Бу кишининг исми манбаларда Мавлоно Соний Ёрмуҳаммад ибн Пирмуҳаммад Тошкандий бўлиб, ўткир шоир эди, айниқса, муаммо жанрида муаллиф анчагина маҳорат қозонган. Форс тилида муаммо ёзишда Абдураҳмон Жомий биринчи даражада бўлган бўлса, ундан кейин ҳеч ким бу кишичалик маҳоратга эга бўлмаган эди. Ана шунинг учун Ёрмуҳаммад Соний, яъни Иккинчи деган тахаллусга эга бўлган. Демак, муаммода у киши ўта шуҳрат қозонган. Ёрмуҳаммад Тошкандий Мирхусайн ибн Муҳаммад Шерозийнинг (вафоти 1499) муаммоларига шарҳ ёзган. Маълумки, Мирхусайн ўз асарини Ҳиротда Алишер Навоий илтимоси Билан ёзган. Ёрмуҳаммад Бухорога бориб, у ерда илм тахсил қилиб юрган кезларида ёза бошлаб, юртига қайтгач, уни тугатган. Тошкентда 984/1577 йили кўчирилган бу асарнинг бир нусхаси Шарқшунослик институти қўлёзмалар фондида сақланмоқда. Бу асарнинг дастлабки варағида машҳур олим Ҳофиз Кўҳакий ўз қўли билан:
«Таажжуб бу қандай гавҳарки, мавлоно Ёрмуҳаммад Соний махфий сирларини балоғат ва латофат тариқи билан маоний хазинасини фош қилибдурлар. Ушбуни ёзувчи Хожи ал-ҳарамайн Ҳофиз Кўҳакий», деб ёзиб қўйган.
Қўлёзманинг бир нусхаси Тошкентда, Ўзбекистон Республикаси ФАШИ қўлёзма фондида мавжуд. Бу ҳам А. Жомийнинг «Муаммо»ларига шарҳдир, қўлёзма 1775 йили кўчирилган.
Ёрмуҳаммад Тошкандийга нисбат берилган учинчи қўлёзма ҳам бор. Бунинг номи «Мавлоно Шаҳоб муаммосининг шарҳи» деб аталади. Бу асар ҳам форс тилида Мавлоно Шаҳобуддин 1536 йили Ҳиндистонда вафот этган шоир. Унинг асарига Ёрмуҳаммад Тошкандий ёзган шарҳ 41 варақдан иборат бўлиб, 1581 йили кўчирилган нусхаси Ўзбекистон Республикаси ФАШИ қўлёзма фондида сақланади.
Ундан ташқари, Ёрмуҳаммадга нисбат берилган «Қирқ ҳадис шарҳи» деган қўлёзма асар ҳам бор. Бунда муаллиф қирқта ўзига хос ибратли ҳикоялар ёзган. Бу асар ҳам ЎзФА Шарқшунослик институти фондида мавжуд.
Тошкент алломалари ва тарихий шахслари (иккинчи китоб)
Абдулазиз Муҳаммадкаримов
“Тошкентнома”. 2009 йил