Бош саҳифа » Алломалар » Уламоларимиз. Саидқул Қизилбулоқий (1894 – 1960)

Уламоларимиз. Саидқул Қизилбулоқий (1894 – 1960)

Олим ва ориф инсон, шариат ва тариқат илмлари билимдони Саидқул Абдураҳим ўғли 1894 йили ҳозирги Фориш туманининг Қизилбулоқ қишлоғида туғилган. Отаси Абдураҳим мингбоши бой, дину диёнатли ва маърифатли инсон эди. Зеҳну қобилиятли беш-(олти) яшар ўғлини бошланғич савод чиқариши учун Мулла Жўлибой қўлида ўқитди. Сўнгра Саидқул болатошлик имом-хатиб домла Омон Охунддан таълим олиб, 7–8 ёшларида ҳофизи Қуръон бўлди.

Ўша пайтлари Самарқанднинг Челак қўрғонида яшаган ўз даврининг пешқадами машҳур Шерғози домладан ҳам илм олган Саидқул 15 ёшларида Бухородаги “Мир Араб” мадрасасига ўқишга кирди ва алломаи замон домла Икромча назарига тушиб, у кишининг яқин шогирдларидан бирига айланди.

Ўн йиллик таҳсил давомида пухта илм эгаллади. Айнан шу даврларда Бухоро мадрасаларининг пешқадам талабалари бўлган  жўшлик Домла Камолиддин Охунд (1865–1961), хатирчилик мулла Абдулқодир мударрис (1870–1932), Исматуллоҳ мударрис (1873–1936), мулла Холбой (1893–1968), нуроталик Саиджон Эшон (1887–1949), қизилтепалик мулла Жума (1886–1966) кабилар ўзаро илмда издош бўлишди. Улардан домла Камолиддин нақшбандия тариқатининг пири даражасига етди, Мулла Холбой “Тафсири Аҳмадия” ҳошиясига, Домла Саидқул ҳадисларга шарҳлар ёзди. Мулла Жума эса ухровий ҳикматлар ижод қилди.

Талабалик йилларида Саидқул дом­ланинг отаси вафот этиб, онаси ёлғиз қолди. Шу сабабдан мударрислик таклифини қабул этмай, қишлоғига, онаси ёнига қайтди. Бироқ шунда ҳам илму донишлик билан иш кўриб, ҳазрат Увайс Қаранийдан ибрат олиб, қишлоғида муаллимлик билан шуғуллана бошлади.

1920 йилларга келиб шўролар шарпаси миллий маърифат осмонини тўса бошлади. Даҳрийлик бўҳронлари давлатманд мулла, мингбошининг ўғли, саводхон Саидқул домла ва оиласи бошига кўп жабру жафолар солди. Бу маърифатли инсонларнинг одамларнинг оқу қорани таниб олишларига сабабчи бўлиши, Ислом зиёсини тарқатишидан шўро малайлари чўчишар эди. Шунинг учун тинмай таъқиб этишарди.

Саидқул домланинг умри қочқинда ўтди. У қишлоқдан бу қишлоққа, у қариндошникидан бу қариндошникига беркинавериб, кўп азоб тортди. Аммо қисматидан нолимай, илм олишда бардавом бўлди. Муносиб шогирдлар тайёрлади. 1936–1938 йилларда Қўшработнинг Қорақасмоқ қишлоғида, Абдузойирнинг ертўласида яшаб, Назруллохон Ғарибийга дарс берди ва фахр билан: “Мен ўттиз йилда йиққан илмни шогирдим Назруллохон уч йилда тўкис эгаллади. Аттанг, замони бўлганида шогирдимдан минг-минг талаба навбатда туриб, илм олган бўлар эди”, деган эди. Шогирди Шайх Назруллохон Ғарибий “Қасидаи Омолий шарҳи ва Тавҳид манзумаси”нинг муаллифи бўлди.

Камолиддин билан Саид­қул домла ўртасидаги меҳр-муҳаббат ҳам жуда ибратли. Камолиддин Охунд таваккул билан ҳиммат кўрсатиб, “Хавф ва ражо орасида бўлган мўмин умид қилганига эришиб, қўрққанидан омонда бўлади” (Имом Термизий ривояти), мазмунидаги ҳадиси шарифда айтилганидай, таъқибдан ўзи аранг жон сақлаб юрган бир пайтда қочқин Саидқул дом­ла ва аҳлига 2–3 йил уйидан бошпана бериб, соғ-саломат кузатди.

Домладан қандай илмий мерос қолгани номаълум. Унинг Умар ибн Хаттоб (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинган амалларнинг мақбул ёки номақбуллиги ниятларга боғлиқ бўлиши ҳақидаги (Имом Бухорий ва Имом Муслим) ҳадисга 12 саҳифали шарҳ ёзгани айтилади.

Бир умр илм талабида, таъқиб-тазйиқ остида ҳаёт кечирган Саидқул домла умрининг сўнгги кунида ҳам судга чақирилди. 1960 йилнинг 3 апрелида келган чақирув қоғозини олган дом­ла “Энди мен Олий Ҳакам олдида жавоб бераман”, дея яқинларига далда беради,  васият қилиб, 4 апрель куни вафот этади. Аллоҳ раҳматига олган бўлсин…

Суюндик МУСТАФОЕВ

Манба

Ўхшаш мақола

Мутафаккирлар. Маҳмуд Замахшарий (1075–1144)

Кўҳна Хоразм заминида азалдан жаҳон фани ва маданияти ривожига муносиб ҳисса қўшган кўплаб буюк алломалар …

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *