Бош саҳифа » Сулола » Долимовлар шажараси » Сулола. Долимовлар шажараси. Бухоро қозикалони фатвоси

Сулола. Долимовлар шажараси. Бухоро қозикалони фатвоси

Муҳаммадаминбек ва айниқса фарзандларининг миллат манфаатлари йўлида олиб борган хайрли ишлари кенг халқ оммасига маъқул бўлса-да, кимларнингдир ғазабини оширар, ғашига тегар, миллат, Ватан фидойиларини тийиб қўйиш, таъқиб остига олиш учун имкон қидирар эдилар. Бунинг учун катта имконият ҳам топила қолди. 1914 йилда Русиясининг Биринчи жаҳон урушида қатнашиши натижасида бутун мамлакат, айниқса, мустамлака Туркистон халқларининг ҳам иқтисодий, ҳам сиёсий аҳволи кескин оғирлашди. Мустамлакачилар томонидан Туркистон экин экиладиган ерларининг тўла пахта плантацияларига айлантирилиши ўлкада дон экинлари ҳажмини кескин қисқартириб юборди. Халқни озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлашда мустамлака ўлкани Русияга тўла қарам қилиб қўйди. Уруш авж паласига чиққан 1916 йилга келиб, Русиянинг дўпписи тор келиб қолган бир пайтда халқ ўртасида қаҳатчилик, очарчилик ҳам авжига чиқди, халқ норозилиги кучайди. Бунинг устига, ўлка халқларидан фронт иншоотларини қуриш учун мардикор олиш ҳақидаги Русия ҳукумати фармони “ўлганнинг устига тепган”дек бўлди. Кўча-кўйларда очликдан ўлиб қолаётган одамларнинг сон-саноғи йўқ, уларни кўмишга ҳам одам топилмайдиган замон эди. Кўплаб ижодкорлар қаторида шоир Убайдуллоҳ Завқий бу ҳақда махсус “Қаҳатлик” номли достон ҳам ёзди. Унда шундай дардли мисралар бор:

Паямбар бўлса нон, ош авлиёдур,
Яна очлик давосиз бир балодур.
Ўлим хавфи ўраб қишлоқларни,
Не қишлоқу жибол, авлоқларни.
Қирилди қанча одамлар вабодин,
Нишона қолмади меҳру вафодин.
Шишиб ўлганни кўмакка киши йўқ,
Ким ўлган бирла одамнинг иши йўқ.
Киши боқмас жигар, ҳамсоясиға,
Қочиб шафқатки анқо соясиға.
Ғарибу бекасу бечора беҳад,
Бамисли “дол” янглиғ хам бўлиб қад.
Йўқотди нечалар номус-уётин,
Унутди ким шарафли одам отин.

Шундай вазиятда эски шаҳарда катта обрў-эътиборга эга бўлган Муҳаммадаминбек ҳожи Эски Жўвадаги Каппон бозорида тоғ-тоғ қилиб уюб қўйилган қоп-қоп бўғдой ва бошқа дон маҳсулотларини оз-оздан бўлса ҳам оч халққа тарқатиш ёки сотиш, шу йўл билан халқни очлик балосидан сақлаб қолиш ҳақида куюниб гапирганда, деҳқонлар:

– Отахон, биз оч халққа донларимизни сотишга, ҳатто ночорларга текинга беришга ҳам розимиз, лекин шариат пешволари, қозилар бу донларни ички Русияга – саллотларга юбориш ҳақида фатво чиқарганлар, – деб жавоб берадилар.

Шунда Ҳожи жаҳл устида:

– Бу нодон қозилар ўз халқидан кўра босқинчи ўрис саллотларини афзал кўрадилар! Ўзларининг арзимаган манфаатлари йўлида халқининг қирилиб кетиши билан ишлари йўқ! – деб, шариат пешволарини, қозиларни қаттиқ ҳақорат қилиб юборади ва ночор халқни бундай катта фожиадан сақлаб қолиш учун миллатнинг бой-бадавлат қисмини очларга, бева-бечораларга закот беришга, кўча-кўйларда овқат қилиб тарқатишга даъват этади. Шундан кейин кўп маҳаллаларда, масжидларда, чойхоналарда катта-катта қозонлар осилиб, очлар учун овқат тарқатилгани ҳақида маълумотлар етиб келган.

Муҳаммадаминбекнинг ҳақорат сўзлари тезда шариат қозиси идорасига етиб боради ва Себзор даҳаси қозиси Ғуломрасулхўжа Муҳаммадрасулхўжа ўғли ва Садриддин аълам бошчилигидаги мутаассиб шариат-дин пешволари ҳайъати Муҳаммадаминбек ҳожи Норбек ўғлини ўлимга ҳукм қилади. Бу гапларни мен кўп марта адамдан, баъзи ҳолларда амакиларимдан эшитар эдиму, баъзан ишониб, баъзан шубҳаланиб юрардим. 1967 йилда адам Субутой Долимовнинг 60 йиллик юбелейи Ўзбекистон республикаси миқёсида кенг нишонланди, университетда катта илмий анжуман бўлиб ўтди, унга “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби” фахрий унвони берилди. Анжумандан кейин қариндош-уруғлар, ҳамкасблар, ёру дўстлар, олимлар, университетнинг кўпгина домлалари иштирокида Чимбой маҳалласидаги ҳовлимизда кичикроқ бир зиёфат ҳам бўлди. Унда Тошкент давлат (Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий) университети ректори академик, жаҳонга машҳур математик олим Саъди Ҳасанович Сирожиддинов ҳам қатнашиб, кўпчиликни хайратга солган шундай сўзларни айтган эди:

– Долимбек отанинг фарзандлари Нуъмонбек ака, Субутой ака, Зиёдбек ака, Султонбек ака, яқинроқ келинглар. Комилбек ва Каримбек оталарнинг фарзандлари ҳам борми? Улар ҳам яқинроқ келишсин.

Комилбек отамнинг ўғиллари Муҳиддинбек ҳамда Фахриддинбек ака ва Каримбек отамнинг фарзандлари Мунавварбек ва Арслонбек тоғаларим ҳам Саъди Ҳасанович ёнларига келишди.

– Сизларнинг бувангиз Муҳаммадаминбек ҳожи Тошкентнинг энг эътиборли ва маърифатли, халқпарвар ва ҳақиқатпарвар бойларидан бўлган. Отамнинг бир неча бор айтишларига қараганда, бобом Сирожиддин махсим ака-ука Долимбек, Комилбек ва Каримбеклар билан жуда яқин алоқада бўлиб, қуритилган мевалар: туршак, майиз, ёнғоқ, писта-бодом билан Тошкентда савдо қилар экан. Бувамнинг қоп-қоп моллари сизларнинг Сағбондаги саройингизда сақланар, меваларнинг катта қисми уларнинг Петербург ва Москвадаги дўконларига жўнатилар экан. 1916 йилда бутун Туркистон ўлкасида қаттиқ қаҳатчилик бўлади, одамлар очликдан қирила бошлайди. Шунда Каппон бозоридаги тоғдай қилиб уюб қўйилган қоп-қоп дон маҳсулотларини ўрис солдатларига – урушга юборишга фатво берган шариат қозиларини Муҳаммадаминбек ҳожи ҳақорат қилиб юборгани учун қози уни ўлимга ҳукм қилган. Худди шу вақтда Конибодомдан Тошкентга келиб қолган бувам Сирожиддин махсим Муҳаммадаминбекни яширин равишда Бухорога олиб кетган ва уч ой давомида Бухоро қозикалони билан учрашишга йўл топиб, “жаҳолат устида оғиздан ножўя – ҳақорат сўз чиқиб кетса, уни кечириш мумкин” деган мазмунда Бухоро амирлиги қозикалони Бурҳониддиннинг муҳри билан тасдиқланган оқловчи фатво олиб келишган ва шундан кейингина Муҳаммадаминбек ҳожи таъқиб ва тазйиқдан қутулиб, озодликка чиққан эканлар. Буваларингиз ўз ҳаётини хавф остига қўйиб бўлса-да, халқ, Ватан манфаатлари учун курашган одам эди, – деб, гапларини тугатдилар.

Саъди Ҳасановичнинг бу гапларидан кейин адам ва амакиларимнинг айтганларига тўла ишондим. Дарҳақиқат, катта бувамиз Муҳаммадаминбек ҳожи халқпарвар, ватанпарвар, ҳақиқатгўй, шу билан бирга, чўрткесар одам бўлган эканлар. Шўролар мафкураси ҳамма нарсанинг тошу торозуси, ҳамма ишда устувор бўлиб турган бир пайтда шўро қатағонига учраган боболаримиз ҳақида академик, бунинг устига, Республикамизнинг энг катта ва биринчи университети ректори Саъди Ҳасанович Сирожиддиновнинг бундай ҳақиқат сўзларни айтиши қанчалар катта жасорат эканлигини кўнгилдан ўтказиш қийин эмас, бундай улуғ инсонлар учун ҳақиқатни айтиш, халққа етказиш ҳар нарсадан устун эди.

Давоми бор…

Улуғбек Долимов
«Аҳли ирфон»

Тошкент, «Академнашр», 2015

Ушбу китобни тақдим этган Элбек Долимовга миннатдорчилик билдирамиз

Ўхшаш мақола

Сулола. Долимовлар шажараси. 20-30-йиллар

Post Views: 347 1924 йилда Долимбек учинчи фарзанди Насира (1902 – 1984)ни Муҳаммад Солиҳ (келажакда …

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *