Бош саҳифа » Тарих » XIX аср охири XX аср бошларида Ўзбекистон этномаданий муҳитида қанғлилар (Нурота воҳаси материаллари асосида)

XIX аср охири XX аср бошларида Ўзбекистон этномаданий муҳитида қанғлилар (Нурота воҳаси материаллари асосида)

Маълумки ўзбек ҳалқи этногенези ва этник тарихи мураккаб тарихий жараёнлар даврида кечган бўлиб, бу мураккаб тарихий жараёнлар ўзбек халқи этник тарихига таъсир этмасдан қолмаган. Ана шундай ўзаро муносабатларда фаол қатнашган ўзбек халқи этник компонентларидан бири қанғлилар ҳисобланади. Қадимдан икки дарё оралиғи ва унга туташ ҳудудларда яшаб келган қанғлиларнинг ўзбек ҳалқи таркибига кирган кўпгина катта-кичик этник гуруҳлари сўғдий забон аҳоли билан қоришиб кетиши (ассимиляциялашуви) ёки маълум ҳудудлар доирасидаги этно-маданий жараёнларда қатнашуви табиий ҳол эди.

Биз ушбу мақола доирасида қанғлиларни узоқ тарихий давр мобайнида этнографик гуруҳ сифатида Нурота воҳаси ҳудудларида яшаб келаётганликлари ҳамда XX асрга келиб, уларни Ўзбекистон этномаданий жараёнларида фаол қатнашганлиги ҳақида фикр юритмоқчимиз. Шу ўринда қанғлиларнинг келиб чиқиши ва уларнинг ўзбек халқи этник тарихида тутган ўрни масаласи бир қанча этнологик адабиётларда ва тарихий манбаларда маълум маънода ўз аксини топганлигини ҳам қайд этиш лозим[1].

XIX аср охири ва XX аср бошларида ўзбек ҳалқи таркибида қанғлиларнинг кейинги авлодлари ҳақидаги батафсил маълумотлар ўзбек этнолог олими академик К.Ш.Шониёзовнинг шу масалага доир фундаментал асарида учрайди. Қанғлилар илк ўрта асрлар ва ундан кейин Моварауннаҳр ва Хоразмда яшаган қабиладошлари қаторида ўзбек ҳалқининг этник тарихида муҳим роль ўйнаб, уларнинг бир гуруҳи XIX аср охири ХХ аср бошларигача айрим этнографик гуруҳ сифатида яшаб келишди ва ўзларини ўзбек деб атаганлар[2]— деб ёзади муалиф. Ўзбекистон ҳудудидаги жойлашган қанғлилар XIX аср охири XX аср бошларида асосан Тошкент, Мирзачўл, Фарғона ва Зарафшон воҳаларида яшар эдилар[3].

Биз қанғлиларни Сирдарёнинг ўрта оқимлари ҳамда Қашқадарё воҳаларидан Нурота тоғ тизмаси атрофларига келиб ўтроқлашганлиги ҳақидаги маълумотларни дала этнографик тадқиқотларимиз жараёнида тўпладик. Бизнинг тадқиқот давримизда асосан XIX аср охири XX аср бошларида қанғлиларнинг катта гуруҳи Нурота воҳасининг Ғаллаорол туманидаги ва Жиззаҳ шаҳри яқинидаги 2 та қанғли қишлоқларида, Ширконли қишлоғида ҳамда Нуротага туташ Хатирчи туманида тарқалганлар[4]. Ҳозирги кунда қанғлиларнинг учинчи бир гуруҳи Ғаллаорол туманига яқин бўлган қанғли номи билан аталувчи иккита қишлоқда (ҳозир бу қишлоқлар Қанғли-1 ва Қанғли-2 деб юритилади) ҳамда Оқтоғнинг Нуротага туташ Хатирчи тумани ҳудудида ҳам қайд этилган. Ғаллаорол қанғлилари бош қабила гуруҳи сифатида Сариқ қанғлилардан бўлиб, улар мечкай тўп, эрганакли тўп, бешкал тўп, заргар тўп, йўлдошбек, давронбек, сарой куёвли, болғали уруғ шоҳобчаларини ташкил этади[5]. Биз қайд этган уруғ қабила гуруҳларининг айримларини К.Ш.Шониёзов ҳам Ўзбекистон ҳудудидаги қанғлиларнинг кичик уруғ шохобчалари таркибида келтириб ўтади[6].

Воҳанинг ўзига ҳос табиий географик хусусиятлари ҳамда иқлим шароити аҳолининг хўжалик – маданий турмуш тарзига таъсир этмасдан қолмаган. Тоғнинг ҳар икки тарафидаги бепоён даштлар ҳамда суғорма деҳқончилик воҳаларида таркиб топган ҳўжаликнинг уч типга бўлинганлигини оламиз: чорвачилик, ярим ўтроқ хўжалиги, ўтроқ деҳқончилик. Мана шундай хўжаликлар билан шуғулланиб келган қанғлилар воҳанинг бошқа этнослари ва этник гуруҳлари билан маълум ҳудуд доирасида муштарак этник алоқаларда бўлиб келган. Зеро этноснинг шаклланишидаги асосий жараёнлардан бири, унинг ички иқтисодий бирлиги хисобланади. Бир тилда сўзлашувчи ҳалқларнинг алоҳида этник уюшма бўлиб бирлашишлари учун кўп йиллар давомида бир ҳудудда яшаб, ўзаро ҳўжалик алоқада бўлишлари муҳим аломат ҳисобланади[7].

XIХ аср охири – XX аср бошларида анъанавий дашт-адир чорвачилиги қанғлилар ҳўжалигида муҳим ўрин тутсада, Қўйтош тоғларининг этакларида булоқ бўйлари ҳамда сув ҳавзаларида аҳоли кунжут, буғдой, тариқ, масҳар экканлар; узум, қовун, тарвуз, етиштирилган, сут, жун, гўшт учун қўй, туя, бия боқилган. Хўжаликнинг икки тури, воҳанинг суғорма деҳқончилиги ва дашт яйлов чорвачилиги ўзаро бир-бирини тўлдириб уйғунлашиб бориши натижада этник гуруҳлараро (туркман, юз, сарой, найман, манғит ва бошқалар ўртасида) ўзаро иқтисодий маданий алоқаларни юзага келтирган, бу воҳада ўзига хос ҳўжалик-маданий типни шаклланишига туртки бўлган. Зеро, хўжалик-маданий типлар деганда, муайян табиий-географик шароитда ва ижтимоий-иқтисодий ривожланишнинг бир хил даражада бўлган ҳўжалик ва маданиятларнинг тарихан таркиб топган мажмуи тушунилади[8].

Бу даврда қанғлилар воҳанинг қўшни ўзбек туркманлари билан жадал иқтисодий, маданий муносабатлар ўрнатадилар. Бундай этномаданий алоқалар савдо, ҳўжалик, ҳатто оила никоҳ муносабатларида ҳам қизғин кечган. Ярим ўтроқ чорвадорлар ўз маҳсулотларини воҳа қанғлиларига айрибошлаш ёки нақд пул эвазига сотиш учун олиб тушганлар, ахборотчиларнинг айтишларича, ҳозирги Ғаллаорал тумани ҳудудидаги «Сарбозор»да XX аср 30-40 йилларигача доимий от, туя савдолари бўлиб турган[9]. Деҳқонлар маҳаллий бозорларга сотиш учун ҳўл мева, тамаки, ҳунармандчилик маҳсулотларини олиб чиққанлар. Воҳа қанғлиларининг асосий қисми ўтроқ, ярим ўтроқ бўлиб, улар билан бирга ярим кўчманчи чорвадорлар ҳам яшаганлар. Ўтроқ аҳоли асосан Сангзор дарёси ҳавзаларида ва Моргузар тоғининг Нуротага туташ воҳаларида яшаганлар.

XX асрнинг иккинчи яримидан сўнг аҳоли сонининг ошиши, янги ерларнинг муттасил ўзлаштирилиши (асосан Мирзачўл ва Сирдарё чўлларининг) бошқа этник қатламлар қатори қанғлиларнинг катта қисмининг янги ерларга кўчиб ўтишларига, бир қисмининг шаҳарларга жойлашишларига имкон туғилди. Айниқса Мирзачўлнинг тезкорлик билан ўзлаштирилиши натижасида ёш оилаларнинг аксарияти Дўстлик, Арнасой, Пахтакор, Зарбдор, Оқ олтин, Боёвут туманларига кўчиб ўтадилар. Юқорида тилга олинган туманлардаги аҳоли пунктларида ҳозирги кунда қанғлиларнинг жамоа-жамоа бўлиб жойлашган қон-қариндош уюшмаларини учратиш мумкин. Бунга ҳозирги кунда Боёвут туманида «Қанғли» номли маҳалла-этник гуруҳ мавжудлиги яққол мисолдир. Лекин буларнинг барчаси ўзларини ўзбек халқининг таркибий қисми эканликларини алоҳида таъкидлайдилар.

Юқорида Ғаллаорол қанғлиларини сариқ қанғлилардан дедик, мана шу Ғаллаорол қанғлиларида ҳам ранглар билан боғлиқ этник номлар XIX асрнинг охири — XX асрда ҳам сақланиб қолган. Уларда бош қабила гуруҳи «сариқ қанғли»лардан бўлиб, ўзларини доимо юқори қўяр, «оқсуяк», «тоза қанғлилар» деб ҳисоблаганлар. Ахборотчиларнинг берган маълумотларига кўра, сариқларнинг аждодлари подшолар (хоқонлар) бўлган[10]. Кейинги даврларда сариқ қанғлилар илк ўрта асрлардаги сариқлар каби аслзодалигини пеш қилиб, ўзларини «оқ суяк», «тоза қанғли» деб атаганликлари эҳтимолдан ҳоли эмас[11]. Демак, ранглар билан боғлиқ этник номлар тасодифан юзага келмаган. Қадимги даврларда Олтой ва Жанубий Сибирда яшаган туркий қабилалар шимол, жануб, шарқ, ғарбни ранглар номи билан атаганлар. Қора ранг шимолни, қизил ранг жанубни, кўк ранг шарқни, оқ ранг ғарбни, сариқ ранг марказни ифодалаган[12]. Этнонимни ифодаловчи сариқ ранг шарқда маълум қабила юқори табақа вакилларига нисбатан ишлатилгани бошқа тадқиқотчилар ишларида ҳам учрайди[13].

Қанғлилар тил жиҳатдан ўзбек тилининг қарлуқ лаҳжасида сўзлашганлар. Аммо турли этник жамоалар ҳамда этносларнинг бир ҳудудда ёнма-ён ёки аралаш яшашлари сўзсиз ўзаро тил алоқаларини юзага келтиради. Зеро ҳеч бир тил таркибидаги шева ва лаҳжалар бир-бирларига таъсирсиз, ўз ҳолича ривож топмайди. Буни қанғлилар мисолида ҳам кўришимиз мумкин. Бундай тил ва лаҳжаларда қоришув жараёни ўзбек халқининг қанғли уруғларида ХХ асрнинг иккинчи яримидан сўнг ўзаро консолидация жараёнлари туфайли тезлашган. Натижада қанғлиларнинг катта гуруҳи, айниқса шаҳарларда яшовчи қисми ўзбек тилининг «й»ловчи диалектига ўтадилар.

Юқорида келтирилган маълумотлар асосида шуни қайд этиш зарурки, қанғлилар Моварауннаҳрга антик илк ўрта асрларда ва ундан сўнг келиб жойлашган турли-туман этник компонентлар билан фаол этно-маданий алоқалар бўлиб, ўзбек ҳалқи этник тариҳида муҳим ўрин тутган. Зеро, маълум бир этносни ягона минтақа доирасида шаклланиши ва ривожланишини ўзаро ҳудудий, ижтимоий, иқтисодий, сиёсий ҳамда маданий омиллар билан боғлаш тўғри бўлади. Бу омиллар академик А. Асқаров концепциясига кўра, этнос (халқ)ни уюштирувчи ҳудудий бирлик, ижтимоий-иқтисодий хўжалик бирлиги, этномаданий бирлик, тил, этник ном, ўзликни англаш бирлиги ва ниҳоят сиёсий уюшма (политическая консолидация)ларда ўз ифодасини топган[14].

Хулоса қилиб, шуни қайд этиш зарурки, сўнгги ўрта асрларда Ўзбекистоннинг қатор тарихий-маданий минтақаларидан Нурота воҳасига келиб ўтроқлашган қанғлилар ўзларининг бир қанча этник аломатларини сақлаб қолган этнографик гуруҳ сифатида намоён этган бўлсаларда, ХХ асрда Ўзбекистон этномаданий муҳитида содир бўлган этник жараёнлар туфайли ўзбек миллати таркибига сингиб, унинг муштарак қисмига айланадилар.

Ф.С. Толипов, Ф.М. Рустамова (Низомий номли ТДПУ)

[1] Абу Райхан Беруни. Индия. Избранные произведения. Т.II. Ташкент, 1963. – С. 272-274, 430. Абу Райҳон Беруний. Ҳиндистон. Танланган асарлар. 2-том. Т.,1965. 373-468 бетлар. Бичурин Н.Я. Собрание сведений о народах обитавших в Средней Азии в древние времена. Т II. М-Л., 1950. С 150-187. Аристов Н.А Заметки об этническом составе тюркских племен и народностей и сведения об их численности // Живая старина. отделении этнографии РГО. Вып III –IV. СПб., 1896. – С. 292-314. Бартольд. В.В. Туркестан в эпоху монгольского нашествия. Т I, М., 1963, с. 435-481. Каляшторный С.Г. Кангиюйская этнотопонимика в орхонских текстах //СЭ 1951 № 3.-С. 54-64. Шониёзов К.Ш. Қанғ давлати ва қанғлар. Тошкент, 1990. 26-148 бетлар. Зуев. Ю. А. Ранние тюрки: очерки, истории и идеологии — Алматы, 2002

[2] Шониёзов К.Ш. Қанғ давлати ва қанғлилар. Тошкент, 1990, 138- бет

[3] Ўша жойда

[4] Дала ёзувлари/ Ғаллаорол тумани. Қанғли қишлоқи. 2002 йил

[5] Шевяков А.И. Этнический состав населения Нуратинских гор и прилегающих районов (Материалы полевых исследований 1989-1998 гг.) // Восток. М., 2002. – С. 76-78

[6] Шониёзов.К.Ш. Қанғ давлати ва қанғлилар. Тошкент, 1990, 143-бет

[7] Шониёзов К.Ш. Ўзбек халқининг этногенезига оид баъзи назарий масалалар // Ўзбекистонда ижтимоий фанлар. Тошкент, 1998 № 6 38-бет

[8] Абдуллаев У. Этнологияда терминология муаммоси // Ўзбекистон Этнологияси: янгича қарашлар ва ёндошувлар. Тошкент, 2004, 13 бет

[9] Дала ёзувлари. 2002 йил

[10] Дала ёзувлари. 2002 йил

[11] Шониёзов К. Ш Қанғ давлати ва қанғлилар. Т., 1990. 147 бет

[12] 326 Шаниязов К.Ш К этническо истории узбекского народа Т., 1974. 3-131. Ўша муаллиф: Қанғ давлати ва қанғлилар. Т., 1990 146 бет. Баскаков. Н А К вопросу о происхождении этнонима «киргиз»// СЭ 1964. № 2 .- С93-94

[13] Зуев Ю.А. Тамги лощадей из вассальных княжеств. Тр ИИАЭАН. Каз.ССР. Т. VIII, 1960. – С. 119-120

[14] Асқаров А. Ўзбек халқи этногенез ва этник тарихининг баъзи бир назарий ва илмий методологик масалалари // Ўзбекистон тарихи Тошкент, 2002 йил, № 4, 54-бет

Ўхшаш мақола

Туркестан в 1917-1922 годах: борьба за власть на окраине России. Адиб Халид

Падение российского самодержавия предопределило кардинальные преобразования социально-политической и экономической жизни Туркестанского края, который уже корчился …

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *