Бош саҳифа » telegram: @shoshuz » telegram: Дўстлик

telegram: Дўстлик

{وقوله تعالى: { ٱلأَخِلاَّءُ يَوْمَئِذٍ بَعْضُهُمْ لِبَعْضٍ عَدُوٌّ إِلاَّ ٱلْمُتَّقِينَ

  1. “Ўша кунда тақводорлардан бошқа дўстлар бир-бирларига душмандир” (Зухруф)

أي: كل صداقة وصحابة لغير الله، فإنها تنقلب يوم القيامة عداوة، إلا ما كان لله عز وجل؛ فإنه دائم بدوامه.

 عن الأعمش عن أبي صالح عن أبي هريرة رضي الله عنه قال:

 قال رسول الله صلى الله عليه وسلم:

لو أن رجلين تحابا في الله، أحدهما بالمشرق والآخر بالمغرب، لجمع الله تعالى بينهما يوم القيامة، يقول: هذا الذي أحببته فيَّ!

Аллоҳ таолодан бошқа нарса учун бўлган ҳар бир дўстлик, шериклик ҳаммаси қиёмат кунида бир-бирига душманга айланади. Магарам Аллоҳ учун бу дунёда дўст бўлганлари, охиратда ҳам давом этади.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Агар икки киши Аллоҳ йўлида дўстлашса, улардан бири машриқда, иккинчиси мағрибда бўлса ҳам Аллоҳ таоло қиёмат куни иккаласини жамлаб қўяди ва: “Мана Менинг йўлимда яхши кўрган дўстинг” деб бирига бирини айтади”, дедилар.

Қиёмат куни ҳамма ўз оқибатини билгач, гарчи бу дунёда ўзаро яқин дўст бўлса ҳам, бир-бирига душманга айланади. Чунки, у дунёда бир-бирларини турли амалларга ундаган дўстларнинг дўзахга тушиб жазо тортишлари аниқ (маълум) бўлиб қолади. Ана ўшанда, ёмон одам билан дўст бўлганига афсусланиб, дўстлар дўстини ёқтирмай қўяди. Дўстлар душманга айланади. Бир-бирига маломат қилиб, сени деб шундай бўлди, дейишга ўтади.

Фақат тақводор дўстларнинг оқибати хайрлидир. Чунки, уларнинг дўстлиги Аллоҳ учун, тақво асосига қурилган эди. У дўстлар доимо яхши амалларни қилган бўладилар. Шунинг учун, қиёмат куни бирга жаннатга тушадилар ва дўстликлари яна ҳам ортади. Ҳамда уларга қуйидагича нидо қилинади: 

  1. “Эй бандаларим! Бугунги кунда сизга хавф йўқ ва маҳзун ҳам бўлмассиз.
  2. “Оятларимизга иймон келтирганлар ва мусулмон бўлганлар”.
  3. “Жаннатга киринглар, сизлар ва жуфтларингиз шод бўлурсизлар”.

Нақадар катта бахт, нақадар улуғ инъом. Бу дунёда дўст бўлиб ўтган кофир, мунофиқ осийлар бир-бирларига душманга айланиб, хусумат қилишиб турган бир пайтда, тақводор мўмин мусулмонларга Аллоҳ таолонинг ўзи: “Эй бандаларим”! деб хитоб қилиб турса. Аллоҳ бандам деган инсондан ҳам бахтли одам борми?!

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир ҳадисларида марҳамат қиладилар: “Аллоҳ таоло Мусо алайҳиссаломга ваҳий қилиб деди: “Эй Мусо, Мен учун бирор амал қилдингми?”, шунда Мусо алайҳиссалом: “Ё Парвардигор, Сен учун намоз ўқидим, рўза тутдим, садақа қилдим, Сени зикр қилдим”, дедилар. Аллоҳ: “Эй Мусо намозинг ўзингнинг фойдангга ҳужжат, тутган рўзанг ўзингга қалқон, берган садоқотларинг сенга соя ва қилган зикринг ўзинг учун нур бўлади. Мен учун нима амал қилдинг?”, деди. Мусо алайҳиссалом: “Эй Аллоҳ менга билдир! Сен учун нима қилайин?”, дедилар. Аллоҳ: “Эй Мусо, Мен учун бирор кимсани дўст тутдингми ва бирор кимсани душман тутдингми?”, деди.

Бу ҳадисдан маълум бўладики, Аллоҳга амалларнинг энг суюклиси Унинг йўлида яхши кўриш ва Унинг йўлида ёмон кўришдир.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Аллоҳ қиёмат куни: “Мен учун бир-бирларини яхши кўрганлар қани? Иззатим ва буюклигимга қасамки, бугун Мен соямдан бошқа соя йўқ кунда уларни ўз соям (аршнинг сояси) билан уларни соялантираман”, дейди (Табароний ривояти).

Абу Ҳурайра роизяллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сўрадилар:Биласизларми, арслон ўкирган пайтда нима дейди?”, улар: “Аллоҳ ва Расули энг тўғрисини билади!…

Айтдилар: “Аллоҳим, яхшилик қилаётганларнинг бошига мени бало қилма, деб ўкиради”, дедилар.

Ҳасанул Басрий раҳматуллоҳи алайҳ айтибдирлар: “Менга дўстларим аҳли оиламдан ҳам азизроқдур, бу биродарларим менга охиратни эслатади ва фарзандларим дунёни эслатади”.

Ҳазрати Али карамаллоҳу важҳаҳу айтибдиларки: “Дўстнинг ёмони шундайки, дўсти бирон нарсага ҳожати чиқиб қолган вақтда, секингина узр айтиб, ўзини четга олиб, дўстини қийинчиликка солиб қўяди”.

Жунайд Бағдодий раҳматуллоҳи алайҳ: “Эй Аллоҳ агар сен жаҳаннамни одамлар билан тўлдиришни ирода қилсанг, қодир бўлсанг мени танамни шунчалик катта қилгинки, жаҳаннам фақат менинг танам билан тўлсинда, қолган бошқа одамларни жаҳаннамдан халос қил, уларни озод эт”, деган эканлар.

Зулфиқор Аҳмад Нақшбандий айтадиларки: “Бир инсонни қалбида иккита нарса топилмаса иймони заъифдир (беҳудадир):

  1. Таъзимун ли амриллаҳ, яъни Аллоҳнинг амрларини улуғлаш, ҳаромни ҳаром деб билиш.
  2. Ашшаққоту аъла холқиллаҳ, яъни Аллоҳнинг яратган махлуқларига шафқатли бўлиш.

Агар инсон бутун умрини “Аллоҳ, Аллоҳ” деб Аллоҳга бағишласаю, лекин Аллоҳнинг яратган махлуқларига шафқат қилмаса, унинг “Аллоҳ, Аллоҳ” дейиши бекордир.

Агар инсон бутун умрини Аллоҳнинг халқига бағишлаб “халқ, халқ” десаю, лекин Аллоҳни улуғламаса, унинг “халқ, халқ” дегани бекордир”, дебдилар.

Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг бир гаплари бор: “Кечалари туриб намоз ўқиб, кундузлари билан рўзадор бўлиб, Аллоҳнинг йўлида катта-катта садоқотларни қилсаму, лекин тоат ибодат аҳлига нисбатан қалбимда муҳаббат, гуноҳкорларга нисбатан нафрат пайдо бўлмаса, менинг бу қилаётган амалларимдан менга фойда йўқ”, деган эканлар.

Шунинг учун ҳам Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам “Киши дўстининг динида бўлади”, деганлари бежиз эмас.

Бир мўминнинг ҳурмати Аллоҳнинг наздида Каъбанинг хурматидан ортиқ туришини ҳаммамиз биламиз. Чунки Каъбани Иброҳим алайҳиссалом бино қилганлар, бандани эса Аллоҳ бино қилган. Шу жиҳатдан мўмин банда ортиқ туради. Шундай экан сизу бизларни бир бирларимизни йўқлаб қалбимизга хурсанчилик улашишимиз мана шу латиф қалб эгасини ҳурматини бажо келтиришдир.

Анас Ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Албатта, Аллоҳ таолонинг бир бандалари бор, улар учун қиёмат куни нурдан минбарлар қўйилади. Улар пайғамбарлар ҳам эмас, шаҳидлар ҳам эмас, лекин уларга пайғамбарлар ҳам шаҳидлар ҳам орзу қиладилар. Шунда: “Улар кимлар Ё Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам?” деб сўрашди. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Улар Аллоҳ учун бир бирларини яхши кўрганлар”, деб жавоб бердилар.

Бир-бирларимизни хурсанчилик кунидами, мусибат кунидами йўқлашлигимиз Аллоҳ учун дўстликни аломати. Лекин: “мен ҳам борсам у ҳам келади” деган ниятда эмас балки “дўстимни бу кун қалбига хурсанчилик етган кун, мен бу етган хурсандчилигига шерик бўлай, муборакбод этиб келай” дейишлик. Ёки бирор мусибат етган бўлса “биродарим бу кун кўнгли ўксик холатда, бориб кўнглига дардман бўлай Аллоҳдан сабр тилай” деган ният билан бўлади. Бирор дунёвий ваъждан эмас.

Шунинг учун сизу бизлар агарчи бошқа амалларимиз кўп бўлмасада, лекин ўзаро улфатлашиш, дўстона холис ният билан қилинадиган хислатлар билан Аллоҳ учун яхши кўрсак, яъни “Бу кишини нега яхши кўрасан?” деса,  

    — мана бу одам, беш вақт намозни жамоат билан ўқийди, шунинг учун,

    — мана бу одам, фарзандларини тарбиясини яхши қилган, шунинг учун,

    — мана бу одам, чорли хулқи билан муомала қилади, шунинг учун,

    — мана бу одам, кечиримли одам, шунинг учун яхши кўраман,

    — мана бу одам, одамларга мурувватли одам, шунинг учун,

    — мана бу одам, ҳеч ҳам бошқаларга ёмонлик, зиён заҳмат қилмайди, шунинг учун яхши кўраман, деган жавоб бера олсак, мана шундай қилиб яшасак, гарчи ҳаётимизда амалларимиз ноқис бўлсада, ибодатларимиз фаромиш билан бўлсада, ажабмаски Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг айтган ваъдаларига биноан юқоридаги мақомларга эришсак.

Аллоҳ учун дўстликнинг аломати: Аллоҳ учун яхши кўришликда ўртадага умуман дунёвий ваъжларнинг бирортаси аралашмаслилиги керак.

“Аллоҳ учун яхши кўришликнинг аломати нима бўлади?”, дейилса, улар бир-бирларидан хабар олмаса дўстлиги камаймайди, агар хабар олса дўстлиги кўпайиб кетмайди. Хабар олгани сари яхши кўриб кетавериб, агар хабар олмай қўйса ёмон кўриб қолаверса у ҳақиқий муҳаббат эмас.

Дўсти уни айблаганда ҳам Худо учун айбласа, ёки мақтайдиган бўлса ҳам Худо учун мақтаганда у дўстлиги бир хилда турса, яъни у ҳам “нафсониятимга тегдинг” демай дўстини гапини Худо учун қабул қилса, у ҳақиқий дўстлик.

Бизда бўлса ҳозир ким бизни мақтаса ўша билан ўртоқ бўлиб қоламиз, юзимизга Худо учун бирор айбимизни айтиб қўйса, ўша заҳоти у дўстимиздан кечворамиз. Дўстлик бундай бўлмайдида ахир.

Муҳаммад Тақий Усмонийнинг мана шу дўстлик мавзуига доир бир қизиқ гаплари бор, ўзи аслида улуғларни Аллоҳ бекорга улуғ қилмас эканда, ҳар бир гаплари, ишларини Аллоҳ ҳикмат қилиб, ўрнак қилиб қўяр экан, у зот айтадиларки: “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:“Мўмин мўминга ойнадир”, деган ҳадисларини ўқиб мен мўмин мўмин биродарининг айбини, хатосини тўғрилаши керак деб тушунганман. Ўзимча фикр қилиб ойнани қандай хислатлари борикин деб ўйлаб юриб ҳар вақт уни бирор хислатини билганимда ёзиб боравердим.

— ойнанинг хислатларидан бири, унга қараган кишининг айбини ўзига кўрсатиб шарманда қилмай балки пинҳона насиҳат қилар экан;

— яна бир хислати, унга қараган кишини айбини борини айтаркан, битта доғи бўлса битта қилиб, иккита бўлса иккита қилиб кўрсатар экан;

— яна бир хислати, аввал қараб кетган кимсани айбини кейинги келиб қараган одамга кўрсатмас экан.

Энди сиз ҳам бирортаси билан мўмин биродармисиз унинг айбини ўзига борича айтинг, камайтирманг ҳам кўпайтирманг ҳам.

Сиз ҳам у дўстингиз билан гаплашиб, ундаги бир айбини кўрсангиз у кетгандан кейин у айбини кўрган гаплашган кишингизга айтаверманг.

Биргина жонсиз ойнага қараганимда юзимдаги доғни, мендаги айбни беминнат айтиб турса қандай қилиб ташаккур айтмайман албатта ташаккур айтгим келади.

Шу каби сиз ҳам Аллоҳдан қўрқадиган бирор ўртоқ билан дўстлашган бўлсангиз, сизнинг айбингизни тўғрилаш учун ўзингизга айтиб тўғри бўлишингизни қайғуриб турган бўлса, ундай дўстни қадрланг, бундай дўстни берган Аллоҳга ҳамд айтинг”.

Одамлар бизни мақтаса устимиздаги зоҳирий феъл, амалларимизни кўриб мақтайди. Агар ботинимиз, ичимиздаги ёмон айбларимизни, хулқларимизни кўришсайди ҳатто биз билан салом алик ҳам қилмай қўярди аслида.

Жаноб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтар эканлар: “Агар Аллоҳ сизлардан бирортангизни сирингизни ошкор қилса, ҳатто бу дунёда ўлса уни дафн ҳам қилмайсизлар”. Чунки у умр бўйи аслида бизга қабр қазиб юрган бўладида. Агар бир кишини бирор айби ошкор бўлиб қолсинчи, ҳатто салом ҳам бергингиз келмай қолади.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Аллоҳ таоло 7 тоифа кишини соя йўқ кунда Ўзининг Арши соясида соялантиради, шулардан бири “Аллоҳ йўлида дўст бўлгувчи икки биродар шахс, улар Аллоҳ йўлида жам бўладилар ва Аллоҳ йўлида ажраладилар”, дедилар.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Бир киши бир қишлоқдаги биродарини зиёрат қилмоқчи бўлди. Аллоҳ таоло унинг йўлига кузатувчи қилиб бир фариштани юборди. Фаришта унинг олдига келиб: “Қаерга боришни хоҳлайсан?”, деганида у киши: “Мана бу қишлоқдаги биродаримникига”, деди. Фаришта: “У дўстингда сенинг бирор парваришлаб турган бирор мол-мулкинг борми?” деди, у: “Йўқ, лекин мен уни Аллоҳ йўлида яхши кўраман”, деди. Шунда фаришта: “Мен сенга юборилган Аллоҳнинг элчисиман. Албатта, Аллоҳ таоло сен худди дўстингни яхши кўрганингдек сени ҳам яхши кўради”, деди.

Аллоҳ таоло Ўз фазли билан айбларни ёпиб, яшириб туради, лекин биз билмаймиз, тобутини елкамизга кўтариб, орқасидан йиғлаб яқинимиздан айриб қолдик деб юраверамиз.

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам буюрдиларки: “Аллоҳнинг қавмларидан бир-бирларининг эҳтиёжларини таъмин этган ва бир-бириларининг дардларини аритган ва аритаётган вақтларида бу неъматларни уларга беришда давом этади. Бир-бирларини яхши кўрмай, бир-бирларини чалиб йиқитишга ўта бошлаган вақтларида уларга бераётган неъматларини тўхтатиб, бошқа аҳил қавмларга беради”.

Саҳиҳ хабарларда келтирилишича, қиёмат куни бир мўмин кимса келтирилди ва амаллари тарозига қўйилади. Гуноҳлари савобларидан оғир келади. Натижада дўзахга ҳукм қилинади. Шунда у: “Ё Парвардигор, менга бир соат муҳлат бергинки, онамдан савоб олайин”, дейди. Унга муҳлат берилади. У онасининг олдига келиб: “Эй онажон, мени дунёда тарбия қилдингиз ва менга қилмаган яхшиликларингиз қолмади. Шулар ҳаққи, менга дўзахдан нажот топишим учун савобларингиздан озгина беринг», дейди. Онаси: “Эй болажоним, мен ўз ишимда ожиз бўлиб, ҳайратланиб турибманку, қандай қилиб бугун сени қутқара оламан?”, дейди. Онасидан умидини узган йигит бошқа қариндошларининг олдига боради, лекин ҳаммасининг олдидан ноумид қайтади. Аллоҳ уни дўзахга ташлашга буюради. Шу пайт дўсти уни дўзахга ҳайдаб кетаётганларини кўриб қолади, унга: “Дўстим иккаламиздан биримиз дўзахдан нажот топишимиз учун сенга жамики савобларимни бераман. Зеро, бу номни олиш иккаламиз ҳам дўзахга тушишимиздан енгилроқ”, дейди. Унга жаннатга кириш буюрилади, жаннатга ошиқиб кетаётган пайтда унга: “Ўз дўстингни ташлаб, жаннатга киришинг мардлик эмас”, деб нидо қилинади. У саждага йиқилиб дўсти учун шафоат сўрайди. Натижада Аллоҳ таоло иккаласига ҳам жаннатга кирмоқни буюради”.

ДЎСТ

  • Дўстлик карвони узоқ сафари ва машаққатли синовлари билан машҳурдир.
  • Дўст кўринганларнинг кўпи йўл-йўлакай тушиб қолади:

— баъзилари  хиёнати билан қалбингдан тушиб қолса;
— баъзилари  ёмон ахлоқи билан назарингдан тушади;
— баъзилари оғир кунингда ёнингда турмаслиги билан эсингдан чиқиб кетса;
— яна айримлари пул учун инсонийлигини сотиб ҳаётингдан чиқиб кетади.

  • Дўстлик сон билан эмас, балки қиймат билан ўлчанади.
  • Шундай дўст танлагин-ки, у сенга ҳатто қиёмат куни ҳам дўст бўлиб қолсин!
  • У кунда ўта яқин дўстлар ҳам бир-бирларига душмандир фақат (тақво йўлида дўстлашган) тақводорларгина мустасно (Зухруф сураси, 67-оят).

Ёмон дўстнинг зарари ҳақида Саъдий шундай дейдилар:

То тавони мегирез аз ёри бад,
Ёри бад бадтар бувад аз мори бад.
Мори бад танҳо туро бар жон занад,
Ёри бад бар жон баъд иймон занад.

Бу байтнинг умумий маъноси: “Ёмон дўстдан эҳтиёт бўлгин, зеро ёмон дўст заҳарли илондан ҳам ёмонроқдир. Заҳарли илон сенинг жонингга уради, яъни чақса, жонинг оғрийди. Ёмон дўст эса жонингга ҳам иймонингга уради. Яъни ёмон киши ҳам жонингни ҳам иймонингни олади”.

“Нодон дўстдан доно душман яхшидур”, деб бежизга айтишмайди улуғларимиз ва “Душманларингдан кўра дўстларингдан кўпроқ эҳтиёт бўл, одамлар орасида фисқу — фасод зиёда бўлган пайтда, душманинг дўстингдан фойдаланиши мумкин” (Имоми Аъзам раҳматуллоҳи алайҳ).

Зулфиқор Аҳмад Нақшбандий ҳафизaҳуллоҳ айтадилар:

  1. Дунёга муҳаббат қўйма, чунки у мусулмоннинг уйи эмас.
  2. Шайтонни дўст тутма, чунки у мусулмоннинг биродари эмас.
  3. Ҳеч кимга азият берма, чунки бу мусулмоннинг иши эмас.

(Баа адаб баа насиб – Одоби борнинг бахти бор китобидан)

ҚИЁМАТЛИК ДЎСТ (Абдураҳмон Мешаян)

Мен сени Худодан ялиниб топдим,
Сўнг қайғу эшигин мангуга ёпдим.
Гарчи бахт ортидан жуда кўп чопдим,
Менга гох учради хиёнатли дўст,
Борингга минг шукр қиёматлик дўст.

Сендан Малак-ул мавтдек жон сўрамайман,
Гадодек тиланиб нон сўрамайман.
Етим қолган қушдек дон сўрамайман,
Мен меҳр сўрайман диёнатли дўст,
Борингга минг шукр қиёматлик дўст.

Сендан яширгувчи сирим йўқ менинг,
Ишонгин дилимда кирим йўқ менинг,
Хато қилсанг бўлай кўзгуинг сенинг,
Бу дунё ҳам экан синоатли дўст,
Борингга минг шукр қиёматлик дўст.

Елкамда гуноҳим филданда оғир,
Мен ҳам бир қулдирман, Худомас ахир!
Менга совға қилгин бир чимдим меҳр,
Кимларгадир керак даромадли дўст,
Борингга минг шукр қиёматлик дўст.

Сенсиз ҳувиллаган айвонман ўзим,
Мисли яраланган жайронман ўзим,
Ўзимнинг ҳолимга хайронман ўзим,
Ёвга хам тилайман саломатлик дўст,
Борингга минг шукр қиёматлик дўст.

Топилар мол-дунё, жанона ва пул
Пулга биз қул эмас! Пул бизларга қул!
Сендан кечмоқ жондан кечишдек мушкул
Хаққа итоатли, ибодатли, дўст
Борингга минг шукр, қиёматлик дўст.

Қиёмат кунида бўлмаскан соя,
Шунда Аллоҳ айлаб бизни химоя,
Соя бергай қувон, шудир кифоя,
Дуо қилсак бўлсин, ижобатли дўст,
Борингга минг шукр қиёматлик дўст.

Шайтонга қуғирчоқ, бўлмасанг, бўлди,
Ҳажга бир бормасдан сўлмасанг бўлди,
Фақат мендан олдин ўлмасанг бўлди,
Бу жоним ҳам ахир омонатли дўст,
Борингга минг шукр қиёматлик дўст.

 

“Мўйи Муборак” “Уккоша” жоме масжиди имом хатиби Илҳомжон Мадалиев томонидан, манбалар асосида тайёрланди

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *