Бош саҳифа » Тошкентнома. Оққўрғон, Қўйлиқ ва Миробод мавзелари

Тошкентнома. Оққўрғон, Қўйлиқ ва Миробод мавзелари

Оққўрғон – қадимги Тoшкент атрофидаги мавзеларнинг бири. Оққўрғон ҳудуди Оққўрғон ва Дархон (Дархонотасой) ариқларидан суғорилган.

Ўрта аср вақф ҳужжатларида Оққўрғон ерлари Хожа Аҳрорга қарашли бўлиб, кейинчалик Хожа Аҳрор мадрасасининг вақф ерлари ҳисобланган. Шаҳарнинг шу мавзега қараган Оққўрғон дарвозаси (1830 йилдан Қашқар дарвозаси) деб аталган. Оққўрғонда Шайхонтоҳур даҳаси маҳаллалари аҳолисининг дала ҳовлилари бўлиб, халқ ёз мавсумини шу ерларда ўтказган.

1865 йил 9-майда Черняев аскарлари билан амир лашкар Алимқул қўмондонлигидаги Тoшкент мудофаачилари ўртасидаги бўлиб ўтган беомон жанг (ҳозирги Мустақиллик кўчаси Ҳ. Олимжон метроси бекати) мана шу Оққўрғон ҳудудида Черняевни чекинишга мажбур қилган. Тарихчи Муҳаммад Солиҳ ҳам шу жангда қатнашиб, жанг тафсилотларини ўзининг «Тошкентнинг янги тарихи» асарида тасвирлаган. Ҳозирги Оққўрғон ўрнида Оққўрғон, Улуғбек, Дархон ва бошқа маҳаллалар мавжуд.

Қўйлиқ мавзеси Миробод ва Сергели туманларидаги турар жой массави. Тошкент автомобил халқа йўли жанубий қисми билан чегараланган. Лойиҳалаш ва қурилиш ишлари 1967 йил бошланган. Қўйлиқ ўрнидаги мавзе қадимдан мавжуд бўлган. Бу ердан илгари карвон йўли ўтган. Чирчиқ дарёсининг шу жойида кечув бўлган.

Тошкент Қўқон хонлиги тасарруфида бўлган даврда хон Тошкентга ташриф буюрганида шаҳар ҳокими (бекларбеги) қозикалон ва бошқа аёнлар аҳолини ўша ерга йиғиб хонни тантана билан кутиб олардилар.

Қўқондан бошланувчи йўл Қўйлиқ кўпригигача, Қўйлиқ кўпригидан бошланган Фарғона йўли кўчаси шаҳарнинг Қўқон дарвозасига келиб туташган. Қўйлиқ атамаси хусусида турли фикрлар юради. Булар:

-Мўғул саркадаларидан бирининг исми Қўйлиқ бўлган. Тошкент унинг назоратида бўлган;
-Қўйлиқ-қўйилиқ яъни пастлик сўзининг ўзгарган кўриниши;
-Бу ерлар қўй-қўзиларга сероб жой бўлган. Қўйлиқ бозорида қўй-қўзилар сотилган;
-Қўйлиқда масжид қурдириб имомлик қилган Ҳофиз Шайх Қўйлиқий яъни Қўйлиқ ота номи билан боғлиқ деган фикрлар ҳам бор.

Тарихдан маълумки 92 уруғли ўзбек қабилалари таркибида Кўкчулак, Қўйли каби бирқанча уруғларни бирлаштирган Дўрмон қабиласи бўлган. Қабиланинг Қўйли уруғи ХV асрда Дашти қипчоқдан кўчиб келиб, шу ҳудудда ўрнашиб қолган. Жой номи шундан десак хақиқатга яқинроқ бўлади. Ҳофиз Қўйлиқийни эса Қўйлиқлик деб тушунмоқ керак.

Қўйлиқ ота. Хўш унда Қўйлиқ ота ким? Ҳофиз шайх Қўйлиқий бўлиб, самарқандлик ҳазрати Нўғай ота авлодларидан, яъни азиз шайхлар сулоласидандир. У киши амир Имомқули Баҳодирхон даврида Самарқандда аълам (имомларнинг имоми) бўлган олим шайхнинг она томонидан Тошкентдаги бобоси эдилар. Оналари қадимги Бонукент (Нўғойқишлоқ ҳозирги Ўзгариш) қишлоғига келин бўлиб тушганлар, ислом дини илмидан анча хабардор бўлганлар.

Оталари, оналари ва Нўғойқўрғондаги боболаридан тасаввуф султони Ҳожа Аҳмад Яссавий тариқатига оид «Жаҳрияйи Яссавий»ни ўрганган Ҳофиз Шайх Қўйлиқдаги масжидда имомлик қилиш билан бирга ўзи Қурдирган хонақоҳда зикр тушиш, иймон ва эътиқодга оид мавзуларда суҳбатлар ўтказиш кабилар билан машғул бўлганлар.

Айниқса, ўша даврдаги Қуръон суралари ва оятларини баъзи юзаки шарҳловчиларга нисбатан чориёрлар улуғлигини исботловчи далиллар билан ул зот Қўйлиқий тахаллуси билан рисолалар ёзганлар.

Қўйлиқ ота вафот этганларидан кейин таҳминан ҳижрий 893 (милолий 1475) йили ҳозирги Қўйлиқ бозори ёнидаги даҳмага дафн этилганлар. Ҳозирги янги мақбара 1994 йилда махсус лойиҳа асосида қурилди.

Миробод – ХIХ асрнинг бошида Қўқон хони Тошкентни босиб олгандан кейин шаҳар ҳудуди бирмунча кенгайди. Хуллас, Қўқон хонининг собиқ ўрдасига қарашли Анҳор билан Салор ўртасида Қашқар, Мингўрик, Миробод каби ўнлаб маҳалла ва мавзелар вужудга келди. Янги жойлардаги туб аҳоли сиқиштирилиб, бу ерлар деярли бошқа жойлардан келганларга жумладан, Миробод мавзесининг ҳудуди Қўқон хонлигининг юқори имтиёзли мирларига берилди. Мавзенинг Миробод дейилиши шундан. 1992 йил май ойидан Темирйўлчилар райони бўлиб келган туман, Миробод тумани деб номланди.

Абдулазиз Муҳаммадкаримов
“Тошкентнома”. 2009 йил

Поделиться

Жавоб қолдириш

Электрон почтангиз чоп қилинмайди.Шарт қаторлар белгиланган *

*