Бош саҳифа » Тошкент-2200 » Анъанавий ва модерн муҳитлар қиёси: Комил Хоразмийнинг Тошкентга бағишланган қасидаси

Анъанавий ва модерн муҳитлар қиёси: Комил Хоразмийнинг Тошкентга бағишланган қасидаси

XIX аср сўнги ХХ аср бошида Хива хонлигида Муҳаммад Раҳимхон II (1864–1910) ҳукмронлик қилган давр ўзининг ўрта асрлар анъаналарига эргашиши ва нисбатан консервативлиги билан ажралиб туради. Айни ҳолат санъат ва адабиётда ҳам намоён бўлганди1. Хивадан Тошкентга келган Комил Хоразмий (1825–1899) бу шаҳарга атаб шеър ёзади ва унда Тошкентдаги тараққий этган шароитни Хива хонлиги (бу ҳақда очиқ гапирмаса-да) билан билвосита қиёслайди. Шу муносабат билан биз мақоламизда айни қасиданинг вужудга келиши контексти ҳақида тўхталиб ўтамиз. Ҳозиргача мазкур қасиданинг тўртдан бир қисмигина нашр қилинганлиги сабабли, биз кўпроқ Комил Хоразмий девони қўлёзмасига ва, ўрни билан, нашрга суяндик2. Айни қасида ҳозиргача атрофлича ўрганилмаган.

XIX аср сўнгида Хива хонлигидаги (1804–1920) маданий ва маънавий ҳаётнинг ривожланишда шоир, мусиқашунос ва давлат арбоби Паҳлавонниёз мирзабоши – Комил Хоразмийнинг (1825–1899) ўрни катта бўлган. Унинг Тошкентга аталган қасидаси баъзи адабиётларда “Дар баёни таърфи ва тавсифи Тошканд” (Тошкент таърифи ва тавсифи баёнида) деб аталади3. Бу шеър Комил Хоразмий девони қўлёзмаларида ва ўша давр Туркистон матбуотида келтирилиб4, 50 байт – 100 мисра ҳажмга эга. Бизнингча, мазкур қасида 1898 йил кузида — сентябрь ойи охирларида ёзилган3. Бунга шеърнинг ўзида шоир Тошкентга келганимда мезон (сентябрь) ойи эди, кун ва тун бир хил узунликда эди (тахминан 23 сентябрдан кейин), деб ишора қилади:

Буржи мезонда эди маснаднишин шоҳи Хўтан,
Ҳам баробар эрдилар лайлу-наҳори Тошканд5.

Шеърнинг яратувчиси – Комил Хоразмий ижод қилган Хива адабий муҳити ҳақида: 1873 йилдан Хива хонлиги Россия империясига қарам-васал давлатга айлангач, Хива хони Муҳаммад Раҳимхон II тобе ҳукмдорга айланиб қолади. Унинг саройида доим Россия давлати сиёсий вакиллари мавжуд бўлиб, Муҳаммад Раҳимхон II фақат улар розилиги билангина ташқи сиёсий фаолиятини амалга ошириши мумкин эди. Айни эркин бўлмаган шароит унинг фаолияти ва кайфиятига салбий таъсир ўтказади.

Тарихий манбаларда қайд этилишича, мана шундай бир шароитда Комил Хоразмий хонни мусиқа ва шеърхонлик кечаларини ўтказиб чалғишга ва овунишга қизиқтиради: “Муҳаммад Раҳимхон соний Хоразм ўлкасида ўзидан бошқа кучли ва нуфузли ёт бир қувватни кўргач, бир хили замонлар муттаасир бўлиб юрди. Ўзини тасалли қилажак ҳеч бир машғулот топмоқдин ожиз эди. Бироқ онинг атрофидаги одамлар, хусусан мусиқашунос Паҳлавонниёз Мирзабоши хоннинг бу ҳолини англаб, они мажлислар тузмакка қизиқтирди”6.

Шундан сўнг Муҳаммад Раҳимхон II ўз саройида шеърият кечалари уюштиришга бошлайди. Хоннинг ўзи “Феруз” тахаллуси билан шеърлар ёзади ва шеърий девон тузади. У саройдаги мансабдорлардан ҳам шеърий ижод билан шуғулланишни талаб қилади. Аҳвол шу даражага бориб етадики, хон шеър ёзмаган саройи амалдорларини жазоларди. Шеърхонлик кечаларида шеърий мусобақалар уюштирилиб, мақомлар ижро этиларди. Бу йиғинларда шоирлардан, айниқса, мусиқа ижрочилардан куй ижросида юқори даражадаги санъаткорлик маҳорати талаб қилинарди. Агар ижрочи бирор хатога йўл қўйса, у Муҳаммад Раҳимхон II томонидан қаттиқ жазоланарди.

У ички сиёсат, сарой маданий муҳитини ривожлантириш йўли билан ўз кучқудратини кўрсатишдан бошқа йўлга эга эмасди. Бунда ҳукмдор Хива саройи учун Темурий Ҳусайн Бойқаро (1469–1506) даврини намуна сифатида танлайди ва ўз муҳитини унга ўхшатишга интилади. Қизиғи шундаки, Қўқон хонлигида (1710–1876) ҳам XIX аср дастлабида Темурийлар маданиятининг уйғониш даври бўлган Ҳусайн Бойқаро ва Алишер Навоий (1441–1501) замонасига ўхшашга интилиш мавжуд бўлган7. Ярим асрдан сал кўпроқ вақтдан кейин Хива хонлиги ҳам шу йўлга киради ва Қўқон адабий муҳити билан шеърият соҳасида ғойибона мусобақалашади. Қўқонда 1821 йили Амирий тахаллуси билан шеърлар ёзган Қўқон хони Умархон (1810–1822) буйруғи билан 70 дан ортиқ шоир шеърларини ўз ичига олган “Мажмуаи шоирон” баёзи тузилади. Бу мажмуага ўхшаш тарзда, Хивада 1908 йили 30 дан ошиқ шоирлар шеърларидан иборат “Маджмуаи шуарои Фирузшоҳий” баёзи тузилади.

Комил Хоразмий шеърларидан бирида Феруз шеърий маҳоратда Умархон ва унинг саройи шоири Фазлий Намангонийлардан анча устун эканлигини таъкидлайди:

Комило, шаҳаншоҳинг назми гавҳарафшонин,
Кўрса банда бўлғайлар Фазлию Умархонлар8.

Бу мисол орқали ХIX аср охиридаги Хива адабий муҳити Қўқон саройи муҳитидан юқорироқда эканлиги таъкидланади. Айни вақтда, ўрта асрлар маданий ва шеърий анъаналарига риоя қилиб, уларни давом эттираётган Хива адабий муҳити Европа типидаги янгиликлардан узоқ бўлиб қолган эди. Сабаби, таъкидлаганимиздек, Муҳаммад Раҳимхон II анъанавий йўлдан боришни танлаган эди. Шу сабабдан 1910 йил Муҳаммад Раҳимхон II дунёдан кўз юмиб, ўрнига ўғли Исфандиёрхон (1910–1918) тахтга ўтиргандан кейин мамлакатда шароитни янгилаш мақсадида катта ислоҳотлар амалга оширилади.

1883 йилда Комил Хоразмий Муҳаммад Раҳимхон II билан бирга Москва, СанктПетербург шаҳарларида бўлиб, рус халқи маданияти ва ҳаётини ўрганади ҳамда илғор маданият, санъат намуналарини Хивада ҳам йўлга қўйиш ишини хонга тарғиб қилади. Сафардан қайтгач, у Хивада рус-тузем мактаби очилишига раҳнамолик қилди9. Хивадаги мактабда 1887 йилда 11 та ўқувчи таълим олган. 1891 йилда Комил Хоразмий ташаббуси билан Хивада очилган рус-тузем мактаби тўғрисида “Туркистон вилоятининг газети” шундай хабар берган: “…Хива мамлакатида Русия тилини ўрганмоқнинг бошланишини хоҳлаб, Русия тилида таълим берадургон мактабхона очиб, ул мактабда ўн бола учун жой ва харажат таъмин қилинибдур. Ушбу йил апрель ойида Туркистон вилоятидаги тамоми Русия мадарасаси ва мактабхоналарининг нозири…Хивага бориб …мазкур мактабни кўрибдур… Хон (Феруз) андин Хивага бир ўрис домласи юбормоқни илтимос қилибдур. Шул сабабдин Русия тили ва илми ҳисобини ўргатмоқ учун ушбу йил Тошканд шаҳрида Учительская семинарияни жуда яхши хатм қилғон қозоқ мусулмон Хусайн Иброҳим ўғлини мактабхонага домлаликка тайинлабдур”10. Бу эса Хива анъанавий муҳити учун, кичик бўлса-да, ислоҳот эди11. Яъни, ўз вақтида Ферузга шеърий кечалар ўтказиб овунишни маслаҳат берган Комил Хоразмий қарашларида янгиликлар сари ўзгаришлар юз беради: у Россия сафаридан кейин маориф соҳасида модернизацияга интила бошлайди.

1892 йили Комил Хоразмий Тошкентга келади ва типолитография, театр, гимназия ва мактаблар, касалхоналар, газеталар муҳаррияти иши билан танишади. Ўрта аср анъаналари ичида яшаётган Хива саройи муҳитидан Тошкентга келган шоир ўз юртдошлари, бутунлай янги, замонавий бир шароитда яшаётганларига гувоҳ бўлади.

Комил Хоразмий 1898 йил сентябда Тошкент шаҳридан олган таассуротларидан тўлқинланиб, “Тошкент” радифли12 қасидасини ёзади. Унда Тошкент шаҳрини мадҳ қилади. Самарқанд “ер юзининг сайқал топган гўзал маскани” (“Самарқанд сайқали рўйи замин аст”) деган ибора машҳур бўлса-да, Тошкент тоғлари билан чиройда ундан қолишмаслигини қайд этади:

Гарчи дебдурлар Самарқанд сайқали рўйи замин,
Хориж ондин кўҳоро узра ҳисори Тошканд13.

Тошкентни гўзалликда ҳеч бир шаҳарга қиёслаб бўлмаслигини таъкидлайди:

Лойиқ эрмас они ташбиҳ айламак ҳеч шаҳрга,
Айласа ҳар ерга ташбиҳ ўлғай ори Тошканд.

Айламак они Бухороға баробарким басе,
Яхшидур асби Бухородин ҳимори Тошканд14.

Хива адабий муҳитида ўз юрти Хоразмга бағишлаб, уни мадҳ этиб шеър ёзиш анъанаси мавжуд эди. Масалан, Мунис Хоразмийнинг (1778–1829)15 “Хоразм” радифли қасидаси мавжуд. Яна Шайдоий тахаллусли шоир 1290/1873 йилда Хивани Россия империяси томонидан босиб олиниши ҳақида ҳам “Хоразм” радифли шеър ёзган16. Комил Хоразмий Хоразмга атаб махсус шеър ёзганлиги бизга маълум эмас. У “Тошкент” радифи асосида бу шаҳарни мадҳ қилиб қасида яратиш орқали Хива адабий муҳитидаги мавжуд анъанага амал қилган.

Шоир Тошкент муҳитидаги замонавий жиҳатларга диққатини қаратади. Тошкентда эркагу аёллар сайр қилиб юрганликлари, яъни одамлар учун эркин шароит мавжудлигига ҳавас қилади:

Сайр этарлар онда юз минг эркаку қизу жувон,
Барчаси илму ҳунарда номдори Тошканд17.

Бундан ташқари Комил Хоразмий қасидасида Тошкентдаги замонавий буюм, нарсаларга қойил қолганлигини таъкидлайди. Булар жумласига лимонад ичимлиги ва фонар таърифларини киритиш мумкин.

Қисқаси, Комил Хоразмийнинг Тошкентга бағишланган қасидасининг вужудга келиши фақатгина Хива муҳити хусусиятлари фонида ойдинлашади. ХIХ аср сўнгида ҳам ҳаётнинг кўпгина соҳаларида ўрта аср анъаналари ичида яшаётган Хива муҳитидан чиққан Комил Хоразмий учун Тошкент шаҳри янгиланган (модерн) шароити билан катта таассурот қолдирган. Хива муҳитидаги анъанавийлик сабабларини биз юқорида кўриб чиқдик. Ана шундай муҳитнинг ғарбона янгиланишларни қабул қилишдан узоқлиги ҳам Комил қасидаси орқали кўринади. Комил Хоразмийнинг Тошкентга бағишланган қасидаси замирида Хивадаги анъанавий ва Тошкентдаги модерн муҳитларнинг билвосита қиёсланиши ётади. Айни пайтда, Комил Хоразмийнинг “Тошкент” қасидасини яратиши Хива муҳитидаги анъанавийликдан узоқлашиш истаги маҳсули сифатида қаралиши мумкин.

А.C. Эркинов

Сопоставление традиционной и модернизированной среды: касида Камила Хорезми, посвященная Ташкенту

Показано, что хивинская среда в конце XIX – начале ХХ века была традиционной. Прослежено, как выходец из этой среды поэт Камил Хорезми (1825–1899) после посещения в конце XIX в. города Ташкента написал касиду-восхваление в его честь, в которой он непосредственно сопоставляет традиционную среду Хивы с модернизированной средой Ташкента.

A.S. Erkinov

Comparison of the Traditional and Modernized Environment: Kasida of Kamil Khwarezmi Devoted to Tashkent

The Khivan environment in the end XIX – beginning XX centuries was traditional. The poet from Khiva Kamil Khvarezmi (1825–899) in the end XIX visits the city of Tashkent. It writes kasida-eulogy in honour of Tashkent. In it he mediocrely compares the traditional environment of Khiva to the modernized environment of Tashkent.

Ҳаволалар:

1 Самойлович А.Н. شعرا شاهى پيرو فيروز٣٠ – مجمعСобрание 30 царских поэтов, сопутствующих Фируз`у. Хива, 1909. 1638 с. in folio // Записки восточного отделения Императорского Русского Археологического общества. Т. 19, 1909. С. 0198-0209; Hartmann M. Das Buchwesen in Turkestan und die türkischen Drucke der Sammlung Hаrtmann. Mitteilungen des Seminars für Orientalische Sprachen. Jg. IV. Abt.2. Berlin, 1904. P.87,79; Бартольд В.В. “Чагатайская литература”. Сочинения. Т. V. М., 1968. Р. 609; Ўзбек адабиёти тарихи. 5 томлик. V том. XIX асрнинг иккинчи ярмидан 1917 йилгача. Тошкент, 1978

2 Комил Хоразмий. Девон. Ўзбекистон Республикаси ФА Шарқшунослик институти фонди, №1025 (Бундан кейин – ЎРШИ); Комил Хоразмий. Танланган шеърлар. Тошкент, 1961

3 Юнусов М. Комил Хоразмий. Даври, ҳаёти ва ижоди. Тошкент, 1960. 47-49-бетлар; Каримов Ғ. Ўзбек адабиёти тарихи. Учинчи китоб (XIX асрнинг иккинчи ярмидан XX аср бошларигача). Тошкент, 1987, 179-бет

4 Комил Хоразмий. Девон. ЎРШИ, №1025, 154б-156а. Шеърнинг охиридаги “шумори Тошканд” сўзлари орқали унинг ёзилиши тарихига абжад ҳисоби орқали ишора қилинган. Келтирилган сўзлардан 1316 санаси келиб чиқади. Бу 1898 йилга тўғри келади

5 Комил Хоразмий. Танланган шеърлар. Тошкент, 1961. 41-бет.Баъзи манбаларда бу шеър 1891 йили ёзилган дейилади (Қобулов Н. Хива адабий муҳити. Урганч, 1992. 72-бет). Комил Хоразмий. Танланган шеърлар. Тошкент, 1961. 41-бет

6 Мулла Бекжон Раҳмон ўғли, Муҳаммад Юсуф Девонзода. Хоразм мусиқий тарихчаси. Тошкент, 1998. 12-бет

7 Erkinov A. Imitation of Timurids and Pseudo-Legitimation: On the origins of a manuscript anthology of poems dedicated to the Kokand ruler Muhammad ‘Alī Khаn (1822–1842) (http://www.nomadsed.de/calendar.html); Erkinov A. Un temoin important du mecenat de Muhammad-‘Ali khаn, le manuscript Supplement persan 1446 de la BNF. In: Studia Iranica. 37, 2008. P.129-138; Erkinov A. Les timourides, modeles de legitimite et les recueils poetiques de Kokand. In: Ecrit et culture en Asie centrale et dans le monde turko-iranien, XIVe-XIXe siecles // Writing and Culture in Central Asia and in the Turko-Iranian World, 14th-19th Centuries. F.Richard, M.Szuppe (eds.), (Cahiers de Studia Iranica). Paris, 2008. Р.285-330

8 Комил Хоразмий. Танланган шеърлар. Тошкент, 1961. 30-бет; Матяқубов О., Болтабоев Р., Аминов Х. Ўзбек нотаси. Тошкент, 2007. 210-бет

9 Жумабоев Й. Ўзбекистонда фалсафа ва ахлоқий фикрлар тараққиёти тарихидан. Тошкент, 1997. 55-60-бетлар

10 Давлатёр Раҳим, Шихназар Матрасул, Феруз. Шоҳ ва шоир қисмати. Тошкент, 1991. 101-102-бетлар

11 Полвонов Н. Хоразмдаги ижтимоий ҳаракатлар ва сиёсий партиялар тарихи (1900–1924 йиллар). Тарих фанлари номзоди диссертацияси. Тошкент, 2005. 42-43-бетлар

12 Радиф – шеърда қофиядан кейин келувчи, айнан такрорланувчи бўлак

13 Комил Хоразмий. Девон. ЎРШИ, № 1025. 155-б

14 Комил Хоразмий. Девон. ЎРШИ, №1025. 155а-155б; Юнусов М. Комил Хоразмий. Даври, ҳаёти ва ижоди. Тошкент, 1960. 48-бет

15 Vambery H. Zwei moderne centralasiatische Dichter, Munis und Emir // Wiener Zeitschrift für die Kunde des Morgenlandes. IV. Band, Wien, 1892, pp.273-277

16 Erkinov A. The Conquest of Khiva (1873) in the Eyes of a Poet (Shaydā’i), International Conference: Looking at the Coloniser. Halle (Germany) 27-28 September, 2002 // Looking at the Coloniser. Cross-Cultural Perceptions in Central Asia and the Caucasus, Beengal, and Related Areas. B.Eschment, H.Harder (eds.). Ergon, Würzburg. 2004. pp.91-116

17 Комил Хоразмий. Девон. ЎРШИ, №1025. 155а

Тошкент шаҳрининг 2200 йиллик юбилейига бағишланган Халқаро илмий конференция материаллари,
Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси, «Фан» нашриёти, 2009

Ўхшаш мақола

Первая мировая война и ташкентцы

Post Views: 2 223 Начало первой мировой войны на территории Российской империи сопровождалось усиленной патриотической кампанией …

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *