Бош саҳифа » Тарих » Туркияни йиғлатган Ҳожи Йўлдош Марғилоний ким эди?

Туркияни йиғлатган Ҳожи Йўлдош Марғилоний ким эди?

2018 йил 30 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенати аъзолари олдида чиқиш қилган Туркия Жумҳурияти президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон мамлакатларимиз орасидаги тарихан шаклланган бирдамлик муносабатлари ҳақида эсларкан, шундай деганди: “Туркия тарихида муҳим роль ўйнаган Озодлик урушида ўзбеклар бизни доим қўллаб-қувватлаб турдилар. Ҳаж вазифасини адо этгандан кейин ўз юртига қайтаркан, Чукуровада “Қуввайи миллия”га қўшилган туркистонлик кўнгиллилар, Ҳожи Йўлдош ва дўстларининг хотираси қалбимизда абадий сақланажак”.

Турк миллати хотирасида қолган Ҳожи Йўлдош асли ким эди?

Марғилонга ёндош Қумтепа қишлоғининг Ингичка ариқ мавзесида Бобоназарбой авлодлари ҳаёт кечирган. Бобоназарбойнинг Тошмуҳаммад ҳожи, Эшмуҳаммад ҳожи, Мир Усмон ҳожи исмли уч ўғли ва Ҳожи она исмли қизи бўлган. Учала ўғил Марғилонда савдо-сотиқ билан шуғулланган. Эшмуҳаммад ҳожининг Йўлдошбой, Алижон қори, Мулла Мираҳмад, Мулла Ўрунбой, Мулла Сотболди, Мулла Эргаш исмли ўғиллари ва Ҳамрохон, Ҳожиқиз исмли қизлари бўлган.

XX аср бошларида Эшмуҳаммад ҳожининг фарзандлари кетма-кет Ҳаж зиёратига борадилар. Йўлдошбой ҳам 1912 йилда Ҳажга бораётиб, Истанбулга келади. Истанбулнинг бир қанча мавзеларида Туркистондан келган зиёратчилар ва сайёҳларга бошпана бўлсин дея ўзбек такялари қурилган эди. Ҳажга отланган туркистонликлар ҳам йўл-йўлакай такяларга кириб ўтишарди. Бир муддат қолиб, бир жума намозида иштирок этишар, машҳур саҳоба Айюб ал-Ансорий розияллоҳу анҳунинг мақбарасини зиёрат қилишар, халифа қабулида бўлиб, сўнгра Маккаи мукаррама томон йўл олишар эди.

Бу даврда Усмонли турк султонлиги номи билан дунёга танилиб, ўрта асрларда жаҳондаги энг қудратли давлатга айланган сулола оғир даврларни бошидан кечираётган эди. Усмонли турк султонлигининг сўнгги ҳукмдорларидан Меҳмед V Рашид (1909-18) қўшинлари Болқон ярим оролида давом этаётган урушда катта талофатлар кўрар, қурбонлар сони кундан кунга ортиб борар эди. Йўлдошбой Истанбулнинг қай гўшасига бормасин, ўша жойда яқинларидан жудо бўлган мусибатзада хонадонларга дуч келади. Исломий тарбия олган Йўлдошбой уларнинг қайғусига шерик бўлади. Зеро, ҳукамолар айтганидек, офат ва мусибат етган кишиларнинг ёр-дўст, уруғ-аймоғи уларни қўлла туриши лозим. Оллоҳнинг йўлида яхшилик қилиш, бошқаларга фойда етказиб савобли ишларга қўл уришни ният қилган оддий деҳқон боласи Йўлдошбой бу юрт ва миллат тақдирига бефарқ қараб туролмаслигини англаб, аскарликка ёзилади.

Йўлдошбой Болқон ярим оролида 1912-13 йилларда бўлиб ўтган икки урушда кўнгилли аскар сифатида иштирок этади. Урушдан сўнг Ҳажга кетиб, зиёрат арконларини бажаради. Ҳожи Йўлдош ота-онасига олган ҳадялар билан Ҳаждан қайтар вақтида – 1914 йилда Биринчи жаҳон уруши бошланади. Усмонли турк султонлиги тасарруфидаги араб чўлларида французлар билан жанглар авжига чиқади.

Мазлумларни душман тажовузидан ҳимоя қилишни муқаддас бурч деб билган Ҳожи Йўлдош Туркистондан келган бир неча ҳамроҳи билан аскарликка қўшилишни ният қиладилар. Бироқ бўлинма капитани аскар бўлиш учун ҳам бадал тўлаш кераклигини айтади. Шунда Тошпўлат ҳожи туркистонлик дўстлари учун ҳам бадал сифатида беш усмоний тилло танга тўлайди. Тез орада туркистонийларни жангларда кетма-кет кўрсатган жасоратларини кўрган ўша турк зобити улардан бадал сифатида олган пулларини эгаларига қайтариб беради. Ундан бунинг сабабини сўрашганида: “Мен арабларга нега сизлар кўнгилли бўлиб аскарликка ёзилмайсиз, нега номусингизни, аёлларингиз, фарзандларингиз, мол-давлат ва ватанингизни ҳимоя қилмайсизлар. Туркистондан келганлардан ибрат олмайсизларми?” деб сўраганимда, улар ”Туркистонийлар пулсизликдан, эҳтиёж туфайли аскарликка ёлланмоқдалар” деб жавоб берди. Шу сабабдан атайин мен сизларни синаш учун тўловдан сўз очган эдим. Билдимки, сизлар эҳтиёждан эмас, аксинча бурч туфайли аскар бўлган экансизлар” деб жавоб беради.

Ҳожи Йўлдош ва унинг туркистонлик ҳамроҳлари Биринчи жаҳон урушида Сувайш каналида бўлган муҳоробаларда ҳам иштирок этадилар. Вақтинчалик тузилган сулҳ туфайли турк қўшинлари ортга чекинишга мажбур бўлади.

Тарихдан маълумки, Биринча жаҳон урушида Усмонлилар давлати Германия томонида туриб урушади. 1918 йилнинг 30 октябрида Туркия Антанта давлатларига таслим бўлади. Антанта давлатлари Туркияни ишғол қилади. Турк халқи орасида миллий озодлик ҳаракати бошланади. Туркияда Озодлик уруши (Kurtuluş Savaşı) деб аталган бу умуммиллий ҳаракатга Мустафо Камолпошо (Отатурк) бошчилик қилади.

Ҳожи Йўлдош ўша йиллари Адана шаҳри қайтади. Бир муддат тирикчилик ўтказиш учун Адана ва Тарсус йўлларида савдогарлик билан шуғулланади. У шу тарзда Марғилонга кетиш учун маблағ тўпламоққа киришади. Бироқ бу вақтларда французлар Чукуровани босиб олган, чор-атрофда француз ва арманлар томонидан тинч аҳолига кўрсатилаёган зулмлар кучайиб боради. Ёрбоши деган жойда тошкентлик Ҳожи Усмон, Абдураҳмон ва Иноятхон исмли туркистонлик ҳамроҳларининг ўлдирилиши оқибатида Ҳожи Йўлдош савдогарлик фаолиятини тўхтатишга мажбур бўлади.

У ватанга қайтаётган ҳожиларга ота-онасига олган ҳадяларини топшириб, омонатини етказишларини илтимос қилади. “Бизлар шу юртнинг тузини ичдик. Битта нонни ҳам бирга баҳам кўрдик. Энди ўзаро бирликда, иттифоқликда душманга қарши қўлимизга қурол олмасак, Қуръон ҳукмини бузиб динимизга хиёнат қилган бўламиз” деб шу ерда қолади ва умуммиллий ҳаракатга қўшилади. Ўша йилларда Ҳожи Йўлдош ва унинг дўстлари “Қуввайи миллия” деб аталувчи гуруҳ билан биргаликда душман бўлинмаларига яширинча қилинган ҳужумларда иштирок этади. Аммо бу ҳаракатлар Ҳожи Йўлдошни қониқтирмайди. Кунларнинг бирида у дўсти Ҳофиз Абдуллоҳга қўлидаги молларини топширади. Агар ҳалок бўлса ушбу молларини фақирларга тарқатишни васият қилади. Эрталаб Гучук жоме масжидида бомдод намозидан сўнг яқинлари билан видолашиб, Тўрўслар деган манзилга боради ва Эмин Пўлат исмли турк қўмондони қўл остида жанг қилади.

Фавқулодда жасорат ва куч соҳиби бўлган Ҳожи Йўлдош тунлари бир ўзи ҳаракат қилиб, французларнинг кичик ҳарбий истеҳкомларига ҳужум уюштиради, душман аскарларини ўлдиради. Тарсусда эканида Мерсиндан Аданага йўл чиққан французларнинг ҳарбий поездига бир ўзи милтиқ билан ҳужум қилади. Саросимада қолган французлар поездни тўхтатишга мажбур бўладилар. Отишмада Ҳожи Йўлдош бир қанча душман аскарини ҳалок қилади. Қусун дарасида ҳам ёлғиз ўзи бир қанча душманни ер тишлатади. Француз аскарларидан тортиб олинган милтиқларни кейинги жангларда муваффақият билан ишлатади. Шу сабаб ҳам у минтақада “Автоматчи” лақаби билан шуҳрат қозонади.
Ҳожи Йўлдошнинг афсонавий жасоратлари чор атрофга тарқалади. Бундан хабар топган Тарсусда яшаётган 26 нафар туркистонлик ҳам ҳарбий бўлинма капитани Заки Болталига қошига келиб, ватандошлари Ҳожи Йўлдош сингари аскар бўлиш ниятини билдирадилар.

Ҳожи Йўлдош Қовоқлихон, Мурдкўса, Чангтепа, Чаноқтепа, Дудали қишлоқларини озод этишда мисли кўрилмаган қаҳрамонликлар кўрсатиб қўмондонлик даражасига эришади.
1920 йил 28 май куни Баллижа қишлоғи ёнида бўлган жангда Ҳожи Йўлдош оғир яраланади. Ғалабалари ва жасорати ила тилларда достон бўлган Ҳожи Йўлдош тонгга яқин жон беради. Унинг ўлими Тарсус аҳлини чуқур изтиробга солади. Ўша куни аскарлар худди қондош биродарлари шаҳид кетган каби кўзёш тўкадилар. Халқ орасида Ҳожи Йўлдошга атаб марсиялар тўқилади. “Ким бўлиб туғилганинг эмас, ким бўлиб ўлганинг муҳим” дейди аҳли дониш. Марғилоннинг оддий бир фарзанди Ҳожи Йўлдош ҳам Туркияда Озодлик урушида жасорат кўрсатиб турк ҳалқининг миллий қаҳрамонига айланди. Унинг номи дилларда муҳрланиб қолди.

1997 йил Тарсус ҳокимияти шаҳар қабристонида Ҳожи Йўлдош Марғилоний шарафига ёдгорлик ўрнатди. Ҳожи Йўлдошнинг қаҳрамонликлари Тарсус ва Чукурова аҳли тилида ҳамон достон бўлиб келмоқда.

Туркияда Озодлик урушига бағишлаб олинган сериалда ҳам Ҳожи Йўлдош Марғилоний ва унинг сафдошлари кўрсатган қаҳрамонликлар ҳақида лавҳалар бор. Фильмда жасур туркистонликлар турк халқининг ифтихори бўлиб қолажаклари айтилган.

Нодиржон АБДУЛАҲАТОВ,
Давронбек ТОЖИАЛИЕВ

Ўхшаш мақола

Ханы, заставившие Китайcких императоров считаться собой (часть 1)

Post Views: 268 …После Нарбута-бия на кокандский престол вступил его старший сын Алим, принявший титул …

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *