Бош саҳифа » Таълим муассасалари » Туркистон халқ университети

Туркистон халқ университети

ТУРКИСТОН ХАЛҚ УНИВЕРСИТЕТИ – Марказий Осиёда рус олий таълимига асос бўлган илк ўқув маскани. Туркистон ХКСнинг 1918 йил 16 мартдаги қарори билан шу йил 21 апрелда Тошкентнинг Янги шаҳар қисмидаги Озодлик уйи (ҳозирги Ўзбекистон Республикаси болалар кутубхонаси)да очилган.

Университетнинг ташкил топишида «Олий таълим тарафдорлари жамияти» (1918 йил февраль)га уюшган А.В.Попов (1918 йил апрель – декабрда университет ректори), Г.Н.Черданцев (1918 йил декабрь – 1920 йил декабрда университет ректори), профессорлар В.И.Романовский, А.А.Семёнов, Р.Р.Шредер ва бошқаларнинг хизмати катта бўлди. Туркистон халқ университети қуйидаги ташкилий тузилишга эга бўлган: 1-юқори босқич – олий курс [ижтимоий-иқтисод, физика-математика, адабиёт-фалсафа (кейинроқ тарих-филология), техника факультет­лари]; 2-ўрта босқич – амалий курслар (электромонтёрлар, автомобиль иши, темир йўлчилар, чизмачилик, ўрмон техниклари, ер-сув қўмитаси, болалар боғчаси йўриқчилари, чет тиллари, бичиш-тикиш, пойабзал иши, сузишни ўрганиш); 3-қуйи босқич – таълим-тарбия бериш курслари (11 бошланғич мактаб, 8 болалар боғчаси). Шунингдек, таркибида Мунавварқори Абдурашидхонов ташаббуси билан 1918 йил 12 майда ташкил этилган Мусулмон халқ дорилфунуни ҳамда Туркистон халқ кутубхонаси (ҳозирги Ўзбекистон миллий кутубхонаси), Туркистон халқ музейи (ҳозирги Ўзбекистон санъат музейи), Туркистон халқ консерваторияси, Шарқ институти каби мустақил ташкилотлар бўлган. Самарқанд, Фар­ғона, Андижон, Ашхобод ва бошқа шаҳарларда университет шуъба (филиал)лари очилган. 1918 йил кузда Мусулмон халқ дорулфунуни 2-даражали ташкилот сифатида тугатилган. 1918/19 ўқув йили университетнинг 5 факультетида 60 профессор-ўқитувчи ишлаган, 500 га яқин талаба таълим олган. Буларнинг ҳаммаси руслар ёки рус тилида сўзлашувчи бошқа миллат вакиллари эди. Маҳаллий мусулмон миллат вакиллари рус тилини билмаганлиги сабабли бу университетдан баҳраманд бўла олмадилар. Совет ҳукумати уларнинг манфаати ва хоҳиш-истагини эътиборга олмади.

Туркистон халқ университетини тўла маънодаги олий ўқув юрти деб бўлмасди. 1919 йил декабрда у ҳақиқий давлат университети мақомини олди ва Туркистон давлат университети деб номланди. Туркистон халқ университетида 1918 йил 20 апрелдан рус тилида «Халқ университети» («Народный университет») газетаси ва махсус илмий оммавий тўплам нашр этилди.

«Тошкент» энциклопедияси. 2009 йил

Поделиться

Жавоб қолдириш

Электрон почтангиз чоп қилинмайди.Шарт қаторлар белгиланган *

*