Бош саҳифа » Ислом » Мавлиди шариф

Мавлиди шариф

Робиъул аввал ойи мусулмонлар учун ниҳоятда маҳбуб ойдир. Сабаби, бу ойда Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам таваллуд топганлар. У зот Фил йилида Робиъул аввал ойининг ўн иккинчиси, душанба куни (милодий 570 йил, 20 апрель) таваллуд топганлар. Аллоҳ таоло инсониятни ҳалокатдан, залолатдан қутқариш учун, зулматдан ёруғликка чиқариш учун сўнгги Пайғамбарни – Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни юборди. Бандаларига чексиз меҳрибон бўлган Зот – Аллоҳ таоло Ўзининг охирги Пайғамбарининг ҳам умматларига меҳрибон бўлишини истади. Шунинг учун ҳам у зотни Ўзи мукаммал ва гўзал суратда тарбия қилди, одоб берди.

Бу ҳақда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари: «Менга Роббим одоб берди, ўргатди, мени тарбиялади. Одобимни, тарбиямни гўзал қилди», деб айтганлар.

Ҳаммамиз яхши биламизки, Аллоҳ таолонинг каломи бўлмиш Қуръон тиловатидан ва Аллоҳнинг исмлари зикридан кейинги энг афзал, минглаб савобларни ато этувчи каломлар – бу Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга айтилган салавотлар ва саломлардир.

Саҳобалардан тортиб, бугунги кунгача яшаб ўтган олиму уламолар, мусулмонларнинг шон-шарафига айланган азизлар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак оғизларидан чиққан ҳар бир ҳадисни, у зотдан тақрир бўлган ҳар бир сўзни, суннатни эҳтиётлаб, асрлар оша ўзларидан кейинги умматга етказиш йўлида жонларини фидо этдилар. Уларнинг давомчилари бу борадаги ишларни ҳозирги кунда ҳам давом эттирмоқдалар. Ана шундай илмий омонатлардан бири Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шахсларини, ҳаётларини ўргатадиган сийрат илми ҳисобланади. Бу илм ҳижратнинг ўнинчи йилидан кўп ўтмай, ўттиз йиллик чаҳорёрларнинг, буюк ва катта саҳобаларнинг халифалик давриданоқ ривожлана бошлаган. Биринчилардан бўлиб Ваҳб ибн Мунаббиҳ розияллоҳу анҳу Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётлари, сийратлари, у зотнинг ташқи кўринишлари, шакл-шамойиллари ва ахлоқларини ёритиб берувчи асар ёзган. Ундан кейин Абу Муҳаммад Абдулмалик ибн Ҳишом ва Муҳаммад ибн Исҳоқ ал-Матлабий каби катта олимлар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни халққа танитувчи алоҳида катта жилдли китобларни таълиф қилганлар. Ана шундай фидойи кишиларнинг беқиёс хизматлари туфайли бугунги кунда бутун мусулмон уммати ўзининг маҳбуб Пайғамбарларини ажойиб тарзда таниш шарафига муяссар бўлган. Аллоҳ уларнинг барчаларидан рози бўлсин.

Ҳар йили Робиъул аввал ойида бутун мусулмон оламида – араб давлатлари, Хуросон, Покистон, Ҳиндистон мусулмонлари орасида ўз Пайғамбарига бўлган аҳдни янгилаш, у зотга салавотлар йўллаш, иштиёқни кучайтириш, ихлосни ошириш учун у зотнинг ҳаётлари билан боғлиқ асарларни ўқиш, сийратлари билан танишишга қаратилган тадбирлар ўтказиш одат тусига кирган. Бу нарса бизда мавлид ўқитиш деб ном олган. Ҳозир мавлид ўқишнинг тарихи билан қисқача танишиб ўтамиз.

Юқорида исмлари тилга олинган олимлар сийрат бобида катта-катта китоблар таълиф қилганлар. Катта ҳажмдаги китобларни ўқиш, тушуниш арабларнинг ўзи учун ҳам, эндигина мусулмон бўлган бошқа халқлар учун ҳам қийинчилик туғдирар эди. Уларни ўқиб чиқиш учун инсондан вақт, эътибор, ўзига яраша зеҳн талаб қилинади. Бу каби омиллар ҳамма кишиларда ҳам бирдай топилавермаслиги ҳозирги кунда ҳам, ўтган даврларда ҳам тажрибада синалган нарсадир. Шулардан келиб чиқиб, катта-катта китобларни мухтасар шаклга келтириш эҳтиёжи туғилди ва маълум кишилар томонидан бу ишлар амалга оширилди. Лекин аксарият кишилар табиатида насрий жанрдаги асарларни ўқишдан кўра назм йўлида ёзилган асарларни ўқиш, ёд олишга қизиқиш, рағбат кучлироқ бўлади. Бу нарса ҳам асрлар оша тажрибада синалган нарсадир. Шундан келиб чиқиб, биринчилардан бўлиб Ироқда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратларини баён қилувчи назм йўлидаги китоблар таълиф этила бошлади. Кейинроқ бу нарса бутун мусулмон оламига тарқалди. Мисол учун, бизнинг юртимизда Тошкент шаҳрида шомлик (суриялик) шоир ва олим Имом Жаъфар Барзанжийнинг «Мавлидун Набий» номли китоблари, вилоятларда эса кўпроқ Мулла Ҳилватий домланинг эски ўзбек тилида, турк тилида ёзган «Мавлидун Набий» номли асарлари ўқиб келинмоқда. Мақсад, қайси йўл билан бўлса ҳам, мўмин-мусулмонларга ўзларининг маҳбуб пайғамбарлари бўлмиш Муҳаммад мус­тафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ибратли ҳаётлари, туғилган йиллари, кунлари, туғилишлари ҳақида маълумот бериш.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратлари хусусида сўз бошлар эканмиз, энг аввал у зотнинг туғилишлари ҳақида маълумот бериб ўтамиз. У зотнинг боболари Қурайш қабиласининг улуғи Абдулмуттолиб бўлган. Абдулмуттолибнинг тўққизинчи эрка ва суюкли ўғли Абдуллоҳ Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оталари бўлган.

Абдуллоҳ ўта зийрак, ҳалол, Маккадаги қизларнинг ҳавасини келтирадиган даражада ниҳоятда келишган йигит бўлган. Ўзининг сулбидан охирзамон Пайғамбари чиқишидан, умуман, Ислом динидан бехабар бўлган Абдуллоҳ барчанинг ишончини қозонган, ҳалол-пок, ажойиб хулқ эгаси эди.

Абдулмуттолиб ўзи кўрган тушига биноан Замзамнинг ўрнини ковлаётганда ўзига ёрдам берадиган ўғиллари йўқлигидан ўксиб, «Агар Аллоҳ таоло менга ўнта ўғил берса, улардан бирини Унинг йўлида қурбонлик қиламан», деб назр атаган эди. Ўғиллар кўзга кўриниб қолганда Абдулмуттолиб ўзи қилган назрга вафо қилишни, ўғилларидан бирини қурбонликка сўйишни ирода қилди. Лекин ўн ўғилдан қайси бирини сўйишини билмай, қийналди. Охири қуръа ташлаб, кимга чек тушса, ўшани қурбонлик қилишга қарор қилди. Қуръа ташланган эди, Абдуллоҳнинг чеки чиқди.

Бутун Қурайш халқи Абдуллоҳни яхши кўришарди. Отаси уни сўйишга тайёрлана бошлаганда, қурайшликлар қаршилик қилиб:

«Уни зинҳор сўймайсан. Назрингга амал қилмасликка узр ахтар. Агар сен бу ишни қилсанг, бошқалар ҳам ўғлини қурбонликка сўйишга одатланади. Унда одам қолмайди, ахир!» деб туриб олишди.

Бир томонга Абдуллоҳ, бир томонга туялар қўйилиб, қуръа ташланганда ҳар гал қуръа Абдуллоҳга чиқиб, туялар сони юзтага етганда туяларга чиққач, Абдулмуттолиб юзта туяни сўйиб, элга тарқатди.

Абдуллоҳ уйланадиган ёшга етганида, отаси Абдулмуттолиб ўғлига муносиб келин излай бошлайди ва Бану Зуҳра қабиласининг раиси Ваҳбнинг қизи Оминани келин қилиб олади.

Омина Абдуллоҳга узоқроқ қариндош эди. Абдуллоҳнинг акаси Ҳамзанинг онаси Хола эди, Омина эса Холанинг тоғасининг қизи эди.

Тўйдан кейин, кўп ўтмасдан, янги куёв тижорат мақсадида, хурмо олиб келиш учун отасининг тоғалари юрти – Ясрибга жўнаб кетади. Кўп ўтмай, ўша ерда вафот этади. Бу пайтда Оминанинг ҳомиладор бўлганига кўп бўлмаган эди. Ёшгина келин ҳомиладор ҳолида суюкли эридан ажраб, бева қолади.

Кунлар кетидан кунлар, ойлар кетидан ойлар ўтиб, Фил воқеасидан сўнг эллик кун ўтгач, Оминани тўлғоқ тутди. Бу тўлғоқ бошқа оналардаги каби оғриқли тўлғоқ эмас эди. Оминанинг чақалоғининг дунёга келиши бошқа чақалоқларнинг дунё­га келишидан бутунлай фарқ қиларди. Гўёки бир нур – гўдак худди сажда қилаётгандек ҳолда ерга тушди.

Омина гўдакни олиб, қайноталари Абдулмуттолибга хабар юборади. Бу эндигина навқирон ўғлидан ажраб, мусибатда юрган отанинг кўнглини кўтариш учун бир катта тадбир эди. Абдулмуттолиб хурсанд бўлиб келиб, гўдакни қўлига олиб, ўпади ва Каъбанинг ичига олиб киради. Аллоҳ таолога ҳамд айтиб, набирасига Муҳаммад дея исм қўяди. «Муҳаммад» сўзи «Мақтови тинмай янгиланиб турувчи» деган маънони англатиб, бу исм ҳали арабларда тарқалмаган эди.  Шу кундан бошлаб  Муҳаммад исми қиёматгача энг машҳур ва энг ҳурматли исм бўлиб қолди.

Ўша вақтда арабларда бир одат бўларди. Шаҳарда туғилган болалар саҳролик аёлларга эмиздирилар, уларнинг фикрича, саҳронинг ҳавоси ҳам, одамларининг ахлоқи ҳам шаҳарникидан яхши бўлгани учун саҳролик аёлларни эмиб ўсган болалар соғ-саломат, ўткир зеҳнли бўлиб ўсарди. Ўша йили қурғоқчилик бўлиб, одамлар қийналиб қолишган эди. Шунинг учун аёлларнинг нияти ҳам бойроқ оилаларнинг фарзандини эмизиб, бир оз даромад топиш эди. Шунинг учун отаси йўқ етим Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни эмизишга қизиқувчи аёллар топилмади.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни эмизиш бахтига Саъд қабиласидан бўлган Халима исмли аёл мушарраф бўлди. Халиманинг ҳам бойроқ оиланинг боласини олиш нияти йўқ эмас эди. Лекин у юрмайдиган оқсоқ улови сабабли кеч қолиб келган, ҳамма бойларнинг болаларини дугоналари эгаллаб бўлган эди. Аввалига Халима бу чақалоқни олишни истамади, лекин бошқа бола топилмагач, шунча жойдан келиб, қуруқ кетмаслик учун ҳали туғилмасдан етим бўлиб қолган Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни олиб кетишга мажбур бўлди.

Уйга етиб боргунча, йўлда юз берган мўъжизалар, у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам билан боғлиқ кейинги воқеалар тарихдан барчамизга маълум. Болани эмизар экан, бу аёл охирзамон Пайғамбарига кўкрак тутқазаётганини хаёлига ҳам келтирмас эди. Бу аёл йиллар, асрлар оша охирги, энг афзал Пайғамбарнинг эмизган онаси деган номга сазовор бўлиб, мусулмонлар тилида Халимаи Саъдия онамиз деб ҳурматланишини билмас эди. Лекин у ўзи эмизаётган боланинг ҳаётида ажойиб ишлар содир бўлаётганини сезарди. Уйига барака кириб қолганида, моллари тўйиб, даладан елини сутга тўлиб қайтадиган бўлганида, ҳатто бир куни кўчада Муҳаммад билан қўшилиб ўйнаётган болаларини  ухлатиш учун чақириб, «Ташқарида юрманглар, офтоб уриб кетади», деганида, қизчаси: «Онажон, биз Муҳаммад билан ўйнасак, бизга офтоб урмайди. Чунки унинг устида доимо булут соя солиб туради», деганида аёл бу боланинг бошқаларга ўхшамаслигини жуда яхши сезган эди…

Боланинг эмизиш муддати тугаганидан кейин ҳам Халима ундан ажрагиси келмади. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам икки ёшга тўлганларида, у зотни оналари ҳузурига олиб бориб, «Яна бир оз менинг олдимда тарбия топсин», деб илтимос қилди. Омина онамиз бу таклифга рози бўлдилар.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам тўрт ёшга тўлганларида «шаққуссодр» – «кўксини ёриш» номи билан машҳур воқеа содир бўлди. Яъни фаришталар у зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кўкракларини ёриб, шайтоннинг насибасини олганлари ҳақида хабар бердилар. Бундан қўрқиб кетган Халима Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни Омина онамизга қайтариб олиб боради.

Олти ёшга кирганларида оналари у зотни Ясриб шаҳрига Абдуллоҳ ибн Абдулмуттолибнинг қабрини зиёрат қилиш учун олиб борадилар. Макка томон қайтиб келаётганларида, ал-Авбаа номли жойга етганларида Омина онамиз вафот этадилар. Онасининг қорнидаги ҳолида отасидан ажраган Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам олти ёшда оналаридан ҳам ажраб, буткул етим бўлиб қолдилар.

Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни мана шундай тарбия қилаётган эди. У зот бутун оламга, бутун умматга, қиёматгача ер юзида яшаб ўтадиган жамики инсонларга пайғамбар эдилар. Шунинг учун Аллоҳ таоло у зотни одам боласи йўлиқиши мумкин бўлган ҳар қандай ҳодиса, қийинчилик, машаққат билан синаб кўраётган эди. Синовлар ичида энг катта синов, машаққатлар ичида энг катта машаққат етимликдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам туғилганларидаёқ етим бўлиб дунёга келдилар. Олти ёшга етганларида онаизорларидан ҳам айрилиб қолдилар. Албатта, боболари, сўнгра амакилари у зотни боқиб, катта қилдилар, меҳр кўрсатдилар, лекин отанинг дийдорини кўрмаслик, гўдаклик чоғдаёқ онадан айрилиш мисли кўрилмаган мусибатдир. Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни ана шундай синовлар қуршовида вояга етказди.

Қизиқ… Бу не ҳикмат, бу не синоат? Бунинг ҳикмати қуйидагича эди:

Биринчиси – у зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари шафқатли, раҳмли бўлиб, умматга раҳм, меҳр-шафқат кўрсатсин.

Иккинчиси – етимлар учун шараф бўлсин. Бошқа етимлар, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам етим бўлган эканлар, деб бошини баланд кўтариб юрсин, кўнглини чўктирмасин.

Аллоҳ таоло у зот соллаллоҳу алайҳи васалламни аввалига чўпон қилиб қўйди. Маккада икки йил давомида Қурайш аҳлининг молу қўйларини тирикчилик мақсадида боқиб юрдилар. Нима учун? Қўйга бўлган меҳрибонлик таъсирида тарбия топган зот Пайғамбар бўлганда бутун умматига меҳрибон бўлсин. Тарихий манбаларда айтилишича, қўй боқувчи қўйларнинг кетидан юравериб, қўйдаги ҳалимлик, юмшоқлик унинг хулқига ўтиб қоларкан».

Худди шундай бўлди ҳам. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам умматларига ўта меҳрибон зот эдилар. Ҳатто вафот этишларидан олдин у зотнинг сўнгги сўзлари умматлари ҳақида, унга қайғуришлари ҳақида бўлганлиги ҳаммамизга маълум. Аллоҳ таоло мана шундай меҳрибон зотни  Ислом умматига Пайғамбар қилиб юборган экан, тўрт нарса – у зотга иймон келтириш, у зотга итоат этиш, у зотга муҳаббат қилиш, у зотдан ўрнак олиш инсониятга қиёматгача вожиб бўлади.

Қуйида ушбу тўрт нарсанинг вожиблигига далил бўладиган оятлар ва ҳадислар келтирамиз.

Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ислом беш нарсага бино қилингандир: «Лаа илааҳа иллаллоҳу Муҳаммадур Расулуллоҳ», деб шаҳодат келтириш, намозни тўкис адо этиш, закот бериш, ҳаж қилиш ва Рамазон рўзасини тутиш», дедилар».

Бухорий, Муслим, Термизий ва Насаий ривоят қилишган.

Иймоннинг бешта устунининг энг биринчи шарти шаҳодат калимаси, яъни «Аллоҳ таолонинг ибодатга сазовор ягона Зот эканлиги ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳнинг Пайғамбари эканлигига гувоҳлик бераман», дейишдир. Агар «Ашҳаду анна Муҳаммадур-расулуллоҳ» бўлмаса, «Ла илаҳа иллаллоҳ» ҳам қабул қилинмайди.

Аллоҳ таоло «Ҳадид» сурасида икки оятда марҳамат қилади:

«Ҳадид» «Аллоҳга ва Унинг Расулига иймон келтиринглар…» (7‑оят)

Бошқа бир оятда эса:

««Ҳадид» «»Эй иймон келтирганлар! Аллоҳга тақво қилинглар ва Унинг Расулига иймон келтиринглар…» (28-оят)

Ушбу ояти карималар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга итоат этиш вожиблигини кўрсатади.

Яна Қуръони каримда Аллоҳ таоло Ўз Пайғамбарига қарата айтади:

Оли Имрон «Агар Аллоҳни севсангиз, бас, менга эргашинг, Аллоҳ сизни севадир ва сизларнинг гуноҳларингизни мағфират қиладир. Аллоҳ ўта мағфиратлидир, ўта раҳмлидир»,  деб айт» («Оли Имрон» сураси, 31-оят).

Ким Аллоҳга муҳаббати борлигини даъво қилса, бу даъвонинг тўғри ёки нотўғрилиги ҳақидаги ҳукм унинг Набий алайҳиссаломга эргашишига, итоат этишига қараб чиқарилади. Агар у Набий алайҳиссаломга тўғри эргашса, даъвоси тўғри. Эргашмаса, тўғри эмас. Пайғамбар алайҳиссолату вассаломга эргашиш ҳар бир бандага битмас-туганмас бахт-саодат келтиради.

«Ҳашр» «…Расул сизга нимани берса, ўшани олинглар ва нимадан қайтарса, ўшандан қайтинглар. Аллоҳдан қўрқинглар. Албатта, Аллоҳ иқоби шиддатли(Зот)дир» («Ҳашр» сураси, 7-оят).

Ушбу оят у зотдан ўрнак олиш мусулмонлар учун вожиблигини кўрсатади.

Имом Бухорий Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда айтилади:

«Умар розияллоҳу анҳу: «Эй Аллоҳнинг Расули! Аллоҳга қасамки, сиз мен учун ўзимдан бошқа ҳаммадан кўра маҳбуброқсиз», деди.

Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Йўқ, эй Умар! Токи мени ўзингдан ҳам маҳбуброқ кўрмагунингча бўлмайди», дедилар.

Умар розияллоҳу анҳу: «Эй Аллоҳнинг Расули! Аллоҳга қасамки, албатта, сиз мен учун ҳамма нарсадан, ҳатто ўзимдан ҳам маҳбубсиз», деди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ана энди бўлди, эй Умар», дедилар».

У зот бошқа бир ҳадисда айтадилар:

«Ким учун мен унинг ўзидан, ота-онасидан, ҳамма яқинларидан кўра яқинроқ бўлмагунимча комил мусулмон бўла олмайди».

Бир куни бир одам: «Ҳеч тасаввур қила олмайман, қандай қилиб Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам биз учун энг меҳрибон ва яқин бўлган ота-онамиздан ҳам суюклироқ бўлиши керак экан», дебди. У одам бу гапни ўз тасаввури ва дунёқарашидан келиб чиқиб айтган эди. У кишининг эътирозига жавоб қуйидагичадир: Қиёмат куни ҳамма ўзи билан ўзи овора бўлиб қолади. Яна савобимиздан сўраб қолмасин, деб ота-она ўз фарзандидан, фарзанд ўз ота-онасидан қочади. На ака-ука, на ота-она, на эр-хотин, на ошна-оғайни бир-бирига ёрдам беради. Ҳамма ўзини ўйлаб, аҳволи танг бўлиб турган ўша Кунда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга шафоат қилиш ҳуқуқи берилар экан. У зот: «Гуноҳи кабира қилган уммутимга менинг шафоатим бордир», деганлар.

Шуни таъкидлаб ўтиш лозимки, юқорида санаб ўтилган тўрт нарса, яъни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга иймон келтириш, итоат этиш, муҳаббат қилиш, у зотдан ўрнак олиш учун биз етти нарсани – у зотнинг ҳаётларини, сийратлари ва сифатларини, суннатлари ва хулқларини, хилқатлари ва таржимаи ҳолларини билишимиз лозим. «Вожибга олиб борадиган йўл ҳам вожибдир» деган қоида шу ерда иш беради. У зот ким бўлганлар, қандай яшаганлар, атрофдагилар билан қандай муомалада бўлганлар – буларнинг барчасини билганимиздан сўнггина биз юқорида зикри келган вожиб амалларни бажаришга интиламиз.

Сийрат олимлари алоҳида китоблар ёзиб, уларда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратларини батафсил ёритиб берганлар. Ватандошимиз Имом Термизий раҳматуллоҳи алайҳининг қаламига мансуб «Шамоили Муҳаммадия» номли асар бу бобда таълиф этилган китоблар ичида энг машҳури саналади.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларини ўрганиш, билиш, уларга амал қилиш ҳар бир мусулмоннинг бурчидир. Суннатни кишилар ниҳоятда тор доирада тушунадилар. Ҳолбуки, у ниҳоятда кенг маъноларни, тушунчаларни ўз ичига олади. Шунинг учун ҳам суннатга муҳаддислар бошқача, фақиҳлар бошқача, усулул фиқҳ олимлари яна бошқача таъриф берадилар.

Муҳаддислар истилоҳида суннат – Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан асар бўлиб қолган гап, иш, тақрир, халқий (тана тузилиши), ахлоқий сифатлар ва таржимаи ҳолга тегишли маълумотлар.

Фуқаҳолар истилоҳида суннат – шариат томонидан жазм этмаган ҳолда талаб қилинган нарса бўлиб, уни қилган одам савоб олади, қилмаган одам иқобга қолмайди.

Усули фиқҳ уламолари истилоҳида суннат – Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан содир бўлган, шаръий ҳукмга далил бўлишга салоҳияти бор ҳар бир гап, амал ёки тақрир.

Биз фарз, вожиб, суннат амалларни ажратишда кўпинча хатоликларга йўл қўямиз. Шариат қилишни жазм ила, шубҳасиз ва қатъий далил билан талаб қилган, Қуръони Карим ила собит бўлган, яъни Аллоҳ таоло буюрган амаллар фарз амаллардир.  Бундай амалларни қилган одам савобга қолади, қилмаган одам гуноҳкор бўлади, инкор қилганлар эса кофир бўлади. Вожиб амалларнинг ҳукми ҳам худди шундай.

Суннат уч хил бўлади: суннати муаккада, суннати машҳура, суннати зоида.

Суннати муаккада, яъни таъкидланган суннат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам домо қилиб юрган, узрсиз тарк қилмаган, тарк қилиш ёмон кўрилган ва маломатга сабаб бўладиган, бажариш диннинг баркамоллигидан ҳисобланган амаллар. Жамоат билан намоз ўқиш, азон, суннат намозлар шулар жумласидандир. Бу даражадаги суннат вожибдан кейинги ўринда туради.

Суннати машҳура – машҳур суннат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан қилинган ривоят бўлиб, адади мутавотир даражасига ровийларидан битта ёки иккита етмай қолганидир. Саҳобалардан кейинги иккинчи асрдаги тобеъинлар ва учинчи асрдаги табаъ тобеъинлар адади мутавотир даражасида, аммо саҳобалар озчилик бўлганидир. Душанба, пайшанба кунлари рўза тутиш шунинг мисолидир.

Суннати зоида – ейиш-ичиш, юриб-туриш, ухлаш каби ишларда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга иқтидо қилиш. Суннати зоидага амал қилиш суннат эмас, мубоҳ бўлади. Мисол учун, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдек ухлайман, юрганларидек юраман, дейиш мубоҳ бўлади. Тўғри, у зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ейиш-ичишларида, ухлашларида, юриш-туришларида баъзи таъкидланган жойлари бор, уларга амал қилиш суннат, лекин улардан ташқариси мубоҳдир. Уламоларимиз ҳар йили Робиъул аввал ойида мавлидларни жорий қилиб, ҳар бир мусулмон билиши лозим бўлган ана шундай нарсаларни ўрганиш, ўргатиш ишларини йўлга қўйганлар.

Ҳар бир халқ, ҳар бир дин, ҳар бир тузумда ўз улуғларининг туғилган кунлари, ойларини нишонлаш анъанаси мавжуд. Биз мусулмонлар ҳам раҳнамомиз, раҳбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг туғилган кунлари, ойларини яхши билишимиз, эътиборли бўлишимиз, уни муносиб нишонлашимиз лозим. Лекин минг афсуски, бизда мавлид ҳозирги кунгача бир оз ихтилофли масалалардан бири бўлиб келмоқда. Бу муборак ой ҳар йили тортишувлар билан қарши олинади: бир томон мавлид қилишни бидъат дейди, иккинчи томон эса уни ёқлаб чиқади. Икки томон ҳам бутун куч-ғайратини сарфлаб, ўз фикрини оқлашга ҳаракат қилади. Албатта, мавлидни бидъат дейдиганлар ҳам, уни ёқлайдиганлар ҳам бу билан ўзларининг Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган муҳаббатлари чексизлигини намойиш этишга уринадилар. Лекин аслида бу каби тортишувларга сарфланган куч-ғайратни, вақтни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни танишга, у зотни ёшларга, халқимизга танитишга, айниқса, ёшларга таълим-тарбия, одоб бериш масалаларида у зотнинг берган таълимотларидан унумли фойдаланишга сарф қилсак, тўғри йўл тутган бўлардик.

Бугунги кунда халқимиз, хусусан ёшларимиз орасида омонатдорлик, ҳалоллик, ҳалимлик, сахийлик, умуман, барча яхши сифатлар кун сайин йўқолиб бормоқда.  Бугун дунё олимлари Макка ва Мадинада, ҳатто Ҳарамда ёшлар орасида ўзидан катталарга салом беришдек Қуръони каримда, ҳадисларда улуғланган хислат камёб нарсага айланиб бораётганидан ҳавотирга тушиб, катта-катта илмий анжуманларда шу масалани кўтариб чиқишмоқда. Бу нарса ёшлар орасида одобсизликнинг, ёши катталар орасида эса субутсизликнинг пайдо бўлишига олиб келмоқда.

Одамлар орасида омонатдорлик деган сифатнинг йўқолиб бориши натижасида ўзаро ишончсизлик кучайиб, кишилар ҳеч кимга ишонмайдиган бўлиб бормоқда. Бир одам шерикчиликни илтимос қилиб келса, алдаб, чув тушириб кетмасмикан, дея чўчиб турадиган аҳвол юзага келди. Бу нарса ҳам одамлар орасидаги меҳр-оқибатни кемириб тугатадиган энг катта иллатлардандир. Фарзандларимизга таълим-тарбия беришда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўгитлари, насиҳатларини асосий қўлланма қилиб олишимиз, ўзимиз ҳам у зотнинг ҳаётларидан ўрнак олиб яшашимиз бу иллатларнинг давосидир.

Раҳматуллоҳ САЙФУДДИНОВ

Юнусобод тумани бош имом-хатиби,
Тошкент Ислом Институти ўқитувчиси,
«Мирза Юсуф» жоме масжиди имом-хатиби

Ўхшаш мақола

Тошкентдаги Усмон Мусҳафи тарихи (2-қисм). Қуръони каримнинг саҳифаларга жамланиши. Етти хил қироат

Post Views: 969 1-қисмни ўқиш… Сура ва оятлар тартиби Шундай қилиб, Қуръони карим Расулуллоҳ соллаллоҳу …

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *