Бош саҳифа » Тошкентнома. Себзор даҳаси

Тошкентнома. Себзор даҳаси

Себзор (форсча — олмазор деган маънони билдиради). Даҳа ҳудудидан Кайкобус, Шаҳарариқ каби йирик ариқлар ўтганлиги сабаб, соя-салқин жойлар бўлган. ХVI асрда бу ерларда шайбонийларнинг дала ҳовлилари жойлашган. Шайбонийлардан бўлган Суюнхўжахон томонидан бу ерларда сўлим боғ барпо қилиниб, у Кайкобус чорбоғи деб аталган.

Даҳада уч мадраса, 78 масжид, 79 маҳалла ва 65 мавзе бўлган. Тошкентнинг уч дарвозаси (Лабзак, Тахтапул ва Қорасарой) Себзор ҳудудида бўлган. Тарихий манбаларда Имом Қаффол аш-Шоший даҳаси деб ҳам юритилган. Даҳанинг энг эътиборли жойларидан бири Хастимом деб аталувчи Қаффол аш-Шоший мемориал комплекси ҳисобланади.

Қаффол Шоший — ўрта асрларда Тошкентдан етишиб чиққан йирик алломалардан бири бўлиб, машҳур фиқҳшунос, файласуф, ва забардаст тилшунос адиб Қаффол Шоший эди. У ҳижрий 291, милодий ҳисоби билан 903 йили Тошкент шаҳрида дунёга келди.

Қафол Шошийнинг манбаларда учраган тўла номи Абу Бакр Муҳаммад ибн Али ибн Исмоил Қаффол аш-Шошийдир. Ҳатто бу кишининг ҳурматини бажо келтириш мақсадида исми ёнига “алкабир” (катта, улуғ ва муҳтарам маъносини билдирадиган) сўзини ҳам қўшиб айтишган.

Қаффол Шоший ҳунармандлар оиласида дунёга кеган бўлса керак, чунки унинг исми бунга далолат қилади. “Қаффол”- қулфсоз дегани (арабча “қуфл” – бизнинг тилимизга ўтиб бузилган ва “қулф” шаклида талаффуз қилинади).

Шоший дастлабки таълимни ўз юртида олди, кейин Ўрта Осиё шаҳарларига саёҳат қилди. Самарқандда яшади ва таълим олди. Дастлаб у фиқҳшуносликни ўрганди. Бу фан Шарқда жуда кенг тарқалган ва ижтимоий ҳаётда муҳим аҳамиятга эга эди, чунки ҳар бир мамлакада бу фан соҳибига зарурият катта бўлган. Бу фанни эгаллаган пухта киши ўта қадрланган.

Қаффол Шоший мана шундай илм соҳиби эди. Мерос тақсим қилиш, савдо-сотиқ, олди-берди, ё бўлмаса қўйди-чиқди каби сон-саноқсиз жанжалли масалаларнинг адолатли, тўғри ҳал қилиниши фиқҳшуносликка боғлиқ эди. Буни ҳал қилиш учун ғоят фаросатли, юксак дид ва зукко, илм-маърифатдан атрофлича хабардор, замонасининг барча масалаларини ўз фикр доирасида сингдира оладиган шахслар бўлиши керак эди. Қаффол Шоший мана шундай фазилатларга эга бўлиш билан бирга, у фалсафа, мантиқ каби фанларни ҳам пухта эгаллади, уларда мунозара қиладиган даражага эришди.

Кейин у илм чашмасидан кўпроқ баҳраманд бўлиш мақсадида Яқин Ўрта Шарқ мамлакатларига саёҳат қилди. Ҳижоз, Бағдод, Дамашқ каби шаҳарларда бўлди ва у ерда замонасининг кўзга кўринган олимлардан таҳсил олди. Шошийнинг устозларига қараб, ҳам унинг қандай фанлар ўрганганлиги ҳақида маълум хулосага келиш мумкин. Тарихий манбаларининг шоҳидлик беришича, Шошийнинг фиқҳшунослик ва тарих соҳасидаги устози машҳур олим ва тарихчи ат-Табарий (839-923) эди. Маълумки, Абу Жаъфар Муҳаммад ибн Жарир ат-Табарий Шарқ мамлакатларининг энг йирик тарихчиси бўлиб, кўп жилдли асарлар ёзган.

Қаффол Шошийнинг иккинчи устози Абу-л Ҳасан ибн Абу Муса ал-Ашъарий (873-941) эди. Бу киши Шарқда каломчилар оқимининг асосчиси бўлиб, бу тўғрида анчагина асарлар ёзган ва Шарқда ашъария (ҳар иккиси ҳам ислом фалсафаси – Ред.) оқимининг асосчиси сифатида машҳур. Араб олими Тожиддин ас-Сабкийнинг ёзишича, илм талабида бўлган “Қаффол Шоший ал-Ашъарийдан калом илмини ўрганар экан, ўз навбатида, ал-Ашъарий ундан фиқҳшуносликни ўрганди”.

Қаффол Шошийнинг учинчи устози Абу-л-Аббос Аҳмад ибн Умар ибн Сўрайж (861-928) эди. Бу киши ҳам замонасининг йирик олими бўлиб, тўрт юздан ортиқ асарлар таълиф қилган машҳур аллома эди.

Умуман Қаффол Шоший кўп ўлкаларга саёҳат қилиб, қайси мамлакатларда зўр олим бўлса, улардан билганларини ўрганишга интилар эди. Араб олими Ибн Халликон (1211-1182) ўзининг “Улуғ кишилар вафоти” асарида Қаффол Шоший ҳақида шуларни ёзади: Қаффол Шоший ҳадис илмини билган, тилшунос, шоир эди. Ўша вақтда Мовароуннаҳрда у кишига тенг келадиган олим йўқ эди. Бу киши Хуросон, Ироқ, Ҳижоз, Шом ва бошқа ўлкаларга саёҳат қилиб, ўз замонасининг машҳур кишиси бўлиб кўп асарлар яратди.

Қаффол Шоший “Адаб ал-қози” (“Қози феъл-атвори”) деган асар ёзган. Шу билан бирга у “Одоб ал-баҳс” деган асар муаллифи ҳамдир. Бу ҳақида араб олими Ибн Халликон шуларни ёзади:

“Қонуншунослардан дастлаб чиқиб “Ҳусни Жадал” (“Диалектика ҳусни”) деган асар ёзган киши ҳам шу Қаффол Шоший эди.”

Бағдодга келгач, Муҳаммад ал – Хоразмий асос солган “Ҳикмат дониш” (Байтул ҳикма)да илмга машғул бўлади. Орадан бир оз вақт ўтгач, ўзидаги фавқулодда истеъдод ва чуқур билими билан алломалар орасида шуҳрат қозонади. Айниқса, фиқҳшунослик илмига қаттиқ киришади. Зеро, фикҳ илми мусулмон оламида кенг тарқалган ва ижтимоий ҳаётда муҳим аҳамият касб этган фанлардан бири эди. У фиқҳ илимини эгаллаш билан бирга фалсафа, мантиқ, адабиёт каби фанларни ҳам пухта ўзлаштирган эди. У араб, лотин ва ҳинд тилларини ўз она тилидек биларди. Бинобарин, мазкур тилларга оид мукаммал луғатлар ёзган.

Фиқҳ илмида Қаффол аш-Шоший ўз замонасида Боғдодда ягона аллома бўлиб, маълум муддатларда “Байтул ҳикма”га раҳбарлик қилган. Қаффол аш-Шошийнинг довруғи халифа Мунтасир қулоғига етиб, уни саройга таклиф этиб, вазири аъзамлик лавозимига тайинлайди. Қаффол аш-Шоший бир неча йиллар вазирлик мансабида адолатни мезон қилиб сиёсат юритди.

Манбаларнинг кўрсатишича, Боғдодлик Хўжа Муҳаммад Номий деган олим Қаффол Шошийнинг қўлида ўқиган ва ҳатто у билан жуда қалин бўлиб кетган эди. Бу киши ўз оиласи билан бирга Шошийга эргашиб, Тошкентга келади ва умрининг охиригача бу шаҳарда қолиб кетади. Қаффол Шоший 976 йилда Тошкентда вафот этган.
Ҳамшаҳарлари уни илму дониш, адолатли ва фуқаропарварлиги туфайли эъзозлаб, унга мақбара бунёд этадилар. Ул зонинг қабрлари атрофида Тошкент тарихига дахлдор бўлган машҳур ва мўътабар зотлар абадий уйқудалар.

Ҳозир Тошкентликлар иборасида “Хастимом” деб аталадиган жой Қаффол Шошийга нисбат бериб айтиладиган “Ҳазрати Имом” сўзининг қисқарган шаклидир. 1541-42 йилларда нураб қолган дастлабки мақбара ўрнига ҳозирги мақбара Тошкент ҳокими Бароқхон тахаллусли Наврўз Аҳмадхон топшириғи билан сарой меъмори Ғулом Ҳусайн лойиҳаси асосида қайта қурилган. Мақбара 2007 йилда тўлиқ таъмирдан чиқарилади.

Суюнчхўжахон мақбараси. Бароқхон мадрасаси ҳужралари билан уйғунлашиб кетган икки мақбаранинг бири. Дастлаб бинонинг шарқий бурчагидаги мўъжаз мақбара қурилган. Иккинчиси мақбара мадраса ҳовлиси тўридаги пештоқли хонақоҳдан иборат бўлган бино. Мақбара XVI асрнинг 30-йилларида Бароқхон тахаллуси Наврўз Аҳмадхон топшириғи билан сарой меъмори Ғулом Ҳусайн лойиҳаси асосида қурилган.

Суюнчхўжахон Шайбонийлардан бўлган Тошкент хони (1503-25) Абдулхайрхон ва Улуғбекнинг набираси Робия Султонбегимнинг фарзанди. (Абулхайрхон 1412-1468 ўзбек улусининг хони) Шайбонийхон Моворауннаҳрни эгаллагач Тошкент ҳукмдорлигини Суюнчхўжахонга берган (1503). Суюнчхўжахон ўз ҳукмронлиги даврида Тошкентнинг Себзор даҳасида, ҳозирги Калкавуз канали атрофида ажойиб бир сўлим боғ барпо қилиб, уни Кайкобус чорбоғи деб атаган. Ҳофиз Тиниш Бухорийнинг “Абдулланома” (“Шарафномаий шоҳий”) асарида, ХVI асрда Кайкобус канали бўйида (шаҳар қўрғони ташқарисида) “Кайкобус боғи” бўлганлиги ва боғда Тошкент султонлари яшаганликлари айтилади. 1515 йилда Тошкентга келган Алишер Навоийнинг шогирди Зайниддин Восифий Тошкент боғларини кўриб лол қолган ва “Тошкент боғ-роғлари васфинда” номли 120 мисрали қасида ёзган. Асарда шоир Тошкент боғларини таърифлар экан:

Тошкент мулкин букун таърифин этай,
Нуқталар шодасин назмга битай.
Теграсин қуршаган гўзал чорбоғлар,
Алардин эрамнинг кўксида доғлар, деб ёзади.

Тошкент боғ-роғларига маҳлиё бўлган шоир умрининг охригача Тошкентда яшаб қолади.

Намозгоҳ (Зарқайнар кўчаси, 45) – Ҳазрати Имом комплекси таркибидаги архитектура ёдгорлиги. 1845-67 йилларда қурилган. Рамазон ва Қурбон ҳайитлари намозларини ўқиш учун мўлжаллаб қурилгани сабабли шундай аталган. Ўрта Осиёдаги йирик масжид биноларидан бири ҳисобланган. Ҳозирги кунда бу ерда Имом Бухорий номидаги Тошкент Ислом институти жойлашган. 2007 йилда тўлиқ таъмирдан чиқарилди.

Тиллашайх жоме масжиди – 1857 йилда қурилган бўлиб, ҳозирги кунда ҳам намозхонлар билан доимо гавжум. Улар орасида масжид қурилишига бошчилик қилган Тиллашайхнинг авлодларини ҳам кўриш мумкин. 2007 йилда тўлиқ таъмирдан чиқарилди.

Муйи Муборак 1856 йилда қурилган. Масжиднинг бундай номланиши – Ҳазрат пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо саллаллоҳу алайҳи васалламнинг сочларидан тола сақланиб қолганидан бу даргоҳ шундай деб аталган. Ҳозирги кунда Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг асосий кутубхонаси сифатида фойдаланилмоқда. Бутун ислом дунёсига маълуму машҳур Қуръони Каримнинг нодир, ноёб нусхаси – Усмон мусҳаби шу кутубхонада сақланмоқда. 2007 йилда тўлиқ таъмирдан чиқарилди.

Абдулазиз Муҳаммадкаримов
“Тошкентнома”. 2009 йил

Поделиться

Битта мулоҳаза

  1. Жуда яхши маълумотлар берилган, устозимизнинг жойлари жаннатда бўлсин.

Жавоб қолдириш

Электрон почтангиз чоп қилинмайди.Шарт қаторлар белгиланган *

*