Бош саҳифа » Тарих » Туркистон генерал-губернаторлиги

Туркистон генерал-губернаторлиги

ТУРКИСТОН ГЕНЕРАЛ-ГУБЕРНАТОРЛИГИ – маъмурий-ҳудудий бирлик. Туркистон чор Россияси томонидан босиб олиниши жараёнида, 1867 йил 11 июлда ташкил қилинган. Генерал-губернаторликни асосан ҳарбийлар бошқарган. Босиб олинган Туркистон ўлкасининг биринчи генерал-губернатори лавозимига генерал Кауфман тайинланган. Унга Туркистонни «Россия қўлида маҳкам сақлаш, давлат харажатларини камайтириш ва даромадларни кўпайтириш» вазифаси юклатилган. Тукистон генерал-губернаторлиги Россиянинг бошқа генерал-губернаторликларидан фарқли, ҳарбий вазирликка бўйсундирилди. Генерал Кауфманга шу даражада катта ҳуқуқлар берилган эдики, туб аҳоли уни «ярим подшоҳ» деб таърифларди. Тукистон генерал-губернаторлиги таркибида ҳозирги Қорақалпоғистонни ўз ичига олган Амударё бўлими бор эди. Шунингдек, Тукистон генерал-губернаторлиги Бухоро ва Хива хонликлари устидан назорат ўрнатган. Генерал-губернаторлик чор ҳукуматининг мустамлакачилик ва миллий зулмини изчиллик билан амалга ошириб борди.

19-аср 90-йилларида Тукистон генерал-губернаторлиги ҳудуди, 1,66 млн. км2 бўлиб, 5 область (вилоят) (Еттисув, Сирдарё, Фарғона, Самарқанд, Закаспий)га бўлинган, 1897 йилги аҳоли рўйхатига кўра, 5,3 млн.га яқин киши яшаган. Миллий таркиби: ўзбеклар (35,77%), қозоқ ва қирғизлар (44,36%), туркманлар (4,98%), тожиклар (6,73%), қорақалпоқлар (2,26%), руслар (3,75%) ва бошқа халқлар (2,15%). Тукистон генерал-губернаторлиги маъмурий жиҳатдан область (вилоят)лардан ташқари уездлар, участкалар, волостларга, волостлар эса қишлоқ жамоаси – оқсоқолликларга бўлинган. Уездлардаги кўчманчи аҳолиси бўлган волостлар овул жамоасига бўлинган. Генерал-губернатор ўлканинг бош идора этувчиси, Туркистон ҳарбий округи кўмондони ҳисобланган.

Тукистон генерал-губернаторлиги тузилган вақтидан бошлаб унинг сиёсий-маъмурий маркази Тошкент бўлган, шаҳарда Тукистон генерал-губернаторлиги ва Сирдарё область ҳарбий губернаторларининг қароргоҳлари жойлашган. Шаҳарни штаб офицерларидан бўлган шаҳар бошлиғи бошқарган. 1870 йил Россия империясида таъсис қилинган «Шаҳар низоми» Тошкент учун ҳам 1877 дан жорий қилинган. Унга кўра Тошкентда шаҳар думаси ва шаҳар ҳокими сайланган. Шаҳар сайлов йиғинлари дума аъзоларини, улар эса шаҳар бошқармаси аъзоларини сайлаган. Октябрь тўнтаришидан сўнг Тукистон генерал-губернаторлиги тугатилиб, унинг ҳудудида Турк­АССР ташкил қилинган.

«Тошкент» энциклопедияси. 2009 йил

Ўхшаш мақола

Туркестан в 1917-1922 годах: борьба за власть на окраине России. Адиб Халид

Post Views: 26 Падение российского самодержавия предопределило кардинальные преобразования социально-политической и экономической жизни Туркестанского края, …

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *