Кўпинча, хулқнинг яхшилиги халқ билан бирга зикр қилинади. “Фалончининг хулқи ҳам, халқи ҳам гўзал”, дейилади. Бу унинг ичи ҳам, сирти ҳам яхши, деганидир. Хулқдан мурод ички сурат, халқдан мурод ташқи суратдир. Зотан инсон жасад ва нафсдан иборатдир. Жасад тан кўзи ила, нафс қалб кўзи ила идрок қилинади. Уларнинг ҳар бирининг ўзига яраша шакл шамоили, чиройли ва хунук сурати бор. Қалб кўзи ила идрок қилинадиган нафс тан кўзи билан идрок қилинадиган жасаддан улуғдир. Шунинг учун ҳам амаллар яхши бўлса, “яхши хулқ” деб, ёмон бўлса, “ёмон хулқ” деб аталади.
Бадан еб ичиш ва тарбия билан мукаммал бўлгани каби, нафс ҳам тўлдирилишга мухтож ҳолда яратилган. Агар бадан соғлом бўлса, табибнинг вазифаси кишининг соғлиғини сақлаш бўлади. Агар у бемор бўлса, соғлигини тиклашга ҳаракат қилиши керак бўлади.
Баданнинг хасталигига сабаб бўлган иллатни унинг зидди билан даволанади. Иссиқлик сабабидан хаста бўлган бўлса, унга совуқлик берилади. Тескариси бўлса аксинча даволанади.
Шунингдек, ахлоқнинг бузуқ бўлишига сабаб бўлган қалб ҳасталиклари ҳам ўзининг зидди ила даволанади. Мисол учун, жоҳиллик дарди илм билан даволанади. Бахиллик дарди сахийлик билан, кибр эса тавозуълик билан даволанади.
Пайғамбаримиз с.а.в. ҳам хулқ борасида ўрнак бўлганлар. Аллоҳ таоло ўзининг каломи Қуръони каримда марҳамат қилган: “Сиз буюк хулқ узрадирсиз” деб.
Пайғамбаримиз с.а.в.нинг пайғамбар бўлиб келишларидан кўзланган асл мақсад ҳам камоли хулқни тиклаш эди.
У зот с.а.в. бу ҳақида шундай деганлар: “Мен гўзал хулқларни камолга етказиш учун юборилдим”, деганлар.
Ҳозирги кунда ғарб маданияти таъсирида “одоб”ни маданият дейиш ҳам жорий бўлган. Мисол учун, “овқатланиш одоби” дейиш ўрнига “овқатланиш маданияти” дейилади.
Одоб масаласи Исломда ўта муҳим ўрин тутади. Чунки Аллоҳ таолога қурбат ҳосил қилишда одобнинг ўрни жуда муҳим. Беодоблик барча нарсани, амални ҳам, қалбни ҳам, тилни ҳам бузади. Одобсиз одам бирор нарсага эришиши, жамиятда яхши ўрин топиши мумкин эмас. Шунинг учун машойиҳларимиз: “Ким нимага эришса, фақат одоб билан эришади. Ким нима билан қуласа, фақат беодоблик билан қулайди”, деганлар.
Одобнинг бир қанча ўзига хос хусусиятлари бор.
Биринчидан, одоб билан одобнинг фарқи борлигини айтиб ўтиш лозим. Кишининг бирор одобни ўзига сифат қилиб олиши яхши иш саналади. Аммо ўша сифат доимий ёки вақтинча бўлиши ҳам мумкин. Агар сифат собит бўлиб туриб қолса, “мақом” деб аталади. Агар вақтинчалик ва тез заволга учрайдиган бўлса, бундай сифат “ҳол” дейилади.
Ислом дини ҳар бир кишининг чиройли одоблари унинг “мақом”га айланиши ҳақида қайғуради. Чунки сифат вақтинчалик ҳол бўлгани учун, кўзланган мақсадга тўла эришиб бўлмайди. Бунга мисол, баъзи кишилар одамлар билан юзма юз турганда одобни жойига қўйишади, лекин орқаваротда туриб ёки интернетга кирганда бошқа исм ортига яшириниб олиб, кўнглига ёққан беодобликни қилаверади. Демак, унинг одоби доимий сифатга айланмаган. У одобга амал қиладиган бўлса, хўжакўрсинга қилади, одамларга одобли бўлиб кўринишга уринади.
Иккинчидан, исломий одоблар ҳаётнинг барча жабҳалари билан чамбарчас боғлиқдир, бирор жабҳаси тўла тўкис исломий одобдан холи эмас.
Учинчидан, Исломда одоб инсоннинг зийнати даражасига кўтарилган. Шунинг учун ҳам ота-оналарга, ишбошиларга фарзандлари ва қўлостидагиларига одобдан таълим бериш вазифа қилиб юклатилган.
Тўртинчидан, Исломда одоб масаласи иймон эътиқодга, ақийдага боғланган.
Бешинчидан, Исломда одоб масаласи ибодат даражасига кўтарилган. Шаръий одобга амал қилган кишиларга ажр савоб ваъда қилинган ва ибодатларни адо этишда ҳам одоблар жорий этилган.
Барча замонларда, ҳамма ўлкаларда яхши хулқли, олийжаноб, ширинсўз, ҳалим инсонлар жамиятнинг кўрки, одамларнинг аълоси бўлиб келган ва бундан кейин ҳам шундай бўлиб қолади.
Ҳусни хулқ (яхши, чиройли хулққа) қандай қилиб эришилади? Бу ҳақда одоб китобларимизда жуда кўп тавсия ва маслаҳатлар келган:
Абу Дардо р.а.дан ривоят қилинади: Набий с.а.в: “Тарозида ҳусни хулқдан кўра оғирроқ нарса йўқдир” дедилар.
Умар ибн Хаттоб р.а. “Инсонларга чиройли хулқлар билан аралашинглар. Улардан яхши амаллар билан ажралиб туринглар”, деб айтганлар.
Яхши хулқнинг бир нечта аломатлари мавжуд:
Анас ибн Молик р.а.дан ривоят қилинади: “Пайғамбар с.а.в.: “Сизлардан бирортангиз то ўзи яхши кўрган нарсани биродари учун ҳам раво кўрмагунча мўмин бўла олмайди”, дедилар”.
Абу Шурайҳ ал Хузоъийдан ривоят қилинади: “Набий с.а.в: “Ким Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлса, қўшнисига яхшилик қилсин. Ким Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлса, меҳмонини икром қилсин. Ким Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлса, яхши гапи бўлса айтсин ёки жим турсин”, дедилар”.
Омир ибн Саъд ибн Абу Вақққосдан, у эса отасидан ривоят қилади: “Набий с.а.в. дедилар: “Албатта, Аллоҳ ёқимлидир, ёқимлиликни севади, карамлидир, карамлиликни севади, ўта саҳийдир, ўта саҳийликни севади”.
Одамларнинг бир бирлари билан бўладиган ижтимоий алоқаларида ушбу ҳадиси шарифда зикр қилинган, Аллоҳ таолонинг Ўзида бўлган ва бунинг бандаларида ҳам бўлишини севадиган сифатлар инсоният учун жуда ҳам аҳамиятлидир. Ушбу сифатларни ўзида мужассам қилган кишилар инсонлар жамиятидаги энг яхшилар бўлишади. Бунинг юзага чиқиши учун эса Ислом жорий қилган ижтимоий одоблар йўлга қўйилиши лозим.
Саҳл ибн Ҳанзалийядан ривоят қилинади: “Бизга Расулуллоҳ с.а.в: “Албатта, сизлар биродарларингиз ҳузурига борурсизлар. Бас, либосингизни тузатинг, эгар юкларингизни тузатинг, одамлар ичида худди холдек бўлинг«, дедилар”.
Маълумки, кишининг юзидаги холи унинг энг кўзга кўринган ва чиройли нарсаси бўлади. Барча халқларда хол гўзаллик рамзи бўлиб келган.
Росулуллоҳ с.а.в. марҳамат қилдилар: “Нафсим Унинг қўлида бўлган зотга қасамки, тоинки мўмин бўлмагунингизгача жаннатга кира олмайсизлар. Ўзаро бир бирингизни яхши кўрмагунингизгача мўмин бўла олмайсизлар. Сизларни бир ишга далолат қилмайинми, агар у ишни қилсангиз бир бирингизга муҳаббат қўйиб қоласиз. Ўртангизда саломни кенг ёйинг”, дедилар.
Саломнинг уламоларимиз таърифида: “Ассалому алайкум” дегани, сизга динингизда, ҳаётингизда тинчлик, омонлик, хотиржамлик бўлсин. Сизга нуқсон, жангу жадал, ёмонликлардан халос бўлишингизни тилайман”, дегани.
Динимизнинг шиори қандай ҳам улуғ. Бу мусулмонликни аломати, белгисидир. Ривоят қилинишича кунларни бирида Умар р.а. Росулуллоҳ с.а.в. нинг олдиларига Ҳазрати Али р.а.дан шикоят қилиб келиб айтдилар: “Эй Аллоҳнинг Росули с.а.в. қачон Алига рўбарў келганимда хечам биринчи бўлиб салом бермай, менинг унга салом беришимни кутиб кейин алик олади”, дедилар. Шунда Росулуллоҳ с.а.в. ҳазрати Алини ҳузурларига чақиртириб бунинг сабабини, яъни нега биринчи бўлиб салом бермасликларини сўрадилар. Шунда ҳазрати Али р.а: “Эй Аллоҳнинг Росули, ўзингиздан эшитганман, “ким биринчи бўлиб салом берса, унга жаннатда Аллоҳ таоло бир байт, уй бино қилади, дегансиз, мен ўша қаср уйни Ҳазрати Умарга бўлишини хоҳлайман” деган эканлар.
Илҳомжон Мадалиев,
“Мўйи Муборак Уккоша” жомеъ масжиди имом хатиби
zor gap yo