Бош саҳифа » Тошкент тарихи » «Тарихи жадидайи Тошканд» асари ҳақида

«Тарихи жадидайи Тошканд» асари ҳақида

«Тарихи жадидайи Тошканд» – Муҳаммад Солиҳхўжа ёзган йирик тарихий асар (2040 саҳифа, 1863–90 йй.). Мазкур асар ҳозирга қадар маълум бўлган махсус Тошкент тарихига бағишланган ягона тарихий ёзма манбадир.

«Тарихи жадидайи Тошканд» асарининг учта нусхаси маълум бўлиб, учала нусха ҳам Ўзбекистон ФА Шарқшунослик институтида сақланади. Улардан биринчиси муаллиф қўли билан кўчирилган 7791-рақамли нусхадир. Асарнинг номи «Тарихи жадидайи Тошканд» деб аталиши мазкур нусханинг бир неча жойида таъкидланади. Яна бир жойда эса «Таворихи мунтахаб» деб номлангани айтилган. Бошқа бир жойда эса «Тарихи вилояти Тошканд» деб тилга олинади. Гарчи мазмунан учинчи ном асарга тўғрироқ келса-да, «Тарихи жадидайи Тошканд» номини муаллиф кўп тилга олади. Кейинчалик бу илмий адабиётларда асарнинг шу ном билан машҳур бўлишига олиб келди.

«Тарихи жадидайи Тошканд» асарида қадимдан бошлаб умумий тарихга оид жуда катта давр қамраб олинган ва шундан келиб чиқиб, муаллиф барча тарихчилар сингари ўзигача бўлган Ўрта Осиё ва Шарқнинг мусулмон мамлакатлари ижтимоий-сиёсий ва маънавий тарихига доир асарлардан кенг фойдаланган. Бундан ташқари, Муҳаммад Солиҳхўжанинг ўзи ҳам Қўқон хонлиги ва Бухоро амирлиги бўйлаб қилган саёҳатлари мобайнида асар учун керакли маълумотларни тўплаб юрган. Бу ҳақида муаллифнинг ўзи Муҳаммад Алихондан Султон Сайидхонгача бўлган воқеаларни кўрган ишончли кишилардан эшитганлари асосида, кейинги давр воқеаларини ўз кўзи билан кўриб ҳамда бевосита воқеа иштирокчилари бўлган суҳбатдошлари ҳикоялари асосида ёзганлигини таъкидлайди.

«Тарихи жадидайи Тошканд» асари умумий тарих услубида ёзилган бўлиб, Муҳаммад Солиҳхўжанинг ўзи бир неча жойда асар муқаддима, 4 рукн ва хотимадан иборатлигини ва муқаддиманинг шартли равишда 2 жилдга бўлинганлигини таъкидлайди. Лекин аслида асарнинг тузилиши муаллиф айтганидан анча мураккаброқ, муқаддиманинг ўзи яна бир қанча тарихий даврларга ва қисмларга бўлинган. Асар форс-тожик тилида ёзилган.

Муҳаммад Солиҳхўжанинг таъкидлашича, у ўз асарини «Равзат ус-сафо» муаллифи Мирхонд сингари қадимий шоҳлар ва сулолалар тарихидан бошлайди. Шу сабабли Муқаддиманинг 1-жилди Одам ато давридан бошлаб то 18-асргача (Марказий Осиё ва унга қўшни мамлакатлар тарихи) баён қилинган. Асарнинг умумий тарих услубида ёзилиши ҳажмининг ортиб кетишига сабаб бўлган.

Асарнинг 2-жилдида Қўқон хонлиги ва унга қўшни ҳудудлар тарихи, Ўрта Осиё хонликларининг Россия империяси томонидан босиб олиниши, Қўқон хонлигининг тугатилиши ёритилган бўлиб, 1282/1865–1866–1307/1889–1890 йилларда Тошкент шаҳри ва Туркистон ўлкасида юз берган воқеа-ҳодисалар йилма-йил баён қилинган.

Асарда Марказий Осиё тарихининг бошқа соҳаларига оид маълумотлар, жумладан, Ўрта Осий тарихига доир топонимлар – тоғлар, даралар, довонлар, дарё ва кўл, суғориш тармоқлари номлари минтақа топонимияси ҳамда тарихий географиясини ўрганишга доир муҳим маълумотлар келтирилган. Шунингдек, тарихий воқеалар баёнида тилга олинган Ўрта Осиёнинг табиий ландшафтининг ўша даврдаги ҳолатини кўрсатувчи маълумотлар учрайди. Хусусан Тошкент топонимиясини ўрганишга оид кўплаб жой номлари тилга олинади.

Бундан ташқари, асарда Қўқон хонлигидаги ҳарбий мансаб ва унвонлар ҳамда улар эгаларининг имтиёзлари ҳамда вазифаларига оид маълумотлар мавжуд.

«Тарихи жадидайи Тошканд»нинг муҳим қисми асардаги Тошкент шаҳри таркибига кирувчи 4 даҳа – Шайхонтоҳур, Себзор, Кўкча ва Бешёғоч даҳалари тавсифидир. Унда Тошкент шаҳрининг тарихий топографияси (шаҳар девори ва дарвозалари, маҳаллалар, мавзелар ва улар бўйлаб кетган кўчалар, суғориш тизимига доир маълумотлар) ва Тошкент вилояти тарихий-географиясига оид маълумотлар анча кенг ёритилган. Улар муаллифнинг Тошкентда яшаганлиги, шаҳар тарихини билганлиги сабабли аниқлиги билан ажралиб туради ва тарихий ўлкашунослик нуқтаи назаридан маълум илмий аҳамиятга эга.

Асарда шаҳар тарихида муҳим ўрин тутган асосий иншоотлардан 20 та мадраса ва кўплаб масжидлар, 30 га яқин зиёратгоҳ мозорлар, шаҳарнинг Юнусхўжа ва Қўқон ноиблари давридаги ўрдалари, катта-кичик ҳаммомлар, карвонсарой, бозорлар ҳамда шаҳарда жойлашган турли иншоотларнинг қурилиши, жойлашган ўрни, меъморий тузилиши батафсил ёзилган.

Бундан ташқари, Муҳаммад Солиҳхўжа асарнинг турли жойларида ўз даврида Тошкентда яшаган 80 га яқин таниқли кишилар – давлат амалдорлари (шаҳар ҳокимлари ва унинг ёрдамчилари, қозилар, аълам, муфтий ва б.), тасаввуф аҳли, мударрислар ва қисман қўшиқчи ва созандалар ҳамда моҳир ҳунармандларнинг қисқача таржимаи ҳолини беради.

Асарда келтирилган Тошкент атрофи ва вилоятининг тарихий географияси, қазилма бойликлар ва доривор гиёҳлар тўғрисида ёзганлари тарихчилар билан бирга географлар, ўсимликшунос ва маъданшунослар учун маълум амалий аҳамиятга эга.

«Тарихи жадидайи Тошканд» бўйича А.Ўринбоев, О.Бўриевларнинг «Тошкент Муҳаммад Солиҳ тавсифида» (Тошкент, Фан, 1983), Ў.А.Султоновнинг «Муҳаммад Солиҳхўжа ва унинг «Тарихи жадидайи Тошканд» асари» (Тошкент, Ўзбекистон, 2007) каби рисола ва китоблар чоп этилган.

«Тошкент» энциклопедияси. 2009 йил

Ўхшаш мақола

Кайковус

Post Views: 391 КАЙКОВУС – қадимий канал, Бўзсувнинг ўнг тармоғи. Собир Раҳимов (ҳозирги Олмазор) ва …

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *