Бош саҳифа » Тошкент тарихи » Лашкар қушбеги

Лашкар қушбеги

ЛАШКАР ҚУШБЕГИ, Fуломшоҳ (1842 йилда вафот этган) – Тошкент ҳокими (1810–40); Читрол вилоятидан чиққан эроний қуллардан. Қўқон хонлиги даврида юқори лавозимларни эгаллаган. 1809 йилда Олимхон Тошкентни босиб олгач, Лашкар қушбегини девонбеги лавозимида шаҳар ҳокими этиб тайинлаган. 1810 йил Олимхон ўлдирилгач, тахтга ўтирган Умархонни Тошкент зодагонлари совғалар билан дабдабали кутиб олишган. Лашкар девонбеги ва унинг ўғиллари хон томонидан алоҳида тақдирланган. Хон унга қушбеги (ҳарбий қўшин бошлиғи) мансабини берган. 1816 йил Туркистон шаҳрининг Умархон томонидан эгалланишида Лашкар қушбеги роль ўйнаган. Лашкар қушбеги ўз қўшини билан 1818 йилда Умархоннинг Ўратепа ва Жиззахга (1819) қилган юришида қатнашган. 1830 йил сентябрда Лашкар қушбеги 15 минг қўшини билан Муҳаммад Алихоннинг Қашқарга қилган юришида иштирок этган. Қўқон қўшини Шарқий Туркистондаги Янги Ҳисор, Ёркенд, Хўтан шаҳарларини эгаллаб, Оқсув ва Учтурфонга қадар етганлар, кўп қийинчиликлардан сўнг Қашқар вилоятидаги Гулбоғни қамал қилишган. 3 ой давом этган қамалдан сўнг, кўп сонли Хитой қўшини яқинлашаётганидан хабар топган қўқонликлар 70 минг қашқарликни ўзлари билан олиб қайтганлар. Лашкар қушбеги уларнинг бир қисмини Тошкентга келтириб жойлаштирган (шаҳарнинг Қашқар маҳалласи номи шундан). 1835 йил Лашкар қушбегига бекларбеги унвони берилган.

Лашкар қушеги даврида Тошкентда кенг кўламда ободончилик, қурилиш ишлари амалга оширилган (Бекларбеги мадрасаси, Қўқон ўрдаси, Лашкар қушбеги саройи ва бошқалар қурилган). Янги маҳаллалар (Қашқар маҳалласи, Қушбеги, Девонбеги ва бошқа маҳаллалар) вужудга келган. Тошкентнинг шарқий қисми (Қўйлиқ дарвозасидан Тахтапул дарвозасигача бўлган ерлар) шаҳарга қўшиб олинган ва бу жой Янги шаҳар номини олган (Муҳаммад Солиҳхўжа). Шаҳар мудофаа деворлари таъмирланиб, янги дарвозалар (Қашқар, Қўқон, Қўймас) ўрнатилган, шаҳар ҳудуди кенгайтирилган. Лашкар қушбеги Анҳор каналининг чап соҳили (тахминан ҳозирги «Анҳор» кафеси ўрни ва унинг ён атрофи)да янги ўрда қурдирган.

«Тошкент» энциклопедияси. 2009 йил

Ўхшаш мақола

Тошкент қозилари

Post Views: 976 Ўрта Осиёда ҳуқуқий масалалар кўп асрлар давомида ислом шариати аҳкомларига кўра қозилар …

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *