Юнусхон

Юнусхон (1415/17—1487), Мўғулистон хони (1462—87) ва Тошкент ҳокими (1485—87). Бобурнинг онаси Қутлуғ Нигорхонимнинг отаси. «Бобурнома» да айтилишича, «Юнусхон Чингизхоннинг иккинчи ўғли Чиғатойхоннинг наслидиндур». Мўғулистон 1348 да Чиғатой улусининг парчаланиши натижасида вужудга келган феодал давлат. Унга Қашқар, Еттисув ўлкаси ва Или воҳаси кирган. Мўғулистон хони Вайсхон вафотидан (1428) кейин то 1434 гача улусда нотинчлик ҳукм сурган. Ўзаро тахт талашишлардан сўнг 1434 йил тахтга Вайсхоннинг кичик ўғли Эсон Буғахон ўтиради. Катта ўғли Юнусхонни эса тарафдорлари Мовароуннаҳрга, Улуғбек ҳузурига олиб боришади. Улурбек Юнусхонни 1434 йил Хуросонга Шоҳрух ҳузурига жўнатган. Юнусхон Хуросонда машҳур тарихчи Шарафиддин Али Яздийдан таълим олди, кўп илмларни эгаллади Хуросондан қайтгач (1456), Абу Сайд томонидан унга берилган Жетикент (Фарғона ва Еттисув ҳудудида) шаҳрини бошқарган.

Эсон Буғахон ўлгач (1462), Абу Сайд ёрдамида Мўғулистон тахтига ўтирган. Ўзаро феодал низолар гирдобига тушиб қолган Юнусхон гоҳ Темурийлар тарафида туриб, гоҳ уларга қарши урушди. 15-асрнинг 2-ярмида Темурийлар салтанатидаги ўзаро ички низолардан фойдаланиб Сайрамни (1482) босиб олган. Тошкентни ўз тасарруфига киритиш учун Абу Саиднинг ўғиллари — Умаршайх (Бобурнинг отаси) билан Султон Аҳмад ўртасида жангга тайёргарлик кўрила бошлади. Лекин рақибларни Хўжа Аҳрор яраштириб, музокара натижасида Тошкент шаҳар ва вилояти Юнусхонга берилди (1485). Юнусхон 1487 йил шол касаллигидан вафот этган ва Тошкентдаги Шайх Хованди Тоҳур қабристонига дафн этилган. Юнусхондан кейин хонлик тахтига унинг ўғли Султон Маҳмудхон ўтирган.

Тошкент алломалари ва тарихий шахслари (иккинчи китоб)

Абдулазиз Муҳаммадкаримов
“Тошкентнома”. 2009 йил

Ўхшаш мақола

Нормуҳаммад қушбеги

НОРМУҲАММАД ҚУШБЕГИ – Қўқон хонлигининг Тошкентдаги ноиби (1847–1852, 1863–64), қипчоқлардан. Қурама ҳокими (1846–47). Хонликдаги юқори …

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *