Бош саҳифа » Биласизми? » Yangidunyo.uz: Афғонистондаги уруш қандай бошланган эди?

Yangidunyo.uz: Афғонистондаги уруш қандай бошланган эди?

Афғонистондаги уруш 10 йил давом этди, собиқ иттифоқ ҳарбийларидан ўн беш мингдан зиёд аскарлар ҳалок бўлди. Афғонлардан эса, турли ҳисобларга қараганда икки миллионга яқин одам ўлдирилган. Буларнинг ҳаммаси сарой тўнтаришлари-ю сирли заҳарлашлардан бошланди.

Уруш арафаси

Сурат www.yangidunyo.uz сайтидан олинган

1979 йили 8 декабр кунининг биринчи қисмида Совет иттифоқи коммунистлар партияси Марказий Қўмитасининг “тор доирадаги” аъзолари Леонид Ильич Брежневнинг иш хонасига йиғилишди. Брежневга жуда яқин бўлган одамлар — Совет иттифоқи КГБ раиси Юрий Андропов, ташқи ишлар вазири Андрей Громико, партиянинг асосий мафкурачиси ҳисобланган Михаил Суслов ва мудофаа вазири Дмитрий Андроповлардан иборат эди. Бу сафар Афғонистондаги вазият, инқилобий республикадаги ички ва ташқи ҳолати муҳокама қилинди, Афғонистон Демократик Республикасига совет қўшинларини киритишга турли баҳоналар қидирилди.

Ўша вақт Леонид Ильич Ер шарининг олтидан бирида эриши мумкин бўлган барча ҳурматга эга бўлди ва «Энг олий ҳокимият» чўқисига чиққанини ҳам эслаб қўйиш жоиз. Бешта олтин юлдузни кўкрагига қадаб олган эди. Уларнинг тўрттаси Соввет иттифоқи қаҳрамони ва биттаси социалистик меҳнат қаҳрамони юлдузи эди. Мукофотлар ичида Совет иттифоқининг энг олий ҳарбий нишони, брилиантдан ясалган «Ғалаба» ордени ҳам бор. 1978 йили Брежневга берилган мазкур нишон Иккинчи жаҳон урушида тубдан бурилиш ясашда кўрсатган хизматлари учун берилган энг сўнгги ўн еттинчи юлдуз эди. Бу нишон соҳиби Сталин, Жуковга ўхшаган ҳарбий қўмондонлар эди. Ўзи умумий ҳисобда мазкур нишон билан 17 одам 20 марта тақдирланилган, Леонид Илич ҳаммасидан ўзиб кетиб бир неча марта тақдирланган. Маршалик асо, тилло қиличига эга эди ҳамда яқин келажакда отда ўтирган ҳайкали ҳам ясалиши кутилаётган эди. Бундай атрибутларга эгалиги унга ҳар қандай қарорни қабул қилишга имкон берар эди. Бундан ташқари, маслаҳатчилари унга Афғонистон социалистик ғояларга содиқ ва бу мамлакатдан иккинчи Монголияни ясаб олса бўлади, деган маънода маслаҳатлар бериб туришар эди. Саркардалик маҳоратларини ҳаммага бир кўрсатиб қўйиш учун партиядош дўстлари унга кичкина бироқ дабдабали ғалаба қозониш кераклиги ҳақида маслаҳатлар берар эди. Халқ, хурматли Леонид Илич генералиссимус ҳам бўлмоқчи экани ҳақида гапирар эди. Бошқа тарафдан қараганда Афғонистон ҳақиқатдан ҳам тинч эмас эди.

Апрель инқилобининг натижаси

1978 йили 27-28 апрел кунларида Афғонистонда Апрель инқилоби рўй берди (Афғонлар тилида ушбу сарой тўнтаришини Савр инқилоби ҳам деб айтишади. 1992 йилдан бери Апрел ьинқилоби кунини нишонлаш бекор қилинган, унинг ўрнига Афғон халқининг Совет иттифоқига қарши курашининг ғалаба куни нишонланадиган бўлган).

Муҳаммад Довуд режимига қарши намойишларнинг бошланишига коммунистик арбоб, газета муҳаррири Мир Акбар Хайбарнинг ўлдирилиши сабаб бўлди. Унинг ўлимида Муҳаммад Довуднинг махфий хизматлари айбдор деб топилди. Мухолиф муҳаррирнинг жанозаси режимга қарши норозилик намойишига айланиб кетди. Тартибсизлик ташкилотчилари орасида Афғонистон халқ демократик партияси раҳбарлари Нур Муҳаммад Таракий ва Бабрак Кармаллар ҳам бор эди. Улар шу кунининг ўзида ҳибсга олинди. Партиянинг яна бир раҳбарларидан Ҳофизулло Амин бу воқеалар бўлмасидан олдин уй қамоғига олинган эди.

Демак, уч раҳбар ҳали бирга, учаласи ҳам ҳибсда ва улар орасида ҳеч қандай низо йўқ. Амин ўғли орқали Афғонистон Халқ Демократик партиясидаги ўзларига содиқ бўлган ҳарбийларга мактуб йўллаб, қуролли қўзғалон кўтаришга буйруқ беради. Ҳукумат алмаштирилди. Президент ва унинг бутун оиласи ўлдирилди. Таракий ва Кармал ҳибсдан озод этилади. Кўриб турганимздек, инқилоб аниқроғи биз инқилоб деб атайдиган нарса жуда осонлик билан амалга оширилган. Ҳарбийлар тамонидан саройни босиб олинди, мамлакат раҳбари оиласи билан бирга йўқ қилинди. Барча ҳокимият “халқ” қўлига ўтди. Афғонистон Демокртатик Республика деб эълон қилинди. Нур Муҳаммад Таракий мамлакат раҳбари ҳамда Бош вазир лавозимини эгаллади, Бабрак Кармал эса, унинг ўринбосари этиб тайинланди. Бош вазирнинг биринчи ўринбосари ва Ташқи ишлар вазири мансаби исён ташкилотчиси Ҳофизулло Аминга таклиф қилинди. Ҳозирча улар учта. Бироқ тузуми ярим феодал бўлган ушбу давлат социализмнинг совет моделини, хусусан: аҳоли онгига марксизм ғояларини сингдириш, юрт заминдорларини қулоқ қилиб, ерларини мусодара қилиш, фақирлар қўмиталари-ю, партия ячейкаларини таъсис этиш каби моделини афғон ерида жорий этишга ошиқмас эди. Совет иттифоқидан келган мутахассисларни аҳоли ёмон кутиб олди. Жойларда норозиликлар кучайиб, исёнга айлана бошлади. Вазият ёмонлашди, мамлакат жарга қараб шўнғишни бошлади. Триумвиратга дарз кета бошлади.

Биринчи бўлиб Бабрак Кармални ўйиндан чиқаришди. 1978 йили июлида у мансабидан туширилиб, узоқ Чехсловакияга элчи қилиб юборилди, мамлакатда вазият оғир эканини билиб у ватанига қайтишга шошмас эди. Икки раҳбар орасида манфаатлар тўқнашуви бошланиб, амбициялар урушига айланиб кетди. Сўнг, Ҳофизулло Амин Таракийни истеъфога чиқишини талаб қила бошлади. У эса, Гаванага бориб келган, Москвада илиқ кутиб олинган, Брежнев билан учрашиб, унинг қўллаб-қувватлаши ваъдасини олган эди. Таракий дунё кезиб юрганида Амин ҳокимиятни қўлга олишга тайёргарчилик кўрди. Таракийга содиқ бўлган зобитлар алмаштирилди, шаҳарга ўзининг қабиласига бўйинсинадиган содиқ қўшинларни олиб кирди, сўнг Афғон халқ демократик партияси Сиёсийбюро Марказий Қўмитасининг навбатсиз тарзда ўтказилган мажлисида Таракий ва унинг одамлари ишларидан олинди ва партиядан чиқарилди. Таракийнинг 12 минг тарафдорлари отиб ташланди. Иш шундай ташкил қилинган эдики, кечқурун ҳибсга олинар, тунда сўроқ қилинар, эрталаб эса отиб ташлашар эди. Ҳаммаси шарқона анъаналар асосида. Москва Таракийни олиб ташланишигача, анъаналарни ҳурмат қилар эди. Совет иттифоқи Марказий Қўмитанинг ловозимдан четлатиш ҳақидаги қарорига норози бўлди. Истеъфо қилишга кўндира олмагач, Амин ўзининг шахсий қўриқчиларига президентни бўғиб ўлдиришга буйруқ беради. Бу воқеа 1979 йили 2 октябр куни бўлиб ўтди. Афғонистон халқига эса, 9 октябр куни расмий равишда “узоқ муддат давом этган касаллик туфайли Қабул шаҳрида Нур Муҳаммад Таракий вафот этди”, деб эълон қилишди.

Яхши-ёмон Амин

Таракий ўлимидан Леонид Илич қаттиқ хафа бўлди. Унга янги дўсти ўз ўлими билан эмас, балки Амин тарафидан вахшийларча ўлдирилгани ҳақида ҳабар қилишди.

Ўша вақтдаги КГБнинг Биринчи асосий бошқарма раҳбари (ташқи разведка) Владимир Крючковнинг эслашича, — “Брежнев дўстликка содиқ инсон бўлгани сабаб Таракийнинг ўлимидан қайғурди, қандайдир маънода ўзининг шахсий фожиаси каби қабул қилди. Унда ўзини айбдор тутиш хисси бор эди, яъни у Таракийни Қобулга боришдан қайтариши мумкин бўлиб, қайтармагани учун ҳам изтиробда қолган эди. Аминни эса у умуман ҳеч қанақасига қабул қилмади”.

Афғонистон бўйича Сиёсий бюро мажлисига ҳужжатлар тайёрланаётган бир вақтда Леонид Илич ҳодимларга: “Амин – ноинсоф одам”, деди. Ушбу эътироз Аминни Афғонистондаги ҳокимиятдан олиб ташлаш учун турли хил йўлларни топишга ҳаракат қилиш учун етарли эди.

Ўша вақтнинг ўзида ҳам Москва Афғонистондан бир-бирига зид маълумотларни олар эди. Бунга сабаб, ўша маълумотларни бир бирига рақобати кучли бўлган ташкилотлар топар эди (КГБ, ГРУ, МИД, ЦК КПССнинг халқаро бўлими ва турли хил вазирликлар).

Қуруқликдаги қўшинлар қўмондони армия генерали Иван Паловский ва Афғонистон Демократик Республикасидаги бош ҳарбий маслаҳатчи Лев Горелов ГРУ тайёрлаган маълумотлар ҳамда Амин билан шахсий учрашувда олинган ахборотлар асосида Сиёсий бюрога афғон халқининг пешвози ҳақида “Москванинг содиқ дўсти ва Афғонистонни совет иттифоқининг мустаҳкам дўсти сифатида” таърифлашган. “Ҳофизулло Амин кучли шахс ва мамлакат раҳбари сифатида қолиши керак”.

КГБнинг ташқи разведка каналлари орқали юқоридаги сифатлардан тубдан фарқ қилувчи маълумотлар хабар қилинар эди: “Амин – мустабид, мамлакатида ўз халқига нисбатан террор ва репрессияларни очиб берди, Апрел инқилоби ғояларининг сотқини, америкаликлар билан тил бириктирган ҳамда ташқи сиёсатда Москвага зид бориб Вашингтон измига тушди, МРБнинг агенти”.

Аслида КГБ ташқи разведкасининг бирон бир раҳбари ҳеч қачон “Таракийнинг энг биринчи ва энг содиқ шогирди”, “Апрел инқилоби йўлбошчиси”нинг совет душмани ва сотқин эканига бирон бир ҳужжат-далил келтирмаган. Айтмоқчи, “Тож-Бек” саройи ҳужумида Амин ва унинг иккита вояга етмаган ўғли ўлдирилганидан кейин Аминнинг хотинига тирик қолган қизи билан истаган мамлакатга чиқиб кетиш ихтиёри берилганида у Совет иттифоқини танлайди. Ўшанда: “Турмуш ўртоғим совет иттифоқини яхши кўрар эди”, деб жавоб берган эди.

1979 йил 8 декабрдаги Сиёсий бюро Марказий қўмитасининг тор доираси йиғилган мажлисга қайтамиз. Брежнев тинглаб ўтирибди. Ўртоқ Андропов ва Устиновлар Афғонистонга аскар киритиш зарурияти ҳақида гапирмоқда.

Биринчиси — совет иттифоқининг жанубий чегараларини ҳамда Ўрта Осиё республикаларини ўз манфаатлари доирасига қўшиб олишни режа қилаётган АҚШ тажовузидан ҳимоя қилиш, Афғонистон ҳудудларига Байқанур космодроми ҳамда бошқа зарурий объектларни хавф туғдириши мумкин бўлган “Першинг” ракеталарини жойлаштирилиши ҳамда Афғонистоннинг шимолий вилоятларининг мамлакатдан ажраб чиқиб Покистонга қўшилишинининг олдини олиш. Натижада ҳаракатланишнинг икки вариантини кўриб чиқишга қарор қилишди: Аминни олиб ташлаб ўрнига Кармални қўйиш, ушбу вазифани бажариш учун Афғонистонга бир қисм аскарларни киритиш. “КПСС Марказий Қўмитаси Сиёсий бюросининг танланган аъзолари” билан учрашувга таклиф қилинган Бош штаб раҳбари маршал Николай Огарков бир соат мамлакат раҳбарларини совет қўшинларини Афғонистонга олиб кириш ғояси ҳалокатли бўлиши мумкинлигини тушунтиради. Бироқ маршал уларни ўз гапига ишонтира олмайди. Эртаси, 9 декабр куни Огарковни Бош котиб ҳузурига яна таклиф қилишди. Бу сафар хонада – Брежнев, Сусловв, Андропов, Громыко, Устинов, Черненколар бор эди. Унга мажлис протоколини тузишни топширишди. Маршал Огарков бор кучи билан аскарларни киритишга қарши ўз фикрларини айтди. У афғонларнинг ўз ҳудудларига бегоналарни қўймаслик анъаналарини эслатди, киритилган ҳарбийларнинг жанглардан боши чиқмай қолиши мумкинлиги ҳақида гапирди, бироқ ҳаммаси беҳуда бўлди. Маршал сўзини Андропов кесди: «Сизни бу ерга фикрингизни билиш учун эмас, балки Сиёсий бюро кўрсатмаларини ёзиб, сўнг уларни бажаришни ташкиллаштириш учун чақирганмиз”. Бахсга Леонид Ильич Брежнев нуқта қўйди: “Юрий Владимирични қўллаб-қувватлаш лозим”.

Совет иттифиқининг яксон бўлишига сабаб бўлган қарор шу тарзда қабул қилинган эди. Совет аскарларини Афғонистонга киритиш бўйича қарор қабул қилган ўша вақтдаги раҳбарларининг биронтаси ҳам совет иттифоқи фожиасини кўрмади. Ўлар ҳолатида касал бўлган Суслов, Андропов, Устинов, Черненко урушни бошлашга бошлаб олиб, 80-йиллар бошида бирин-кетин ўлиб кетишди. 1989 йили эса Андрей Андреевич Громыко вафот қилди.

Совет қўшинларини Афғонистонга киритилишига ғарб сиёсатчилари ҳам таъсир қилган. НАТОнинг ташқи ишлар ҳамда мудофа вазирликлари 1979 йили 12 декабр куни Брюсселда Ғарбий Европада Американинг «Круз» ва «Першинг-2» деб номланган янги, ўрта масофадаги ракеталарини жойлаштириш режасини қарорини қабул қилишган. Ушбу ракеталар Совет иттифоқига қарашли Европа ҳудудининг деярли барча жойини нишонга олиши мумкин эди. Советлар ҳимояланиши зурур эди.

Сўнгги қарор

12 декабар куни Афғонистонга совет қўшинларини киритиш бўйича якуний қарор қабул қилинди. КПСС Марказий Қўмитасининг махсус папкасида Марказий Қўмита котиби Черненко тарафидан ёзилган Сиёсий бюро мажлис протоколи сақланган. Протоколда Афғонистонга совет қўшинларини киритиш ташаббускорлари сифатида Ю.В. Андропов, Д.Ф. Устинов ва А.А. Громыколар қайд қилинган. Шундай бўлишига қарамай, совет ҳарбийлари энг биринчи бўлиб ҳал қилиши керак бўлган масала Ҳофизулло Аминни ағдариш ва йўқ қилиниши ва уни советлар тарафидан қўйилиши керак бўлган Бабрак Кармал ҳақида мазкур ҳужжатда лом-мим дейилмаган. Шунинг учун ҳам Афғонистон Демократик Республикаси илтимосига кўра совет қўшинлари Афғонистонга киритилди деган гап ҳеч қандай асосга эга эмас. Аскарларни киритиш бўйича Сиёсий бюро аъзоларининг ҳаммаси бир овоздан овоз беришди. Бироқ, Сиёсий бюронинг мазкур мажлисида СССР Вазирлар Кенгашининг раиси Алексей Косыгиннинг иштирок этмаганлиги диққатга сазавордир. У мамлакат иқтисодининг аҳволидан яхши хабардор бўлган ҳолда Афғонистонга қўшин киритишга мутлоқо қарши бўлган эди. Ўша вақтдан бошлаб, Брежнев ва унинг атрофидагилари билан муносабатлари узилган, деб айтилади.

Икки марта заҳарланган Амин

13 декабр куни КГБнинг норасмий разведкаси Аминни ағдариш бўйича махсус локал операциясини бошлаб юборди. Унга генерал Юрий Драздов бошчилик қилди ҳамда операцияни амалга оширишни форсий тилида бемалол гаплаша оладиган “Миша”га топширди. Махсус манбаларда унинг фамилияси Талибов экани қайд қилинган. У Амин ошхонасига катта ошпоз сифатида киритилган эди. Буларнинг ҳаммаси Кобулдаги норасмий агентура ҳамда АҚШдаги собиқ резидент генерал Драздов ўз ишларини аъло қилганига далолат қилади. Афғонистондаги операция учун у Ленин ордени билан тақдирланган. “Миша” тайёрлаган ва Аминга аталган кока-кола ичимлиги қуйилган қадаҳ заҳарланган эди, бироқ тасодифга кўра заҳарланган қадаҳ унинг жияни, контрразведка бошлиғи Асадулло Аминга берилади. У заҳарланганида унга совет ҳарбий шифокорлари биринчи ёрдамни кўрсатган эди. Сўнг уни оғир аҳвлода Москвага юборишади. Шифо топганидан сўнг уни Қобулга қайтаришади, у ерда уни Бабрак Кармал буйруғи билан отиб ташланади. Ҳокимиятда анча ўзгаришлар бўлган эди.

Ошпоз “Миша”нинг иккинчи уруниши мувоффақиятли бўлди. Бу сафар у меҳмонлар коллективидан заҳарини аяб ўтирмади. Амин қўриқчилари “Миша”дан омон қолишди, чунки улар алоҳида таомланар эди. 27 декабар куни Ҳофизулло Амин совет аскарлари Афғонистонга киритилиши ҳақидаги маълумотни олади ва серҳашам зиёфат уюштиради. Уни совет ҳукумати Таракийнинг ўлими ва ҳукумат алмашгани ҳақидаги расмий афғонистонликларнинг айтганлари қониқтирганига ишонтиришади. Совет ҳукумати Аминга ёрдам сифатида ўз аскарларини мамлакатга киритмоқчи бўлади. Зиёфатга Афғонистоннинг деярли барча катта ловозимдагилари таклиф қилинади. Бироқ зиёфат чоғида жуда кўп меҳмонлар ўзларини ёмон хис қила бошлайди. Баъзилари хушидан ҳам кетади. Уларнинг ичида Амин ҳам бор эди. Президентнинг рафиқаси дарҳол советлар элчихонасининг Марказий ҳарбий госпитальга қўнғироқ қилади. Биринчи бўлиб терапевт полковник Виктор Кузнеченков ва жарроҳ Анатолий Алексеев етиб келади. Оммавий заҳарланиш бўлганини аниқлаб улар Ҳофизулло Аминни қутқариш учун реанимацион ҳаракатларини бошлаб юборадилар. Улар президентни қутқариб қолишади.

Ушбу хабарга ташқи развведка раиси Владимир Крючковнинг муносабатини бир тасаввур қилиб кўринг. Кечга яқин машҳур “Пўртана-333” – Аминнинг “Тож-Бек” саройини ишғол қилиш операцияси бошланди. Операция 43 дақиқа давом этди. Ушбу ҳужум барча ҳарбий академиялар китобига киритилган. Амин ўрнига Кармални алмаштириш учун КГБнинг махсус “Мамақолдироқ” гуруҳининг – “А” бўлинмаси ёки журналистларнинг талқинича, “Альфа” (30 одам), “Зенит” – “Вимпел” (100 одам) ҳамда ГРУ ҳарбий разедкасининг “мусулмон батальони” (530 одам) – махсус 154 бўлинма ўзбек, туркман ва тожиклардан иборат эди. Ҳар бир ротада форсий тилидан таржимон ҳам бор эди. Улар асосан Ҳорижий тиллар ҳарбий институт курсантларидан иборат эди. Айтмоқчи, тожик, ўзбек ва туркманларнинг аксари таржимонсиз ҳам Афғонистоннинг асосий тилларидан бири бўлган форсий тилни тушунишар эди. Совет мусулмон батальонига Ҳабиб Холбоев қўмондонлик қилди. Саройга қилинган ҳужумда КГБ махсус гуруҳидан 5 одам ўлди. “Мусулмон батальони”дан эса олти одам ўлди. Десантчилар тўққиз одамини йўқотди. Аминни заҳарланишдан қутқариб қолган ҳарбий шифокор Виктор Кузнеченков ҳам ҳалок бўлди. Совет иттифоқи Олий Кенгашининг Президиумининг махфий фармони билан 400га яқин одам турли хил орден ва медаллар билан тақдирланди. Тўрттаси Совет иттифоқи қаҳрамони бўлди. Полковник Виктор Кузнеченков жангавор Қизил Байроқ ордени билан тақдирланди (ўлимидан сўнг).

СССР Олий Кенгаши президиумининг буйруғи ёки ҳукуматнинг қўшин киритиш ҳақида бошқа бирорта ҳам ҳужжат пайдо бўлмади. Барча топшириқлар оғзаки тарзда бўлди. Фақатгина 1980 йилнинг июнига келиб, МК КПСС Афғонистонга қўшин киритиш ҳақидаги қарорни маъқуллади. Ғарбда «Афғонистон давлат бошлиғининг ўлдирилиши, советлар мамлакатни босиб олганига ҳужжатдир» дея талқин қилинди. Бу СССРнинг АҚШ ва Европа билан бўлган муносабатларига салбий таъсир кўрсатди. Кейинроқ, АҚШ ҳам ўз қўшинларини Афғонистонга киритди ва у ердаги уруш ҳамон — 35 йилдан бери давом этмоқда.

Интернет маълумотлари асосида
Абу Муслим тайёрлади

Ўхшаш мақола

Народы Узбекистана. Итальянцы

Самоназвание — италиани. Народ, основное население Италии. Язык — итальянский итало-романской подгруппы романской группы индоевропейской …

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *