Усмон (розияллоҳу анҳу) замонларида Қуръони Каримни Абу Бакр саҳифаларидан олиб, бир хил қироатда ёзиб жамъ қилиниши ва Умматни шу қироатга ўтказилиши
Имом Бухорий ривоят қиладилар: Ҳузайфа бин ал-Ямон ҳазрати Усмон (иккаловларидан Аллоҳ рози бўлсин) олдиларига келдилар. (Ҳижратнинг 25-йили ва ҳазрати Усмон халифаликларининг 2-йили). Бу пайтда Ҳузайфа Шом аҳлига бош бўлган ҳолда Ироқ аҳли билан Арманистон ва Озарбайжон ғазотида иштирок қилаётган эдилар. Шом ва Ироқ аҳллари ўртасидаги Қуръон тиловати борасидаги ихтилоф Ҳузайфани даҳшатга солди. У зот ҳазрати Усмонга, эй амирал-мўминин, мусулмонлар Қуръон хусусида яҳудий ва насоролар каби ихтилоф қилмасларидан бурун, бу умматнинг ҳолидан хабар олинг, дедилар. Шунда Усмон (розияллоҳу анҳу) Ҳафса онамизга одам юбориб: «Саҳифаларни бизга бериб туринг, ундан нусха олиб, Сизга яна қайтариб берамиз», дедилар. Ҳафса онамиз саҳифаларни ҳазрати Усмонга юбордилар. Халифа Зайд бин Собит, Абдуллоҳ бин Зубайр, Саид бин Ос, Абдурраҳмон бин Ҳорис бин Ҳишомларга амр қилдилар ва улар саҳифалардан бир неча мусҳаф қилиб, нусха кўчирдилар. Ҳазрати Усмон саҳифаларни Ҳафса онамизга қайтариб бердилар. Кўчирилган нусхалардан ҳар бир минтақага битта-биттадан Мусҳаф юбордилар. Қуръондан ёзилган бошқа ҳар хил саҳифа ва мусҳафларни эса куйдиришга буюрдилар.
Бошқа бир ривоятда, Ҳузайфа Усмонга мурожаат этиб:
«Одамлардан хабар олинг, деди. Ҳазрати Усмон:
«Нима бўлди?» дедилар. Ҳузайфа айтди: «Арманистонда ғазотда эдим, Шом ва Ироқ аҳллари билан бирга эдик. Қарасам, Шом аҳли Убай бин Каъб йўлида қироат қиляпти. Қироатларида Ироқ аҳли эшитмаган нарса чиқиб қолса, Ироқ аҳли уларни кофирга чиқаряптилар ёки Ироқ аҳли Ибн Масъуд йўлида қироат қилиб, Шом аҳли эшитмаган бирон нарса чиқиб қолса, улар Ироқ аҳлини кофирга чиқаряптилар».
Ҳузайфа Арманистон ғазотидан қайтиб келаётганда, унга ҳамроҳ бўлган Саид бин Осга айтди:
– Ушбу сафарим чоғида шу нарсага гувоҳ бўлдимки, агар бунга чора кўрилмаса, Қуръон тўғрисида кейинчалик ҳеч тузатиб бўлмайдиган бир ихтилоф чиқади.
Саид сўради:
– Қанақа ихтилоф экан у?
– Ҳумс шаҳридан бўлган одамларни кўрдим, улар ўзларининг қироатларини бошқа қироатлардан яхши деб, Қуръонни Миқдоддан ўрганганликларини айтар эдилар. Куфадан бўлган одамларни кўрдим, улар ҳам шунга ўхшаш гапларни айтиб, қироатни ибн Масъуддан олганмиз дер, эдилар. Басра аҳли ҳам айни шу даъвони қилиб, устозлари Абу Мусо Ашъарий эканлигини айтардилар ва унинг Мусҳафини «Лубобул-Қулуб» деб атайдилар, деб жавоб берди Ҳузайфа.
Куфага етиб келганларида Ҳузайфа одамларга бу ҳақда хабар берди ва уларни ўзини ташвишга солаётган воқелик билан огоҳлантирди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг асҳоблари ва кўпгина тобеинлар унинг гапига қўшилдилар. Ибн Масъуднинг одамлари «Биз ибн Масъуд қироатида ўқишлигимизни ҳеч ким инкор қила олмайди-ку», деганларида Ҳузайфа ва унинг гапини маъқуллаганларнинг аччиқлари чиқиб кетди. Улар: «Сизлар аъробий (саҳро одамлари)сиз, сизлар хато қиляпсизлар», дейишди. Ҳузайфа эса: «Аллоҳга қасам, агар тирик бўлсам, албатта, амирул-мўминин олдига бориб, одамларни бундан қайтариш керак эканлигини айтаман, деди. Шунда ибн Масъуд Ҳузайфага қўпол муомала қилди. Саид ғазабланиб, ўрнидан туриб кетди. Одамлар тарқалдилар. Аччиқланган Ҳузайфа Усмон (розияллоҳу анҳу) олдиларига бориб, ўзи шоҳид бўлган ишларнинг хабарини берди: «Мен холис огоҳлантирувчиман, умматни қутқаринглар», деди. Усмон (розияллоҳу анҳу) саҳобаларни йиғдилар ва уларга воқеани айтиб бердилар. Улар бу воқеани катта хавф деб, ҳаммалари Ҳузайфанинг фикрини тўғри деб, топдилар.
Язид ан-Нахаъийдан:
– Валид бин Ақаба замонида масжидда ўлтирган эдим. Бу даврада Ҳузайфа бин Ямон ҳам бор эди. Бир киши: «Ким Абу Мусо қироатида ўқиса, Кинда эшиги олдидаги бурчакка келсин, ким Абдуллоҳ бин Масъуд қироатида ўқиса, Абдуллоҳ уйининг рўпарасидаги бурчакка ўтсин», деб қолди. (Бошқа бир ривоятда «Ибн Умми Абд қироати ёки Абу Мусо Ашъарий қироати» дейилган.) Улар Бақара сурасидаги оятнинг ўқилиши тўғрисида тортишиб қолган эдилар. Бирлари «Аллоҳ учун Ҳаж ва Умрани комил суратда адо қилинг!» деб ўқиса, иккинчилари «Ҳарамга қилинадиган Ҳаж ва Умрани комил суратда адо қилинг!» деб, ўқир эдилар (198-оят). Ҳузайфа ғазабланганидан, кўзлари чақнаб ўрнидан туриб кетди. Масжидда бўлишига қарамасдан кўйлагини тиззаларигача кўтариб: «Ё амирул-мўминин менинг олдимга келсин, ё мен унинг олдига бораман, сизлардан олдин ҳам шундай бўлган эди. Аллоҳга қасамки, агар тирик бўлсам, амирул-мўминин олдига бориб, қироатни бир хил қилиш кераклигини уқдираман ва бу мусҳафларни сувга ғарқ қилиб ташлаймиз»,− деди. Абдуллоҳ бин Масъуд унга жавобан шундай деди: – Аллоҳга қасамки, агар шундай қилсанг, Аллоҳ сени бошқа сувга (яъни жаҳаннам сувига) ғарқ қилади, − деди.
Худди шундай жанжал Усмон (розияллоҳу анҳу) даврларида Мадинанинг ўзида ҳам содир бўлди. Ибни Аштаҳнинг Анас бин Моликдан қилган ривоятларида ҳазрати Анас айтадилар: «Қуръон хусусида Усмон замонларида ихтилоф қилдилар. Бир муаллим шогирдларига бир соҳиби Мусҳаф қироати бўйича таълим берар, иккинчи муаллим иккинчи қироат соҳиби бўйича. Болалар бир жойга тўпланганларида бир-бирлари билан шу хусусида тортишар эдилар. Тортишувлар ҳатто муаллимлар орасида ҳам пайдо бўла бошлади. Муаллимлар бир-бирларининг қироатларини айблай бошладилар. Иш ҳатто шогирдлар билан шогирдлар ва муаллимлар билан муаллимлар ўртасида қон тўкишгача борди. Бу хабар Усмонга етиб келди. У киши: «Ҳали менинг яқинимда туриб бир-бирларингизни ёлғончи қиласизлар ва Қуръон хусусида айблайсизлар, бошқа диёрлардаги аҳвол қандай кечади? Эй Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам) нинг асҳоблари, йиғилинглар ва мусулмонларга бошқа имом сайланглар», − деди. (Ал-Масоҳиф китоби, Ибн Абу Довуд. 4-11 бетлар)
Ибн Абу Довуд саҳиҳ иснод билан Сувайд бин Ғафладан ривоят қиладилар: Сувайд айтди: «Али (карамаллоҳу важҳаҳу) Усмон тўғрисида яхши гапдан бошқа нарса гапирманглар. Аллоҳга қасамки, мусҳафлар хусусидаги ишни у бизнинг ҳаммамизнинг маслаҳатимиз билан қилган. Менга баъзи бировларингизнинг «Менинг қироатим сенинг қироатингдан яхши» деган гапларингиз етиб келди, бу эса салкам куфрнинг ўзидир», − дедилар. «Нима қилиш керак? − деб сўрадик биз, − дейди Сувайд. Али: «Ихтилоф ва тафриқа бўлмаслиги учун мусулмонларни битта Мусҳафга жамлаш керак, деб ўйлайман»,– деб жавоб бердилар. Биз: «Сизнинг фикрингизни қўллаб-қувватлаймиз», дедик. Али (карамаллоҳу важҳаҳ) яна шундай деганлар: «Агар валоят менинг қўлимда бўлганда, мусҳафлар хусусида Усмон қилган ишларини қилардим».(«Ал-Итқон» 1-жилд 59 бет, Ал-Маоҳиф, 1-бет)
Ровийлар айтадилар: Ҳузайфа ҳазрати Усмонга одамларнинг ихтилофи тўғрисида хабар қилганда, халифа даҳшатга тушдилар ва ҳамма саҳобаларни тўпладилар. Ўша кунларда уларнинг сони 12 минг эди. Улар воқеадан хабардор этилганда, саҳобалар уни катта хавф, деб билдилар. Ихтилоф ва тафриқа бўлмаслиги учун мусулмонларни битта Мусҳафга ўтказиш тўғрисида раъйлари, билиттифоқ, бир қарорга келди. Мазкур саҳифалардан битта Мусҳаф (муқоваланган китоб) қилиб нусха кўчирилди ва унга қурайш лаҳжаси асос қилиб олинди. Одамларни шу қироатда ўқишликка буюрилди. Шундай қилиб, катта бир фитнанинг олди олинди. Агар одамлар ўз ҳолларига қолиб, Қуръон қироатлари бирлаштирилмаганда, қиёматгача тузатиб бўлмайдиган бузғунчилик ва таҳриф содир бўлар эди. («Тарихул Қуръон» 39- бет)
Ибни Абу Довуд ушбу ривоятни келтирганлар: Усмон (розияллоҳу анҳу) қурайшийлар ва ансорлардан 12 кишини тўплаб, уларга «Агар бирор нарса тўғрисида ихтилоф қилсанглар, уни қурайш лаҳжасидагисини ёзинглар», деб фармон берди. «Бақара» сурасидаги «тобут»(сандиқ) сўзидан бошқа нарсада ихтилоф чиқмади. Зайд «ҳо» билан дедилар, қолганлар «то» билан дейишди ва «то» билан ёздилар.
Имом Бухорийнинг «Китобут-тафсир»ларидаги «Қуръон қурайш араблари тилида нозил бўлди» деган бобда Усмон уларга: «Агар сизлар ва Зайд бин Собит Қуръоннинг бирор калимасида ихтилоф қилсаларинг, уни қурайш забонидагисини ёзинглар, чунки Қуръон уларнинг тилида нозил бўлган», − дедилар ва улар шундай қилдилар, дейилади.
«Ал-Фатҳ» китобида Абу Шоммадан: «Қуръон қурайш забонида нозил бўлди дейилганини, биринчи галда ана шу лаҳжада нозил бўлди, сўнгра енгил ва осон бўлишлиги учун бошқа етти хил қироатга рухсат берилди»,– деб тушуниш керак, деган ривоят бор.
Усмон (розияллоҳу анҳу) одамларни битта қироатга ўтказмоқчи бўлганларида, Қуръони Карим илк нозил бўлган қурайш қироати бошқа қироатлардан авло эканини кўрдилар ва одамларни шунга ўтказдилар.
Абу Довуд Каъбул-Ансорийдан шундай ривоят қиладилар: Ҳазрати Умар (розияллоҳу анҳу) ибн Масъудга хат ёзиб: «Қуръон қурайш забонида нозил бўлган, одамларни ҳузайл лаҳжасида эмас, қурайш лаҳжасида ўқитгин», − дедилар. Ибн Масъуд Ҳузайл қабиласидан эдилар.
Абу Қилоба ривоятдарида: «Усмон (розияллоҳу анҳу) Мусҳафни тайёрлаганларидан сўнг, турли юртларга хат ёзиб, Мен шундай-шундай иш қилдим, ўзимиздаги бошқа нусхаларни йўқотдим, сизлар ҳам ўзларингизда бўлган бошқа нусхаларни йўқ қилинг, деб айтдилар», дейилади. Ибн Абу Довуд, Табороний ва улардан бошқаларнинг Шуайб ривоятларида: «Уларга юборилган Мусҳафга хилоф бўлган бошқа ҳамма мусҳафларни ёқишга амр қилдилар», дейилади.(«Тарихул-Куръон»)
Ҳазрати Усмон Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг охирги хатмларига биноан Қуръонни ёздириб, ундан бошқа нусхаларни тарк қилишликни буюрганларида саҳобаларнинг ҳаммалари у кишини қўллаб-қувватладилар ва даъватларига жавобан ўзларидаги мусҳафларини ёндириб ташлаб, ҳазрати Усмон Мусҳафларига ўтдилар. Бу Мусҳаф нусхалари турли Ислом диёрларига юборилганда, улар ўз мақомига яраша кутиб олинди ва ундан жуда кўплаб нусхалар кўчирилди. Бош Мусҳаф нусхаларининг ҳаммаси муқаддас деб билиниб, катта эҳтиром кўрсатилар эди. Барчаси нуқта ва ёрдамчи шакллардан холи эди. (Тарихул-Мусҳаф)
Ал-Олусий ўзининг тафсирида шундай ёзади: «Усмон (розияллоҳу анҳу)нинг мазкур ишларини бир эмас, кўпгина тадқиқотчилар зикр қиладилар. Усмон Абу Бакр Сиддиқ ишларига ҳеч бир янгилик ёки тартибий ўзгартириш киритганлари йўқ, ундан бирор нарсани олиб ташлаганлари йўқ, фақатгина одамларни қурайш лаҳжасидаги ягона қироатга ўтказдилар, холос. Бу ишни ул зот Қуръон қурайш лаҳжасида нозил бўлди, деган ҳужжатга асосан қилдилар».
Ибнут-Тин ва бошқалар айтадилар: «Абу Бакр ва Усмоннинг Қуръонни жамъ қилишлари орасидаги фарқ шуки, Абу Бакр қорий ва саҳобаларнинг ўлими билан Қуръондан бирон-бир нарса йўқолиб кетмасин, деб жамъ қилдилар, чунки Қуръон ўша вақтда саҳифа шаклида жамъ қилинмаган эди. Шунинг учун Абу Бакр Пайғамбар (алайҳиссалом) ўргатганларидек, Қуръоннинг оят ва сураларини тартиби билан саҳифаларга жамъ қилдирдилар. Усмон эса қироат хусусида ихтилоф кўпайиб кетганлиги, ҳар ким ўз лаҳжасида ўқийверганлиги, бунинг оқибатида бир-бирларини айблаш бошлангани ва фитнанинг катталашиб кетишидан қўрққанликларидан, мазкур саҳифалардан қурайш лаҳжаси асосида, бир қироат йўлида, бир хил Мусҳаф қилиб нусха олдирдилар. Гарчи бошида машаққат ва ноқулайлик бўлмаслиги учун бошқа қироатларга рухсат берилган бўлса-да, кейинчалик Усмон (розияллоҳу анҳу) бунга ҳожат қолмаганини кўрдилар ва битта қироатга ўтказдилар. Юқорида айтилганидек, Қуръони Карим уч марта жамъ қилинди. Биринчи марта Пайғамбар (алайҳиссалом) замонларида, иккинчи Сиддиқ (розияллоҳу анҳу) даврларида ва учинчи маротаба Усмон (розияллоҳу анҳу) халифаликларида.
Биринчи жамъ қилиш оятларни суралардаги ўз ўринларига қўйиб, тартиби билан ёзишдан иборат бўлиб, аммо Қуръон тарқоқ ҳолда эди. Иккинчисида эса оят ва сураларни тартиби билан саҳифаларда жамъ қилинди. Учинчи жамъ қилишда, ўша саҳифалардаги Қуръонни бир хил қироат билан Мусҳаф қилиб кўчирилди ва улар Ислом заминининг катта-катта марказларига ихтилоф ва фитналарга барҳам бериш учун юборилди. Бу мусҳафлар Абу Бакр саҳифалари дейилганидек, Усмон Мусҳафлари деб атала бошланди.
Абу Бакр ал-Анборий айтадилар: «Аллоҳ таоло нозил қилган ва ёзишга амр этган, мансух ҳамда тиловати марфуъ бўлмаган Қуръоннинг ҳаммасини икки муқова орасида ўз ичига олган китоб бу Усмон Мусҳафидир. Ундан бирон нарса ноқис бўлмаган, унинг тартиби ва назми Аллоҳ томонидан нозил қилиниб, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) шунга биноан ҳеч нарсани олдинма-кейин қилмасдан, сураларнинг оятларини тартибга солганлар. Уммати Ислом суралардаги оятлар тартибини қандоқ бўлса шундайлигича Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи васаллам)дан олган. Тиловат ва қироатлар ҳам ул Зотдан собит бўлгандур».
Бағавий айтадилар: «Саҳобалар шу муқовали Мусҳафга Қуръони Каримни Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)дан қандай қабул қилган бўлсалар, шундайлигича, ҳеч бир нарсани камитмай, ҳеч бир нарсани зиёда этмай жамъ қилдилар ва ҳеч бир нарсани олдинма-кейин қилмай ёздилар. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ўз асҳобларига ҳозирги Қуръон китобларида ёзилган тартиб бўйича таълим берар ва Аллоҳнинг Каломини Жаброил (алайҳиссалом) ўргатганларидек уларга талқин этар эдилар».
Ибн Ҳисор: «Ушбу тартиб Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг тиловатларидан узлуксиз нақл этилиб, саҳобаларнинг ижмоълари билан Мусҳафга жорий қилинди», − дейдилар. («Сафватул баён ли маъонил-Қуръон» («Қуръон маъноларига равшан баён»). Шайх Ҳасанайн Махлуф, 1-жилд 8-бет.)
Юқорида тақдим қилинган маълумотларга изоҳ бўлсин, деб ушбуларни айтиш жоиз: араб жазирасидаги қабилаларнинг лаҳжалари бир-биридан ўқишда ва талаффузда фарқ қилса-да, улар ягона тилдир. Улар худди бошқа мамлакатларда бир қишлоқнинг ёки шаҳарнинг лаҳжаси иккинчисидан фарқ қилганидек, фарқланадилар.
Қуръон аввалда қурайш тилида нозил бўлиб, сўнг ҳар бир қабила ўзи ўрганган талаффузига биноан қироат қилиши учун ўша қабила лаҳжасида ўқишликка рухсат берилди. Чунки бу Қуръон ҳукмларининг вожиблик маъноларига ихтилоф туғдирмайди, балки тиловат қилиш учун осонлик беради, холос.
Ислом футуҳотлари қамрови кенгайиб, араблар ўз саҳроларидан чиқиб, дунёнинг бир қанча жойларини фатҳ қилганларида ва Аллоҳнинг динига кўп халқлар ва миллатлар кирганда, араблар билан ажамлар аралашиб кетдилар. Бу аралашув арабларга ўз таъсирини кўрсатди. Бунинг натижасида мусулмонларнинг ҳар бири ўзи ўрганган лаҳжада Қуръонни тиловат қилишда давом этаверса, турли фитналар келиб чиқиши мумкинлигини саҳобалар тушуниб, хавотирландилар. Масалан, бир киши иккинчи кишининг ўзи ўрганмаган лаҳжада Қуръон тиловат қилганини эшитса, атайлаб Қуръонни бузиб ўқияпти, деб ўйлашлиги ва уни кофир-фосиққа чиқариши, охир-оқибат тиловат ва сўзлардаги ихтилоф Қуръони Каримни ўзгаришига ёки нотўғри ўқилишига олиб келиши мумкин эди. Ёки баъзи арабларнинг ажамлар билан аралашувлари натижасида, уларнинг талаффузлари ва лаҳжалари бузилиши, бу бузилган лаҳжалари билан Қуръонни ўқисалар, Каломуллоҳнинг фасоҳати ва қироатининг улуғлигига путур етиши мумкин эди.
Мана шу салбий оқибатларнинг олдини олиш мақсадида, Усмон (розияллоҳу анҳу) Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг саҳобалари билан машварат қилишликка ва Абу Бакр (розияллоҳу анҳу) замонларида ёзилган мўътамад саҳифалардан нусха кўчириб, Мусҳаф қилишга қарор қилдилар. Мусҳафнинг нусхаларини Ислом юртларига юбориб, ундан бошқа қироатда ва хилоф лаҳжада ёзилганларини манъ қилдилар. Ҳар бир юборилган Мусҳаф билан бирга одамларни қироатга ўргатадиган устоз ҳам жўнатдилар.
Ҳозирги кунда бизнинг диёримизда сақланаётган Мусҳаф ўша ҳазрати Усмон нусха олдирган ва ҳар хил юртларга юборган Мусҳафларнинг биридур. Эътимод қилинадиган бу нусхалар ҳозир дунёнинг бир қанча жойларида сақланмоқда. (Мағрибда чиқадиган «Даъватул-ҳақ» мажалласидан)
Арабчадан Абдуллоҳ шайх Исмоил Махдум ўғли таржимаси
3 комментария
Pingback: Қуръони Каримни бир хил қироатда ёзиб жам қилиниши - Kamolov Mansurjonning shaxsiy web sayti
Pingback: Усмон Мусҳафларининг сони, уларнинг ёзилиш усули ва хат тури (4-қисм) | Shosh.uz
Pingback: Usmon Musʼhaflarining soni, ularning yozilish usuli va xat turi (4-qism) ⋆ WWW.MALUMOT.RU - Malumotlar bazasi