Юнусхўжа

XVIII асрнинг иккинчи ярмида Тошкент тўрт қисмга — Шайхонтоҳур, Бешёғоч, Кўкча ва Себзор даҳаларига бўлинган. «Чорҳокимлик» номи билан маълум бўлган бу даврда даҳалар ўртасидаги ўзаро низолар шаҳар хўжалигининг, унинг ташқи ва ички савдосини издан чиқарган.

Тошкент ҳокимларининг узлуксиз давом этган ўзаро урушларидан тинкаси қуриган ва бу курашда Шайхонтоҳур даҳасининг ҳокими Юнусхўжанинг қўли баланд келаётганини кўрган шаҳар аҳолиси шаҳардаги бошқа ҳокимларни ағдариб, Шайхонтоҳур хўжаларидан бўлган Юнусхўжани шаҳар ҳокими қилиб кўтарди. Бу воқеа XVIII асрнинг 80-йилларида юз берди. Шу тариқа Тошкентда ягона сиёсий ҳокимият ўрнатилди.

Юнусхўжа ҳукумати даврида даставвал шаҳар девори қайта тикланди ва Тошкентни Россия шаҳарлари билан боғлайдиган шимоли-ғарб тарафдаги шаҳар, қишлоқ ва Катта Жуз элатларини бўйсундиришга киришилди. Бир неча юришлардан кейин 1796 йилга келиб улар Чимкент, Сайрам, Олтинтепа, Қорабулоқ, Сарапан ва бошқа ўнга яқин қишлоқлар, шунингдек, Катта Жуз уруғларидан Усун, Санчиқили, Сара, Сергели ва бошқалар бўйсиндирилди.

Орадан яна уч-тўрт йил ўтиб, Юнусхўжа Катта қозоқ Жузи устига қилган юришларини тугатди. Туркистон ва унинг атрофидан то Чу дарёсигача бўлган ҳудуд Тошкент хукумати тасарруфига ўтди. Тошкент вилоятининг шимолий-ғарбий чегараси Чу дарёси яқинидаги Қоракўл деган жойдан белгиланди.

Юнусхўжа ўзига тобе бўлган Катта Жузда хонлик мансабини тугатиб, қозоқ уруғларини идора қилишни улардаги бий ҳамда йирик феодал вакилларига топширади. Шу йўл билан у қозоқ феодаллари орасида ўзига ишончли таянч кучлар яратади. Чунки Юнусхўжа марҳаматига ноил бўлган ва маҳаллий ҳокимиятни қўлга олган қозоқ феодаллари Тошкент ҳукуматини ва унинг сиёсатини қўллаб-қувватларди. Катта Жуз уруғлари Тошкент ҳукуматига закот тўлаши ҳамда Юнусхўжа қўшинида хизмат қилишга мажбурлиги шу жиҳатдан айниқса муҳим эди.

Юнусхўжа қўшини қорақозонлар деб аталиб (бу атаманинг келиб чиқиши ва маъноси ҳалигача аниқлангани йўқ.), улар асосан қалмоқлар, қўқонлик, хўжандлик ва бухороликлардан иборат бўлиб, тошкентликлар кам эди. Қўшиннинг алоҳида бўлинган ҳар бир қисмида 200 да 1000 тагача сипоҳ бўлган. Ҳар қайси қисмда турли рангли ипак газмолдан тикилган байроқ бўлиб, уларга ҳоким томонидан қўйилган хўжа мутасаддилик қилган. Ҳоким бош қўмондон ҳисобланган.

Қорақозонларнинг жуда оз қисмигина пилтали милтиқ, қолганлари эса ўқ-ёй, найза, қилич билан қуролланган. Шунингдек, уларда 5 та замбарак, 20 га яқин чўян ва темирдан ясалган, туяга ортиб юрилиб унинг устида турган холда отиладиган кичик тўплар ҳам бўлган. Ўқ тайёрлаш учун зарур бўлган қўрғошин асосан четдан, бир қисми эса Қоратоғдан олинган.

Шундай қилиб, XVIII аср охирида Ўрта Осиёни Россия билан боғлайдиган карвон йўллари устида ўрнашган шаҳар ва қишлоқларнинг, Шунингдек, Катта Жуз уруғларининг Тошкент вилоятига қўшиб олиниши Тошкентнинг иқтисодий ва сиёсий мавқеини янада мустаҳкамлади. Бундай кучга эга бўлган Тошкент ҳукумати Қўқон ва Бухоро ҳонликларини Қозоғистон, Оренбург ва Сибирь билан боғлайдиган карвон йўллари ўтадиган ҳамда муҳим савдо транзит йўли — Туркистон, Чимкент ва Сайрамни эгаллаб, Ўрта Осиё ва Россия иқтисодий муносабатларида етакчиликни ўз қўлига олишга интилади. Бундай уриниш Россия билан ўзаро алоқаларни кенгайтириш ҳамда бу муносабатларда устуворликка интилаётган Қўқон ва Бухоро хонликлари билан Тошкент ҳукумати муносабатининг кескинлашувига олиб келди. Айниқса Тошкент вилояти билан Қўқон хонлиги муносабати кескин тус олди. Чунки Тошкентнинг сиёсий мустақилликка эришиб, вилоят ерни кенгайтириш ҳамда қозоқ Жузлари, айниқса Катта Жуз устидан ўз таъсирни кўчайтириш учун актив сиёсат ўтказиши Қўқон хонлигининг иқтисодий ва сиёсий мавқеини чегаралаб қўйган эди. Вазиятнинг бошқа бир нозик томони шунда эдики, Фарғона водийсини Қозоғистон ва Россия билан боғловчи асосий савдо йўли ҳам Тошкент орқали ўтарди. Қолаверса, йирик ҳунармандчилик маркази бўлган Тошкент шаҳри Ўрта Осиё ўлкалари ҳамда Россия ва Қозоғистон оралиғидаги муҳим савдо маркази ҳам эди.

Қўқон хонлигининг Россия билан алоқа ўрнатишида Тошкентнинг ғов бўлиши ҳамда мухим хўжалик аҳамиятига эга бўлган Тошкент вилоятини эгаллаш зарурияти Норбўтабий (1774—1799) ва сўнгра Олимхон (1799—1809) олдида муҳим вазифа бўлиб турар эди. 1799 йили Қўқон хонлиги ана шу вазифани амалга оширишга жаҳд қилди — Хонхўжа етакчилагидаги қўшин Тошкентга қарши юриш бошлади. Бундан хабар топган Юнусхўжа ўз қўшинлари билан қўқонликларга қарши чиқиб, Чирчиқдан узоқ бўлмаган Қорасув ёнида уларга қаттиқ зарба берди. Хонхўжа бошлиқ 70 дан ортиқ Қўқон ҳарбий бошлиқларини асир олиб қатл эттирди. Ғалабадан сўнг Тошкент вилоятининг майдони Сирдарё бўйларидан то Чу дарёси бўйларигача бўлган ерларнн қамраб олди. Ўша йилларда Тошкентда бўлган геолог олим Поспеловнинг ёзишича, шаҳар деворннинг узунлиги 18 чақиримга яқин бўлган. Подпоручик Д. Телятниковнинг ҳисобича, Тошкентда XIX аср бошларида 7000 хонадон истиқомат қилган.

XIX асрнинг бошларида Тошкент хукумати ва Қўқон хонлиги ўртасидаги эиддият янада кескинлашди. Юнусхўжа ҳукуматининг сиёсий ва иқтисодий мавқеи мустаҳкамлангани сайин Қўқон ҳонлигига қарашли чекка вилоятлар — Ўратепа, Хўжанд ва Чуст ҳокимлари Олимхонга қарши бош кўтара бошладилар. Юнусхўжа ҳукумати бундай ички низолардан Қўқон ҳонлигига зарба бериш ва Фарғона водийсини ўз тобелигига киритиш йўлида фойдаланишга ҳаракат қилди. Поспеловнинг гувоҳлик беришича, Юнусхўжа Хўжанд ҳамда Чуст ҳокимлари билан иттифоқ тузиб, уларни Олимхонга қарши тезлайди.

Олимхон Чустдаги сепаратик ҳаракат (мустақилликка интилиш)ларни бостириб, Ражаб Девонбеги бошлиқ ўз қўшинларини Хўжандга юборади. Вазиятдан фойдаланмоқчи бўлган Юнусхўжа 1800 йилнинг кузида Қўқонга қарши юриш бошлайди. Сирдарё бўйидаги Ғурумсарой яқинидаги тўқнашувда Южусхўжа катта талофатга учраб бир гуруҳ яқинлари билан Тошкентга қайтади, Олимхон қўшини эса Қурама районидаги қишлоқлардан ўлжалар олиб, Қўқонга йўл олади.

Тошкент тарихига оид муҳим манба ҳисобланган «Тарихи жадидайи Тошканд» асарининг муаллифи Муҳаммад Солиҳ Қорахўжа ўғлининг ёзишича, Юнусхўжа мағлубиятга учраган ҳарбий юришларидан сўнг сил касалига мубтало бўлган, орадан кўп ўтмай вафот этган. Шундан сўнг ҳокимлик тахтига унинг катта ўғли Султонхўжа кўтарилди. Юнусхўжа вафотини эшитган Олимхон укаси Умархон бошчилигида Тошкентга қўшин юборади. Улар тўғридан-тўғри ҳужум қилмасдан шаҳар атрофидаги қишлоқларни талаш ва экин майдонларини поймол қилишга киришади.

Икки ўртадаги уруш ҳаракатлари узоқ давом этиб, 1809 йили Тошкент Олимхон томонидан бўйсундирилиб, Қўқон ҳонлигига қўшиб олинади.

Тошкентнинг чорак асрлик (1784—1809) сиёсий мустақиллик даври шу тариқа ниҳояланади ва у то Россияга қўшиб олингунга қадар Қўқон хонлигига қарам бўлди.

Тошкент вилоятида ўрнатилган тинчлик, осойишталик, энг муҳими, қўлга киритилган мустақиллик жойларда, хусусан Тошкент шаҳрида ҳунармандчилик, савдо-сотиқ ишларини ривожлантириш имконини берди. Шаҳар ҳокими Юнусхўжа Россия билан турли алоқаларни йўлга қўйиш мақсадида элчилар юборди, савдо муносабатларини ўрнатиш, элчилар айирбошлаш, ҳатто фойдали қазилмаларни аниқлаш, топиш юзасидан мутахассислар сўраб мактуб йўллади.

1792 йили Юнусхўжа ташаббуси билан олис йўлга чоғланган савдо карвони Тошкент вилояти ҳокимидан Сибирь маҳаллий ҳокимияти номига хат олиб борди. Хатда жумладан, шундай сўзлар бор эди:

• Баъдуҳу яхши хотирларга пўшида бўлмасунким тамоми алошу Улуғ Жуз ва Тошкент вилояти бизга қарадилар. Бир бош ва бир тан бўлиб, дўстга дўст, душманга душман бўлиб бир оғиздан сўз чиқариб, бир ёқадан бош чиқардилар. Эмди шу яхши вақтда хату муҳр қилиб Муҳаммадхўжа бирла Азизхўжани карвон боши қилиб топган савдогарларимизни қўшиб юбордик. Худои таоло хоҳлаб эсон-омон етиб бизни эсон-омонлигимизни айтсалар чин билиб сиз ҳам топғон савдогарларни бизнинг вилоятга юборинг. Худои таоло хоҳласа отаси тегса ўғлига киши тегмас, ўғли қилса отасига тегмаслар. Орада баримтой баҳам егандур, Сиз ҳам орада бир-бировга бежо тегмагудек сўз қилиб савдогарларни дилжам қилинг.

Умуман, Юнусхўжа ҳокимлиги даврида мустақил хаёт кечирган Тошкентда фақат шаҳар хўжалиги, ички ва ташқи савдо ривожланибгина қолмай, Россия билан иқтисодий, сиёсий ва маданий алоқаларни янада жонлантириш борасида кўпгина ишлар қилиндики, улар ҳақида алоҳида сўз юритиш мумкин.

Тошкент алломалари ва тарихий шахслари (иккинчи китоб)

Абдулазиз Муҳаммадкаримов
“Тошкентнома”. 2009 йил

Ўхшаш мақола

Суюнчхўжахон

СУЮНЧХЎЖАХОН, Суюнчакхон, Суюнчик султон (тахминан 1452–1525.23.06) – шайбонийлардан бўлган Тошкент хони (1503–25). Абулхайрхон ва Улуғбекнинг …

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *