Давоми
6. Қадарнинг яхши ёмони, ширин аччиғи Аллоҳ таолодан эканилигига иймон келтириш.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “Албатта, Биз ҳар бир нарсани ўлчов ила яратдик”, деган (Қамар сураси, 49 оят).
Ўзбек тилида “ўлчов” деб таржима қилинган сўз оятда “қадар” лафзи бўлиб келди. Ислом ақидасига кўра “қадар” Аллоҳ таоло азалда Ўз илми ва иродаси ила ҳар бир нарсани ўлчовли қилиб қўйганига эътиқод қилишни билдиради. Аммо ушбу оддий тушунчанинг бузиб кўрсатилиши оқибатида қазо ва қадар ақийдасига турли нотўғри тушунчалар аралашиб кетган.
Уламоларимиз “қазо” ва “қадар”ни қуйидагича таърифлайдилар:
“Қазо Аллоҳ таолонинг ҳамма нарсаларнинг келажакда қандай бўлишини азалдан билишидир”.
“Қадар ўша нарсаларнинг Аллоҳнинг азалий илмига мувофиқ равишда вужудга келишидир”.
Аҳли сунна вал жамоа мазҳабига биноан, балоғатга етган мусулмонга Аллоҳ таоло бандаларнинг ҳамма ишини, махлуқотларга боғлиқ нарсаларни аввалдан билишига иймон келтириш вожиб бўлади.
Ўтган уламоларимиздан ал Хаттобий қуйидагиларни айтадилар: “Кўпчилик одамлар қазо ва қадарни “Банданинг Аллоҳ таоло томонидан Ўзи тақдир қилиб қўйган ишлага қаҳр билан мажбур қилиниши” деб ҳисоблайдилар. Уларнинг бу фикрлари нотўғридир. Қазо ва қадарнинг маъноси банларнинг келажакда бўладиган ишларини Аллоҳ тамонидан муқаддам билиб турилишидир”.
Шу ерда табиий “Илмга боғлиқ бўлса, тушунарли, аммо ҳамма нарса Аллоҳнинг иродаси билан бўладику? У ҳолда бандага нима қолади?” деган савол пайдо бўлади.
Бу саволнинг жавоби икки қисмга бўлинади.
Биринчи қисм — дунёдаги инсоннинг дахли йўқ нарсалар. Фақат Аллоҳ таолонинг қудрати билан бўлади. Мисол учун, инсон ақлининг ўткир ёки ўтмаслиги, гавдасининг турлича, ҳуснининг чиройли ёки ҳунуклиги, туғилиш вақти ва жойи, эркак ёки аёллиги ва шунга ўхшаш бир қанча ишлар борки, уларга инсоннинг ҳеч қандай дахли йўқ. Инсон бу нарсалардан “Нега қоматинг узун, ёки пакана”? ёки “Нима учун фалон куни туғилдинг, фалон куни ўлдинг”? деб сўроқ қилинмайди. Буларнинг ҳаммаси Аллоҳдан. Бу турдаги қадарга иймон келтириш ҳар бир мўмин мусулмонга вожибдир.
Иккинчи қисм — инсон томонидан содир этилган иш ва амалларга боғлиқ. Буларда инсоннинг дахли бор, у бу ишларда ўзининг хоҳиши, ихтиёри ва ҳаракати билан иштирок этади. Масаланинг нозик жойи ҳам шу ерда.
Мусулмончиликнинг соф ақийдаси эса Аҳли сунна вал-жамоа мазҳабида ўз аксини топган. Бу ақийдага биноан, инсоннинг ихтиёрий амаллари Аллоҳ халқ қилган нарсалар жумласидандир. Чунки дунёда Аллоҳ халқ қилган, яратган нарсалардан бошқа нарса бўлиши мумкин эмас. Лекин бу инсон ўз ишини мажбур бўлиб қилади, яъни ҳар қандай ишни бажариб туриб: “Аллоҳ шуни хоҳлабдида шунинг учун қилдим, менда айб йўқ” дегани эмас. Чунки инсоннинг масъул бўлиб сўраладиган ишлари ҳам мана шу каби ўзининг амалига боғлиқ бўлиқ бўлган масалалардадир. Чунки инсон бир ишни амалга оширадиган бўлса, ўша ишни амалга ошириш учун икки нарсага боғлиқ бўлади. Биринчиси уни амалга ошириш учун зарур бўлган омиллар. Иккинчиси инсоннинг ўша ишни амалга ошириш учун йўналганлиги туфайли хоҳиш эгаси ҳисобланади. Ҳамда ана шу ихтиёри туфайли амалга оширган ишидан жавобгар бўлиб сўралади.
Масалан бир инсон қўли билан вараққа бир нарсани ёзмоқчи бўлди. Бу ишнинг ташқи омиллари одамнинг қўли, қўлининг томирлари, пайлари ва бошқа Аллоҳ халқ қилган нарсалардир. Шунингдек варақ, қалам ва уларга ёзиш хусусиятларни Аллоҳ халқ қилган. Ушбу нарсаларнинг бирлашиб ҳаракат қилиши оқибатида вараққа бир нарса ёзилади. Буларнинг барчаси Аллоҳнинг қудрати ва яратиши билан бўлишига шубҳа қолмаган бўлса керак. “Аллоҳ инсоннинг амалини халқ қилади”, деган гапнинг маъноси шу.
Аммо бу Аллоҳ инсонни вараққа ёзишга мажбур қилди дегани эмас. Инсон эса ёзишга бўлган йўналиши ва қасди учун жавобгар бўлади. Инсон ўзининг ақл фаросати, илми, тадбири, Аллоҳга бўлган ишончи, ихтиёри ва ҳурлиги орқали бирор ишни бажара олишлик имкониятига эга бўлиб бошқа махлуқлардан фарқланганлиги учун ҳам масъул, жавобгардир.
Муқаддам ўтган уламоларимиз айтадиларки: “демак инсон ўз касбига (бажарган ишига) жавобгар, у Аллоҳнинг амри билан бўлган ва ўзининг дахли йўқ нарса учун маломат қилинмайди».
Қазою қадар масаласи инсон ўз касби учун жавобгар эканини исбот қилар экан, мусулмонлани фақат яхшилик қилишга, барча ёмонликни тарк қилишга ундовчи биринчи омил бўлиши керак. Ҳеч ким қазои қадарни рўкач қилиб, ўзини масъулиятидан олиб қоча олмайди. Бунга қуйидаги ривоят ҳам мисол бўлади.
Қўлга тушиб қолган бир ўғри ҳазрати Умарга: “Қазои қадар шу экан, ўғирлик қилибман, нега энди қўлимни кесар экансан?” деганида шунда ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу: “Сен қазои қадар билан ўғирлик қилган бўлсанг, мен ҳам қазои қадар билан қўлингни кесаман”, деган эканлар. Кейин ҳазрати Умар ўз вазифадорларига: “Уни аввал ўттиз дарра уриб, сўнгра қўлини кесинглар!” дебдилар.
“Нима учун?” дейишибди.
“Аллоҳ таолога нисбатан ёлғон нисбат бергани учун дарра урилади, ўғрилик қилгани учун қўли кесилади”, дебдилар.
Қазои қадар дангасаликка ёки гуноҳ ишларни қилишга баҳона бўлиши мутлақо мумкин эмас. Бу ҳаёт сабабият олами. Қадарни қадар билан даф қилиш маъносини ҳам унутмаслик керак. Очлик тақдири озуқланиш тақдири билан даф бўлади. Бир кишининг чанқоқлиги сув ичиш тақдири билан даф бўлади. Беморлик қадари даволаниш қадари билан даф қилинади.
Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу Шомга борганларида у ерда вабо тарқалганини эшитиб, орқага қайтишга қарор қилдилар. Шунда Абу Убайда розияллоҳу анҳу: “Аллоҳнинг қадаридан қочибми?”, деди.
Ҳазрати Умар унга: “Шу гапни сендан бошқа айтса бўлмасмиди!? Ҳа, Аллоҳнинг қадаридан Аллоҳнинг қадарига қочамиз. Айтгин-чи, агар сенинг туяларинг бўлса-ю, улар икки бўлинган бир водийга тушсалар. Бўлакларнинг бири серҳосил, бошқаси қурғоқ бўлса, ҳосилдорида боқсанг ҳам Аллоҳнинг қадари ила боқасан, қурғоғида боқсанг ҳам Аллоҳнинг қадари ила боқасан. Шундай эмасми?” дедилар.
Бу ишда Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи васаллам ва у зотнинг саҳобалари ҳаммамиз учун яхши ўрнакдирлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам фақирликка қарши ишлаш билан, жаҳолатга қарши илм билан, беморликка қарши даволаниш билан курашганлар. У зот маҳзунлик, ожизлик дангасалик каби ҳолатлардан паноҳ тилаганлар.
Аллоҳ ҳаммамизни Ўзининг қазосига нисбатан тўғри ақийдадан адаштирмасин.
давоми бор…
Илҳомжон Мадалиев,
“Мўйи Муборак” жомеъ масжиди имом хатиби