Бош саҳифа » Жадидчилик » Нуриддин Муфтизода (Муфтизодалар қисмати. 2-қисм)

Нуриддин Муфтизода (Муфтизодалар қисмати. 2-қисм)

Салоҳиддин Муфтизоданинг укаси Нуриддин Муфтизода ҳам шўро мустабид тузумининг беайб қурбонларидан биридир. 1904 йил туғилган Нуриддин 1916 йилгача Мунаввар қорининг мактабида таьлим олган ва унинг энг севимли ўқувчиларидан бири эди. 1918-1919 йилларда тараққийпарвар зиёли Саид Аҳрорийнинг “Ватан” мактабида таҳсил олган. Шундан сўнг комсомол ташкилотига кириб, Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур даҳа комсомолида котиб ва бир вақтда Эски шаҳар маҳалла коммиссияси марказий бюросида котиблик вазифаларида ишлаган. У 1925 йилда МК комсомол ташаббуси билан Бокуга ўқишга борган. Н.Муфтизода 1926-1932 йиллар Тошкентда А.Икромов номидаги босмахонада мусаҳҳиҳ вазифасида ишлади. 1932 йил Ўзбекистон комсомоли томонидан Ўзбекистон ишчи-ёшлар театрини ташкил этиш тўғрисидаги қарори эълон қилинди. Н.Муфтизода бу ишга масъул этиб белгиланди ва шу театрда директор, бадиий раҳбар лавозимларида 1937 йилгача фаолият олиб борди.

1937 йил совет тарихшунослигида “Катта террор” деб номланган даҳшатли кампания авж олдирилган бир пайтда собиқ муфтининг фарзанди, Салоҳиддин Муфтизоданинг укаси Нуриддин Муфтизодани ҳам йўқ қилиш пайига тушадилар. Шу мақсадда унинг атрофидаги инсонлар сўроққа чақирила бошлади. Кўлга киритилган туҳматлар асосида 1937 йил августда Н.Муфтизодани қамоққа олиш тўғрисида қарор чиқарилди ва унга ЎзССР ЖКнинг 66 моддасининг I қисми билан айб қўйилди. 1937 йил 9 августда ордер берилиб, Нуриддинга тегишли Тошкент шаҳри, Октябрь тумани, “Ўткир” маҳалласи 22-уйда тинтув ўтказилади. Бироқ ёш, иқтидорли режиссёр, бадиий раҳбар, театр директори Нуриддин Муфтизодани ҳам осонгина айбдор қилиб бўлмади, у ўзига қўйилган барча айбларни рад этади. 1937 йил 25 август куни ўтказилган илк сўроқда Н.Муфтизода барча яқинлари ва дўстларини санаб беради.

1937 йил 5 октябрь куни сўроқда терговчи Н.Муфтизодадан илгари одам ўлдириш бўйича айбланганлигини сўрайди. У аслида терговчи назарда тутаётган ишда айбланувчи ёки гумондор эмас гувоҳ сифатида иштирок этганини айтиб, ҳеч қачон судланмаганини маълум қилди. Ўзига қўйилаётган айбларни инкор этиш учун гувоҳлар билан юзлаштиришларини талаб қилди. Бироқ ҳеч қандай юзлаштириш амалга оширилмади.

ЎзССР НКВД 3-бўлим кичик лейтенанти Абдуллаев томонидан тайёрланган Айблов баённомасида Нуриддин Муфтизоданинг бирор бир гапи киритилмади. Аксинча, унда Нуриддиннинг икки маротаба одам ўлдиришда айбланиб қамоққа олингани (!), 1916-1918 йилларда Мунаввар қори мактабида ўқигани, 1917-1918 йилларда акаси С.Муфтизода, Мунаввар қори ва Салимхон Тиллахоновларнинг совет тузумига қарши гуруҳида бўлгани каби бошқа яна бир қатор куракда турмайдиган уйдирмалар жой олди. Юқоридаги айблар билан Н.Муфтизодага ЎзССР ЖКнинг 66 моддаси I қисми қўлланади, 1937 йил 21 ноябрь куни бўлган “Учлик” суди қарори билан ўн йилга МТЛга сургун қилинди 1938 йил 8 январь куни Угличга келтирилган Н.Муфтизода Волгастрой МТЛда оғир шароитда ишлашга мажбур этилди.

Нуриддин Муфтизода 1938 йил 31 октябрь куни СССР прокурори Вишинскийга ёзган шикоятида: “Мен 1937 йил 14 август қуни ЎзССР ЖКнинг 66 модда I қисми билан айбланиб, ЎзССР НКВД томонидан қамоққа олиндим. Менга қуйидаги айблар қўйшди: 1) мен 1936 йил июнда Сталиннинг ойна ортидаги бюстига қараб, уни қўлим билан кўрсатиб, “Қачон бундан қутиламиз? ” деган эканман. 2) 1937 йил апрелида бир йиғилишда ЦИК қонун чиқарувчи орган, унинг ишига ЦК аралашмасин деб, ЦИКнинг олдида ЦКнинг обрўсини тушириб қўйибман. 3) Гўёки, уйимда ҳужжатсиз қурол сақлаганман. 4) 1933 йил бир артисткани ўлдириб қўйган эмишман. Қамоққа олинишим заҳоти терговчи бошдан оёқ ҳақоратлар билан менга қандайдир қоғозларни мажбуран имзолата бошлади. Уларда нималар ёзилганини билмайман ҳам. Ваҳоланки, 1935 йил 15 декабридан Жанубий Қозоқ вилоятида яшаган эдим. Кўрсатилган вақтда Чимкент ва унинг турли туманларида концертлар бериб Тошкентга кела олмадим. Иккинчидан, Шайхонтоҳурдаги айтилган кўчада унақа устахонани ҳам, бюстни ҳам кўрмаганман. Менимча, унақа жойнинг ўзи бўлмаса керак. Иккинчи айбнинг ўзи кулгили, деб ҳисоблайман ва ҳеч қанақа оқибат келтиришига ишонмайман. Қурол масаласида “Браунинг”ни Самарқанд оперсекторидан олганман. Ҳамма ҳужжатлари бор. Артистканинг ўлими ҳолати бўйича фақат гувоҳ сифатида иштирок этганман, холос. Терговчидан менга қарши гувоҳлик берганлар билан юзлаштиришини талаб қилсам, у ваъда берди, аммо бажармади. 1937 йил 21 ноябрда эса судда ўн йил бериб юбордилар. Отам вафот этганида мен 11 яшар бола эдим. Унинг диндор бўлганида менинг айбим нима? Мен ҳеч қачон судланмаганман. Одам ўлдириш эмас, умуман инсонга қўл қўтармаганман. Ахир ўзлари диний оилада тарбия топган деса-ю, яна ЎзССР ЖКнинг 66 модда I қисмини қўллаб айб қўйишса, бу нима деган гап ахир….

2-участка, Волголаг НКВД, Углич гидроузелининг 125130-рақамли маҳбуси.

1939 йил 27 апрелда бу хатга Ўз ССР НКВД Саджая томонидан рад жавоби берилди Шундан сўнг, Угличдан 1939 йил 2 сентябрда ЎзССР прокурори номига, 1939 йил 8 сентябрда СССР Генерал комиссари Берияга, 1940 йил 19 май куни ЎзССР НКВДси Саджаялар номига шикоятлар ёзди. Уларда советча терговнинг энг тубан усуллари, сўроқ жараёнидаги инсонни тахқирлаш, жисмоний қийноқ, ташна ва оч ҳолда узоқ вақт тик оёкда туриш натижасида ақлдан озиш даражасига боргач қандайдир қоғозларга кўл кқйгандирман, аммо Ватаним олдида ҳеч бир айбим йўқ, дейди. Бироқ 1940 йил 15 июнда унинг барча аризалари рад этилди. Шундан сўнг ҳеч кимга шикоят ёзмади, тақдирга тан берди.

Жазони ўтаб қайтган Нуриддин Муфтизода Бўстонлиқ туманига акаси Салоҳиддин Муфтизоданинг олдига келади. Буни 1948 йил 20 декабрда унга юборилган сўровнома ҳам тасдиқлайди. Бироқ акаси қайтадан қамоққа олингач, Н.Муфтизода унинг уйидан чиқиб кетади ва “изсиз” йўқолади. 1965 йил 22 алрелда Нуриддин Муфтизода Юқори Чирчиқ тумани, Янгибозор посёлкаси, Будённий кўчаси, 47-уйдан ЎзССР Олий Совети Президиуми раиси Ё.Насриддинова номига ариза ёзиб, нусхасини ЎзССР Олий Суди раисига йўллайди. Шундан сўнг унинг иши қайта кўриб чиқишга топширилди. 1965 йил 8 июлда ЎзССР Олий Судининг жиноий ишлар бўйича суд коллегияси Нуриддин Муфтизодани айбсиз деб топади ва 1937 йил 21 ноябрдаги НКВД “учлик” қарорини бекор қилади.

Бахтиёр ҲАСАНОВ,
тарих фанлари доктори

Баҳром ИРЗАЕВ,
тарих фанлари бўйича фалсафа доктори

Ўхшаш мақола

Туркистон Мухторияти ва унинг қонга ботирилиши тарихидан (1-қисм)

Post Views: 124 1917 йил ёз ойларида Давлат думасига бўладиган сайлов олдидан номзодлар кўрсатиш учун …

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *