Бош саҳифа » Жадидчилик » Жадидлар. Абдулмажид Қодирий (Қодиров)

Жадидлар. Абдулмажид Қодирий (Қодиров)

Мажид Қодирий (Қодиров) (Абдул-Мажид Қодирий), ҳақиқий исми Абдул-Мажидхон Қори Абдул Қодирхон Қори ўғли (2 октябр 1886 Қори ёғди маҳалласи, Тошкент – 5 октябр, 1938, Юнусобод, Тошкент) – олим, ўзбек адиби, ўзбек тилидаги биринчи адабиёт, тарих ва математика дарсликлари муаллифи, жамоат арбоби ва публицист, Туркистонда жадидчилик ҳаракати асосчиларидан бири.

majid_qodiriy_in_1918

Биографик маълумот

Мажид Қодирий (Қодиров) Тошкент шаҳрининг Шайхонтоҳур даҳасидаги Қори ёғди маҳалласида, руҳоний оиласида, ҳижрий 1304 йил Муҳаррам ойининг 4 кунида таваллуд топган. Эски шаҳар мактабини, сўнгра мадрасани тамомлаган. Дастлабки меҳнат фаолиятини Тошкентдаги туркий “усли-савтия” (эски усул) мактабда бошлаган, кейинчалик “усули-жадидия” (янги усул) ҳамда рус-тузем мартабларида ва мадрасаларда таълим берган.

Форс, араб, усмоний турк, рус ва инглиз тилларини мукаммал билган.

1906 йилдан бошлаб рус-тузем мактабларида таълим берган, 1917 йилдаги инқилобдан аввал Тошкентдаги ўрта мактабларда дарс берган ҳамда уларда мудирлик қилган.

1918-1921 йилларда Тошкентда жадидчилик ҳаракати томонидан ташкил этилган “6-нчи Турон мактаби”да мудир.

1918 йилда Коммунистик партия аъзолигига қабул қилинган.

1920-1921 йилларда – Тошкентдаги табиий ҳамда тарих фанлари педлабараториясида мудирлик қилган.

1921 йилда Бойскаут мактабида дарс берган.

1921 йилдан бошлаб Туркистон давлат университетининг Эски шаҳар ишчи факультетида ўзбек тили муаллими сифатида ўз меҳнат фаолиятини бошлаган.

1921—1923 йилларда Ишчи факультети декани ҳамда университетнинг “Тажриба-изланиш” лабораториясида мудир.

1923 йилнинг 23 мартида мамлакат тараққиёти йўлидаги алоҳида меҳнатлари учун “Меҳнат Қаҳрамони” унвони билан тақдирланган.

1923—1925 йилларда “Табиатни муҳофаза қилиш” музейи мудири.

1924 йилда Тошкенда жойлашган Вақф шўбаси ходими бўлиб ҳам фаолият юритган.

1925 йилдан бошлаб Ўрта Осиё осориатиқаларни сақлаш қўмитаси ходими.

1925 йилда Парижда очилган кўргазмада Ўзбекистон Республикасининг вакили сифатида иштирок этган. Парижга кетаётиб, Берлинда тўхтаб, Германияда таҳсил олаётган ўзбек талабалари билан учрашган.

1928 йилда Тошкент шаҳрида Ўрта Осиё университети қошида ташкил этилган “Физика кабинети” мудири.

majid_qodiriy_ref_letter_central_asiatic_university_tashkent

1928—1930 йилларда Ўрта Осиё университетининг Ишчи факультетида декан ҳамда тарих фанлари кабинетининг мудири.

1929 йилнинг бошида Коммунистик партия аъзолигидан маҳрум этилди ва 1930 йилда барча масъул лавозимлардан озод этилди. Сабаби, 1929-1930 йиллардаги пролетариат ҳамда совет мустамлакачиларининг ашаддий тарафдорлари томонидан ёғдирилган туҳматлар ҳамда матбуотда босилган фелетонлар. Исботи топилмаган гумонлар билан айбланган.

Мажид Қодирий 1930 йилдан сўнг ҳам мактаб ва Ўрта Осиё университетида таълим бериб келган.

1937 йилда НКВД ходимлари томонидан “халқ душмани” айби билан қамоққа олинган. Расмий ҳужжатларда 1938 йилнинг 2 апрель куни ҳибсга олинган деб кўрсатилган.

1938 йилнинг 12 сентябрида “тройка” томонидан олий жазога ҳукм қилинган, ҳукм (СССР Олий судининг Ҳарбий коллегияси, 05.10.1938 — Олий жазо ҳукми) Туркистон тарихидаги энг қонли кун – 1938 йилнинг 5 октябр куни ижрога келтирилган (Россия Федерацияси давлат архиви, 24 жилд, 418 иш, 114 варақ).

Ўзбек миллатининг энг кўзга кўринган 507 нафар зиёлилари Юнусободнинг Оқтепасида “халқ душмани” сифатида қатл қилинган; Ўзбекистон мустақилликка эришгандан сўнг, шу жойда “Қатағон қурбонлари хотирасига” ёдгорлик мажмуаси бунёд этилган.

Мажид Қодирий СССР Олий судининг Ҳарбий коллегияси томонидан 13.02.1958 санасида далиллар йўқлиги сабабли реаблитация қилинган ва Коммунистик партия аъзолигига тикланган.

Мажид Қодирий оиласи

Мажид Қодирий ҳамда аёллари Меҳринисохон Мирсагатовалар оилаларида 6 нафар фарзандлари бўлган: ўғиллари Қуддусхон, Рамзихон, Рашодхон, Эркинхон, Ўткирхон ва қизлари Нафисахон.

Афсуски, Мажид Қодирийнинг ота-оналари ҳақида маълумотлар сақланиб қолмаган, қисқа маълумот Мажид Қодирийнинг ўз қўли билан Ўзбекистон ССР халқ таълими комиссарияти учун тўлдирилган таржимаи ҳолида келтирилган. Мажид Қодирийнинг оталари Абдул-Қодирхон Қори диний идора ходими бўлган (таржимаи ҳолнинг асл нусхаси Ўзбекистон марказий архивида сақланади). «Халқ душмани» сифатида ҳибсга олингандан сўнг, НКВД томонидан таъқибдан қўрқиб кўп дўстлари ва қариндошлари узоқлашиб кетган. Меҳринисохоним болаларини таъқибдан асраб қолиш учун ўзининг ота-онаси ва турмуш ўртоғи Мажид Қодирий ҳамда унинг ота-онаси ҳақида гапирмасликка ҳаракат қилган.

majid_qodiriy_taking_participation_in_educational_conference_in_old_part_of_tashkent-_photograph_from_newspaper_article_1921

Маърифий фаолияти

Мажид Қодирий биринчи ўзбек тилида чоп этилган ва янги-услуб мактабларида таълимга тадбиқ этилган арифметика (Мажид Қори, “Ҳисоб (Математикадан бошланғич таълим асослари)”, Тошкент 1910 йил (1913 ва 1915 йилларда “Туркистон Кутубхонаси” нашриёти томонидан қайта нашр қилинган), география (Мажид Қори, “Жуғрофия”, Тошкент 1911 йил) ва чиғатой-туркий (ўзбек) тилдаги грамматика китобларининг муаллифидир. Китоблар нашр этиш билан, шунингдек, жадидлардан бўлган Саидрасул Азизий, Мунавварқори Абдурашидхонов, Муҳаммад Расулий, Шокиржон Абдураҳимжонов, Абдулло Авлоний, Ҳамза Ниёзий, Абдувоҳид Мунзим, Садриддин Айний ва бошқалар ҳам шуғулланишган.

Янги-усул мактабларида таълим жараёнининг муваффақиятли ривожланишига ўша даврда ягона ўқув методикасининг йўқлиги халақит бераётган эди. Мусулмон мактабларида янги ўқитиш услубининг жорий этилиши тарафдорлари бу масалани бир неча марта турли даражаларда муҳокама қилишган эди. 1910 йилнинг сентябрида Мунавварқори Абдурашидхонов Туркистонда давлат даражасида умумий дастурлар ва дарсликлар жорий этилишини сўраб мактаб таълим ислоҳотини амалга ошириш бўйича Давлат думасига ариза юборди. Худди шу масала 1914 йилнинг май ойида Шайхонтоҳур даҳа қозисининг уйида тўпланган кенг кўламда илғор зиёлилар вакиллари томонидан муҳокама этилади. Йиғилиш иштирокчилари ягона ўқув методикасининг жорий этилиши мактаб таълим жараёнини муваффақиятини ҳамда ўқувчиларни бир мактабдан иккинчи мактабга ўтишида муаммолардан халос бўлиш йўли сифатида таъкидлашган. Йиғилишда ягона ўқув методикасини ишлаб чиқиш ҳамда тадбиқ этиш бўйича масъул қўмита ходимларини тасдиқлашди, уларга янги усул мактаб муаллимлари: Мунавварқори Абдурашидхонов, Қори Самиғ Зиёев, Шокиржон Муҳаммад Расул, Абдуллоҳ Авлоний (“Садои Туркистон” газетасининг корректори) ва рус-тузем мактаби муаллими Абдул Мажид Қори Қодирий тасдиқландилар (Ўзбекистон Республикаси Марказий архиви, фонд Р-461, 1 жилд, 1260 иш, 22 варақ).

Туркистон жадидлари таълим муассаларида дунёвий фанларни жорий қилиш билан бирга анъанавий фанларни ислоҳ қилишга улкан ҳисса қўшишган ва илм олиш хоҳиши бўлган кам таъминланган оилаларга бебаҳо ёрдам кўрсатди. Уларнинг саъй-ҳаракатлари туфайли Тошкентда “Турон”, Бухорода “Тарбияи атфол”, Қўқонда “Ғайрат” хайрия жамғармалари ва ўндан ортиқ корхона, ноширлик уйлари, кутубхоналар ташкил этилди. Мунавварқори ва Авлонийлар 1909 йилда таъсис қилинган “Жамияти хайрия” биринчи хайрия жамғармасининг асосчилари бўлишди. Бу жамиятнинг асосида, 1913 йилда Тошкентнинг зиёлилари ҳамда бадавлат инсонлари тарафидан “Турон” жамияти ташкил этилди. Жамият негизида “Турон” драма-труппаси, “Турон” кутубхонаси ва ўқув зали, “Туркистон кутубхонаси” нашриёти ташкил этилди. Жамият негизидаги “6-нчи Турон” мактабида (1918 йилда) ташкил этилганидан бошлаб то 1921 йилда Туркистон давлат университетига ишга ўтишига қадар Мажид Қодирий мудирлик қилган.

1923 йилда “Туркистон” газетасининг 1 январь сонида янги услуб таълим дастурларини тарғиб қилиш учун “Нашри- Маориф” жамиятини ташкил этилгани ҳақида маълум қилинди. Бу жамият асосчилари Мунавварқори Абдурашидхонов, Маннон Рамз Шокиржон Раҳимий, Заҳириддин аълам Элбек, Шаҳид Эсон, Салимхон Тиллахонов, Ҳамид Сулаймон, Холмуҳаммад Оҳундий ва Мажид Қодирийлардир.

Мажид Қодирий Туркистон таълим соҳасида ислоҳотларни амалга ошириш ва ўзбек халқининг саводхонлик даражасини ошириш йўли билан озодликка олиб чиқишнинг ашаддий тарафдори эди.

Профессор Наим Каримов ўзининг “Жадидчиликни асос топиши – миллий ғоянинг асоси сифатида” мақоласида Туркистон жадидларини шундай таърифлайди: “Жадидчиликнинг энг яхши вакиллари, улар кўпчиликни ташкил этган, албатта, халққа ва Ватанига хизмат қилган. Уларнинг бутун ҳаёти катта тарихий мақсад – мазлум халққа зиё нурини ёғдириш, унга бахтли ҳаёт сари йўлни кўрсатиш, ўзига нисбатан ҳурмат ва ғурур ҳиссини уйғотиш, ота-боболари яшаган ерга эгалик ҳиссини уқтиришга бағишланди”.  Мажид Қори Қодирий – зиёли инсон, юксак маънавият соҳиби ҳамда ўзбек халқининг буюк фарзанди ва ўз даврининг қаҳрамони сифатида одамларнинг хотирасида қолди.

  1. Мажид Қодирий томонидан матбуотда эълон қилинган мақолалар:
  2. Эски шаҳар Шайхонтоҳур даҳа Оқмасжид маҳалласидаги 3 болалар боғчасида “Ишчи факультет” очилур. “Қизил байроқ”, 10 ноябрь 1921 йил сони.
  3. Эски Тошкент факультети тўғрисида. “Қизил байроқ”, 1 август 1922 йил сони.
  4. Тажриба кабинетлари. “Қизил байроқ”, 13 апрель 1923 йил сони.
  5. Ахлоқсиз болалар уйи очилсин. “Туркистон” 13 январь 1924 йил сони.
  6. Ўқиш йилига обём. “Туркистон” 31 октябрь 1924 йил сони.
  7. Маориф уйининг расм кушоди. “Туркистон” 17 июл 1924 йил сони.
  8. Зарафшон музофотида тарих, осориатиқалар қўмитаси. “Қизил Ўзбекистон” 16 март 1925 йил сони.
  9. Ўзбекистон музаси. “Қизил Ўзбекистон” 24 март 1925 йил сони.
  10. Бойларнинг мақтаниш уяси. “Ер юзи” журнали, 2-сон, 1925 йил.
  11. Париж хотиралари. “Ер юзи” журнали, 3-сон, 1925 йил.
  12. Парижда Ўзбекистон. “Ер юзи” журнали, 7-сон, 1926 йил.
  13. “Нозик маданият” жойлашган ер. “Ер юзи” журнали, 20-сон, 1927 йил.
  14. Жаҳон йўлларининг манзили. “Ер юзи” журнали, 23-сон, 1927 йил.
  15. Чопқир отлар. “Ер юзи” журнали, 25-сон, 1927 йил ва бошқалар.

Сталин террори (Сиёсий репрессия)

Мажид (Мажит) Қодирийнинг исми Ўзбекистон ССР бўйича “Сталиннинг отиш рўйхатлари”га киритилган. Бу рўйхатга партия, халқ хўжалиги, ҳарбий ва илм-фан соҳасида ишлаб келган юқори ва ўрта даражадаги раҳбарлар кирган. Рўйхатлар НКВД органлари томонидан тергов якунланиши билан тузилиб ВКП(б) Марказий Ўўмитаси Сиёсий бюросига тасдиқлаш учун юборилган. 2-5 аъзо томонидан тасдиқланиши билан тергов ишлари “юридик расмийлаштириш” учун СССР Олий суди Ҳарбий ҳайъатига юборилган.

Рўйхатлар тоифаларга ажратилган бўлиб, 1-чи тоифага (катта қисмни ташкил қилишган) отиш, ўлим жазосига ҳукм қилинганлар киритилган. Олий суд Ҳарбий ҳайъатининг (бу ҳолда – унинг Тошкент сайёр сессияси) суднинг махсус тартиби деб аталиб, прокурор ва адвокат иштирокисиз ҳукм чиқарган. Ишни кўриб чиқиш учун кўпи билан 20-30 дақиқа вақт ажратилган, қарор устидан шикоят қилиш имкониятисиз, ҳукмни ижрога яқин соатлар ичида келтирилиши билан амалга оширилган. Мажид Қодирий киритилган рўйхат 1938 йил 12 сентабрда Сталин, Молотов ва Жданов томонидан тасдиқланган (маълумот “Мемориал” фонди томонидан 2009 йилда тақдим этилган).

majid_qodiriy_rehabilitation_after_reressions_ref_letter_issued_in_1958

Муаллиф – Фарруххон Пўлатов, Мажид Қодирийнинг авараси

 

Ўхшаш мақола

2-қисм. Туркистон Мухторияти ва унинг қонга ботирилиши тарихидан

Post Views: 314 Мухторият олиш учун ишни нимадан бошламоқ керак? Мулоҳазали кишилар “Олдин Петербургнинг бу …

9 комментариев

  1. Бахтиёр

    Ассалому алакум! мен Эгамов Бахтиёр жадидчилик ҳаракати бўйича тадқиқот олиб бораман. Сизлардан илтимос ушбу мақола муаллифи бидан боғланишга ёрдам берсангиз, 97 400 75 33

  2. Ассалому алайкум. «Қори еғди” махалла номини келиб чикишига тавсилот берилса яхши булар эди.

    • Ваалайкум ассалом. Ушбу мақолада сиз сўраган маълумотлар келтирилган: https://shosh.uz/shayhontohur-dahasi-qashqar-qiyot-qoryogdi-mahallalari/

    • Фарруххон

      Махалла ахолисини фикри буйича, Кори ёгди махалласи, шу ерда уша вактнинг зиёлилари, корилари истикомат килишган. Шунга махаллада корилар куп деган маънода, кори-ёгди деб ном кетган. Махалланинг асосий кисми, октябрь массиви (штаб) деган жойга кучириб юборилган. Хозирги кунда уша ердаги махаллага Кори ёгди номи берилган.

  3. Фаттох ака

    Фарруххон Полатов билан боглансак боладими телефон ракамини олишни иложи борми

  4. Ассалому алайкум. Мажид Қодирий ҳақида ушбу мақоладан ташқари янги тадқиқотлар бўлса, “Халқ сўзи” газетасига мақола қилиб бермоқчи эдим. Тел: 93 3341055

Добавить комментарий для Фаттох ака Отменить ответ

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *