ОРИПОВ Абдулла (1941.21.3 – 2016.05.11) – шоир ва жамоат арбоби. Ўзбекистон халқ шоири (1990). Ўзбекистон Қаҳрамони (1998). 1958 йилдан Тошкентда. ТошДУнинг журналистика факультетини тугатган (1963). «Ёш гвардия» (1963–69), Fафур Fулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриётларида муҳаррир (1969–74), «Шарқ юлдузи» журналида адабий ходим, бўлим мудири (1974–76), Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида адабий маслаҳатчи (1976–82), масъул котиб (1985–88), Тошкент вилоят бўлимида масъул котиб (1982–83), «Гулхан» журналида муҳаррир (1983–85), Ўзбекистон Республикаси Муаллифлик ҳуқуқини ҳимоя қилиш давлат агентлиги раиси (1989–2007), Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси (1996–2009).

«Митти юлдуз» (1965), «Кўзларим йўлингда» (1966), «Онажон» (1969), «Руҳим», «Ўзбекистон» (1971), «Хотирот», «Юртим шамоли» (1974), «Юзма-юз», «Ҳайрат» (1979), «Нажот қалъаси» (1981), «Йиллар армони» (1983), «Ҳаж дафтари», «Муножот» (1992), «Сайланма» (1996), «Дунё» (1999), «Шоир юраги» (2003), «Танланган асарлар» (4 жилдли, 2001), «Адолат кўзгуси» (2005) сингари шеърий китоблари нашр этилган.
Турмушда пайдо бўла бошлаган янгича қарашлар, кишиларнинг руҳий оламидаги эврилишлар, фикр ва хатти-ҳаракат эркинлигига бўлган эҳтиёж Орипов шеърларининг ғоявий мундарижасини ташкил этади. «Жаннатга йўл» (1978), «Ҳаким ва ажал» (1980), «Ранжком» (1988) каби достонларида кишиларнинг руҳий оламидаги айрим қусурлар билан илмий-техник тараққиёт ва тафаккурнинг парвози ўртасидаги зиддият очиб ташланган.
Орипов мустақиллик йилларида адабиётнинг ранг-баранг тур ва жанрларида ижод этди. Шу давр¬да тарихий адолатнинг тикланиши, ўтмишда яшаган саркардалар ва алломалар хотирасининг эъзозланиши Ориповнинг Амир Темурнинг Ўрта Осиё халқлари тарихий тақдирида ўйнаган буюк ролини кўрсатувчи «Соҳибқирон» шеърий драмасини (1998) ёзишга илҳомлантирди. Орипов бу асарида қарийб уч аср давомида ҳукм сурган қудратли Темурийлар салтанатининг асосчиси ва 15-асрда Шарқда Уйғониш даврининг бошланишига ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ва маданий шароит яратган Амир Темур образини ёрқин гавдалантириб берди. Мазкур асар республиканинг барча йирик театр¬лари ва қардош мамлакатлар саҳналарида катта муваффақият билан ўйналди.
Орипов – Ўзбекистон Республикаси Давлат Мадҳиясининг матнини ёзган (1992). Данте «Илоҳий комедия»сининг «Дўзах» қисмини, А.С.Пушкин, Н.А.Некрасов, Т.Г.Шевченко, Л.Украинка, Р.Ҳамзатов, Қ.Қулиев ва М.Байжиев асарларини ўзбек тилига таржима қилган. 1990 йилдан Ўзбекистон Олий Кенгаши, 1995 йилдан Ўзбекистон Олий Мажлиси депутати, 2004 йилдан Ўзбекис¬тон Олий Мажлиси Сенатининг аъзоси. Ҳамза номидаги (1983) ҳамда Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Республикаси Давлат мукофотлари лауреати (1992).
«Тошкент» энциклопедияси. 2009 йил