кунда беш вақт намозни,йилда бир ой рамазон рўзасини, бир йилда бир марта закотни, умрида бир марта ҳаж қилишни фарз қилган. Лекин Аллоҳ ўзининг суйган қадрдон бандаларига нафл эшигини очиб қўйган”. (иқтибос тугади)

Яъни Аллоҳ таолога муқарраб бўлиш истагида бўлганлар: “Энди биз фақат беш вақтдан бошқа намоз ўқимаймизми, бир йилда бир ойдан бошқа рўза тутмаймизми, бир мартта закотдан бошқа инфоқ қилмаймизми, умримизда бир марта ҳаждан бошқа ҳаж қила олмаймизми?”, деб ўксимасликлари учун, нафл намозлар, нафл рўзалар, нафл садақотлар, нафл умра ибодатларни жорий қилиб, бандаларининг ичида алоҳида, хос Аллоҳ таолонинг зиёфатидан қайта-қайта баҳраманд бўлишлари учун “Аллоҳнинг суйганлари” номли эшикдан кириш имкониятини бериб қўйган.

Бу эшикдан кириб Аллоҳнинг “Қадрдон меҳмонлари” бўлишга ер юзидаги барча инсонлар ҳақли. Аллоҳга «қадрдон меҳмон» бўлиш истагида бўлган ҳеч кимсани У Зот ҳеч қачон эшигидан ҳайдамайди. Бу йўлга чиққанларни хор қилиб қўймайди, аксинча қўллаб қувватлайди. Бу ҳақида Аллоҳ таоло «Рум» сурасининг 69-оятида шундай марҳамат қилади:

وَالَّذِينَ جَاهَدُوا فِينَا لَنَهْدِيَنَّهُمْ سُبُلَنَا ۚ وَإِنَّ اللَّهَ لَمَعَ الْمُحْسِنِين

“Бизнинг(йўлимизда) жидду жаҳд қилганларни Ўз йўлларимизга ҳидоят этурмиз. Албатта, Аллоҳ чиройли амал қилгувчилар биландир”.

Яъни бу сафарга чиқиш учун аввал банда йўлга отланиши керак, юриши керак. Юрмай туриб орзу қилган билан йўл босилиб, манзилга яқинлашиб қолинмайди.

Мана шу оят тафсирида Муҳаммад Тақий Усмоний роҳматуллоҳи алайҳ, ҳазрат Ашраф Али Таҳонавийдан келтириб шундай дейдилар: “Оятдаги “ҳидоят қилди” лафзини икки хил таржима қилиб тушунса бўлади: 1. Кўчада адашиб қолган кишига тўғри йўлни кўрсатиб қўйишлик. 2. Адашган кишини борадиган манзилига унинг қўлидан тутиб олиб, йўл бошлаб, йўлда ҳар хил бўладиган қийинчиликлардан ҳимоя қилиб манзилига элтиб қўйишликдир. Оятдаги “Ҳидоят этурмиз” шунга монанд. Бунинг мисоли шуки, агар бир оилада чақалоқ туғилса, 6-7 ойлик бўлиб эмаклашдан тик туриб илк бор ота-онасининг кўзини қувонтирадиган нарса унинг қадам босишидир. Ота-она уни юришга ўргатиш учун деворга тургизиб қўйиб, иккиси ҳам бир, икки қадам олдида туриб олиб қўлларини чўзиб, болага «қани-қани, юр-юр» дейишади. Агар бола юрмай тураверса улар ҳам болани тек қўйишади. Агар бола бир икки қадам юриб энди йиқилишга кетса ёки отаси ёки онаси уни йиқилмасидан қўлтиғидан олиб бағрига босиб кўтариб олади”, дедилар.

Биз инсонларнинг аҳволи ҳам ҳудди шундай. Биз Аллоҳга яқин бўлишилигимиз учун Унинг йўлига тушиб аввал бир-икки қадам ташлайлик уёғига Ўзи йўлга бошлаб қўллаб-қувватлаб йўл йўлакай уринтирмай манзилимизга йўллаб қўяди. Лекин бу сафарга чиқмасак, бир-икки қадам ташламасак, Аллоҳдан “Ҳидоят” қўллаб-қувватлаш ҳам келмайди.

Биз инсонларни Аллоҳ таоло шундай ўхшаши йўқ зиёфатга таклиф қилганки, у зиёфат бу ҳаётимиздек, баъзи бойларнинг бир кун ёки икки кунлик зиёфатидек вақтинчалик эмас. У зиёфат дастурхони жаннатга тўшалган. Унинг саккиз эшиги бор. Унинг ичидаги нозу неъматлар тугамас, ҳури ғилмонлар хизматда, чарчоқ йўқ, толиқиш йўқ, қийинчилик, машаққат йўқ. Унга кирибоқ ҳамма ғам ташвишлар унутилади. У жаннат тўйхонасига ер юзидан меҳмонлар келади. Ҳар бир меҳмон эсон-омон етиб келишлари ва йўлларда адашиб қолмасликлари учун ҳар замонга хос жарчи пайғамбарлар йўлланган, уларнинг баъзиларига меҳмонлар зиёфат манзилига тўғри боришни акс этган илоҳий харита берилган. Ушбу харита орқали инсонлар сафарга чиқадилар, баъзилар сафарлари мобайнида қийинчиликка дучор бўлган бўладилар. Лекин АЛЛОҲ (мезбон) бу йўлда чекилган заҳматларни, чарчоқларни алоҳида тақдирлайди.

Аллоҳ таоло жаннат зиёфатига етиб боришлигимизда Ўзи мадад берсин. Борар йўлимиздан адаштириб қўймасин. Ҳаммамизга (сиз азизларим билан бирга бизга ҳам) жаннат зиёфат дастурхони тепасида жам бўлиб, МЕҲРИБОН РОББИМИЗ ЖАМОЛИНИ КЎРИШЛИК НАСИБ ҚИЛСИН. АМИН!!

Илҳомжон Умаржон ўғли,
“Мўйи Муборак” “Уккоша” жомеъ масжиди имом хатиби

@shoshuz

Мобил телефонлар учун каналга аъзо бўлиш

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *