Бош саҳифа » Тошкент-2200 » XIX аср иккинчи ярми — ХХ аср бошларида Тошкентнинг ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий ҳаётини ёритувчи манбалар таҳлили

XIX аср иккинчи ярми — ХХ аср бошларида Тошкентнинг ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий ҳаётини ёритувчи манбалар таҳлили

Тошкент шаҳри ўзининг тарихий тараққиёт жараёнида узоқ ва машаққатли йўлларни босиб ўтди. Шаҳар бир қанча босқинчилик тажовузлари, инқирозлар ва юксалиш даврларини бошидан кечирди ҳамда ўзининг сиёсий, маданий ва савдо маркази каби хусусиятларини асло йўқотмади.

XIX асрнинг иккинчи ярмидан бошлаб, Россия империясининг Туркистонга босқинчилик юришлари бошланди. 1865 йил июнь ойида қаттиқ қаршиликдан сўнг шаҳар аҳолиси таслим бўлди. Энди Тошкент 1917 йилгача Туркистон генералгубернаторлигининг маъмурий маркази вазифасини бажариб келди. Мазкур давр оралиғида шаҳар ўзига хос ривожланиш йўлини тутди. Тошкентнинг 1865-1917 йиллардаги ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий тарихини ёритишда ёзма манбаларнинг ўрни беқиёс бўлиб, ушбу манбаларни туркумларга ажратган ҳолда тасниф этиш мақсадга мувофиқдир.

XIX аср иккинчи ярмида маҳаллий тарихчилар томонидан қатор асарлар вужудга келди. Улар орасидан Муҳаммад Солиҳнинг “Тарихи жадидаи Тошканд”, Аваз Муҳаммад Аттор Ҳўқондийнинг “Тарихи жаҳонномайи”, Мирзо Олим Махдум хожининг “Тарихи Туркистон” каби асарларини алоҳида қайд этиш лозим[1]. Мазкур асарларда муаррихлар асосан Тошкент шаҳрининг чор қўшинлари томонидан истило этилиши билан боғлиқ тарихий жараёнларни ёритишга ҳаракат қилганлар. Жумладан, тарихчи Муҳаммад Солиҳ Тошкент мудофаасида шахсан ўзи иштирок этган ва мазкур воқеаларнинг жонли гувоҳи сифатида асосан шаҳар ҳимояси, шаҳарнинг подшо қўшинлари томонидан эгалланиши каби воқеийликларни объектив равишда ҳикоя қилади. “Тарихи Туркистон” асарида муаллиф китобнинг биринчи қисмида Тошкент билан боғлиқ сиёсий жараёнларга тўхталади. Мирзо Олим хонликлар орасидаги ички низо ва қарама-қаршиликлар натижасида шаҳар душман томонидан осонгина эгалланди деб ҳисоблайди: “… бир-бирлари илан уруш талош қилишиб, вилоятни барбот бердилар, яъни русиялар ҳимоясиз қолган Тошканд шаҳрини бир неча кун қамаб, охири 1865 йилда 15 июнда субҳ вақтида Камолон дарвозасидин фатҳ қилдилар”[2]. Шунингдек, мухаррих шаҳарнинг XX аср бошидаги қиёфаси, бўлиб ўтган ўзгаришлар ҳақида маълумотлар бериб ўтган. Таъкидланаётган манбалар Тошкентнинг тўлиқ манзарасини акс эттирмайди. Шунга қарамай ушбу асарлар илмий қимматга эга эканлигини қайд этиш лозим.

Пойтахтимизнинг XIX аср охири — XX аср бошларидаги ижтимоий-иқтисодий тарихини кенг таҳлил этишда бошқа манбалар қаторида статистик ҳисоботлар (материаллар) муҳим ўрин тутади. Жумладан, 1866 йилда тузилган Туркистон статистик қўмитаси ўз фаолияти давомида тўплаган статистик маълумотлар асосида 1872-1879 йилларда 5 та китоб нашр этди. 1887 йилдан бошлаб, тугатилган қўмита ўрнига Сирдарё вилояти статистик қўмитаси фаолият кўрсата бошлади. Бу қўмита йил давомида “Сирдарё вилоят статистикаси учун материаллар тўплами” номида 14 та тўплам нашр этди. Улар Тошкент ва Тошкент вилояти тарихини ўрганиш бўйича муҳим манбалардан бири бўлиб қолмоқда.

Мазкур ҳисоботлар шаҳарнинг аҳоли сони ҳақида аниқ маълумотлар бериши билан ҳам қимматлидир. Жумладан, 1913 йилга келиб фақатгина Тошкентнинг янги шаҳар қисмида яшаётган аҳоли сони 82 851 нафар кишига етган[3]. Улар орасида туб миллат вакилларидан руслар, қозоқлар, тожиклар ҳатто мўғул, бурят, дунган ва хитойликлар ҳам пайдо бўлган. Бу вақтда шаҳарнинг эски қисмида 100 мингдан ортиқ аҳоли яшаган.

XIX аср охирида Тошкент шаҳри Туркистон ўлкасининг иқтисодий марказига айланди ва дастлабки европа типидаги саноат корхоналари ташкил топди. Шаҳар саноати ва унинг аҳволи статистик тўпламларда кенг акс эттирилди. Дастлабки тўпламда 1885-1887 йиллар маълумотлари ўрин олган. Масалан, 1885 йилда 130 ишчи ишлайдиган 5 та пахта тозалаш заводида 311 928 та рублга тенг маҳсулот ишлаб чиқарилган эди[4]. Ёки 1893 йил маълумотлари бўйича 8 та заводда ҳаммаси бўлиб 1.663.400 рублга тенг 263.400 пуд пахта тозаланган[5].

Шаҳарда пахта тозалаш заводларидан ташқари чўян, ипак заводи, тамаки ва папирос ишлаб чиқарувчи фабрикалар ҳам фаолият кўрсатган. Саноатнинг мазкур тармоқларига оид маълумотлар статистик тўпламларда жадваллар орқали факт ва рақамларда бериб борилган. 1888 йил ҳисоботига кўра шаҳарда тамаки ишлаб чиқариш бўйича биринчи ўринни Первушин фабрикаси эгаллаган. Энг кўп папиросни Бубнов фабрикаси (1500000 дона) ишлаб чиқарган[6]. Тадқиқ этилаётган манбаларнинг гувоҳлик беришича, шаҳарда фабрика-завод саноати билан бир қаторда турли устахоналар: этикдўзлик, чилангарлик, дурадгорлик, бўёқчилик, ғишт терувчилар, извошчи ва бошқалар фаолият кўрсатган. 1886 йилда устахоналарнинг умумий маҳсулоти 186 086 рубль, ишчилар сони 677 тани ташкил этган[7].

Тошкент шаҳрининг тадқиқ этилаётган даврдаги халқ маорифи аҳволи бўйича ҳам статистик ҳисоботлар муҳим маълумотларни ўзида акс эттирган. Гарчи, мазкур маълумотлар факт ва рақамлардан иборат бўлса ҳам, ўша даврдаги шаҳар маорифини умумий манзарасини ёритишга хизмат қилади. 1886 йилги статистик маълумотларга кўра шаҳарда халқ таълимининг йўлга қўйилиши ва ривожланишига Дума ўз ҳиссасини қўшиб келган. Дума унинг фаолиятини назорат қилиш билан бирга маориф харажатларига маблағ ҳам ажратган. Манбаларнинг гувоҳлик беришича, 1886 йили Дума ўз бюджетидан халқ таълимига 10410 рубль сарфлаган[8].

XX аср бошида халқ маорифи тармоқлари янада кўпайди. Шаҳарда эркаклар гимназияси, аёллар билим юртлари, хусусий мактаблар ва рус-тузем мактаблари фаолият кўрсата бошлади. Чунончи, 1911 йил маълумотларига асосан шаҳарда жами 48 та турли хил ўқув юртлари мавжуд бўлганлигини билиш мумкин7. Бироқ, шуни таъкидлаш лозимки таҳлил этилган ушбу манбаларда асосан Тошкент шаҳрининг янги қисми ҳаёти кенг ёритилган бўлиб, эски шаҳар тўғрисида баъзи ҳолларда материаллар бериб борилган холос. Шунга қарамай мазкур статистик ҳисоботлар Тошкент шаҳрининг ижтимоий-иқтисодий тарихини ўрганишда муҳим манбалардан бири бўлиб қолаверади.

XIX асрнинг иккинчи ярмидан бошлаб, Тошкент шаҳри Туркистон генералгубернаторлигининг маркази сифатида сиёсий ҳаётда ҳам муҳим роль ўйнади. Бу ҳақдаги маълумотлар асосан архив фондларидан ўрин олган. “Туркистон генералгубернаторлиги канцелярияси” жамғармаси (1-фонд), “Туркистон дипломатик амалдори” жамғармаси (2-фонд) ва бошқа жамғармалардаги хужжатлар шундан гувоҳлик берадики, XIX аср иккинчи ярми – XX аср бошларида пойтахтимиз халқаро савдо ва дипломатик алоқалар маркази сифатида ўрин тутган. Шаҳарда Бухоро ва Хива хонликлари элчихоналари фаолият кўрсатган. Хонликлар, юқори доира вакиллари ҳам тез-тез Тошкентга сафарлар уюштириб туришган. Архив манбаларига кўра 1907 йил август ойида Бухоро амирининг ўғли Тўражон (Сайид Олимхон) Тошкентга келади ва генерал-губернаторлик вакиллари билан учрашувлар ўтказади[9]. Яна бир ҳужжатда 1883 йил 20 августда Россиядан Тошкентга княз Витгенштейн келганлиги ва бу ерда Бухоро амири валиаҳди Абдулаҳадхон билан учрашганлиги ҳамда унга олтин қилич совға қилганлиги ҳақида маълумотлар берилган[10]. Шунингдек, афғон амирлари ҳам Тошкент билан доимий алоқада бўлган. Жумладан, 1869 йили ўз юртида муваффақият қозонмаган Абдураҳмон Тошкентга келиб, 1880 йилгача муҳожирликда яшайди ва кейинчалик Афғонистон амири бўлган[11]. 1878 йилнинг охирида Афғонистон Ташқи ишлар вазири Шермуҳаммадхон музокаралар олиб бориш учун Тошкентга келганлиги ҳақидаги маълумотлар ҳам архив ҳужжатларида ўз аксини топган[12].

Умуман олганда, Тошкентнинг XIX аср охири – XX аср бошларида сиёсий майдонда муҳим ўрин тутганлигини архив манбалари тўла исботлайди. Юқорида таҳлил этилган манбалардан ташқари пойтахт тарихини ўрганишда вақтли матбуотнинг ўрни беқиёсдир. Тошкентда “Туркестанские ведомости” газетаси ва унга илова тарзида ўзбек тилида “Туркистон вилояти” газетаси нашр этилган. Мазкур газеталар саҳифаларида ҳукумат ва маъмурият фармойишлари, саноат ва деҳқончиликка, шунингдек тарих, географияга тааллуқли материаллар жой олган.

Хулоса қилиб айтганда, Тошкентнинг XIX аср иккинчи ярми — XX аср бошларидаги ижтимоий-иқтисодий ҳамда сиёсий тарихини ёритишда ёзма манбалар муҳим ўрин тутади. Шу жиҳатдан мазкур манбаларни қиёсий-танқидий таҳлил этиш мақсадга мувофиқдир.

Д. Ўрақов, А. Ерметов

Анализ источников по истории социально-экономической и политической жизни Ташкента второй половины XIX — начала ХХ в.

Данная статья посвящается изучению истории города Ташкента на основе анализа основных источников. В ней рассматривается политическая, социально-экономическая жизнь города Ташкента второй половины XIX века — начала XX века.

D.Urakov, A.Yermetov

The analyses of sources on social-economic and political life of Tashkent in the second half of the 19th and the beginning of the 20th centuries

This article is devoted to study the history of the city of Tashkent on the base of analysis of main sources. By this analysis the author tried to reveal political, social-economic life of the city of Tashkent in the second half of 19 th century and beginning of 20 th century.

[1] Муҳаммад Солиҳ. Тарихи жадидаи Тошканд, ЎзР ФА ШИ, 11072-қўлёзма; Аваз Муҳаммад Аттор Ҳўқондий. Тарихи жаҳонномайи // Шарқ юлдузи. 1991. 8-сон; Мирзо Олим Махдум хожи. Тарихи Туркистон. Тошкент: Янги аср авлоди, 2008

[2] Мирзо Олим Махдум хожи. Тарихи Туркистон. 157-бет

[3] Обзор Сырдарьинской области за 1913 г. Ташкент, 1916. С. 19

[4] Обзор Сырдарьинской области за 1887 г. Ташкент, 1889. С. 218

[5] Обзор Сырдарьинской области за 1893 г. Ташкент, 1897. С. 57

[6] Обзор Сырдарьинской области за 1888 г. Ташкент, 1890. С. 91

[7] Обзор Сырдарьинской области за 1886 г. Ташкент, 1887. С. 350

[8] Ўша жойда, 312-бет 7 Обзор Сырдарьинской области за 1911 г. Ташкент, 1913. С. 173

[9] ЎзР МДА. 1-жамғарма, 3-рўйхат, 846-иш, 3-варақ

[10] ЎзР МДА. 1-жамғарма, 1-рўйхат, 2463-иш, 4-варақ

[11] ЎзР МДА. 1-жамғарма, 3-рўйхат, 389-иш, 331-варақ

[12] ЎзР МДА. 1-жамғарма, 3-рўйхат, 389-иш, 363-варақ

Манба:

Тошкент шаҳрининг 2200 йиллик юбилейига бағишланган Халқаро илмий конференция материаллари
Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси, «Фан» нашриёти, 2009

Ўхшаш мақола

XIX аср биринчи ярмида Тошкентнинг маъмурий-бошқарув тизими

XVIII асрнинг иккинчи ярмида Юнусхўжа (1784-1803) томонидан Тошкентда тўрт ҳокимлик тугатилиб, кучли ички ва ташқи …

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *