Бош саҳифа » Биласизми? » Талас жанги ёки Тан империясининг Ўрта Осиёни эгаллашига бир баҳя қолгани ҳақида

Талас жанги ёки Тан империясининг Ўрта Осиёни эгаллашига бир баҳя қолгани ҳақида

ТАЛАС ЖАНГИ – Талас (Тароз) дарёси бўйида араб ва хитой қўшинлари ўртасида юз берган ҳал қилувчи жанг (751). 8-асрнинг 1-ярмида Тан империяси Буюк ипак йўлини эгаллаш ва бу йўлдаги давлатларни ўзига бўйсундириш учун бир неча бор урушлар қилган. Мовароуннаҳрдаги мураккаб ички аҳвол (арабларга қарши қўзғолонлар), Фарғона ҳокимининг Хитойдан ёрдам сўрагани бу юришларга баҳона бўлган. Тан давлати 750 йил миллати корейс бўлган Гао Сяньчжи (Гав Шанчжи) қўмондонлигида катта қўшин жўнатган. Бу қўшин фарғоналиклар билан иттифоқликда Чочни вайрон қилган, катта ўлжа (туялар, отлар, олтин, кумуш)ни қўлга киритган. Чоч ҳокими қатл қилинган, унинг ўғли араблардан ёрдам сўраган. 751 йил июль ойида арабларнинг Зиёд ибн Солиҳ қўмондонлиги остидаги қўшини Гао Сяньчжининг хитойлар, фарғоналиклар, қашқарликлар, кучарликлар ҳамда қарлуқлардан иборат йирик қўшини (араб манбаларига кўра 70 минг киши) билан Талас дарёси бўйида тўқнашган. Талас жанги 5 кун давом этган. Тўқнашув жараёнида Тан армияси таркибидаги қарлуқлар арабларга қарши курашдан бош тортган ва хитойликларнинг аръергардига зарба берганлар. Хитой қўшини бутунлай яксон қилинган. Гао Сяньчжи ёрдамчилари Ли Сийе ва Дуан Шоушилар билан бирга зўрға қочиб қутилган. Ибн ал-Асирнинг ёзишича, хитойликлардан 50 минг киши ўлдирилиб, тахминан 20 минг киши асир олинган. Асирга тушган Хитой жангчилари орасидан танлаб олинган ҳунармандлар Самарқандга келтирилган. Улар Самарқандда қоғоз ишлаб чиқариш саноатининг янада ривожланишига муносиб ҳисса қўшган. Хитойлик ҳунармандлар ҳатто Месопотамия шаҳарларига ҳам келтирилган. Талас жанги Марказий Осиё халқлари тарихида ўта муҳим роль ўйнайди. У Тан империясининг Ўрта Осиё ҳудудини эгаллаш йўлидаги тажовузкорона сиёсатига узил-кесил чек қўйган. Аммо бу Fарб билан Шарқ ўртасидаги савдо алоқаларини бутунлай узилишига олиб келмаган.

«Тошкент» энциклопедияси. 2009 йил

Ўхшаш мақола

Қабри Мадина шаҳрида бўлган Бухоро хонлари

Post Views: 606 Марказий Осиё давлатчилиги тарихидан маълумки, давлат ҳукмдорлари кўп ҳолларда тахтдан воз кечса …

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *