Бош саҳифа » Тарих » Бодавлат, Оталиқ ғозий – Муҳаммад Ёқуббек ҳақида

Бодавлат, Оталиқ ғозий – Муҳаммад Ёқуббек ҳақида

Ёқуббек ботирнинг қабрда кесилган боши

Қўқон хонлиги тарихида Муҳаммад Ёқуббек (халқ орасидаги лақаби – Бодавлат, Оталиқ ғозий)нинг номи тез-тез учраб туради. Асли Тошкент яқинидаги Пскентда Қурама қозиси Пирмуҳаммадбек оиласида дунёга келган Муҳаммад Ёқуббек йигитлик даврида Қўқон хонлиги аскари хизматига олинади. Ҳарбий истеъдоди ва хизматлари учун у олдин Хон ўрдаси ботирбошиси, элликбоши, юзбоши ва понсод (беш юз сонли қўшин бошлиғи) даражасига кўтарилади. Маълумки, ўша пайтда Қўқон хонлигининг ҳудудлари Тошкент, Чимкентдан то шимолдаги Оқмасжид шаҳарларигача бўлган эди, шу боисдан Ёқуббек дастлаб Чиноз ҳокими бўлса, кейинчалик Авлиё ота ва Оқмасжид ҳокими этиб тайинланади ва унинг ҳарбий фаолияти шу ҳудудларда ўтади. Бу даврда Чор Россияси Қўқон хонлигига қарашли ерларга кўз тикиб, уларни босиб олиш пайига тушади ва ҳарбий қўшин йўллайди. Оқмасжид ҳокими этиб тайинланган Ёқуббек рус аскарларига қарши мардларча кураш олиб боради. Аммо афсуски, оқмасжидликларга Қўқондан ёрдам келмайди, натижада Қўқон хонлигининг энг шимолий қалъаси қўлдан кетади.

Айтишларича, бу ҳақда ўша пайтдаги Қўқон хони Худоёрхонга хабар етганда у “Оқмасжидгача неча кунлик йўл?” деб сўраган экан, “Бир ойлик” деб жавоб беришганда эса хон “Ўҳ-ҳў, шунчалик узоқми, ундай бўлса қўлдан кетса кетар”, деб жавоб қайтарган экан. Бу пайтда Қўқонга келган Ёқуббек хонликнинг катта бир вилояти – Хўжандга ҳоким этиб тайинланади. Аммо кўпни кўрган саркардага Қўқон тахтига ўтирган Худоёрхоннинг давлат сиёсати ёқмайди ва унга қарши иш бошлайди ва хонни орадан кўтариш режасини тузадилар. Аммо бу режа амалга ошмайди ва натижада Ёқуббек Хўжандни ташлаб Бухорога кетади, Худоёрхон тахтдан туширилгач у Қўқон тахтига ўтирган Султон Сайидхон (Худоёрхоннинг акаси – Маллахоннинг ўғли) хизматига киради ва бу даврда хонликда асосий давлат одами бўлган Алимқул додҳоҳ билан биргаликда шимолдаги рус босқинчиларига қарши курашга отланиб, қаҳрамонликлар кўрсатади. Ёқуббек Алимқул додҳоҳ билан бирлашиб Тошкентда рус босқинчиларига қарши жангларда иштирок этади. Ўша давр кишиларининг фикрича Ёқуббек ботир бу жангларда охиригача қатнашганда Тошкент қўлдан кетмаслиги мумкин бўлар экан. Шу аснода Қўқон хонлигига қарашли бўлган Қашқар тарафдан муҳим хабар келади, бу ерда хитой-манжур босқинчиларига қарши кураш олиб бориш ва Қўқон хонлиги ҳудудларини сақлаб қолиш зарурати туғилади ва Ёқуббек бу давлатга ворис бўлган Бузрукхўжа деган амалдорнинг ҳарбий ёрдамчиси сифатида Қашқарга келади. Аммо Бузрукхўжанинг давлат бошқарувида қобилияти йўқлиги туфайли Муҳаммад Ёқуббек Ёркентда ҳокимиятни қўлга олади ва қўшни еттита шаҳарни қўлга киритиб, Етти шаҳар давлатига асос солади. Бу ўша даврда Қўқон хонлигига қарашли мазкур ҳудудни ўзиники қилиб олишга тайёр турган Хитой-манжур хонлиги учун кучли зарба бўлади. Ёқуббек ботир бу ерда давлат тизгинини маҳкам тутиб, ерли аҳолини хитойлар зулмидан қутқариб қолади. Тошкент Россия империяси қўшинлари томонидан эгаллангач руслар исканжасидан қочган минглаб ҳарбий саркардалар, дин арбоблари, Қўқоннинг кўзга кўринган кишилари Ёқуббек ҳузурига келишиб жон сақлашган ва унга хизмат қилишган.

Ёқуббек Қашқарни Қўқон хонлигига қарашли давлат деб билган ва Қўқон хонлари Маллахон ҳамда Султон Сайидлар номидан тилла танга чиқарган. Шунингдек, у Қўқон ва Бухородаги машҳур уста меъмор ва наққошларни ҳам олдириб келиб Етти шаҳарнинг турли шаҳарларида мадрасалар, карвонсаройлар ва бошқа бинолар қурилишида ишлатган. Муҳаммад Ёқуббек Пскент, Тошкент, Оқмасжид, Хўжанд, Авлиё ота, Қашқар, Ёркент, Хўтон, Курла, Учтурфон, Макка, Мадина каби шаҳарларда масжидлар, мактаблар, турли бинолар қурдирган. У ўз давридаги атоқли уламолар, шоирлар, ўқимишли кишиларни қабул қилиб, уларга моддий ва маънавий ёрдам бериб турган. Шунингдек, аҳолининг турмуши яхши бўлиши учун тиришган ва адолатли ҳукм юритган. Айтишларича, у ўша пайтда ҳам мавжуд бўлиб келган қулдорлик тартибларига чек қўйган, аҳолига қуллар ушлаш ва улардан фойдаланишни ман қилган. Маълумотларга кўра, у Туркистон генерал-губернатори Фон-Кауфман билан Туркистон ва Етти шаҳар мамлакатларининг чегаралари хусусида музокаралар олиб борган. Муҳаммад Ёқуббек Россия империяси, Хитойнинг Чин империяси, Англия, Туркия, Туркистон генерал-губернаторлиги билан ўзаро сиёсий-дипломатик, иқтисодий муносабатлар ўрнатган эди. Хуллас, Ёқуббек ғозий ўзининг Етти шаҳар давлати бошлиғи сифатидаги ўн уч йиллик ҳукмронлиги даврида адолатли сиёсат олиб борди ва халқ ҳурматини қозона олди.

Турган гапки Ёқуббек додҳоҳнинг мамлакат мустақиллиги ва равнақи учун олиб борган кураши унинг қўл остидаги баъзи очкўз, ўзбилармон амалдорларга ёқмайди ва улар халқпарвар ҳокимга қарши фитна тайёрлайдилар. Натижада у 1877 йилда Хўтан беги Ниёз ҳаким томонидан заҳар бериб ўлдирилади. Шуни айтиш керакки, Ёқуббекнинг Қашқардаги ҳукмдорлигига жон-жаҳди билан қарши бўлган ён қўшни − Хитой-манжур хонлиги ҳам ундан қутулиш тарафдори эди. Балки бу фитна айнан шу маккор қўшнилар қутқуси билан амалга оширилган бўлиши ҳам мумкин эди. Шу боисдан унинг ўлимидан сўнг – 1878 йилда Етти шаҳар мамлакати хитойлар томонидан босиб олинади. Улар ўзларининг ашаддий душмани бўлган Ёқуббекни Манжур ҳоқонининг амрига итоат қилмасликда, ҳоқонга қўл кўтаришда ва исёнкорликда айблаб, энг олий жазо беришни, яъни бошини танасидан жудо қилиб, жасадини ва гўрини ёқиб ташлашни буюрдилар. Мазкур ҳукмга биноан, Ёқуббекнинг қабрини очиб жасадини чиқариб олиб, не калтабинликни кўрингки, ўлган киши яъни жасаднинг устидан суд маросимини ўтказдилар ва ҳукмга кўра жаллод ҳали бутун сақланган жасаддан бошини чопиб олади. Сўнгра манжурлар Муҳаммад Ёқуббекнинг бошини Қашқар шаҳрининг асосий дарвозасига осиб, жасадни эса куйдириб ташлашди. Босқинчилар ўз миллати мустақиллиги учун курашган бу олийжаноб инсондан шу тариқа шафқатсизларча ўч олишган эди. Аммо ватанпарвар арбоб Ёқуббек ботирнинг номи эрксевар аждодлар хотирасида абадий қолди. Муҳаммад Ёқуббек ҳақида кўплаб тадқиқотчилар, жумладан, Англиялик Роберт Шоу, Форсайт, кореялик Ким Ходонг, қозоғистонлик Довуд Исиев, россиялик Н. Тихонов ва бошқалар мақолалар ёзишган.

Биз буюк аждодимиз хотирасига чуқур ҳурмат бажо келтириш билан бирликда унинг фаолияти борасида интернет тармоғида мақола ёзиб кўпчиликка таништирган тадқиқотчилар Шерали Қўлдашев ва Абдухолиқ Айтбоевларга ташаккур айтиб, ушбу аччиқ ҳикоямизга нуқта қўямиз.

Мухтор ХУДОЙҚУЛОВ
«HURRIYAT» газетасининг 2021 йил 3 ноябрь, 44-сони

Ўхшаш мақола

Александр Бёрнснинг 1838 йилги ҳисоботида Қўқон хонлигидаги айрим жараёнлар

Post Views: 593 Александр Бёрнснинг 1838 йил 01 февралдаги ҳисоботида Қўқон хонлигидаги айрим жараёнлар Александр …

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *