Бош саҳифа » Тошкентликлар » Шоирлар. Алмаий

Шоирлар. Алмаий

АЛМАИЙ (тахаллуси; асл исми Фазлуллоҳ Миржалол ўғли) (1851/52–1894/95) – ўзбек шоири, таржимон, арабшунос ва хаттот. Тошкентда туғилган. Тошкентдаги «Мўйи Муборак» ва Бухородаги мадрасаларда таҳсил кўрган (1866–67). Турк, форс, араб тилларини ва адабиётини, фалсафа, мантиқ, ҳуқуқ, мусиқа, тиб, хаттотлик илмини ўрганган. Тошкентга қайтгач, Шукурхон мадрасасида мударрислик қилган. Эркин фикрлаши, айрим руҳонийлар билан ихтилофлари туфайли мадрасадан кетишга мажбур бўлган. Умри муҳтожлик ва қашшоқликда кечган. Алмаий асарлари ўша даврда тузилган баёзларда учрайди. Уларда жамиятдаги адолатсизликка қарши нафрат туйғулари ифодаланган, севги ва вафо, садоқат, яхшилик ва ҳалоллик каби фазилатлар улуғланган («Ҳаёт», «Этти», «Келсангчи», «Ярашур» ва б.). Шоир инсон баркамоллиги унинг илм-маърифатли бўлишида, ундан ўзгаларни ҳам баҳраманд қилишда деб билган. «Калила ва Димна»ни форсчадан ўзбекчага таржима қилган. Таржиманинг ҳар бир ҳикояти мундарижасига мос фард, маснавий, қитъа, рубоийлар ёзиб киритган ва ўзи настаълиқда кўчирган. Китоб Тошкентда нашр қилинган (1898, 1901, 1913). Арабча «Шарҳи Мулло» (1879–80)га кирган «Авзон ул-жумуъ» («Вазнлар жамъи») манзумаси араб шеъриятида қофия санъатини ва айрим грамматик қоидаларни ўрганишда муҳим қўлланма ҳисобланган. Баъзи араб мамлакатларида ҳам ундан дарслик сифатида фойдаланилган. Китобнинг Алмаий кўчирган қўлёзмаси Ўзбекистон ФА Шарқшунослик институтида сақланмоқда. Тошкентнинг Учтепа туманидаги кўча, Бешёғоч даҳасидаги намуна иш мактаби Алмаий номида бўлган.

«Тошкент» энциклопедияси. 2009 йил

 

Ўхшаш мақола

Муҳаммад Ёқуббек – Хитойдаги Еттишаҳар давлатининг Пскентлик ҳукмдори (1-мақола)

Post Views: 1 011 Туркистон халқлари тарихида ўчмас из қолдирган сиймолардан бири Муҳаммад Ёқуббек Бадавлатдир (1820–1877 …

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *