Бош саҳифа » Биласизми? » Ватанимиз байроғи

Ватанимиз байроғи

«Ўзбекистон Республикаси давлат байроғи тўғрисида»ги қонун 1991 йил 18 ноябрда Ўзбекистон Республикаси олий кенгашининг навбатдан ташқари ўтказилган VII сессиясида қабул қилинган.

Байроғимиз, ғурур ва фахримиз тимсолидир. Ватанимизнинг беқиёс рамзидир. Қуёш кўкда фалакнинг байроғи бўлиб порлаб турибди, кўнгилда муҳаббат байроғи ҳилпирайди, онгимизни эса тафаккур байроғи нурлантиради.

Озод ва обод Ватанимиз — Ўзбекистоннинг байроғи ҳам бизни улуғ мақсадлар томон бошловчи буюк машъаладир.

Давлат рамзлари ҳар бир халқнинг мустақиллиги, озодлиги, тинчлиги ва барқарорлиги тимсоли ҳисобланади.

Давлат байроғи ва унинг рамзи бугунги Ўзбекистон ҳудудида қадимда мавжуд бўлган давлатлар билан тарихан боғлиқлигини англатади ҳамда республиканинг миллий-маданий анъаналарини ўзида мужассамлаштиради.

Ер юзида икки юздан ортиқ давлат бор ва албатта, ҳар бир давлатнинг ўз рамзлари, байроғи бор. Ҳар бир байроқ айрича ранг ва тимсолларга эга. Улар билан ёнма-ён балқиб турган байроғимиз ҳеч кимдан кам эмаслигимиз ва кам бўлмаслигимизни кўрсатиб туради. 

Шуни айтишимиз лозимки, байроқ қадим-қадимдан ҳар бир халқ учун мустақиллик, ҳурлик, тинчлик ва барқарорлик тимсоли бўлиб келган. Аждодларимиз ҳам юрт байроғини муқаддас билиб, уни кўз қорачиғидек асраганлар. 

Давлатчилигимиз тарихининг қайси даврини олиб қарамайлик, байроқ аждодларимиз учун озодлик, куч-қудрат, жасорат, ғалаба тимсоли бўлган.

Миллат байроғи. У жондек азиз, нондек мўътабар.

Буюк соҳибқирон Амир Темур ғолиблик байроғини юксак кўтарди. Бу байроқ остида буюк эл бирлашди, у барпо этган улуғ салтанатни дунё тан олди. Бу давр ватан тарихига зарҳал ҳарфлар билан битилди. Байроқ эса том маънода мамлакат рамзи, улуғворлик тимсолига айланди. Жангчиларга жанговар руҳ бағишлаш, уларнинг кайфиятини кўтариш, иродасини чиниқтириш мақсадида жанг майдонлари узра баланд ҳилпираб турди. Бу байроқ энг ишончли баҳодирлар томонидан қўриқланди. Бехос дайди ўқ келиб туғ кўтарган жангчига тегса-да, у тупроққа қоришмади — дарҳол шаҳид сарбоз ўрнини бошқаси эгаллайди, мақсад жанггоҳдагиларга байроқ кўринмай қолмасин.

Соҳибқирон бобомиз замонида байроқни паст тутиш ёки сарбознинг қўлидан тушиб кетиши хосиятсиз саналган. Бунга соҳибқирон алоҳида эътибор берган. Байроқнинг пасайтирилиши мағлубият ва ортга чекиниш ишораси бўлган. Шунингдек, «Темур тузуклари»да таъкидланишича, душман устидан шижоат ва мардлик кўрсатиб, ғалаба қозонган амирлар ва сипоҳийларга давлат тимсоллари — туғ ва ноғора инъом қилинган. Бу соҳибқирон давлатида салтанат рамзлари нечоғлик баланд мақом тутгани ва улар қандай катта ижтимоий-сиёсий, маънавий-маърифий аҳамият касб этганидан далолат беради…

Ватанимиз байроғи. У тарихнинг халқимиз бошига мусибат тушган даврлари — ўтган аср бошларини ёдимизга солади. Ўша кунлар халқимиз қалбида кетмас доғ бўлиб қолди. Ватан байроғини тутган қўллар қайрилди, озодликни куйлаган овозлар бўғилди… Миллат фидойилари «халқ душмани», «қулоқ», «сотқин» деган қора номлар билан таъқибга олинди. Дунёга не-не алломаларни берган қадим халқ оми, саводсизга чиқарилди. Халқимизга нисбатан айтилган бу ҳақорат асл ватандошларимиз қалбида маърифат оловини ёқди — улар белини маҳкам боғлаб, миллатни эрк ва озодлик байроғи остида бирлашишга чақирди. 

Бу мағрур элнинг асрлар давомида орзу қилган ғурури, шаъни, қадр-қиммати, иродасини ифодаловчи озодлик байроғи эди!

Унда аждодлар орзу-армони акс этади. Унда халқимизнинг бугуни, ўлмас хотираси, иймон-эътиқоди, келажакка бўлган комил ишончи жилоланади.

Байроғимиз 1992 йилнинг 2 мартидан Ўзбекистон тўлақонли суверен республика сифатида тан олинганининг рамзи сифатида Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Бош қароргоҳи олдида ҳам ҳилпирай бошлади. Мана, қарийб йигирма беш йилдирки, у халқаро майдонда мамлакатимизнинг куч-қудрати, мустақиллигимизнинг жаҳонаро ифодаси, халқимиз ғурури ва ифтихори тимсоли бўлиб хизмат қилмоқда.

Бугина эмас, дунё мамлакатларидаги элчихоналаримиз бинолари, қатор халқаро ташкилотлар қароргоҳларида ҳам байроғимиз Ўзбекистон рамзи бўлиб турибди. Чет элларда юрганимизда ўша ерда ҳилпираб турган байроғимизга кўзимиз тушиши билан юрагимизда чексиз фахр уйғонади, руҳимиз кўтарилади. Байроғимиз тимсолида дунёнинг ҳар қайси нуқтасида ҳам Ўзбекистон деган ҳимоячимиз, суянчиғимиз борлигини ҳис қиламиз.

Байроғимиз бугунги кунда миллий авиакомпания самолётлари, халқаро йўналишдаги поездларимиз орқали дунёнинг кўплаб мамлакатларига «парвоз қилиб», Ўзбекистондай келажаги буюк давлат борлигини жаҳонга намойиш этмоқда. Зотан, «Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи тўғрисида»ги Қонуннинг 2-3-моддаларида таъкидланганидек, давлатимиз байроғи суверенитетимиз рамзидир.

Халқаро майдонда расмий делегацияларимизнинг хорижий мамлакатларга сафарлари чоғида, халқаро ташкилотларда, конференциялар, жаҳон кўргазмалари ва спорт мусобақаларида мамлакатимиз тимсоли ҳисобланади. Қонуннинг 13-моддасига мувофиқ, фуқароларимиз, шунингдек, Ўзбекистонда турган бошқа шахслар давлатимиз байроғини ҳурмат қилишлари шарт ва унга беҳурматлик учун жазо муқаррар. 

Байроғимиз давлат идора ва ташкилотлари, таълим муассасалари, ҳарбий қисмлар — қўйингки, барча сарҳадларида ҳилпираб турибди. Қуролли кучларимиз сафига чақирилган, ҳарбий таълим муассасаларини тамомлаган ёшларимиз Давлатимиз байроғи пойида Ватанни кўз қорачиғидай асраш, уни ўз шаъни ва номусидай муносиб ҳимоя қилишга қасамёд қилади.

Нуфузли халқаро спорт мусобақаларида юртимиз байроғини баланд кўтараётган спортчиларимизнинг ютуқлари қалбимизни ватанпарварлик туйғусига тўлдиради.

Жорий йилнинг август ва сентябр ойлари Бразилиянинг Рио-де-Жанейро шаҳрида ўтказилган бутун дунё Олимпиада ва Паралимпиадада қатнашган ўғил-қизларимиз Америка диёрларида Ер курасининг энг тез, энг зўр ва энг кучли спортчилари йиғилган жаҳон Олимпиадасида бизни байроғимизни энг олий даражага кўтаришлари – ҳаммамизнинг ғурур ва ифтихоримиз бўлди!

Телевидение орқали бу унутилмас воқеаларни томоша қилиб, Америка диёрларида кўтарилган байроғимизни кўриб турган ҳар бир ўзбекистонлик ўзини гўё ўзи кўтаргандай ҳис қилиб, ўзи ютгандай фахрланиб, ўзи ғолиб бўлгандай ҳурсанд бўлди! Чунки бундай ҳолат – ҳар биримизнинг ғурур ва ифтихоримиз!

Ватан ҳимоясидек муқаддас бурчни мардона ўташ учун байроғимизни ўпиб қасамёд қилаётган ҳарбийларимизнинг қалбидаги оловни, кўзларидаги жўмардликни кўриб, фахрланамиз. Ана шундай лаҳзаларда ҳеч муболағасиз Ватанимиз байроғини кўзимизга тўтиё қилгимиз келади. Бу фахрланиш аслида юртга бўлган чексиз меҳр ва садоқатнинг ёрқин кўринишидир.

Ҳар бир инсон онгу шуурига Ватанимиз рамзларига нисбатан чуқур ҳурмат туйғуларини сингдириш, умуммиллий ва эҳтиром тимсоллари бўлган байроқ, герб ва мадҳиямизни улуғлаш ва ардоқлаш барчамизнинг муқаддас бурчимиздир.

Токи байроқ бор экан, миллат бор, давлат бор, Ватан бор. Ўзбекистон фарзандлари қаерда бўлмасин, қандай натижаларга эришмасин Ватан байроғини ардоқлайди. Чунки байроқ — ҳурлик тимсоли, эзгулик, тинчлик рамзидир!

Раҳматуллоҳ САЙФУДДИНОВ,
Юнусобод тумани бош имом-хатиби,
Тошкент Ислом Институти ўқитувчиси,
«Мирза Юсуф» жоме масжиди имом-хатиби

Ўхшаш мақола

Дўрмон

ДЎРМОН – ўзбек халқи таркибига кирган қабилалардан бири. Дўрмон мўғулча «тўрт» демакдир. Тўртта уруғдан ташкил …

Мулоҳаза

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *