Бош саҳифа » Тошкент-2200 » XVIII аср иккинчи ярми Тошкент тарихини ўрганилиши хусусида

XVIII аср иккинчи ярми Тошкент тарихини ўрганилиши хусусида

Тошкент қадимдан Марказий Осиёнинг ички ва ташқи савдосида асосий ўрин тутувчи йирик савдо ҳунармандчилик марказларидан бири бўлган. Жумладан, Дашти Қипчоқ ҳудудида яшовчи кўчманчи чорвадор қабилалар Россия, Шарқий Европа, Ҳиндистон ва Хитой каби йирик савдо марказлари билан доимо алоқада бўлиб келган.

X-XI асрларга оид араб манбаларидаги маълумотларига кўра Тошкент қадимдан катта шаҳар бўлиб, унинг бозорлари доимо хорижий савдогарлар билан тўлиб турган. Чунки Тошкент Ўрта Осиёнинг шимоли-шарқдаги дарвозаси ҳисобланган[1]. Шаҳар бозорлари маҳаллий маҳсулотлар олди-сотдисида кечган иқтисодий марказ бўлибгина қолмай, уларда транзит савдо ҳам амалга оширилган. Маҳаллий аҳолининг асосий қисми деҳқончилик, ҳунармандчилик ва савдо ишлари билан доимий шуғулланган. Сўнги ўрта асрларга келиб, минтақада кечган турли сиёсий жараёнлар ва ўзгаришлар Тошкентнинг бу соҳадаги мавқеига таъсир кўрсатмай қолмаган. Бу манбаларда Тошкент хусусида турлича маълумотларни пайдо бўлишига сабаб бўлган. Хусусан, XVIII аср ўрталарида шаҳар ҳаёти, унда кечган иқтисодий жараёнлар борасида форс ва туркий тиллардаги манбаларимизда рус сайёҳлари ҳамда элчиларнинг кундаликларида ва ҳужжатларида турли нуқтаи назарни ифодаловчи маълумотлар мавжуд.

Тошкентнинг энг гавжум жойлари унинг бозорлари ҳисобланган. Эски Жўва, Чорсу ва Кўкалдош мадрасаси оралиғида Регистон, Чорсу ва Каппон (Ғалла) бозорлари жойлашган. Регистон бозори Ўрта Осиё хонликларида ишлаб чиқарилган маҳсулотлар билан тўлган. Бундан ташқари Ҳиндистон, Хитой, Афғонистон, Эрон ва Россиядан келган маҳсулотлар ҳам сотилган.

Оренбург вилояти Давлат Архиви фондида сақланаётган ҳужжатларда Нурмуҳаммад Муллаалимовнинг берган маълумоти келтирилган. У берган маълумотга кўра Чирчиқ атрофидаги тоғлардан темир олинган, мис эса Самарқанддан келтирилган. Қўрғошин Туркистон атрофидаги тоғлардан қазиб олинган[2]. Ушбу маҳсулотлар саноат ривожи учун энг керакли хом ашё ҳисобланган. Маълумотларга қараганда Тошкентда узоқ вақтлардан бери мис аралаш кумуш тангалар зарб қилиниб келинган. Албатта, бу Тошкентнинг ички ва ташқи савдосини ривожлантириш мақсадида қилинган. Лекин қалмоқлар ҳукмронлиги даврида тинимсиз урушлар ва маҳаллий аҳолининг норозиликлари туфайли бўлиб турган ҳаракатлар натижасида танга-пул зарб қилиш тўхтаб қолган[3]. XVIII аср бошларида Тошкент қалмоқлар қўл остига ўтиши ва у ерда қалмоқларга қарам бўлган қозоқ султонлари томонидан 1723-1758 йиллар давомида бошқарилганлиги ҳақидаги маълумотлар Э. Ҳожиевнинг “Тошкентнинг Россия шаҳарлари билан алоқаси”, Ю. Соколовнинг “Ташкент, ташкентцы и Россия”, Э.Хуршутнинг “Ши-Чач-Ташкент”, Р.Г. Мукминова, М.И. Филановични “Ташкент на перекрёстке истории” рисолаларида таъкидлаб ўтилган. Бу фикрларни тасдиқловчи факт ҳисобида Ў. Султоновнинг “Муҳаммад Солиҳхўжанинг “Тарихи жадидаи Тошканд” асари муҳим тарихий манба сифатида (XIX аср)”[4] номли монографиясида кўришимиз мумкин. Айрим тадқиқотчиларимиз қалмоқлар босиб олгандан сўнг бошқарув ҳам уларнинг қўлида бўлганлигини таъкидлашса, айрим тадқиқотчиларимизнинг фикрича, бошқарув маҳаллий аҳоли вакиллари қўлида бўлганликларини таъкидлашади. Айнан Ҳ.Зиёевнинг “XVIII асрда Ўрта Осиё ва Уралбўйлари” номли монографиясида 1735 йил Уфага борган тошкентлик савдогар Нурмуҳаммад Муллаалимов Оренбург экспедициясининг бошлиғи И.И. Кирилловга берган маълумотларига қараганда, қозоқ султонларига фақат солиқ тўлаб турилган, бошқарув эса маҳаллий аҳоли вакиллари қўлида бўлган[5], деган фикрларни учратиш мумкин.

Бу вақтда Тошкент тўртта даҳадан иборат бўлган: 1. Шайхонтаҳур. 2. Себзор (Қаффол Шоший). 3. Кўкча (Шайх Зайниддин) 4. Бешёғоч (Зангиота). Булардан қадимийлари Себзор ва Кўкча ҳисобланиб, Себзор кўплаб боғлар, Кўкча кўплаб далалар, деб таърифланган[6]. Қолган икки даҳанинг номланиши кейинги даврларга тўғри келади. Шайхонтаҳур Шайх Хованди Таҳур номидан келиб чиққан, Бешёғоч туркий ном бўлиб, ушбу ҳудудда 5 та дарахт бўлганлиги билан белгиланган.

Ҳар бир даҳа маҳаллаларга бўлинган. Маҳаллалар дастлабки аҳолининг маъмурий-хўжалик ва жамоавий ташкилоти бўлиб, ўзининг бошқарув тизимига эга бўлган. Маҳаллани сайланган оқсоқол бошқарган. Оқсоқолнинг вазифаси умуммаҳалла ер ҳудудларини ўзгартириш, сув билан таъминлаш[7] каби вазифалардан иборат бўлган.

1740 йил Тошкентга келган рус зобити Миллернинг гувоҳлик беришича, бу вақтда Тошкентда 150 га яқин маҳаллалар бўлган[8]. Ҳар бир даҳа обрўли хонадон вакиллари томонидан бошқарилган. О.Д.Чеховичнинг маълумот беришича, тўртта эътиборли, бой хонадон соҳиблари Шайхонтаҳур даҳасида Авлайқулихон авлодидан Бобохонтўра, Бешёғочда Аштархонийлардан Ражаббек, Кўкчада Чиғатойхон авлодидан Муҳаммад Иброҳимбек, Себзорда Жўчихон наслига мансуб яна бир киши ҳоким бўлиб[9], улар ўртасида доимо келишмовчиликлар бўлиб турган. Ўзаро келишмовчиликлар ички ва ташқи савдога ҳамда шаҳар хўжалиги ҳаётига ўз таъсирини ўтказган.

Шаҳар атрофи мудофаа девори билан ўралган бўлиб, 12 та дарвозаси бўлган. Лекин Тошкент дарвозалари юзасидан ҳам турли хил мулоҳазали фикрлар мавжуд. Жумладан, Ўзбекистон тарихи (3-жилд) да биринчи гуруҳ олимлари 32 та, иккинчи гуруҳ олимлари 12 та ва учинчи гуруҳ олимлари 8 та[10] дарвоза бўлганлиги ҳақида маълумотлар беради. Маҳаллий манбаларимиздаги аниқ фактик маълумотлар иккинчи гуруҳ олимларининг маълумотлари асосли эканлигини тасдиқлайди.

Муҳаммад Солиҳ Тошкандийнинг “Тарихи жадидаи Тошканд” асарида айтилишича, “Чор ҳокимлик” даврида учта даҳа ҳокимлари бирлашиб, Авлайқулихон авлодларига қарши уруш олиб борилганлиги айтилган. Узоқ вақт давом этган жанглардан сўнг Салимсоқтўра ва Бобохонтўра бошчилигидаги Авлайқулихон авлодлари бирин-кетин уч даҳани эгаллайди ва ғолиб томон талаби билан машварат ўтказилади. Бунда шаҳарда ягона ҳоким ва ягона ҳарбий бошлиқ бўлишини талаб қилишади. Машваратга кўра Девонбеги маҳалласидан бўлган Салимсоқтўра ҳарбий қўмондон, Рустам тўра оталиқ вазифасига, Одилтўра парвоначи, Бобохонтўра эса қўшин бошлиғи[11] вазифаларига, Салимсоқтўра таклифига кўра Шайх Хованди Таҳур авлодларидан бўлган Юнусхўжани “вилоят волийси” этиб сайлаганлар[12].

Юнусхўжа Тошкент атрофидаги йирик ва майда қишлоқларни ўз қўл остида бирлаштириб, вилоят ерларини кенгайтириш мақсадида ҳаракатлар олиб борган. У тўғрисида берилган маълумотларда Тошкентни шимоли-ғарбидаги шаҳар, қишлоқ ва Катта Жуз элатларини ўзига бўйсундириб, Россиянинг шаҳарлари билан боғлайдиган савдо йўлига эга бўлади[13]. Бу ҳудудларни Тошкент ҳокимлигига қўшиб олиниши Тошкент савдо карвонларининг чиқишини енгиллаштиради.

1796 йилга келиб, Чимкент, Сайрам, Олтинтепа, Қорабулоқ, Сарапан шаҳарлари ҳамда Ниёзбек ва Темир мавзелари Юнусхўжа қўл остида бирлаштирилади. Туркистон ва унинг атрофидаги то Чу дарёсигача бўлган ерларни ҳам ўз тасарруфига олади. 1800 йилга келиб, Тошкент ҳокимлигининг чегараси жануб ва ғарбдан Сирдарё бўйлаб, шимолдан Туркистон ва Қоратоғ ёнбағирлари орқали ўтган. Шарқда Сайрам тизмаси ва Угом дарёларининг ўнг соҳили, жануби-шарқда Чотқол-Қурама тоғ тизмалари ёқалаб Сангир қишлоғигача борган. Биринчи навбатда вилоят ҳудудида тинчликни ва осойишталикни таъминлаб, қўшни мамлакатлар билан эркин савдо олиб бориш сиёсатини юритган. Чор ҳокимлик даврида Оренбург, Сибирь ва Хитой билан савдо алоқаларини бухороликлар орқали амалга оширган бўлса, Юнусхўжа даврига келиб, ўзларининг савдо уюшмаларини ташкил қилган ва тошкентликлар номи остида савдо алоқаларини олиб борган.

Юнусхўжа Тошкент ҳокимлигини тўла мустақил давлат даражасига кўтариш учун ички ва ташқи савдони ривожлантириш мақсадида олд томонига “Муҳаммад Юнусхўжа Умарий” деб ёзилган, сиртига лочин ёки йўлбарс тасвири туширилган икки хил мис пуллар ва танга зарб қилдирган[14].

Амалга оширилган тадқиқотлар ва турли кўринишдаги манба ва адабиётлардаги айрим маълумотларнинг талқини шуни кўрсатадики, сўнги ўрта асрларда айнан XVIII асрнинг иккинчи ярмидаги тарихи юзасидан баъзи масалаларни кенгроқ ва аниқроқ тадқиқотларни тақозо этади. Бу масала тадқиқотларининг натижалари Тошкентнинг Россия подшолиги босқинига қадар бўлган даврдаги сиёсий, иқтисодий ҳолатини очиб беришга имкон беради. Унинг маъмурий мақоми, бошқарув тизими, унда кечган иқтисодий жараёнлар, жумладан, Тошкент савдогарларининг фаолияти ҳамда минтақа ички ва ташқи савдоси муносабатларидаги роли ва ўрни каби масалаларни очиб беришда аниқликларни тақозо этади.

М.Б. Шамсиев

Об особенностях изучения истории Ташкента второй половины XVIII века

На основе анализа имеющихся сведений из местных и зарубежных источников рассматривается экономическая, социальная и политическая жизнь Ташкента во второй половине XVIII века.

M.В. Shamsiev

On Historical Study of Tashkent in the second half of the 18th Century

This article investegoted economical, social, and political life of Tashkent in the second half of the 18th centure the basis of the of local and foriegen soures.

[1] Мукминова Р.Г., Филанович М.И. Ташкент на перекрестке истории. Ташкент, 2001. С.43

[2] Оренбург вилояти Давлат Архиви. 1-фонд, 1-рўйхат, 2-иш, 70-варақ

[3] Ўша ҳужжат. 73-варақ

[4] Ҳожиев Э. Тошкентнинг Россия шаҳарлари билан алоқаси. Тошкент, 1973. 8-бет; Соколов Ю. Ташкент, ташкентцы и Россия. Тошкент,1965. С.29; Хуршут Э. Ши-Чач-Ташкент. Ташкент: Ўзбекистон. 1992. С.38

[5] Зиёев Ҳ. XVIII асрда Ўрта Осиё ва Уралбўйлари. Тошкент,1973. 59-бет

[6] Соколов Ю. Ташкент, ташкентцы и Россия. Ташкент,1965. С.26

[7] Ўша асар, 26-бет

[8] Ўша асар, 27-бет

[9] Султонов Ў. Муҳаммад Солиҳхўжанинг “Тарихи жадидаи Тошканд” асари муҳим тарихий манба сифатида (XIX аср). Тошкент, 2007. 89-бет

[10] История Узбекистана. Т. 3. Ташкент,1993.С.237

[11] Мукминова Р.Г., Филанович М.И. Ташкент на перекрёстке истории. С. 88. Г(-) Г; Ҳожиев Э. Тошкентнинг Россия шаҳарлари билан алоқаси. Тошкент, 1973. 11-бет

[12] Султонов Ў. Муҳаммад Солиҳхўжанинг “Тарихи жадидаи Тошканд” асари муҳим тарихий манба сифатида (XIX аср). Тошкент, 2007. 89-бет

[13] Ҳожиев Э. Тошкентнинг Россия шаҳарлари билан алоқаси. Тошкент,1973. 13-бет

[14] Султонов Ў. Муҳаммад Солиҳхўжанинг “Тарихи жадидаи Тошканд” асари муҳим тарихий манба сифатида (XIX аср). Тошкент, 2007. 112-бет

Манба:

Тошкент шаҳрининг 2200 йиллик юбилейига бағишланган Халқаро илмий конференция материаллари
Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси, «Фан» нашриёти, 2009

Ўхшаш мақола

XIX аср биринчи ярмида Тошкентнинг маъмурий-бошқарув тизими

XVIII асрнинг иккинчи ярмида Юнусхўжа (1784-1803) томонидан Тошкентда тўрт ҳокимлик тугатилиб, кучли ички ва ташқи …

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *