Бош саҳифа » Тарих » Турк хоқонлиги ва суғдлар (симбиоз ва ассимилияция жараёнлари)

Турк хоқонлиги ва суғдлар (симбиоз ва ассимилияция жараёнлари)

Марказий Осиё ўз географик жойлашувига кўра Евросиё материгининг азалий цивилизацион жараёнлар кесишадиган энг қулай ҳудуди ҳисобланади. Айнан шу ҳудуддан Буюк Ипак йўлининг ўтиши ҳам тасодифий ҳол эмас эди. Буюк Ипак йўли турли цивилизациялараро маданий уйғунликни вужудга келтиради. Қадимдан то XII асрга қадар Марказий Осиёда учта етакчи этнос муҳим ўрин тутган. Булар хитойлар, турклар ва суғдлардир. Ушбу уч этнос ўртасида кечган сиёсий, ижтимоий ва маданий муносабатлар орасида турк ва суғд этнослараро муносабатлар кейинги асрлардаги этник шаклланишларга ҳам кучли таъсир кўрсатган. Тадқиқотчилар тарихда милоддан аввалги IV-III асрлардаёқ суғдларнинг хитойлар ва прототурк қабилалари билан муносабатларга кириша бошлаганликларини таъкидлайдилар[1]. Деярли бир ярим минг йиллик тарихий давр ичида суғдлар ва турклар бир минтақада яшаб ўзаро ҳамкорлик қилганлар. Қиёсий типологик таҳлил суғд ва туркларнинг жамиятлари деярли тенгдош эканлигини кўрсатмоқда[2]. Бу ҳолат этник муносабатлар учун муҳим ҳисобланган. Ҳақли равишда VI — VIII Марказий Осиё “турк-суғд” даври номини олди. Минтақада ягона тарихий маданий макон[3] вужудга келишига асос солди. Айнан шу давр турк-суғд симбиози[4] даври сифатида баҳоланади. Бу жараён Марказий Осиёнинг деярли барча тарихи географик ўлкаларида кечган. Жумладан, бизнинг минтақа учун академик К.Шониёзов таъкидлаганидек; милоддан аввалги II-I асрларда воҳалардан деҳқон, ҳунарманд ва савдогар аҳоли билан шу ҳудудга кириб келган чорвадор этник қатлам маданияти аралашиб, ўзига хос синкретик — маданият ҳосил қилган[5].

Бепоён Марказий Осиё минтақаси халқлари тарихида илк ўрта асрлар нафақат этник юксалиш, балки давлатчилик анъаналарини ривожланиш тиклаш ва қудратга етказиш даври ҳам ҳисобланади. Турк ҳоқонлигининг қарор топиши эса барча соҳаларда ривожланиш ва тараққиёт учун омил бўлди. Хоқонлик қарор топгунга қадар ҳам суғдларнинг улар ҳаётига кириб келиши кузатилгани маълум маънода хоқонликнинг маъмурий-бошқарувига замин яратган. Ўтроқ суғдларнинг ҳар томонлама маслаҳатлари ва кўмаклари туркларнинг давлатчилигини шакилланишига таъсир ўтказган дея оламиз. Суғд савдо колониялари — шаҳар давлатлар тизими кўплаб кўчманчиларнинг ўтроқлашувига, ярим ўтроқ ва кўчманчиларнинг эса шаҳарсозлиги ривожига асос бўлиб хизмат қилди. Суғдларнинг турклашуви ҳам бежиз эмас эди. Ўзаро интеграция ассимляциялашув учун имкон яратди. Кўп сонли турклар орасида суғд диаспоралари бу жараёндан манфаатдор ҳам эдилар. Суғдлар орасида Эркин, Тудун, Тегин, Баҳодир, Тархон, Ўзмиш, каби туркий исм ва унвонлар расм бўла бошлади[6].

Айнан Турк хоқонлигидаги турк-сугд муносабатларига эътиборни қаратсак фикримизни анча ўз тасдиғини топади.

Ҳозирги Мўғулистон ҳудудидан топилган кўплаб суғдий ва туркий ёзма ёдгорликлар муҳим маълумотлар беради.

VI-IX аср туркий давлатларда суғд тили ва ёзувининг етакчилик ўрни беқиёсдир. Суғд ёзуви таъсирида қадимги турк (руний) ва уйғур ёзуви шаклланишига сабаб бўлди[7].

Суғд тилининг Турк хоқонлигида расмий тиллардан бири бўлганлиги, эпиграфик ёдгорликлардан бири 581-587 йиллар орасида битилганлиги тахмин қилинган. “Буғут ёдномаси ёки I Турк хоқонлигининг расмий баёни”да ўз аксини топган[8]. Ушбу ёдгорлик хоқонлик ҳукмдорларидан Махан-тегин шарафига суғд тилида битилган. Иккинчи ёдгорлик Гоби чўли жанубидаги Сэврэй қоясига битилган бўлиб, икки тилда турк ва суғд тилларида ёзилган. Маълумот 762 йилда уйғур хоқони Бегйо хоқон — Инги Янглакарнинг Хитойга муваффақиятли юриши ҳақида ҳикоя қилади[9].

Кейинги ёдгорлик IX аср бошига оид Қораболғасун битиги бўлиб, унга қадимги туркрун, суғд ва хитой тилида матнлар чекилган. Битиктошда 808-821 йиллар ҳукмронлик қилган уйғур хоқони Алп-билга номи зикр этилган воқеалар акс этган[10]. Бошқа бир ёдгорлик Мўғулистоннинг шимоли-ғарбидаги Тайхир-чулун қоясига қора туш билан ёзилган туркча ва суғдча исмлардир. Тадқиқотчилар уни чопарлар ва келиб-кетувчилар рўйхати бўлса керак деб ҳисоблайди. Ёдгорлик VIII- IX асрларга оид деб тахмин қилинади[11].

Юқоридагилардан ташқари суғд ва турклар ўртасида диний ҳамжамоалик муҳити ҳам мавжуд бўлганлигини кузатамиз. Жумладан, суғд буддавий ёдгорлиги “Важрачҳедика” асари турк ёки турклашган суғд Қутлуғ исмли котиб томонидан суғд тилида ёзилган[12]. Шу ўринда айтиш мумкинки, суғдлар нафақат шарқда савдо-тижорат ишлари билан машғул бўлганлар, балки Марказий Осиё шарқида буддавийлик, монувийлик, ва христианлик каби динларни тарқалишида турклар, хитойлар, мўғуллар орасида ёйилишида миссионерлик вазифаларини ҳам бажарганлар[13]. Бир вақтнинг ўзида баъзи жамоалар ўз азалий динлари зардуштийликка бўлган эътиқодларини ҳам сақлаб қолганлар[14]. Эҳтимолки, турклашган суғдлар тангричилик динини ҳам қабул қилганлар.

Турк хоқонлиги қарор топгунга қадар Ипак йўли бўйлаб жойлашган суғд шаҳар ва манзилгоҳлари V-VI асрларга келиб, Еттисув, Шарқий Туркистон ва Гансуда нафақат савдо, балки ҳунарманд-зироаткорлик марказларига айланиб, минтақанинг сиёсий, иқтисодий, маданий ва мафкуравий ҳаётида етакчи рол ўйнаган дейишга асослимиз. Турк хоқонлигининг ташкил топиши эса, бу жараённи янада такомиллаштирди. Суғдлар эндиликда Турк хоқонлари саройларида муҳим лавозимларни эгаллай бошлаганлар. Турк ва суғдлар ўртасидаги иттифоқчилик Турк хоқонлигига путур етказмоқчи бўлган хитойларни манфатига мос тушмас эди. Хитой жосуси 607 йилда ўз императорига шундай мазмунда нома юборган: “Турклар ўзларича соддадил ва калтабинлар ва улар орасига нифоқ солиш мумкин. Афсуски, улар орасида кўплаб суғдлар яшайди, ўшалар айёр ва ҳийлагардурлар. Улар туркларни ўргатадилар ва йўналтирадилар»[15].

Суғдлар ва уларнинг Турк хоқонлигидаги тақдирлари ҳақида турк-руний битиклари ҳам бирқанча маълумотлар қолдирганлар. 1-Турк хоқонлиги 603 йилда иккига Шарқий ва Ғарбий қисмга бўлингач, суғдлар ҳам турклар каби хитойлар асоратига туша бошлаганлар. Жумладан, Тўнюқуқ битиктоши ёдгорлиги Иккинчи Турк хоқонлигига асос солган Элтариш (асли исми Қутлуғ, хитой манбаларида Гудулу) хоқоннинг маслаҳатчиси ва саркарда Тунюқуққа бағишланиб, 712-716 йиллар орасида Улан Батордан 66 км жануби-шарқдаги Баин Цокто манзилидан топилган. Унинг 45-46- қаторида “Инал хоқонга араб, тухор ҳужум қилди. Ўшанда ажраладиган чоки бор дубулға кийган суғдоқ бўдун (халқи) ҳаммаси келди. Ўша куни ҳужум бўлди. Турк халқи Темур қапиғқа (дарвозага)ча, тинси ўғлон ётадиган тоққа етди”[16], дейилади. Ушбу сатрлар мазмуни суғдлар келиб турк қўшинларига қўшилгач, улар араб ва тохарларни Темир дарвозагача чекинтирганлиги аён бўлади. Бошқа бир ёдгорлик Билга хоқон битигтоши бўлиб, бу битигтош Элтариш хоқоннинг ўғли, Култегиннинг акаси Билга хоқон (хитой манбаларида асл исми Мўғолон) шарафига 735 йилда қўйилган. Битигтош Мўғулистоннинг Кошо Цайдам водийсидаги Кўкшин Урхун дарёси қирғоғидан, Улан-Батордан 400 км жанубдан Култегин битигтошидан 1 км жануби-ғарбда ўрнатилган. Унинг 24-25- қаторларида “Ўн саккиз ёшимда олти жуфт (чуб) сўғдак томонга қўшин тортдим, халқни ўшанда тўзитдим. Табғач (Хитой)дан ўнг тутуқ, беш минг лашкар келди. Идар бошида урушдик, у лашкарни ўшанда йўқ қилдик”, дейилади[17]. Маълумки, Хитойлар Шарқий Турк хоқонлиги заифлашгач, 630 йилдан хоқонлик ҳудудидаги кўплаб суғдларни ўз томонларига кўчириб кетганлар ёки у ердаги суғдларга савдо-сотиқ учун оғир шартлар қўйганлар. Хитой тарихчиси Хоу жэнь-чжи Хитой сиёсатини қисқа қилиб: “Ўлпон йўқ — савдо йўқ, ўлпон бор мукофот ҳам бор” деб баён этган[18]. Суғдлар Хитой саройига ипак матолар билан ўлпон тўлашган[19]. 691 йил Турк хоқонлиги қайта оёққа тургач, Қапағон хоқон Буюк Хитой деворининг нариги томонига олиб кетилган суғдларнинг авлодларини Тан саройидан қайтарилишини талаб қилади ва бунга эришади[20]. Чунки Тан императори турклар билан чегара ҳудудларга олтита суғдлар округини ташкил қилган эди[21]. Билга хоқон битигида айнан шу олти суғд вилоятини хитойлар асоратидан қутқарилиши хақида гап боради. Култегин битигтошидаги 52-қаторда “Ғарбда кун ботишдаги Суғд муҳожирлари” ҳақидаги маълумот ҳам қизиқарлидир[22].

Хитой манбалари ҳам суғдлар ва уларнинг минтақадаги ўрни ҳақида кўплаб маълумотлар беради. Хитой муаррихлари суғдларнинг минтақадаги иштирокига юқори баҳо берганлар. Ли Минвэй ёзади: “Маълум даражада ўзига хос мустақил ёки ярим мустақил бўлган Хэсида доимо тинчлик барқарор эди. Шу боисдан суғд савдогарлари бу ерда узоқ яшаб қолганлар. Маҳаллий бозорлар ҳам уларнинг манфаатларига маъқул келган”. Бу ердаги суғдлар турли мамлакатлардан келтирилган молларни Марказий Хитой бозорларига етказганлар. Бошқа бир хитой тарихчилари Ванг Чэнчья, Гуан Лянжи кабилар “милоддан аввалги V асрдан то милодий X асргача бўлган тахминан 1500 йиллик давр давомида суғдийлар Ипак йўли орқали олиб борилган алоқаларнинг ривожига беқиёс ҳисса қўшганлар”, деб ёзадилар[23]. Шу каби маълумотларга асосланган Э.Г.Пуллейблэнк “улар (суғдлар) нафақат моҳир савдогар, балки мусаввир, ҳунарманд ва янги дин тарғиботчиси эдилар. Суғдлар Марказий Осиёга Ипак йўли бўйлаб ўрнашдилар, кўчманчилар орасига кириб бордилар. Шулардан бири суғдларнинг туркларга цивилизацион таъсири маълумдир”, деб, таъриф берганди.

Хитой манбалари айнан турк-суғд муносабатлари ҳақида ҳам қизиқарли маълумотлар қолдирганлар. Келиб чиқиши Ан (Бухоро)дан бўлган Гуньсулик суғд Аннопаньто (Нахбанд) Биринчи Турк хоқони Бумин ўрдасининг энг ишончли шахсларидан бўлган. У 545 йилда Хитойга элчи бўлиб борган[24]. Суғдлар хоқонликнинг қарор топиши, идоравий бошқарувининг шаклланиши ва иқтисодий юксалишида ўз ҳиссаларини қўшганлар. Бу жараён илдизлари узоқ йиллик симбиоз — ҳамюртлик, ўзаро яқинлик, умумий манфаатдорлик сиёсий иттифоқчилик маҳсули эди.

Хоқонлик ҳудудидаги суғд манзилгоҳлари оқсоқоллари хоқон томонидан элтабар — йирик вассал қабила раҳнамоси унвонига эга бўлганлар. Аста-секин суғд муҳожирлари турклашиб бориб, турк аслзодалари қон-қардош тутина бошлаганлар. Хатто баъзи суғдлар тегин-хоқон укаси ёки фарзандига бериладиган шаҳзода унвонига ҳам эришганлар. Суғд Торуғ-шоднинг ўғли отаси каби шод унвонига эга бўлмасада, унга Элби-незук-элтабар унвони берилган[25]. Бундан ташқари 742 йилда Шарқий Турк хоқони Ўзмиш тахтга келгач, ўзаро низолардан безор бўлган суғдлар Тан ҳукмдоларига тегишли осойишта ҳудудлардан паноҳ излайдилар. Шундай кўчкин бўлган гуруҳ раҳбари турклашган суғд Кан Аи Култархон бўлган[26]. Яна бир маълумотда 588-600 йилларда I Турк хоқонлигини бошқарган Тўнг Турон саройида Ан Суи Цзе исмли суғд маслаҳатчи вазифасида бўлиб, айнан у хитойларни туркларнинг ички ишларига аралашувига қаршилик қилган[27]. 609-619 йилларда ҳукмронлик қилган Шиби хоқон саройида Шиши Хуси исмли суғд эътиборли сарой аёнларидан бўлган. VIII аср бошларида эса Ан Ян-ян исмли суғд хатто турк қўшинлари қўмондони даражасига эришган. У қадимий турк уруғларидан бири турк аслзодаси қизига уйланган[28].

Юқоридаги суғд, турк ва хитой манбаларилари асосида хулоса қиладиган бўлсак, бутун Марказий Осиёда рўй берган этномаданий жараёнларнинг илк ўрта асрлар босқичи, турк-суғд симбиози ва суғдларнинг турклашуви ассимиляцияси даври сифатида баҳоланиши мумкин. Асрлар давомида дўстона, самимий ва қон-қардош бўлиб яшаган турклар ва суғдлар кейинги давр этнослари; ўзбек, уйғур, тожик ва бошқа элатларнинг шаклланишида бевосита иштирок этганлар.

А. Отахўжаев (ЎзР ФА Тарих институти)

[1] Henning W.B. The date of the Sogdian Ancient Letters // BSOAS, 1948, vol. XII. Pt. 3-4, p. 601-615; Чугуевский Л.И. Новые матералы к истории согдийской колонии в районе Дуньхуана // СНВ, вып. X, 1971, с. 147; Лившиц В.А., Хромов А.Л. Согдийский язык. В кн. Среднеиранские языки. –М.: Наука, 1981, с. 348

[2] Гюль Э.Ф. Проблема этнокультурных взаимодействий в античном и средневековом исскустве в Узбекистана. /АР., док.степ.искус. –Т.: 2002, с.16

[3] Бернштам А.Н. Среднеазиатская древность и ее изучения за 30 лет НВДИ, 1947, №3, с. 91

[4] Симбиоз – юнонча simbiosis – бирга яшашлик, ҳамюртлик

[5] ониёзов К. Њзбек халқининг шакилланиш жараёни. – Т.: Шарқ, 2001, 10-б

[6] Чугуевский К. Новые материалы … . С. 153

[7] Исхаков М.М. Палеографические исследование памятников согдийской письменности. / Дис. на уч.степ.док.ист.наук. –Т., 1991, с.109-162; Содиқов Қ. Эски уйғур ёзуви. –Т., 1989, 44-б

[8] Кляшторный С.Г., Лившиц В.А. Согдийская надпись из Бугута. // СНВ, X. –М., 1971, с. 121-146

[9] Кляшторный С.Г., Лившиц В.А. Сэрэйский камень // Советская тюркология, 1971, №3, с. 106-112

[10] Лившиц В.А., Хромов А.Л. Согдийский язык. …, с. 363

[11] Юқоридаги асар. 364-б

[12] Benveniste E Notes sur les textes sogdiens bouddhiques du British Museum / JRAS, 1933, p. 61-66

[13] Исхоқов М.М., Отахўжаев А. Суғдларнинг буддавий фалсафий-аҳлоқий ёзма меросидан // Қадимги ёзма ёдгорликлар. – Тошкент.: Ёзувчи, 2000, 33-38-б

[14] Хўжаев А. Суғдийларнинг Хитойга бориб қолиши // Мозийдан садо, 2002, №2, 42-б

[15] Кляшторный С.Г. Древнетюркская письменность и культура Центральной Азии // Тюркологический сборник, 1972, — М.: Наука, 1973, с. 258; Liu Mau-tsai. Die chinesischen Nachrichten zur Geschichte der Ost-Turken (T’u-kue). I. Wiesbaden, 1958, p. 454-455

[16] Ўринбоев Б., Ўринбоева Д. Қадимги туркий битиклар. – Самарқанд, 2001, 53-б

[17] Юқоридаги асар, 56-б; Абдураҳмонов Н. Қадимги туркий матнлар. – Самарқанд, 2001, 53-б

[18] Мартыков А.С. Особенности торговли чаем и лошадьми в эпохи Мин / Китай и соседи в древности и средневековье. – М., 1970, с. 234

[19] Кляшторный С.Г. Древнетюркские рунические памятники как источник по истории Средней Азии. –М., 1964, с. 94-100

[20] Кляшторный С.Г. Древнетюркская письменность …, с. 258

[21] Малявкин А.Г. Танские хроники о государствах Центральной Азии: Тексты и исследования. – Новосибирск, 1989, с. 36

[22] Ўринбоев Б., Ўринбоева Д. Қадимги … . 89-б; Абдураҳмонов Н. Қадимги … . 46-б

[23] Хўжаев А. Суғдийларнинг … . 40-41-б

[24] Зуев Ю.А. Ранние тюрки.: Очерки истории и идеологии. – Алматы, 2002, с. 158-159; Кляшторный С.Г., Лившиц В.А. Согдийская надпись из Бугута. С. 143

[25] Юқоридаги асар. 159-б

[26] Малявкин А.Г. Танские … с. 36-37; Кляшторный С.Г. Древнетюркские рунические … . с. 120-122

[27] Кляшторный С.Г., Лившиц В.А. Согдийский надпись из Бугута. С. 143

[28] Зуев Ю.А. Ранние тюрки … . С.159

Ўхшаш мақола

Туркестан в 1917-1922 годах: борьба за власть на окраине России. Адиб Халид

Post Views: 46 Падение российского самодержавия предопределило кардинальные преобразования социально-политической и экономической жизни Туркестанского края, …

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *