Бош саҳифа » Тошкент-2200 » XIX аср биринчи ярмида Тошкентнинг маъмурий-бошқарув тизими

XIX аср биринчи ярмида Тошкентнинг маъмурий-бошқарув тизими

XVIII асрнинг иккинчи ярмида Юнусхўжа (1784-1803) томонидан Тошкентда тўрт ҳокимлик тугатилиб, кучли ички ва ташқи сиёсат ўрнатилишга эришилган бўлсада, лекин бу мустақил бошқарув узоқ давом этмади. XVIII асрнинг бошларида Фарғона водийсида вужудга келган Қўқон хонлиги ўз ҳудудини кенгайтиришга уриниб келаётган эди. Қўқон хонлиги ҳукмдорлари учун Тошкентни хонлик таркибига киритиш давлатнинг ташқи савдо алоқаларини ривожлантиришда муҳим аҳамиятга эга эди. Шу сабабли ҳам Қўқон хонлари Норбўтабий (1763-1798) ва унинг ўғли Олимхон (1798-1810) билан Тошкент ҳокими Юнусхўжа ўрталарида ҳарбий тўқнашувлар бўлиб турган. Олимхоннинг 1809 йилда Тошкент учун олиб борган ҳарбий ҳаракати натижасида бу ҳудуд Қўқон хонлиги таркибига киритилди. Натижада Тошкентда Юнусхўжа ҳукмронлиги даврида жорий этилган бошқарув тизими 1809 йилдан барҳам топиб, Қўқон хонлигидаги бошқарув тизимига ўзгартирилди.

XIX асрнинг 20-йилларига келиб Тошкент ҳудудий жиҳатидан ҳам, мавқе жиҳатидан ҳам Қўқон хонлигида энг йирик вилоятга айланди. XIX аср бошларига қадар хонликда Марғилон вилоятининг нуфузи баланд бўлиб, ҳукмдорликка даъвогар беклар бу вилоятда ҳокимлик вазифасини бажаришган бўлса, кейинчалик хонликда ана шу нуфуз Тошкент вилоятига ўтган эди. Муҳаммад Алихон (1822-1842), Шералихон (1842-1845), Худоёрхон (биринчи давр 1845-1858) ҳукмронлиги йилларида Тошкент ҳокими лавозими хонликда юқори мавқега кўтарилганлигини манбалардаги маълумотлар тасдиқлайди. Хусусан, Муҳаммад Ҳакимхон тўранинг “Мунтахаб ут-таворих” асарида Муҳаммад Алихон ўз укаси Султон Маҳмудга Тошкент вилояти ҳокимлигини беришни ваъда қилганидан сўнг ака-ука ўртасидаги муносабат ижобий томонга ўзгаради[1].

Тошкентнинг маъмурий-бошқарув тизими ҳам Қўқон хонлигидаги бошқа вилоятларда жорий қилинган маҳаллий бошқарув тизимига ўхшаш эди. Маҳаллий бошқарув тизими ижро органи бўлиб, олий ҳукмдор номидан берилган, мамлакатнинг ички ва ташқи ҳолатини мустаҳкамлашга қаратилган топшириқларни бажарарди. Жумладан, маҳаллий бошқарув вилоятлардаги аҳолининг турмуш тарзини бир маромда ушлаб туриш, уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари устидан назоратни амалга ошириш, ҳарбий кучларни сафарбар этиш, солиқларни тўплаш, давлат билан аҳоли ўртасидаги муносабатларни амалга оширувчи орган сифатида фаолият юритишга масъул эди.

Т. Бейсембиев Тошкент вилояти ҳокимининг икки ёрдамчиси бўлганлигини қайд этиб, улар маҳаллий бошқарувнинг муҳим жабҳаларига жавобгар эканликларини таъкидлайди[2]. Унинг кўрсатишича, ёрдамчи мансабдорларнинг биринчиси фуқаролик ишлари ва солиқ йиғиш билан шуғулланиб, саркор (ёки мирзабоши), иккинчиси ҳарбий масалалар билан шуғулланиб, ботирбоши деб аталган[3]. Бироқ, манбалар таҳлили саркор ёки мирзабоши мансабининг 1840 йилдан сўнг жорий этилганлигини кўрсатади. Унга қадар Тошкентнинг маъмурий-бошқарув тизимида бу вазифани девонбеги бажарган[4]. Бу икки мансаб эгаси маҳаллий бошқарув тизимида муҳим ўрин тутган бўлиб, уларнинг фаолиятисиз вилоятлардаги бошқарув маъмуриятини тасаввур қилиб бўлмас эди. Айниқса, вилоятлардаги фуқаролик ишлари ва солиқлар йиғишга мутасадди бўлган саркорлар (سركار) ҳокимларнинг асосий ёрдамчилари бўлган.

Қўқон хонлиги тарихига доир манбаларда Қўқон ҳукмдорлари вилоятларга ҳоким тайинлаганларида ҳокимга икки ёрдамчи мансабдордан бири ботирбоши ёки мирзабошини ҳам бирга ёрлиқ асосида тайинлаб юборганлиги қайд этилади. Жумладан, Мирзо Олим Мушрифнинг “Ансоб ус-салотин ва таворих ул-ҳавоқин” асарида Шералихон (1842-1845) Тошкентга Муҳаммадкарим калла Марғилонийни ҳоким лавозимига, Давронбек додхоҳни эса ботирбоши этиб тайинлаганлигини қайд этади[5].

Тошкентнинг маъмурий-бошқарув тизимида мирзабоши (баъзида саркор дейилган) асосий роль ўйнаган бўлиб, улар бир вақтнинг ўзида молия ишлари билан аграр масалаларни, савдо-сотиқ муносабатларини ҳамда ҳунармандчилик корхоналарини ҳам назорат қилган[6].

Қўқон хонлиги ҳукмдорлари Умархон (1810-1822) ва Муҳаммад Алихоннинг давлат бошқарувида олиб борган ислоҳотлари ва хонликда кечган сиёсий ва ижтимоий жараёнлар маҳаллий бошқарувда ҳам бир қатор ўзгаришларни юзага келтирди. Хусусан, Тошкент ва Жанубий Қозоғистон ҳудудлари пойтахтдан узоқ бўлганлиги сабабли бошқариш бирмунча қийинлашиб борган эди. Бу эса мазкур ҳудудларни бошқариш тизимига айрим ўзгартиришлар киритишни талаб этди. Шундан келиб чиқиб, 1831 йилда Муҳаммад Алихон томонидан янги унвон жорий қилинди. Бу бекларбеги (بيكلر بيكى) унвони бўлиб, у фақат Тошкент вилояти ҳокимига берилган. Ушбу мансабдор бир қатор имтиёзларга эга бўлган, жумладан, унга хонликнинг шимолий ҳудудларидаги маъмурий бирликлар устидан назорат қилиш вазифаси топширилган.

Маъмурий-бошқарувда солиқ тизими алоҳида ўрин тутади. Чунки турли солиқлардан тушадиган даромадлар асосига мамлакат хазинаси (бюджети) тўлдирилган. Тошкентда хазинанинг катта қисми савдо карвонлари ва чорвадор аҳолидан олинадиган закот йиғимидан тушган. Абу Убайдулло Тошкандийнинг маълумот беришича, Тошкент вилояти ҳокими Лашкар қўшбеги[7] даврида вилоятнинг шимолий ҳудудларида яшаган Дашти қипчоқ элатларидан ҳар йили баҳор фаслида закот ундирилиб, солиқлар адолатли тарзда тўпланган[8]. Дастлаб қозоқлардан Шодмонбий исмли закот йиғишга мутасадди киши бўлган. Кейинчалик вилоят ҳокими Лашкар қўшбеги томонидан Шодмонбий ўрнига икки киши тайинланиб, закот йиғиш учун маъмурий ҳудуд икки қисмга бўлинган[9]. Тошкент ҳокими Лашкар қўшбеги Туркистон, Чимкент ва Сайрамдан закот йиғишни Ҳаким девонбегига, вилоятнинг қолган ҳудудларини эса Худойберди девонбегига топширган[10]. Бу ҳолат маҳаллий бошқарув тизими шарт-шароитига қараб айрим ўзгаришларга ҳам юз тутганини кўрсатади.

Чорвадорлардан закот йиғиш учун девонбеги ҳарбий отряд ёрдамидан фойдаланган. Жумладан, Худойберди девонбеги Пишпакка 300 киши билан борганлиги «Хулосат ул-аҳвол» асарида қайд этиб ўтилади[11]. Закот йиғишга мутасадди бўлган девонбеги каби амалдорлар ҳузурида муайян ҳарбий кучларнинг мавжуд бўлганлиги бу амалдорларнинг уларнинг кучига таянган ҳолда марказий ва маҳаллий ҳокимиятнинг сиёсатини амалга оширганлигини кўрсатади.

Закот йиғиш учун ҳарбий отряд иштирокини қуйидагича изоҳлаш мумкин. Биринчидан, солиқ тўловчи аҳолининг солиқ йиғувчиларга қарши ҳаракат қилмаслиги учун, яъни хавфсизликни таъминлаш мақсадида, иккинчидан, ундирилган чорва ҳайвонларини марказга олиб кетиш учун ҳарбийлар хизматидан фойдаланилган.

Кўчманчи аҳолидан закот ундириш жараёнида қаршиликлар ҳам бўлиб, баъзи ҳолларда оммавий норозилик ҳаракатлари келиб чиққан[12]. Худоёрхоннинг биринчи ҳукмронлиги (1845-1858) даврида Тошкент вилояти ҳокими Мирзо Аҳмаднинг ўзбошимчалик билан Чимкент, Туркистон ва Авлиёотада яшовчи аҳолига одатдан ташқари барча турдаги чорва ҳайвонларига солиқ солиши ҳамда турмушга чиқаётган ҳар бир қиз учун бир тиллодан солиқ жорий қилиши, аҳолида ҳукуматга қарши норозилик юзага келиб, қўзғолон кўтарилишига олиб келади[13].

Маъмурий-бошқарувнинг энг қуйи тизими аминлик ва оқсоқолликдан иборат бўлиб, бундай маъмурий бирликлар аминлар ва оқсоқоллар томонидан идора этилган. Айрим қишлоқларни мироблар ёки имом хатиблар ҳам бошқарган[14]. Амин ва оқсоқоллар ўзлари бошқараётган ҳудуд фуқароларининг ижтимоий-иқтисодий масалалари билан бир қаторда маиший турмушига оид масала ва муаммолар ечими билан машғул бўлган.

Тошкент таркибидаги қирғизлар ва қозоқлар яшайдиган ҳудудларда маъмурий бирликларни бошқарув тизими ўзига хос хусусиятларга эга. Мазкур маъмурий бирликларни бошқарув қароргоҳи ҳарбий қўрғон ва қалъаларда жойлашган бўлиб, уларни аксарият ҳолатларда Қўқон хонлари томонидан тайинланган додхоҳ (دادخواه) унвонидаги мансабдорлар бошқарган.

Додхоҳлар қирғизлар яшайдиган ҳудудларда қирғиз манаплари, қозоқлар яшайдиган ҳудудларда эса қозоқ бийлари иштирок этган бошқарув тизимини ташкил қилишган.

Тошкентнинг маъмурий-бошқарув тизимида Қўқон хонлигининг марказий бошқарув тизимидаги каби турли диний мансаб ва амаллар мавжуд эди. Қўқон хонлари томонидан берилган ёрлиқлардан маълум бўлишича, вилоятларда ҳам марказий бошқарув тизимидаги сингари қозикалон, хожакалон, садр каби бир қатор мансабдорлар фаолият юритишган. Улар ушбу мансабларга олий ҳукмдор томонидан тайинланган. Султон Саййидхон (1863-1865) томонидан 1864 йил Тошкент вилояти қозикалони мансабига Ҳакимхўжа эшон тайинлангани[15] ҳақидаги ҳужжат юқоридаги фикримизни тасдиқлайди. Бу маҳаллий бошқарувдаги нуфузли лавозимларга турли амалдорлар фақат хон томонидан тайинланганлигидан далолат беради.

Хулоса ўрнида шуни алоҳида таъкидлаш мумкинки, Тошкент Қўқон хонлиги таркибига киритилгандан сўнг Қўқон ҳукмдорлари ушбу маъмурий бирликка алоҳида эътибор қаратишган. Натижада XIX асрнинг 30-йилларига келиб хонлик вилоятлари ичида Тошкентнинг нуфузи юқори бўлиб, хонликнинг иккинчи марказига айланган.

Ш. Ю. Маҳмудов

Административно-управленческая система Ташкента в конце XIX века

В статье рассматриваются административно-управленческая система Ташкента первой половины XIX в., свойственные ей характерные черты и проведенные реформы.

Sh. Yu. Mahmudov

Administrative Ruling System of Tashkent in the 1st Half of the 19th Century

In the article enlightened the administrative ruling system of Tashkent in the 1st half of 19th century and it’s peculiarity, also the realized reforms.

[1] Muhammad HakIm khan. Muntakhab al-tawarikh. Selekted history. Vol. II, Edited by Yayoi Kawahara & Koichi Haneda. – Tokyo: ILCAA 2006. – Р. 620

[2] Бейсембиев Т. Высшая администрация Ташкента и Юга Казахстана в период Кокандского ханства: 1809–1865 гг. // Историко-культурные взаимосвязи Ирана и Дашт-и Кипчака в XIII–XVIII вв. Материалы Международного круглого стола. Алматы: Дайк-Пресс, 2004. С. 291

[3] Ўша жойда

[4] ЎзР ФА ШИ қўлёзма. Инв. № 2084. 77а варақ

[5] Мирзо Олим Мушриф. Ансоб ус-салотин ва таворих ул-ҳавоқин / нашрга тайёрловчилар А. Матғозиев, М. Усмонова. Тошкент, 1995. 31-бет; ЎзР ФА ШИ қўлёзма. Инв. № 1314. 42а варақ

[6] Набиев Р. Из истории Кокандского ханства (Феодальное хозяйство Худояр — хана). Ташкент: Фан, 1973. С. 228-231

[7] Лашкар қўшбеги Тошкент вилоятига 1816 йилдан 1841 йилга қадар орада танаффуслар билан ҳокимлик қилган. 1820-1823 йилларда Умархоннинг ўғли Абдуллахон расмий ҳоким бўлсада, Лашкар қўшбеги регент вазифасини бажарган. Фақатгина 1819-1920 йиллар ичида 10 ойдан Каримқули меҳтар, ундан сўнг Исобек исмли кишилар вилоятга ҳоким қилиб тайинланганлар

[8] ЎзР ФА ШИ қўлёзма. Инв. № 2084. 77а варақ

[9] Ўша жойда

[10] Урунбаев А. Неизвестная рукопись по истории Кокандского ханства // Изв. АН РУз. Серия общественных наук. 1957. №3; ЎзР ФА ШИ қўлёзма. Инв. № 2084. 78 а варақ

[11] Ўз Р ФА ШИ қўлёзма. Инв. № 2084. 78а варақ

[12] Ўша жойда. 167а варақ

[13] ЎзР ФА ШИ қўлёзма. Инв. № 2084. 78а варақ

[14] Сооданбеков С.С. Общественный и государственный строй Кокандского ханства. Бишкек, 2000. С. 102

[15] Тошканд шаҳрини улуғ ҳурматлик қози калони Саид Муҳаммад Ҳакимхўжа эшон Норхўжа эшон ўғли аҳволлари хусусида // Туркистон вилоятининг газети. 1890. 46, 49-сонлар

Ўхшаш мақола

Краткий этнодемографический очерк Ташкента конца ХIХ – начала XX века

В истории Ташкента XIX век – это век серьезных перемен и событий, кардинально изменивших не …

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *