Бош саҳифа » Тошкент-2200 » XIX аср охири – XX аср бошларида Тошкент шаҳридаги номусулмон диний конфессиялар

XIX аср охири – XX аср бошларида Тошкент шаҳридаги номусулмон диний конфессиялар

Қадимдан Туркистон ўлкасининг иқтисодий ва маданий маркази бўлиб келган Тошкент шаҳрида XIX аср охири – XX аср бошларида содир бўлган кескин ўзгаришлар ўлкада мустамлака тузумининг ўрнатилиши билан боғлиқ эди. Бу даврда ўлка сиёсий марказига айланган шаҳар ҳаётида содир бўлган муҳим ва зиддиятли ўзгаришлар ижтимоий-маънавий соҳаларда ҳам яққол намоён бўлди. Туркистонда анъанавий бошқарув тизимининг барҳам топиб, мустамлакачилик ҳарбий бошқарувининг қарор топиши жамиятда ислом динини сиёсий мавқеидан маҳрум этди, айни пайтда ўлкада ва унинг маъмурий-сиёсий маркази бўлмиш Тошкентда номусулмон диний конфессиялар кенгайиб, уларнинг айримларини мавқеи кучайиб ҳам борди.

Хусусан, Туркистонда 1897 йилдан 1911 йилгача, яъни 14-15 йил давомида ўлкадаги христиан дини вакилларининг сони 128% га, яҳудийлар сони 127% га, ўлка аҳолисининг 95% ни ташкил этган мусулмонлар сони табиий ўсиш ҳисобига 19,4% га кўпайган. Шуни алоҳида қайд этиш лозимки, христианларнинг православ мазҳабига мансуб вакилларининг сони 128% га, католик мазҳабига мансуб аҳоли эса 41% га кўпайган[1].

Бу даврда ўлкада кенг тарқала бошлаган номусулмон диний конфессиялардан бири – христиан дини бўлиб, бу энг аввало, ўлкада христиан дини вакиллари ҳукмронлигининг ўрнатилиши ва кўплаб рус аҳолисининг кўчиб келиши билан боғлиқ эди. Христиан дини Туркистонда ҳукумат томонидан муҳофаза остига олинган ягона дин эди. Ҳукумат ўлкада ўзи учун кучли таянчни юзага келтириш, христиан динини кенгайтириш ва мустаҳкамлаш мақсадида Туркистонга кўплаб рус аҳолисини кўчириб келиш сиёсатини амалга оширади. Ўлкага кўчиб келиш учун христианларнинг фақатгина православ мазҳабига мансуб вакиллари учунгина рухсат берилган бўлиб, улар учун кўплаб имтиёзлар яратилган.

Бундан ташқари Туркистонда жуда кўп рус ҳарбий қўшинлари, амалдорларнинг оилалари ҳам жойлаштирилган бўлиб, бу ҳолатлар ўлкада христиан дини вакиллари сонининг кескин кўпайишига олиб келди. Мамлакатда ўз ҳукмронлигини ўрнатган Россия империясида христианликнинг православ мазҳаби ҳукмрон бўлганлиги туфайли Туркистонда ҳам уларнинг диний эътиқодлари учун тегишли шароитлар яратиб берилди. Туркистонга 1865 йилда рус қўшинлари кириб келиши биланоқ илк православ руҳонийлари пайдо бўлдилар. Шаҳарда рус ҳарбийлари учун вақтинчалик ибодат уйлари ташкил этилади. Дастлабки йилларда православ жамоалари Оренбург ва Томск епархиялари таркибида бўладилар. Рус аҳолиси кўпайиб бориши билан мунтазам фаолият кўрсатувчи ибодатхоналар ва руҳонийларга эҳтиёж кучайиб, 1871 йилда Тошкент ва Туркистон Епархияси ташкил этилади. Лекин генерал-губернатор К.П. Кауфман Тошкентда кафедра очилишига розилик бермаганлиги туфайли Епархия Верний (ҳозирги Олма-ота) шаҳрида ташкил этилади. Православ черковлари деярли барча йирик шаҳарларда ташкил этилади. Чунки барча йирик шаҳарлар вилоят ва уезд марказлари бўлиб, уларда жуда кўп рус аҳолиси – амалдорлар, ҳарбийлар, саноатчилар, савдогарлар, темир йўл хизматчилари яшардилар. Йирик шаҳарларнинг барчасида рус аҳолиси учун “янги шаҳарлар” ташкил этилган бўлиб, бу ерларда улар учун барча шарт-шароитлар – театр, парк, дорихона, касалхона ва албатта, черковлар ташкил этилган. Тошкентда 16 та православлар ибодатхоналари ташкил этилган эди. 1873 йилда Тошкент яқинида православ аёллар учун илк монастир ҳам ташкил этилади.

Христиан динининг православ мазҳаби давлат ҳимояси остида бўлганлиги туфайли унинг кенгайиши ва мустаҳкамланиши учун маблағ ва имкониятлар етарли эди. Ўлкага кўплаб кўчиб келаётган руслар асосан православлар бўлгани учун православлар жамоалари ҳам йил сайин кўпайиб борди ва улар сони эса 1897 йилда 197.420 киши бўлган бўлса, 1911 йилга келиб, 451.415 кишига етади, яъни қарийб 2 баробарга кўпаяди[2].

1916 йилдан бошлаб, «Туркистон епархияси хабарлари» («Туркестанские епархиальные ведомости») номли ойлик журнал чиқарила бошланди. Ўлкада православлар мавқеини мустаҳкамлаш ва улар учун ибодатхоналар қуриш ва кўпайтириш, жамоаларни рўйхатга олдиришда бу ерда хизмат қилган епископлар Александр ва Дмитрий (Абашидзе) ларнинг роли катта бўлган. 1909 йилда христиан дини уламоларининг Туркистон съезди ҳам бўлиб ўтади. 1916 йилга келиб, епархия кафедраси Верний шаҳридан Тошкентга кўчирилади.

Туркистонда христиан динининг православ оқимига мансуб кишилар билан бир қаторда лютеранлар ва католиклар ҳам бор эди. Католиклар сони 1897 йилда 5.579 киши бўлган бўлса, 1911 йилда 7.876 кишига етади[3]. Гарчи, ҳарбийларнинг диний эътиқодлари учун шароитлар қилиб берилган бўлса-да, католиклар ўз ибодатхоналарига бир неча йил кейингина эришадилар. Тошкентдаги католиклар 1875 йилда римкатоликлар митрополитига мурожаат қилиб, ўзлари учун капеллан жўнатишни сўрайдилар. Лекин бунга улар фақатгина 1883 йилда эришадилар. Ўша йили Тошкентга Минскдан Каноник Фердинант келиши муносабати билан илк капелляция очилади. Аммо, капеллан Минскка қайтиб кетиши билан ибодатхона ёпилиб, биноси сотиб юборилади. XIX асрнинг охирида католиклар евангел-лютеранларнинг ибодатхоналари (кирх) да ибодат қила бошлайдилар. Уларнинг ўз ибодатхоналарига эга бўлиш ҳақида ҳукуматга қилган мурожаатлари турли баҳоналар билан рад этиб келинган.

Империя ҳукуматининг католик оқимига нисбатан сиқиштирув сиёсати туфайли католиклар ХХ аср бошига қадар ўз ибодатхоналарига эга бўла олмадилар. 1902 йилда Туркистон ўлкасида рим-католик черковлари учун курат штати ажратилиб, бу лавозимга Юстинас Бонавентура Пранайтис тайинланади ва шу даврдан бошлаб, рим-католик черковига асос солинади. Лекин унга ибодатни лотин тилида олиб бориш шарти қўйилади. Чунки католиклар ичида сургун қилинган поляклар кўп бўлиб, империя ҳукумати уларнинг мулоқоти ва бирлашувидан жуда хавотирда эди. Черковда ибодатдан ташқари католиклар орасида чўқинтириш ҳамда туғилиш, никоҳ, ўлим ҳолатларини қайд этиш ишлари олиб борилади.

1905 йилда ҳукумат Туркистон қўшинларидаги рим-католиклар ва евангеллютеранларга 1 йилда 3 марта православлар ибодатхоналарида маълум кунларда ибодат қилишга рухсат беради. Баъзи вилоятларда католиклар учун ибодат уйлари ташкил этила бошланади. 1905 йилда Скобелев ва Қизил-Арват шаҳарларида часовня қурилади. Лекин Тошкент шаҳрида католиклар учун костел қуриш масаласи ҳукумат томонидан “христиан динининг икки оқими бир-биридан фарқ қилиши туфайли уларнинг ибодатхоналари ҳам бир-биридан узоқ бўлиши керак”, деган баҳона билан рад этилади. Тошкент-Оренбург темир йўли қурилиши бошланиши муносабати билан ўлкада католиклар кўпаяди, лекин ҳукумат католиклар жамоасини расмийлаштиришга шошилмайди. Ҳукумат католиклар учун костел қуриш учун ер ажратиш ва маблағ сарфлашни ҳам истамайди. Католиклар курати Пранайтиснинг тинимсиз саъй-ҳаракатлари билан турли йўллар — кредит, қарз, католиклардан тушган хайрия пулларига 1906 йилда Тошкентдаги Солар дарёси бўйида католиклар костели учун ер сотиб олинади ва унинг бир қисми қуриб, ишга туширилади. Пранайтис католиклар учун маҳобатли костел қуриш орзусида унинг лойиҳаларини тайёрлаш учун мутахассисларни жалб қилади. Бироқ, қурилиш ишлари учун катта маблағ ва ишчи кучи, яъни қурувчилар кераклиги туфайли бу иш яна тўхтаб колади.

1914-1915 йилларга келиб, Туркистонга Биринчи жаҳон урушида Россия томонидан асир олинган Австрия, Польша ва Венгрия фуқаролари жўнатилади. Пранайтис ҳукуматга мурожаат қилиб, уларни қурилишга жалб этишга рухсат сўрайди. Асирлар ичида малакали архитекторлар, ҳайкалтарош ва қурилиш мутахассислари кўп бўлиб, улар костел лойиҳасини қайта ишлаб чиқадилар ва қурилиш ишлари бошланади. Костел ниҳоятда катта бўлиб, 25 метр баландликда қурилади. Пранайтис уни худди Санкт-Петербургдаги костел каби маҳобатли бўлишини хоҳларди. Пранайтиснинг ўлими туфайли костел қурилиши охиригача етмай қолади. Католикларнинг империя ҳукумати томонидан сиқувга олишига қарамай, улар ўз эътиқодларини сақлаб қолиш учун ҳамма имкониятларни ишга соладилар ва бунда курат Пранайтиснинг роли катта бўлади. Ҳукумат католикларга доимо ғашлик билан қараб келади. Ҳукумат ҳатто, 1910 йилда католиклар курати Пранайтисни православ мазҳабидаги кишини католикликка оғдириб олганликда айблаб, уни судга беради. Маълум бўлишича, Пранайтис католик вакили билан православ вакили бўлган эркак ва аёлни никоҳлаган эди, холос. Ўлкадаги католиклар сони православларникига нисбатан анча кам бўлса-да, турли омиллар таъсирида кўпайиб борди. 1897 йилда уларнинг сони 5.579 киши бўлган бўлса, 1911 йилда 7.876 кишига етади[4].

Бу даврда Тошкентда яҳудийлар ҳам йил сайин кўпайиб борадилар. Россия империяси XIX ўрталарида Ўрта Осиё хонликлари билан савдо алоқалари олиб боришда Бухоро яҳудийларига катта имкониятлар яратиб, уларга империя ҳудудида ўрнашиб, савдо ярмаркаларда савдо қилиш ҳуқуқларини беради. Бу эса яҳудийларнинг Ўрта Осиёнинг Россия билан алоқаларида фаол иштирок этишига имкон беради. Бундай имкониятлар туфайли яҳудийлар Россия империясига катта хайрихоҳлик билан қараб, унинг ўлкани босиб олишини ижобий кутиб оладилар ва баъзи ҳолатларда ҳатто, ёрдам ҳам берадилар.

Империя ҳукумати яҳудийларнинг бу хизматларидан унумли фойдаланади ва ўлкани эгаллаб олгач, Туркистон ҳудудида уларга катта имкониятлар яратади. Чунончи, Бухоро яҳудийлари савдо гильдияларига аъзо бўлиш орқали империя фуқаролигини қабул қилиш ҳуқуқига эга бўладилар, солиқ тизимидаги илгариги чеклашлардан озод бўладилар. Бундай имтиёзлар туфайли Туркистонга, хусусан, Тошкентга Бухоро амирлигидан кўплаб яҳудийлар кўчиб келадилар. Чунончи, 1897 йилда уларнинг сони 11.444 киши бўлган бўлса, 1911 йилга келиб, 25.974 кишига етади[5]. Империя ҳукумати Туркистон бозорларини эгаллашда яҳудийлардан жуда унумли фойдаланади, чунки яҳудийлар маҳаллий шароитни, тилни, эҳтиёжлар ва талабларни яхши билардилар. Дастлабки йилларда руслар билан тўғридан-тўғри тил топиша олмаган маҳаллий аҳоли учун ҳам яҳудийлар хизматидан фойдаланиш қулай эди. Шу тариқа яҳудийлар ўлка иқтисодий ҳаёти ва савдо алоқаларида катта ўрин эгаллаб, йирик мулклар ва сармоя орттирадилар, завод-фабрикалар, савдо компанияларига эга бўладилар. Яҳудийлар орасида йирик сармоядорлар бўлиб, улар савдо ва саноатда жуда катта ўрин эгаллардилар. Улар ўлка хом ашёсини Россия империясига чиқаришда ва хом ашёни қайта ишлаш саноатида катта роль ўйнардилар. Айни пайтда яҳудийларнинг кўпчилиги анъанавий касб-ҳунарларини давом эттириб, заргарлик, этикдўзлик, бўёқчилик билан шуғулланишган. Яҳудийлар моддий маблағлар ва ҳукумат берган имкониятлардан фойдаланиб, ўз ибодатхоналари ва диний мактаблари сонини кўпайтириб борадилар. Бунда сармоядор яҳудийлар ёрдами катта бўлади. Ҳатто, йирик сармоядорлар ўз оилалари учун алоҳида ибодат уйлари ташкил қиладилар. Лекин дастлабки йилларда яҳудийлар хизматидан унумли фойдаланган империя ҳукумати ўлка бозорларини эгаллаб олгач, уларни сиқувга ола бошлайди. Россиядаги яҳудийларга қарши кайфият Туркистонда ҳам ўз таъсирини кўрсата бошлайди. Ҳукумат яҳудийлар ибодатхоналарини кўпайтирмаслик учун уларни ҳисобга ва назоратга олади. Яҳудийларнинг Туркистонга кўчиб келиши тўхтатилиб, уларнинг фарзандларига рус-тузем мактабларида таълим олиш чекланади.

Хуллас, XIX аср охири – XX аср бошларида Туркистонда ва унинг маъмурий-сиёсий маркази бўлмиш Тошкентда номусулмон конфессиялар кўпайиб, турли дин вакилларининг сони кўпайиб борди. Ҳукуматнинг уларга нисбатан нотенг сиёсати уларнинг ўз диний эътиқодларини амалга оширишда сунъий тўсиқлар яратса-да, ўзаро муносабатларида диний тўқнашувлар содир бўлмади. Аксинча, асрлар давомида диний бағрикенглик хислатларига эга бўлган Туркистон халқлари бошқа дин вакиллари билан тинч қўшничилик муносабатларини олиб бордилар, иқтисодий ва ижтимоий соҳаларда ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйдилар.

Д. Зияева

Религиозные конфессии в городе Ташкенте в конце XIX – начале ХХ века

В статье рассматривается состояние религиозных конфессий в городе Ташкенте в конце XIX – начале ХХ в. В частности, автор большое внимание уделяет созданию религиозных учреждений в Ташкенте, таких как Епархия Ташкента и Туркестана православных христиан, католических костелов и мн. др.

D. Ziyaeva

Religious Confessions in Tashkent in the End of 19th and the Beginning of 20th Centuries

In paper studies the condition o religious confessions in Tashkent in the end of XIXth and the beginning of XXth centuries. In particular author paid main attention to the problem of creation of religious organizations like Eparchy of Tashkent and Turkestan orthodoxies, catholic castles and etc.

[1] Ушбу кўрсаткичлар П.П. Любимовнинг «Религии и вероисповедный состав Азиатской России» номли асарида келтирилган маълумотларни таҳлил этиш натижасида аниқланди

[2] Любимов П.П. Религии и вероисповедный состав Азиатской России. Петроград, 1914. С. 44-45

[3] Любимов П.П. Религии и вероисповедный состав Азиатской России. Петроград, 1914. С. 44-45

[4] Любимов П.П. Религии и вероисповедный состав Азиатской России. Петроград, 1914. С. 44-45

[5] Любимов П.П. Религии и вероисповедный состав Азиатской России. С. 44-45

Ўхшаш мақола

XIX аср биринчи ярмида Тошкентнинг маъмурий-бошқарув тизими

XVIII асрнинг иккинчи ярмида Юнусхўжа (1784-1803) томонидан Тошкентда тўрт ҳокимлик тугатилиб, кучли ички ва ташқи …

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *