Бош саҳифа » Тарих » Ибрат ила боқ, кўзунг туфроққа тўлмасдан бурун…

Ибрат ила боқ, кўзунг туфроққа тўлмасдан бурун…

Ҳар бир ижодкорнинг бу дунёга келиб айтадиган бир сўзи бўлади. Бу сўз халқ ғами, улус дарди билан ҳамоҳанг бўлса, уни эл маъқуллайди. Сўз айтгувчини ўзига дўст тутади, унга меҳр қўяди, улуғлайди.

Ўзбекнинг ўз шоири – Турди Фароғий эл дардини айтолган, эл суйган шоирлардан эди. Шу сабаб уни эл таниди, ардоқлади.

Кўпчилик Турди Фароғийни қўйидаги мисралари билан эслайди:

Top кўнгуллик беклар, манман деманг, кенглик қилинг,
Тўқсон икки бовли ўзбек юртидур, тенглик қилинг…

Мозийга холис назар солсак, манманлик, уруғ ажратиш, миллатчилик, мазҳаб талашиш каби жамиятга хавф солувчи иллатлар миллатимиз бирлигига асрлар давомида рахна солиб келганини кўрамиз. Ўзбек хонлари ва бекларининг ўзбилармонлиги, обрў ва тахт талашлари сабаб юртда тинчлик бўлмаганлиги, бундан эса доим эл азият чекканини англаймиз. Бугун ҳам бу иллат юртимизни оралаб юрибди. Мансабдорлар, бойларнинг худбинлиги, маҳаллийчилиги, уруғ ажратиши, ошна-оғайниларига ён босиши сабаб элнинг косаси оқармайди. Беихтиёр, «наҳотки, бу иллат бизни ҳеч тарк этмаса?» дейсиз. Бу савол ҳар бир тафаккур қилувчи инсонни ўйга толдиради. Турди Фароғийнинг “кенглик”, “тенглик” деган сўзларини ёдга солаверади.

Турди Фароғий ўзбекнинг юз(жуз) уруғидан. Юз уруғи ўзбекнинг 92 бовидан бири. Юзлар кўпроқ Фарғона, Жиззах, Самарқанд, Навоий, Қашқадарё, Сурхондарё, Тожикистоннинг Сўғд ва Қўрғонтепа вилоятлари, Афғонистоннинг шимолий ҳудудларида истиқомат қилишади. Турди Фароғий асли Жиззахнинг юзларидан. Манбаларда келтирилишича юзлар дастлаб ҳарбий бирикма сифатида шаклланган экан. Турди Фароғийнинг илк касби ҳам ҳарбийлик бўлган. Шоир Бухорода мадрасада ўқиб, етарли даражада таълим олгач, сипоҳ бўлиб хизмат қилади. Абдулазизхон саройида юз уруғининг сиёсий мавқега эга арбобларидан бўлиб етишади.

Абдулазизхон – Ўзбек хонлари орасида энг яхшиларидан бир эди. Унинг отаси Нодир Муҳаммад тахтга ўтиргач, атига уч йилда мамлакатни пораканда қилиб ташлади. Юрт унга бўйсунмади. Хўжанд шаҳрида бошланган исёндан сўнг бутун мамлакатда норозилик кучайиб, қўшинлар орасида ҳам ишончсизлик келтириб чиқарди. Бекларни ва сиёсий кучларни бирлаштира олмаган хон Балхга қараб қочишга мажбур бўлди. Хоннинг бундай субутсизлиги сабаб, ўз фарзандлари ҳам унга бўлган ишончларини йўқотган эди. Айни сабаб билан Абдулазизхон давлатни сақлаб қолиш учун мелодий 1645 йилда Хўжандда ўзини хон, деб эълон қилди ва тахтни эгаллади. Нодир Муҳаммад Балхда ўзини ҳимоя қилиш учун аввал Бобурий султон Шоҳжаҳондан, сўнгра эса Сафавийлардан ёрдам сўради. Шоҳжаҳон унга ёрдам беришини билдирди, аммо унинг мақсади Нодир Муҳаммадга кўмак бериш эмас, балки унинг ўзини қўлга олиш, ҳамда Балхга эгалик қилиш эди. Шоҳжаҳондан ёрдам кутган хоннинг умидлари пучга чиқиб, дўст ким, душман кимлигини билолмай юртни ташлаб Эронга, Сафавийлар ёнига қочиб кетади.

Шу даврда Турди сипоҳлик қилар, барча воқеаларни ичидан кузатар эди. Нодир Муҳаммад даврида ўзбек уруғлари ўртасида ким ўзарга баҳслашишлар кўпайган, саройда ҳам, қўшин орасида ҳам, овул ва қишлоқларда ҳам бу хол сезиларди. Уруғлар оқсоқоллари хонни мамлакатни бошқаришни эплай олмаётгани учун айблар, унга бўйсунгиси келмасди. Шу сабаб шоир уларни бирликка чақирди:

Бирни қипчоқ-у хито-ю, бирни юз, найман деманг,
Қирқ-у Юз, Минг сон бўлуб бир жон ойинлик қилинг.

Турди Фароғий ижодида Абдулазизхон даври ижобий ёндашув билан қаламга олинади. Чунки Абдулазизхон тахтга ўтиргач отасидан қолган тарқоқ давлатни дарров тиклаб, одамлар ишончини қозонишни бошлади. Тез орада Шоҳжаҳонни ва сафавийларни юртдан қувиб чиқарди. Сиёсий ислоҳотлардаги аниқлик ва қатъийлиги сабаб бекларни ўзига қаратиб, сиёсий мувозанатни яхшилади. Россия ва усмонли турклар билан дипломатик алоқаларни йўлга қўйди. Савдогарлар кўмагида ички ва ташқи савдони кучайтирди. Аҳоли яшаши ва ишлаши учун эркинликлар яратди.

Абдулазизхон кучли, жасур ва билимли одам эди. У диний билимлар билан бирга дунёвий фанларни, айниқса математика фанини чуқур ўзлаштирганини таъкидлашади. Шу сабабли у илм ва фанни ривожлантиришга ҳам эътиборни кучайтирди. Абдулазизхон илк бора Бухорода энг чиройли хаттотлик намуналаридан тўпланган бебаҳо кутубхона ташкил қилди. Олимлар, диндорлар ва шоирлар учун нафақа белгилаб давлат ҳимоясига олди. Шу даврда йирик шаҳарларда, бекликлар марказларида мадрасалар, масжидлар, кутубхоналар қурилиб, таълим тизими ривожлантирилди. Мамлакатнинг чекка қишлоқларидаги ёшлар ҳам мадрасаларга жалб қилиниб, кенг маърифий ислоҳотлар ўтказилди. Миллий низолар ва мазҳаб талашишлар бартараф этилди. Бу пайтда Турди Фароғий саройда хизмат қилади. Токи, Абдулазизхон тахтда ўтирар экан Турди ҳам саройни тарк этмайди.

Абдулазизхон ўзининг одиллиги ва маърифатпарварлиги билан юртни ўттиз беш йил бошқариб, бу даврда эл ишончини қозонди. Аммо мамлакатнинг чегара ҳудудларига Хива хонлари ва қозоқлар томонидан бўлаётган тинимсиз босқинлар, айниқса укаси – Балх хокими Субҳонқулихон билан бўлган келишмовчиликлар аҳоли ўртасида турли норозиликларни келтириб чиқаради. Айни сабаб билан у 1681 йилда тахтдан воз кечади. Унинг ўрнига эса укаси Субҳонқулихон тахтга ўтиради. Маърифат ва ибодатни хуш кўрадиган Абдулазизхон ҳеч иккиланмай тахтни топширади ва дарвешона кийим кийиб Ҳаж сафарига отланади. Унинг бундай тарзда тахтни топшириши дунё аҳлини ҳайрон қолдиради. Ўша давр тарихчиларидан Хўжамқули Балхийнинг ёзишича Сулаймон Сафавий Эронда унинг йўлига поёндоз тўшаб кутиб олади. Кутиб олиш маросимида икки чақирим жойга тиллоранг зарлар билан безалган гиламлар тўшалади. Ноғоралар, карнай ва сурнайлар янграб туради. Эрон шоҳи эса дабдабали кийинган отлиқ суворийлар кузатувида Абдулазизхоннинг олдига пешвоз чиқади. Хон учун тилло эгар ўрнатилган, юганига дурлар терилган, ёпинчиғи ва анжомлари ёқут ва лаъл билан безатилган от келтирилади. Ҳар иккала хукмдор отга минишади. Шунда одамлар кўрадики, энг қимматбаҳо анжомлар билан безатилган от устида канопдан тўқилган оқ яктак кийган Абдулазизхон мағрур ўтирарди.

Абдулазизхон тахтдан кетгандан сўнг, Субҳонқулихон ҳам юртда ўз билганича ислоҳотлар олиб боради. Мамлакатга Хива хонлари ва қозоқ хонликлари томонидан уюштириладиган ташқи босқинларга барҳам беради. Бобуршоҳнинг невараси Аврангзеб билан дипломатик алоқаларни тиклайди. Аммо шу билан бирга саройда ҳам ислоҳот ўтказиб, кўплаб амалдорларни қувғин қила бошлайди. Амалдорларни тез-тез алмаштиришлар порахўрликнинг ривожланишига олиб келади. Амал талашувлар сабаб юртда миллатчилик ва уруғчилик каби иллатлар авж олади. Натижада янги ҳукуматга қарши норозилик кайфияти кучайиб халқ исён кўтаради. Шоир Турди ҳам 1685 йилда рўй берган ушбу исёнда фаол иштирок этади. Хон томонидан исён бостирилгач эса саройдан кетиб, Хўжанд атрофида тушкунликда ва муҳтожликда кун кечиради. Ўзини ижодга бағишлайди.

Турди Фароғий бошқа шоирлардан фарқли ўлароқ жамият муаммоларини теран ҳис қилади ва оқилона ёрита олади. Субхонқулихон юритган сиёсатнинг асоратларини ўз даврида жасорат билан танқид остига олади. Хон тахтга ўтирибоқ акаси Абдулазизхон тарбия қилган илмли, ишбилармон ва виждонли мулозимларни ишдан олиб, уларнинг ўрнига илмсиз, жоҳил ва тубан хулқли кишиларни мансабга қўйганлиги учун айблайди. Саройдаги фитналарни очиқ танқид қилиб, амалдорларни зулм ва куфрда айблайди. Номлари исломий бўлса-да, амали кофирлар амали эканини баралла айтади:

Бир сари азм айла, жойи номусулмондур бу мулк,
Фитнаи авбош, зулм-у куфру туғёндур бу мулк.
Бир калима ҳурматидин лек ислом оти бор,
Мутлақо кирдори хайли кофиристондур бу мулк.

Шоир мазҳаб талашишлар ва мусулмонларнинг ихтилофларини тасвирлар экан ўзбек элини гуруҳбозликка берилишда ва вазъ уқмас холга келганини билдиради. Аммо шунда бўлса-да, Субҳонқулихон ўзини мусулмон санаши ва элини тилда фаровон қилиб кўрсатишини ҳажв қалами билан танқид остига олади:

Дур аҳду танг чашм-у бесар-у яъжуж вазъ,
Мухталиф мазҳаб гуруҳи Ўзбакистондур бу мулк.
Нақди жон берсанг топилмас истасанг бир зарра айш,
Меҳнату андуҳни сўрсанг, фаровондур бу мулк.
Жойи ислому мусулмонлиғ, Фароғий, истама,
Пойтахти кишвари Субҳонқулихондур бу мулк.

Турди Фароғий «Субҳонқулихон тўғрисида ҳажвия» номли асарини 1691 йилда битган. Унгача олти йил юртни сарсон кезиб юрган шоир халқнинг аҳволини ўз кўзи билан кўради. Фуқаронинг аҳволини ачиниш билан баён этиб, амалдорларни ақлсизликда айблайди;

Фуқаро бошиға етди бу ақлсиз шумлар,
Ҳамдами шоҳ бўлуб аҳли таҳаккум бумлар,
Қани бир эр чиқиб айласа маъдум ҳумлар,
Юртни бошини чайнаб еди бу бедумлар,
Солса бу аҳмақ гуҳхўрлари бўйнига тузоқ.

Субхонқулихон даврида динга амал қилиш ҳам издан чиқади. Ҳожилик риёга айланади. Шоир “Мусулмон билма асло ҳеч мазҳаб йўлида ўзбак” деб бошланадиган шеъри орқали уларнинг кирдикорларини ҳам ҳажв қилади:

Мусулмон билма асло ҳеч мазҳаб йўлида ўзбак,
Буларнинг куфриға бил-иттифоқи жумла йўқдур шак.
Не мазҳаб, қайси дин ўз мулкин ўзи хароб этгай?
Эрурлар муфсидул-арз аз азал бу фирқаи бадрак.
Атолур ҳожи кофир Макка бориб ҳаж қилиб келса,
Ки ҳаргиз ўзга бўлмас ҳақ йўлин юрган билан эшшак.
Кўруб зоҳирда они шайху сўфи эътиқод этма,
Кириб масжидга чиқмак бирла гўнг емакни қуймас сак.

Беклар ва тўраларнинг элга солган жабрини кўриб уларни “кўзи кўр, қулоғи кар” беклар дея атайди. Уларни пайғамбар шариатига хилоф иш тутишда айблаб, юрт холи учун ачинади. Тўраларнинг бу дунёга меҳмон экани аммо эл работ эканини уқдирмоқчи бўлади:

Эй юзи қора, кўзи кўр, қулоғи кар беглар
Билингиз бу сўзими панди саросар, беглар
Айлангиз пайрави шаръи паямбар, беглар
Сизга даркор бу юрт, эй гала занглар, беглар
Бу қадим нақл эрур: эл работ-у тўра қўноқ.

Субхонқулихон ҳумронлиги даврида урушлар кучайиб, эътибор кўпроқ ҳарбий бекларга берилади. Урушлар халққа зиён етказса-да, ундан ҳарбий беклар наф кўрар эдилар. Шунинг учун улар хонни урушларга чорлар, хон эса улар билан улфатчилик қилар эди. Бунинг оқибатида Абдулазизхон яратиб кетган маърифий тизимга путур етар, олимлар обрўсизланиб, аҳли кибрларнинг мавқеи ортиб борарди. Бу хусусда шоир:

Шоҳ ҳамбазм ўлуб ҳожасаролар била ёр,
Ҳукми бир акс суруб бўлди ёмонлар сардор,
Хор ўлуб олим-у ринд-у фузало бирла кибор,
Кўрингиз юртни иши топти на ерларга қарор,
Хон жилавини ики ум валадга бериб бўлди иноқ.

-дея ачиниш билан маълум қилади.

Субхонқулихон аслида ўзи ҳам илмли одам эди. Ҳатто “Иҳё ат-тибби Субҳоний” (“Субҳоний тиббиёти бўйича даволаш”), “Лубб ул-лавоиҳ ул-қамар фил-ихтиёрот” (“Бахтли соатни аниқлашда ой манзилларининг моҳияти”) номли илмий нужумга оид рисолалар, Нишоний тахаллуси билан шеърлар ҳам ёзади. Субҳонқулихон томонидан Балх ва Бухорода кўплаб масжидлар, мадрасалар барпо этилади. Бухорода “Доруш-шифо” касалхонаси ташкил этилади. Аммо унинг ҳукмронлиги даврида марказий ҳокимиятни мустаҳкамлаш учун солиқлар миқдорини ошириб, қўшинини кўпайтирганлиги сабаб оддий халқ қийналиб қолади. Шу сабабли Турди Субҳонқулихонни жоҳил хон сифатида кўради.

Турди Фароғий ўзи яшаган давр ҳукмдорини танқид тиғи остига олиб, маърифат учун курашган саноқли шоирлардан бири эди. Унинг ёзган ҳажвий асарларида хоннинг номи тилга олингани боис, ўз даврида чоп этилиши ҳам мушкул кечган. Шу сабабли бўлса керак унинг мероси бизгача тўлиқ етиб келмаган. Шундай бўлса-да, Турди ҳажвий йўналишда ўзига хос маърифий мактаб ярата олди. Турди Фароғийнинг бу борадаги жасорати кейинчалик ўзбек адабиётида маърифатпарварлик йўналишининг шаклланиши учун ибрат мактаби бўлди. Кейинга давр ижодкорларида унинг шеърларидаги танқидий руҳ ўз аксини топиб, жамиятнинг ижтимоий-cиёсий муаммоларини ёрита оладиган ўнлаб маърифатпарвар шоирлар етишиб чиқди.

Турди Фароғий эл дарди билан яшади. Халққа маърифат ёйиш, ўзаро тенглик ва бағрикенглик ғояларини ҳимоя қилиш билан ўзбек адабиёти тарихида ва халқимизнинг хотирасида ўчмас ном қолдирди.

Анвар БЎРОНОВ

Ўхшаш мақола

Бодавлат, Оталиқ ғозий – Муҳаммад Ёқуббек ҳақида

Post Views: 491 Ёқуббек ботирнинг қабрда кесилган боши Қўқон хонлиги тарихида Муҳаммад Ёқуббек (халқ орасидаги …

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *