Юнусобод

ЮНУСОБОД ТУМАНИ (Амир Темур шоҳкўчаси, 72а-уй) – Тошкентдаги маъмурий-ҳудудий бирлик. 1936 йил 26 августда Киров тумани номи билан ташкил қилинган. 1992 йил 8 майдан бошлаб Юнусобод тумани деб аталади.
Юнусобод номининг келиб чиқиши ҳақида турлича фикрлар бор. Айрим тадқиқотчилар (академик А.Муҳаммаджонов) фикрича, жойнинг номи жуда қадимги бўлиб, асли «Юнусработ» деб аталган. Бу ўринда «работ» карвонсарой маъносида қўлланган. Шимолий томондан шаҳарга кирувчилар шу жойда қўниб ўтишган. Маҳаллий зиёлиларнинг фикрича, жойнинг номи себзорлик тадбиркор Юнусҳожи Нодирҳожи ўғли (19-аср, Юнусобод Оқтепасида боғ-роғлари бўлган) ҳақидаги ривоятлар билан боғлиқ. Туман шаҳарнинг шимолий қисмида жойлашган. Амир Темур хиёбонидан бошланиб шимолий томонга, Тошкент автомобиль ҳалқа йўлигача давом этади.
Майдони 4,06 минг гектар, шу жумладан, кўкаламзорлаштирилган майдони 1,4 минг гектар. Аҳолиси 294,7 минг киши (2009). Кўчалар сони 441 та. Асосий йўллари: Амир Темур шоҳкўчаси, Кичик ҳалқа йўли, Бодомзор йўли, Осиё, Аҳмад Дониш, Хуршид, Боғишамол, Рашидов кўчалари. 58 та маҳалла ва 19 мавзе мавжуд. Туман ҳудудида 5302 корхона ва ташкилот, 4310 кичик корхона ва микрофирма фаолият кўрсатмоқда. 390 та қўшма корхона фаолияти ишлаб чиқариш ва аҳолига хизмат кўрсатишга йўналтирилган.
40 та илмий тадқиқот муассасаси ва лойи¬ҳалаш институтлари, 7 лицей, 5 касб-ҳунар коллежи, 4 олий ўқув юрти, 41 умумий таълим мактаби, 3 мусиқа мактаби, 70 мактабгача тарбия муассасаси, 8 касалхона, 57 поликлиника ва амбулатория муассасалари, 1 санаторий бор. 2 кинотеатр, «Туркистон» киноконцерт зали, 5 музей, жумладан, Темурийлар тарихи давлат музейи, Ўзбекис¬тон халқлари тарихи давлат музейи, Ўзбекистон тасвирий санъат галереяси, ҳайвонот боғи, 7 та меҳмонхона, «Шаҳидлар хотираси» ёдгорлик мажмуаси, 5 маданият уйи, 188 спорт иншооти, жумладан, «Ўзбекистон» давлат теннис клуби, «Юнусобод-теннис» клуби фаолият кўрсатмоқда. Олой бозори, Юнусобод деҳқон бозори, 1625 савдо, 80 маиший ов¬қатланиш ва 416 маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари ишлаб турибди. Тошкентнинг асосий телевизион минораси туман ҳудудида жойлашган. Юнусобод тумани ҳудудида Тошкент метрополитени Юнусобод йўналишининг «Юнус Ражабий», «Абдулла Қодирий», «Минор», «Ҳабиб Абдуллаев» бекатларидан электр поездлар қатнайди.
Юнусобод туманидаги князь Романов саройи (1898), Юридик институти биноси (1878–83 йиллар), Юнусобод Оқтепаси (5–12-асрлар) республика аҳамиятидаги меъморий ёдгорлик ҳисобланади. Мустақиллик йилларида барпо этилган Мустақиллик ва эзгулик мажмуаси (2005), Амир Темур ҳайкали (1993), «Шаҳидлар хотираси» ёдгорлик мажмуаси (2002), Хотира майдони (1999) шаҳардаги муҳим меъморий ёдгорлик мажмуаларидир.

ЮНУСОБОД ДАҲАСИ – шаҳарнинг шимолида – Юнусобод туманида жойлашган. Бўзсув ва Қорақамиш канали, Катта ҳалқа йўли ва темир йўл йўналиши оралиғида. Қадимда Хитой, Россия ва Дашти Қипчоқдан Тошкентга келадиган карвон йўли айнан шу даҳадан ўтган. 1966 йилги Тошкент зилзиласидан сўнг ҳудуд шаҳар тасарруфига олиниб, 1967 йил лойиҳалаш ва қурилиш ишлари бошланган (лойиҳа муаллифлари В.А.Азимов, С.Р.Беркович ва бошқалар). Дастлаб «Север» массиви деб номланган. 1972 йилнинг 25 апрелидан бошлаб Юнусобод даҳаси деб юритилади. Даҳада, асосан, 4 ва 9 қаватли турар жой бинолари қурилган, шунингдек, айрим мавзеларида якка тартибдаги уйлар ҳам бор. Хиёбонлар, яшил майдонлар, боғлар радиал-ҳалқали «яшил структура»си барпо этилган. Даҳада маиший хизмат кўрсатиш объектлари, спорт муассасалари мажмуалари, маданий-маърифий бинолар ва ҳоказолар мавжуд. Юнусобод Оқтепаси археологик ёдгорлиги сақланган.

«ЮНУСОБОД» МАҲАЛЛАСИ (Дўстмуҳамедов 5-тор кўча, 4) – Юнусобод туманидаги маҳалла. Акбаробод, «Отчопар-1», «Отчопар-2» маҳаллалари билан чегарадош. 1970–80 йиллардан бошлаб «Юнусобод» маҳалласига асос солинган. Номи Юнусобод даҳасига нисбатан олинган. Аҳолиси 3280 киши, асосан, ўзбеклар. Маҳалла ҳудудида ўрта мактаб, 2-юқумли касалликлар касалхонаси, 5-тери-таносил диспансери, 41-оилавий поликлиника мавжуд.

ЮНУСОТА МАҲАЛЛАСИ (Юнусобод, 14-мавзе, Т.Зоҳидов кўчаси, 1) – Юнусобод туманидаги маҳалла. «Тинчлик», «Кулолқўрғон», Аҳмад Дониш ва «Янгиобод» маҳаллалари билан чегарадош. Айрим маълумотларга қараганда, маҳалла фуқароси Нодирхожи ўғли Юнус ўз отасининг ишларини давом эттириш мақсадида Чинобод, Чоштепа, Оқтепа даҳаларида катта боғлар яратган. У асосан узум етиштириш ва янги навлар яратиш билан шуғулланган. Бўш ётган ерларни ободонлаштириб, катта-катта токзор ва мевали боғлар барпо қилган. Унинг номини абадийлаштириш мақсадида 1995 йилда Юнусота маҳалласи ташкил қилинган. Аҳолиси 5447 киши, кўп миллатли. Маҳалла ҳудудида «Машинасозлик» коллежи, 2 болалар боғчаси, озиқ-овқат дўкони мавжуд.

«Тошкент» энциклопедияси. 2009 йил

Ўхшаш мақола

Қадимий маҳаллалар. Ялангқар

ЯЛАНГҚАР – Бешёғоч даҳасидаги қадимги маҳалла. Мурод, Зевак, Қоратош маҳаллалари билан чегарадош бўлган, 300 га …

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *